• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«Ўз юртини у севган эди Майхонани севгандек майхўр.…» — Сергей ЕСЕНИН

«Ўз юртини у севган эди Майхонани севгандек майхўр.…» — Сергей ЕСЕНИН

* * *

Ота уйдан кетдим олиб бош,
Мовий Русга буткул қўл силкиб.
Иситади сойни, энтикиб,
Қайинзорда онам тўккан ёш.

Олтин қурбақадек кўкда ой,
Акси сойда жимирлаб тинди,
Олма гули каби ҳойнаҳой
Отам соқолига оқ инди.

Ортга қайтмам энди яқин дам,
Куйлаб ўтгум бўронлар бахтин.
Қўриқлайди мовий Русни ҳам
Бир оёқда чинор дарахти.

Хазонларни ўпаркан ёмғир,
Англаб етдим, бунда қувонч бор,
Шундан менга ўхшайди, ахир,
Боши ила ул қари чинор.

1918

* * *

Порла, менинг юлдузим, юксак,
Совуқ нурлар таратиб кўкдан.
Қабр панжараси ортидан
Садо бермас ҳеч тирик юрак.

Август туни товланиб, жавдар,
Ҳам тўлдириб дала бағрини.
Учиб кетолмаган турналар
Чеккан оҳи ила оғриниб.

Бошгинамни тутганда баланд,
Дарахтларга, қирларга боқиб,
Хаёлимни бир куй этар банд
Ватан соғинчини уйғотиб.

Якунига умр эртагин,
Кўнгил сезар, қолди жуда кам.
Қабристон бағридан эртага
Жой топилиб қолар менга ҳам.

Сўнг юлдузим сўнар умрбод,
Юрак бўлар нимкала, ярим.
Қувноқ сўзлар билан этиб ёд,
Қабртоши қўяр дўстларим.

Лек, ўзимни таърифлаб дердим
Тобутим-ла тўлар бўлса гўр:
Ўз юртини у севган эди
Майхонани севгандек майхўр.

1925

Рус тилидан Феруз Неъматуллаев таржималари

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan