• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Сени унутмоқлик фожиа эрур, Энди эслашим ҳам жуда хатарли…» – Диёрбек РАҲМОНҚУЛОВ

«Сени унутмоқлик фожиа эрур, Энди эслашим ҳам жуда хатарли…» – Диёрбек РАҲМОНҚУЛОВ

ЧОРЛОВ

Масиҳуллоҳга

Дўстим, йўлларимда акиллар итлар,

Менинг-чи ичимда увлайди бўри.

Яна таъқиб этиб борар ўликлар,

Сулувлар кетмоқда юзларин буриб.

Садоқат нелигин билмаслар бисёр,

Туҳмат тошларини отгувчилар кўп.

Ибодатсиз ўтган кунларим бекор,

Қадрдон билганим кўзга суқди чўп.

Aвайламай қўйдим кўксим ичини,

Дилим дилсизларга бўлди бошпана.

Йўқотиб бормоқда кўнгил кучини

Сaҳовaтпешaлaр қилганда таъна.

Сен мени улардан қутқар, жигарим,

Оташин ёнишлар сўнмасин, илло!

Жангга отланайлик, елкадошим бўл,

Ғалаба қилайлик! Омийн!..

Бисмиллоҳ!..

* * *

Бизнинг севги ҳали ўлганича йўқ,

Сен тирик.

Мен тирик.

Ва албатта куз.

Ишқсиз яшамоқлик оғир бир гуноҳ,

Кўзлари куздайин гўзал бўлган қиз.

Энди ҳеч чорлама қаршингга мени,

Пинҳоний ишқимиз бўлажак достон.

Тош сақлаган сирдай сақла ишқимни,

Мен покиза қалбинг сақлайин омон.

Покизaм, севгимиз асло ўлмагай,

Кўнглингни эзмасин оғир дардларим.

Қалбингни пок сақла,

сенга ёғилсин

Худонинг раҳмати…

* * *

Ёмғир. Шаҳар — шовқин. Кўлмак йўлаклар.

Ложувард томчилар юзимни силар.

Мени соғиндингми, мен соғиндимми,

Саволга жавобни бир ёмғир билар.

Шиддати тинмайди майин оҳангнинг,

Вужудим титратар, кўнглим юмшатар.

Бугун тиним билмай йиғлайди осмон,

Сенингсиз кунларим кўнглим қақшатар.

Бекордир ёмғирсиз ва сенсиз кунлар,

Фақат ёдимда дил оғриганлари.

Ёмғиржон, илтимос, юзин силаб қўй

Мени севганлар ва соғинганларни…

* * *

Ичикиб кетяпман,

Сенга келяпман,

Муаттар ҳисларинг оғушларида.

Нечун йўқламайсан, юзлари зебо,

Ҳеч қурса хаёлда ё тушларимда?

Сенгача манзилим аён эмасдир,

Aзобинг тузоқдир юрган йўлимда.

Жодугар кўзларинг ҳаққига қасам,

Соф ишқинг ёнади фақат дилимда.

Туташ қошларингдай туташса тақдир,

Aқлимдан айирар шундайин ўйлар,

Ғийбатчи, гапчилар ўзича ҳақдир,

Сен ҳақда турли хил туҳматлар сўйлаб…

Уларнинг гапига қилмасман парво,

Олға юришим бор,

Ортга қайтиш йўқ,

Висолингни истаб телбаман, гулрў,

Кўнглингга не келса, беравер буйруқ.

Манзилим ноаён сени топгунча,

Менга ҳамроҳ эрур орзу ва умид.

Ишқингда танҳоман, эй лаби ғунча,

Йўлдаман,

Боряпман руҳингга дўниб…

* * *

Сенингсиз кунларда ғамлар ҳукмрон,

Ўкиниб юрибман, ўкиниб.

Борингда яшнадим…

…Йўғингда

тўкилиб боряпман,

тўкилиб.

Aғёрлар шод бўлди,

ғаним шоҳ бўлди,

Туртилиб юрибман, туртилиб.

Борингда яшнадим…

…Йўғингда

Титилиб боряпман,

титилиб.

Тизларим емрилди тиз чўкиб,

Ютиниб юрибман, ютиниб.

Худодан сен учун бахт тилаб

Ўтиниб боряпман,

ўтиниб…

Aллоҳдан сен учун бахт тилаб

Ўтиниб юрибман…

…ўтиниб.

* * *

Унутмоқ — фожиа,

Эслаш хатарли,

Aрмонлар йўлларда қатор бўлдилар.

Энди…

кўришмоқ ҳам жуда зарарли,

Очилмаган ҳислар мозор бўлдилар.

Кулгичи оламни кулдирган пари,

Эслаш маҳол эрур сени бу замон.

Энди…

дарвозангдан ўтаман нари,

Энди…

севишимни айтмам ҳеч қачон.

Ўзга боғ яшнади сендай гул билан,

Тақдирга кўникдим, чўкка тушмадим.

Энди…

ишинг бўлмас мендай қул билан,

Сенингсиз дунёда кўнгил хушладим.

Сени унутмоқлик фожиа эрур,

Энди…

эслашим ҳам жуда хатарли…

1 thought on “«Сени унутмоқлик фожиа эрур, Энди эслашим ҳам жуда хатарли…» – Диёрбек РАҲМОНҚУЛОВ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan