• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида» – Чори АВАЗ

«Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида» – Чори АВАЗ

БИР ШОИР ҲАҚИДА ҚЎШИК

Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида

Доимо ўзининг устидан кулиб.

Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида

Ҳар кун минг туғилиб, ҳар кун минг ўлиб.

Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида,

Катта, чиройли ва ёруғ хонаси.

Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида,

Чакки томар уйда яшар онаси.

Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида

Тушларида кезиб қишлоқ, воҳа, қир.

Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида,

Онаси, қишлоғи, севгилиси — шеър.

* * *

Эшик тақиллади.

Келди.

У келди…

Очаман… Бошқа.

Киринг. Киради. Кетади.

Эшик тақиллади.

У келди. У…

Очаман…

Бу ҳам мени соғинган  одам.

Ия келинг. Қани келинг.

Киради. Кетади.

Эшик тақиллади.

Ҳайрият келди…

Очаман…

Ҳеч ким йўқ.

Балки беркингандир у бирор ёққа.

Йўқ. Ҳеч ким йўқ.

Эшик тақиллайди.

Ойлар ўтади…

Эшик тақиллайди.

Йиллар ўтади…

Эшик тақиллайди.

Соғинганлар келиб кетади…

Эшигингдан кутган одаминг

кириб келмас экан ҳеч қачон…

Қўлларингдан келса, келмаса –

кутган одамингга айлан…

ЯШИЛ ЯПРОҚЛАР

1.

Зим-зиё, 

Қоронғи, 

Чуқур тун. 

Гўёки мен унга чўкиб кетяпман. 

Оғиз очиб бўлмас.

2.

О, мен

Кимларга

Ҳавас қилмадим

Шоирлардан бошқа.

3.

Умидсиз боқаман

Йўллари лой

Ботқоқ қишлоққа: 

Қаерга ҳам

Бориб бўлар

Бу йўллар билан.

4.

Ўқилмаган китоб — 

Қоронги зиндон. 

Унда уйғоқ сўзлар, 

Исёнкор фикрлар тамбалангандир. 

Дунёда

Бу тамбани

Бузишдан ҳам

Ёқимли иш йўқ.

5.

Биз сени ўлдирган

Шеърни ўқидик,

Аза тутдик.

Ичимизни тинмай

Тилди хўрсиниқ.

Энди ичимизни тилиб яшар

Кўр, разил хўрсиниқ, 

У — сен, дўстим.

6.

Майли, совуқ қаршила, 

Қовоғингдан қор ёғдир, майли,

Мен бегуноҳ болага ўхшаб

Юзимга бирон айб чизиб оларман

Бечора севгининг қўллари билан.

7.

Ўлсам, 

Ҳайрон бўлманг. 

Узоқ яшаш учун

Туғилганим йўқ.

СОҒИНЧ

Очгил қучоғингни, о, келгил, қани!

Эй, менинг руҳимнинг излаб топгани,

Пойимда сил каби сарғайган хазон

Келажак кунларга ўт қўяр аён.

Сенинг висоликгни кутганча интиқ,

Титраб куйлаяпман бир ғамгин қўшиқ.

Сен келсанг қайтадан гуллагай хазон,

Сен келсанг ложувард туюлгай осмон.

Сен келсанг энг дилбар янграгай наво,

Сен келсанг бағримда тирилар дунё…

Тағин хотиралар гулханида жим,

Ҳинду мурдасидек ёнар вужудим.

О, қани кул бўлиб қолсайдим буткул,

Нечун шафқатсизсан бунчалар кўнгил?

О, кўнгил сен дея баъзан тутоқдим,

Ёлғизлик даштида қанча улоқдим,

Бахтиёр дамларим совурдим бутун

Зиғирча ҳақиқат ушоғи учун…

Энди мен, энди мен, энди нетарман?

Руҳим дунёсини излаб кетарман.

Унда сен яшайсан, яшайди онам.

Унда қишлоғим бор, бор мўъжаз кулбам.

Унда мени кутар гўдак сингари

Ҳасратли дўстларим толғин кўзлари.

Унда пошналардан қаварган йўллар

Идрокнм мавжини тинглагай қўллар.

Гўдакка айланиб қолган чол мисол

Ўзимни бағрингга отарман алҳол.

* * *

Қадамда дуч келаверасан

Бир нокасга ёки ёмонга,

Тошми, кесак отаверишар

Пинҳон, ошкор пок бир одамга.

Айб тақашар бегуноҳларга,

Алдашади, туҳмат тўқишар.

Агар шулар бўлмагандайди,

Қандай озод яшарди башар.

Ногоҳ танда қон тўлқинланар –

Уйғоқмисан, бормисан, исён!

Қани, сен ҳам тургин, эй дунё!

Қани, сен ҳам, эй дунё, уйғон!

Бироқ дунё сокин, Шунчалар сокинки,

Ёқасидан тутиб дунёнинг –

Силкитгинг келар…

Токи Ёмонлари тўкилгунича.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan