• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«Бой берилган тўқнашув» – Адолфо Биой КАСАРЕС

«Бой берилган тўқнашув» – Адолфо Биой КАСАРЕС

(Ҳикоя)

Бизни аёлим билан бир-биримиздан яширадиган сиримиз йўқ эди. Гарчи бахтли турмуш кечирсакда, табиатида беқарорлик ва қатъият бирикуви мени ўзига ром қилган Диана ҳаққи уни ташлаб кетгандим.

Диана билан бир неча йил бирга яшадим ва биз барчаси ҳақда гаплашиб олгандик (модомики яқин муносабатлар айрим гўллар тасаввур қилган каби ечинишлар-у, ачомлашишлардангина иборат бўлмай, яна оламни англашда бор). Бир куни кечқурун, кинода, Диана қумтепалар тўғрисида гап очиб қолди. Бу тўғрисида йўл-йўлакай эслатиб ўтган, шу тобда нега ўша воқеа хотирамга ўрнашиб қолгани, ҳайратимни оширарди холос. Икир-чикирларига ўралашмасдан айтганда, зимистонлик росмана ғайритабиий бўлиб, ноодатий ҳам ногаҳонийлик Дианага бевосита алоқадор эди. У ўз ҳирсларига қул бўлган бузуқ аёллиги учун ўзини гуноҳкор ҳисоблар ва менинг кўксимга бошини қўйиб, алдоқчилиги, жазмани борлигини айтиб, кўзёш тўкканча тавба-тазарру этарди. Унинг беадоқ кўзёшлари-ю, гуноҳкорлиги бадимга ура бошлаганида, қумтепаларни барқарорлаштиргувчи муҳандис боис бизни ҳаётимиз чигаллашиб кетди. Унинг билан қайданам танишиб улгура қолгани мавҳумлиги устига, Диана кўз очиб юмгунча, ўртамиздаги ришталарни фақатгина барқарор этгувчи тиришқоққина шогирдига айланди, ҳолбуки бу хоним доим ҳадиксиратгувчилардан эди. Шундан эътиборан шикастанафаслик менинг иккинчи «мен»имга айландики, Атлантика соҳили бўйлаб саёҳатга бош қўшишни сўраганларида, маъмурий бўлинма ҳокимлиги буюртмаси бўйича ташкилотлар томонидан юритилаётган ишларни, жойида синчковлик билан амалга оширишга рози бўлдим. Бу ишларни, мени ром қилгандек гўё росмана муҳокама қилардим.

Магдалена билан танишганимда сафарга бир ҳафта қолганди. Мен айни угина ботиб бораётган бу ботқоқдан қутқаришига имон келтириб, кўк ато этган халоскор янглиғ унга муносабатда бўлардим. У пешонасига битилган ёзмиши баробарида, икки сифатла бунга мос тушарди: гўзаллиги (эс-ҳушни оладиган, гулгунлиги) ва ёшлиги. Бир куни Магдалена аллақандай курсларга ёзилганини маълум қилмагунча, ғам-ташвишсиз суҳбатларда тамомила унга гирдикапалак эдим. Озмунча ўзимни ҳеч вақони сезмагандек тутдим.

Таваллуд куни совға-саломлар билан сийлаганимда миннатдорчилик сифатида кўзлари ёшланди, ҳолбуки, унинг кўнгил тубидаги истагини ёлғиз муҳаббатгина қондира олишини топа олганим боис Магдалена буни мукофотлай олмаслигидан чилпарчин бўлаёзди. Мободо кўнгил тубидагини тақдим этишни хоҳласам курсларга ёзилишим лозимлигини қўшимча қилди. Ташвиш ила бўйнимга оламан: унинг истагини бажармадим. Зеро, қумтепаларни ҳинд хурмоси ёки тиканакли буталар билан мустаҳкамлашнинг нуқсонлари-ю, афзалликлари, игнабаргли ҳам ўзга дарахт турларини ўтқазиш, шохдеворларнинг муҳимлиги, кўчирма шохдеворлар ўрнатиш усули ва жойларини жон-таним билан муҳокама этдим. Биз суҳбат давомида Бремонте  шахсига ҳурмат кўрсатиб, айрим Бияндел каби издошлари хизматлари ва эътирофчиларини лўндагина кўкларга кўтариб, эътироз билдиргувчи ҳам муртадларга лой чаплаб тилга олдик.

Мерседес қораси пайдо бўлганда эса ундаги деҳқон аёл ва канизакка монандликни илғаб қолдим. Унинг қалб тубларигача  самимийлигини биринчисига менгзалса, оқбаданлиги-ю, йилтиллаган тим қора сочлари ва ҳирсга тўлган кўзлари иккинчисига монанд эди. Ўшанда мен роса қойилмақом ўхшатишим измида адашмасам шундай хаёллагандим: «Унгагина хос самимийлик аллақачонлар гувуллаган елвизак шамолдан шохдевор мисол мени ҳимоя қилади…» Мен бундайин ҳимояни синовга рўбарў қилолмадим, негаки Дон Кихот ва унинг дубулғасини хотирлаб, ташқи кўриниш алдамчи, вақт ўтиши билан ҳатто қоялар ҳам оддий қумтепаларга қоришиб кетмоғи мумкин дедим ўз-ўзимга. Шунингдек, ўзгаришлар мободо росмана ўзгариш бўлса анчайин наф келтиради, дея хаёлимдан ўтказдим.

Ҳолбуки ҳар бир инсон ўзи бир хилқат бўлгач, одамлар тоифасидаги навқирон аёл зотини бамайлихотир ипидан игнасигача ўрганишни доим истаганим сабабли бошданоқ Мерседес билан яшашнинг ўзиёқ роҳат бағишлаганди.

Мерседес табиатининг бир тоифаси вақтимни чоғ қилиб, ҳатто тонг қолдирарди: аждодларга топиниш даражасидаги улар қазосидан гувоҳ суратлари ётоғимизни тўлдирганди. Кроватнинг баланд суянмаси тепаси узра қизил оғочли ром ичига бандиланган жонсиз қиёфали ҳам улуғвор жаноб тош қотган кўйи бизни кузатганча ҳукм сурарди.

Табиийки Мерседеснинг қумтепаларни мустаҳкамлаш курсларига ёзилгани ҳақда билиш куни ҳам етиб келди. Бояқиш синчков ақл билан ажралиб турмагани сабаб мураккаб илмнинг нозик тафсилотларини эгаллашда қийналар, менинг тузатишларимга тўғри келган кўплаб хатога йўл қўярди. «Асло, – тўхтатардим мен уни, ғашим келганини яширишга уриниб. – Илтимос, кўчирма шохдеворларни ҳимоявий шохдеворлар яна соҳилбўйи номига эгалар билан чалғитма. Асосий қоидани ёдингда тут: ниҳоллар сираям ҳали мустаҳкамланмаган, шамолга рўбарў келадиган очиқ қум майдонларига ўтқазилмаслиги лозим».

Ҳамонки, ўргатувчи ролини ўйнарканман муфассал мунозаралар мен учун мароқли эди; аммо шогирдлик (Мерседес ҳафтада уч кун шуғулланибгина ниҳоят муваффақиятга эришганди) сифатида уларни кўргани кўзим йўқ эди. Шунча кўнгилсизликлар етмагандек, чўзинчоқ портретдаги зот Мерседесга қариндош эмаслигини билдим. Албатта бу ўзимнинг гўллигим оқибати, шунга қарамай ўзимни чув тушган ҳисоблардим. «Бинобарин, бу сенинг бобонг эмас?» – сўрадим мен дилим хуфтон. «Бобомдан-да азизроқ, – рад қилди Мерседес. – У қумтепаларни мустаҳкамлаш йўлини топган». – «Демак бу Бермонтеми?» – пичирладим мен. «Албатта, – деди у, – Бермонте». Мен  унга орқа ўгирдим.

Ёзув столи қошида ўтирганча, ёлғизликда ўйга толдим: «Равшанки, оддийгина тасодиф мени ушбу гирдоб ўпқонига ирғитди… Талафот топмасликдан умидвор бўламиз. Қўшиқда айтилганидек – аёллар кўнглин овлаб адоқсиз, эҳтимол қартайиб қолдимми эссиз. Қаримоқ ҳам умрни совурмоқ (аллақачонлардан маълум) – бир гўр. Мен ўз ҳузур-ҳаловатимга кўмилиб яшарканман олам чаппа айланипти, у қумтепаларни мустаҳкамловчиларга лиммо-лим тўлган, бу мавзу Мерседесни ўзига ром қилгани учунгина у менинг бадимга урганди. Нафақат шунчаки бадимга урганди балки ғазабимни қўзғатарди. Борди-ю, ҳамма аёллар ўзларини қумтепаларни мустаҳкамлашга бахшида этсалар аёллик хилқати ранго-ранглигидан асар ҳам қолмайди (Қолаверса, авваллари ҳам бунақаси учрамаганмиди? Файласуфлар борлиқ воқелигини тизимга солиб, уни саёзлатиб қўйишмадими?)» Ҳар ҳолда тарихдан қумтепаларни мустаҳкамлашданда, оммавий телбаликлар бисёрлиги маълум».

Мен хавотир олишини истамасдим, аммо истакни росмана кўрсатишга уринган ҳеч вақосиз қолишига ишончим комил эди. Навқиронликка уринган қария кўнгилни идишлару, масхара бўлиши тайинмасмикан? Менинг якуний фикрларим ўз-ўзидан хулосага юз бурди: борди-ю қумтепаларни мустаҳкамлаш ҳақдаги суҳбатлар асабимни таранглаштираётган экан, Мерседес билан орани очиқ қилиб аёлимнинг ёнига қайтишдан бўлак йўл йўқ.

Фикримни бир жойга тўпламоқ учун фикрим учди: «Аллақайси савдойилар ҳаққи уни ташлаб кетдим!» Биз аёлим билан бир пиёла чой устида қандолатхонада учрашишни шартлашиб олдик, у ўзини собит тутди, аммо бир йўла огоҳлантирди: «Биз собиқ уйимизда яшай олмаймиз, мен уни сотдим. Ҳа яна бизни замонамизда Буэнос-Айресда қайси ақли расо ҳам яшарди?» У, соҳил бўйидан ҳовли сотиб олгани-ю, биз ўзимизни қумтепаларни мустаҳкамлашга бахшида этишимизни қўшимча қилди. Мен уни ёлғиз қолдирган кечки пайтлардаги танҳолик онларини мазмунга тўлдириш баробарида, Диананинг дўсти ташкил этган курсларга қатнарди. Уни Диана билан биргалигидан хавотирда сўроқладим. Улар бир ришта билан боғланганликларини ҳис этгандан буён ўзаро умумийлик касб қилгувчи нимадир мавжудлигини пайқашибди. «У сени беш қўлдай биларкан, – қўшимча қилди аёлим. – У сени яхши кўради, аммо жазавакаш дейди. Ҳатто девонадан ҳам баттар дегани. У сени муҳаббатда ноқобил ҳисоблайди. У яна ғалати, роса аломат-у, албатта сира куракда турмайдиган бир ибора қўллади. Қумтепаларни муҳандиси қиёфаси сени қувғинга мубтало қилганмиш». Дарровдан аёлимни кўнглини қолдиришни истамаганим сабаб изоҳлашдан ўзимни тийдим ва унинг режаларини маъқулладим.

Рус тилидан Ўктам Одилов таржимаси


[1] Бремонте Николя – Гастонда қум уюрларини мустаҳкамлаш билан машғул бўлган француз муҳандиси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan