• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«Телба Алиш ва бизнинг Аласқар ҳақида афсона» – Ромиз РАВШАН

«Телба Алиш ва бизнинг Аласқар ҳақида афсона» – Ромиз РАВШАН

I
Аввал Аласқар эди Алишнинг исми.
У шундай яшаган урушга қадар,
Чалажон қайтганунча токи урушдан.
Одамлар гап-сўз қилди:
— Аласқар қайтиб келибди.
Қарасалар,
қайтган Аласқар эмас,
Алишдир, телба Алиш…
Рус тили муаллимимиз айтишича:
«Контужний» Алиш,
Алиш «Ненужний».
Алиш қайтган эди,
одамлар ҳамон,
Сўзларди:
— Аласқар қайтади бир кун…
Алишнинг хотини ҳам кўзларди Аласқарни.
Ҳатто кутишни бошлади Алишнинг ўзи ҳам қайтишини Аласқарнинг.
Аласқар қайтмади, қайтмади бироқ.
Одамлар
Алишга кўникди охир.
Алиш боқди
Аласқарнинг хотинига
фақир-фақир.
Аласқарнинг хотини эса танимади Алишни.

II
Алиш «контужний» эди,
аммо «ненужний» эмас.
Қалпоғида юлдуз ўрни бор эди,
Кўксида медали,
Ҳамда якка велосипеди…
Велосипеднинг эса
фақат ўнг педали бор эди.
Алиш чап оёғи билан
олға итарарди велосипедни.
Мактуб ташир эди уйларга Алиш,
Итлар ҳам хурмасди Алишга қасддан.
Сўкиниб қўярди Алиш итларга,
Итлар уни одам санамас дея.

III
Алиш ҳазилларга чидай олмасди,
Бебош болаларнинг ҳазилларига.
Болалар Алишни чув тушурай деб,
Бир сафар қутига мактуб солдилар
Аласқар хотинининг номига.
Гўёки Аласқар бу хатни битган,
Қайдадир асирмиш бечора бир пайт,
Энди тутқунликдан қайтажак эмиш.
Алиш қайдан билсин,
бу бир ғам эмиш.
Мактубни ёзгану,
кўз югуртириб,
Қаергадир аста бекитган эмиш.
Ўлганда чўнтакдан топилганмиш хат,
Кўз ёши бузганмиш сатрларини.

IV
Алишнинг катмонида
пул бўлмасди ҳеч,
на нон, урвоқ ҳам.
Алиш айтар эди:
— Худо бор,
Аммо кўп юқорида
ёки биз жуда пастроқда…

V
Бир туш эди, ҳа-ҳа, туш эди,
Алишнинг
Аласқар хотинин
ётоғига кирмоғи.

Фарёдини
папирос қолдиғидек тишларди у тишларида.

Алишнинг бўсалари
жуда «тортинчоқ» эди,
жуда «одобли» эди
Аласқарнинг ўпишларидан.

VI
Қачонлардир қишлоғимизда
бир Аласқар туғилган эди.
Елкага олишганда
Алишнинг тобутини,
Тўсатдан оқ тулпорли бир кимса отилиб чиқди
булутларнинг ичидан.
Қарасаларки,
Аласқардир оқ палтонли,
оқ отли.
Ерга тушди отидан,
Одамлар йўл бердилар —
Аласқар ҳам ёпишди
Алишнинг тобутига.
Олиб бордилар сўнг
Алишни дафн этмоққа.

1968

Озар тилидан Раҳмат Бобожон ўгирмаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan