• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Руҳимни сўроқсиз сипқорар вужуд…» – Наврўза МУҲАММАДХЎЖАЕВА

«Руҳимни сўроқсиз сипқорар вужуд…» – Наврўза МУҲАММАДХЎЖАЕВА

* * *

Сутранг тушларимдан саросар

учиб кетди қанотлари куйган орзулар.

Тушишга шошмайди қароқларимдан

йўлини йўқотган кўз ёш — ёҳулар.

Лаҳзалар тўхтайди қорачиғимда

Қулоғим эшитмас нур овозини

Ҳислар бир-бирига туртиниб кетар

Дунё унутдими туйғубозини?

Қуёшдан тинмайин ёғади хазон

Бориб ботмагунча шафақ қўйнига.

Энг сўнгги ёғмурлар чақирар азон

Ҳали туғилмаган майса бўйига

Субҳлар келолмайди дунё пойига

Тун. Кўзин беркитиб юлдузларини

Бир қатим нур инмас беланчагидан

Кунлар унутдими кундузларини?

Ҳилолин қизғониб боради кеча

дарпардадан сизиб киради ҳадик.

Шу тунда жон берар ғўр тушлар неча

Бешик- тул тунлардан қолган эсдалик.

Дарчадан мўлтиллаб боқади ёшлик

Сабога пуллаган марзаларини

Вақтнинг оёғига тушов бўлар тун

Умр унутдими лаҳзаларини?

*марза шўхлик, чегарадан чиқиш (шевада)

* * *

Руҳимни сўроқсиз сипқорар  вужуд

ирмоқланиб оқар томирда жоду.

Тентаксой ваҳмидек мавжланар кўнгил

Қачон балоғатга етиб улгурди туйғу?

Падар кифтидаги қизалоқ мисол

туйдим ҳаловатнинг ҳароратини.

Туйқус уйқаш кетди нафас ва ғубор

Қачон янгилайман руҳим таҳоратини?

Синиқиб тикилар кўзимга кўзгу

дунёга элтувчи кўприк йўли берк.

Фақат ҳадсизликка етаклайдиган

тушларига қачон қамар мени  эрк?

Руҳимни сўроқсиз сипқорар вужуд…

* * *

Дарпардани маъюс қўзғатиб

сизади хонага заъфарон тушлар.

Киприклар қатига энади бир зум

чиқолмайди, улар ―

йўлин йўқотган қушлар.

Туннинг тўрхалтаси тешилиб, мулзам

тўкилди кўзимга пушти юлдузлар.

Оний из кетидан учганда туйқус

қароқда жон берар ҳиссиз кундузлар.

Руҳимдан супуриб униққан нурни,

титрайман гуноҳкор ҳайратларидан.

Эврилиб кетаман ижара тушга ―

томирда тун оқар

ҳасратларидан.

Ёғдунинг сочига оралаган оқ

мунғайиб боради сағир шам мисол.

Ёстиқлар остига беркиниб олган

тушлар туш кўради кўзимда хушҳол.

* * *

Кўзларингнинг нури туйқус титраб кетар,

Сўзинг ― кимхоб, кийиб олар безовталик.

Мужгонингнинг ич-ичига ботиб кетар

қуюқ ҳадик.

Уфунатнинг иси келар ғамларингдан,

қидирасан бўшлиқларнинг тиниғини.

Бораман ортингдан изма-из териб

ҳисларингнинг синиғини.

Шууринг чайқатар ҳар тунда биров,

ғорат қилиб оловранг туйғуларингни.

Энди унга ― тунга этасан нисор

лойқаланган кулгуларингни.

Самони тизлатар бир кафт оғриғинг,

юлдузлар ойга йўл очар кўзингдан.

Сен эса яшайсан эркни қизғониб

Ўзингдан!

* * *

Сен ғужур уруғин қададинг тоғга,

мен кентларга сочдим тўзғоқ изларим.

Онам тонгга қимиз сузиб берган пайт

лаблари тамшаниб қолди ҳисларим.

Ака,

қақшаб кетди мудроқ тизларим.

Сукутга чайилган масрур чўққининг

кўзимга эниши энди даргумон.

Қара, мунғайганча турар илвираб

Юлдузи саналмай қўйилган осмон.

Ҳайҳот, 

кунларимнинг рангими сомон?

Ҳайрати ямоқли кўзим бурчида

ўзининг қонини сипқорган ҳадик –

Бобом ясаб берган ҳалинчакларда

самога орзусин ортган болалик.

Наҳот,

тоғларнинг ҳам кўзи жолали?

Мен кентларга сочдим тўзғоқ ҳисларим…

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan