• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Suhbat
«ШЕЪРИЯТ — БУ ЎЗИМНИ ЎЗИМ  ҲИС ҚИЛАДИГАН ЖОЙ»

«ШЕЪРИЯТ — БУ ЎЗИМНИ ЎЗИМ ҲИС ҚИЛАДИГАН ЖОЙ»

Кибекдаги Трои-Риверс шаҳри дунёда шеърнинг қадам излари қоладиган ягона шаҳар.  Қайсидир номаълум шоирнинг бир йиллик ижодига шон-шараф ҳайкалини ўрнатадиган шаҳар. Ҳар кузда бу «пойтахти шеърият» бутун дунё шоирлари учрашадиган жой.

Халқаро шеърият фестивали! Бу ерда Амина Саид билан учрашдим. Биз у ерга бориш учун битта рейсда сафарга чиққандик ва мен учун қизиқ ҳамда муҳим бўлганларнинг барини ўша 5 октябрьдаёқ билишни истардим…

Амина Саид, ўзингизни, ўзингизнинг келиб чиқишингизни қисқача қилиб бизга айтиб ўта оласизми?

Мен Тунисда мустақилликдан олдинроқ туғилганман. Кўпчилик наздида мен доим Парижда яшаб юрсам-да, лекин тез-тез ватанга бориб тураман. Менинг бутун оилам у ерда. У ердаги ғайри оддий куч мени доим қувватлаб туради. Шунинг учун  толиқсам Тунисга боришни афзал кўраман. Шу кунгача Тунис эртакларининг икки тўпламини ва яна ўнта шеърий тўпламимни нашр қилдирдим.

Сўнгги ўн йил ичида мен филиппинлик инглиз забон ёзувчи Франсиско Сионил Хосенинг бир нечта тарихий романларини таржима қилдим. Мен ҳам ҳозир ҳудди сиздек Парижда журналистман.

Тунисда туғилган ва Францияда яшаган одам сифатида Африка билан қандай алоқангиз бор?

Мен Ўрта Ер Денгизи, балки Африканинг шимолида туғилган ва жамики Африканинг ўзимга тегишли эканини ҳис қиладиган бир нечта мамлакатига саёҳат қилганман.

Мен отам томондан араб, онам томондан эса европаликман, гарчи у Тунисда яшаётганига ярим асрдан ошган эрсада. Мен  Африканинг араб-мусулмон ҳудудига мансубман.

Биламизки, сиз ҳикоялар ҳам ёзасиз.  Сизнинг ҳикоянгиз ва шеъриятингиз ўртасида боғлиқлик борми?

Араб маданиятида асосий жанр бу,  аввало, шеърият, кейин эса ҳикоя саналади. Қизиғи шундаки, мен ёзган нарсалар: шеърлар ҳам,  ҳикоялар ҳам ватан соғинчи билан ёзилган.  Туниснинг асарларимдаги мўжаз эртакларини бувимдан эшитганман. Бувим бу эртакларни исталган кишига жон деб айтиб берарди.

Қандай қилиб шеъриятга кириб қолдингиз?

Ўтмишни хотирлайдиган бўлсам, ўн бир ёшимда шеър машқ қила бошлаганман. Коллеж шеърий ҳаётимдаги илк мактаб.

У ерда шеъриятни севувчи, ўзи ҳам шеър ёзиб турадиган устозим бўларди. У биздан коллеж деворий газетаси учун шеър ёзишимизни сўраган. Денгиз ҳақида нимадирлар қоралаганимда у деворий газетага осилгани эсимда. Шундан кейин ҳам ёзишда давом этардим-у, лекин ҳеч кимга кўрсатмасдим. Мен дафтарларни шеърлар билан, йўқ, саволлар билан тўлдирардим.  Кейинчалик Парижга ўқишга киргач ёзиқларимни шеърий журналларга юбордим. Улар мени қўллаб-қувватлашди, нашр қилишди, танқид қилишди. Биринчи тўпламим эса 1980 йилда чоп этилди.

Сиз ўнта тўплам ёздингиз.  Севимли мавзуларингиз нима?

Мен ёзган ҳар бир нарсани руҳий автобиография сифатида йиғиш мумкин. Мен мени ҳаракатга келтирадиган, менга туташиб кетиши мумкин бўлган ҳамма нарсани ёзаман. Мен ёзаман…Мен ўз ўйларим, ичимда долғаланган ҳиссиётларим, ўзим ҳақимда ёзаман. Мен дийдорлар, мен учун севимлилар, андуҳлар, орзуларим, табиат ва ҳаётни ёзаман…

Мен файласуфга ўхшаб кўринмасдан ҳаётни борича акс эттириб ёзишни яна ҳам кўпроқ истайман.  Ўйлайманки, биз ўзимизнинг дунёмизни англашга ҳаракат қилганимиздагина биз яшаётган, биз ёзаётган бу шеърларни бойитиши мумкин бўлган тафаккурга бориб туташишимиз мумкин бўлади.

Сизнингча, шеърият ҳаётни акс эттиришга олиб келадими?

Шеърият – кундалик ҳаётда ҳам, руҳ ҳаётида ҳам, ички, самимий ва яна мумкин бўлган ҳамма нарсада ҳам орзу атрофида туғилиш демакдир. Шеърлар телбаворликдан туғиладигандек чамамда. Улар билан мен ҳаётнинг янги қирраларини кашф этгандек бўламан.

Сизнинг ёзиқларингиз бизни бошқа жойга, бизни орзу қилиш даражасига олиб боради?

Ҳа. Менимча, шоир бўлиш нафақат ташқи дунё, балки дунё ҳақида тасаввурга эга ички дунёси мавжуд бўлган дунё бўлиш демакдир.  Мен ёзган шеърлар мана шу иккаласи ҳақида; ички ва ташқи дунё ҳақида.  Икки дунё доимо алоқада бўлиб  бири иккинчиси билан доим кесишиб, доим туташиб туради.

Сиз айтаётган баъзи шеърларнинг «уфқ ҳар доим чет элликдир»  сарлавҳаси Билан бошланади. Нега?

Бу  асосан 2003 йилда Парижда CД шаклида йиғилган, тўпламлардан саралаб олинган тўпламда учрайди. Бу ҳақиқат. Мен бу ҳақида кўп ёздим.  Тунислик бўлиш, Парижда яшаш ва кўп саёҳат қилиш, қайга борсам ҳам менга уфқ бегонадек туйилади. Парижда бўлсам уфқ Тунисникидек, Тунисга борсам гўё қуёш Париж осмонида ботаётгандек. Тунисга бегонадек. Мен ўз жойим бўлиши мумкин бўлган нарсани узоқ вақтлардан бери излаяпман.

Шеър – қандайдир бир макон ёки жойми?

Жойнинг ушбу шаклдаги синоними шоирлар учун жуда кўп ишлар қилди.  Баъзилар утопик жой қидиришди, рамзий, фақатгина уларнинг тасаввурида мавжуд бўла оладиган ўзгача бир жой.  Бу жойни улар бошқалар учун қидиришди. Фақатгина тил, сўз орқали — шеър орқали мавжуд бўладиган маконни излашди.

Мен учун шеърият қандайдир бир макон, қандайдир бир ўзгача гўша.  Шеърият – бу ўзимни ўзим  ҳис қиладиган жой. Шунинг учун мен айта оламанки, ҳар биримизнинг ўз жойимиз бор. Қандай бўлмасин ҳар бир шоир макон ва жой(лар) яратувчисидир.

Сиз Трои-Риверсдаги фестивальда иккинчи марта иштирок этяпсиз.  Ундан сизда қандай таассуротлар қолди?

Аввало, дўстлик ва ҳамкорликка олиб келувчи дийдорлашувни айтиб ўтишим жоиз бўлади. Яна шеър тинглаш учун келган одамлар билан бирга бўлиш лаҳзалари.

Ёзиш – якка фаолият. Уни бўлишиш, баҳам кўриш имкониятига эга бўлиш жуда муҳимдир. Нутқ. Сукунат лаҳзалари. Бари бетакрор.

Бу фестивалга илк бор келганим ўн бир йил олдин эди. Ўшандан бери шаҳар анча ўзгарди, аҳолининг шеъриятга сезгирлиги эса ортиб бормоқда. Бу ташкилотчиларнинг йигирма йиллик меҳнати экани равшан кўриниб турибди.

Трои-Риверс, 5 октябр 2004 йил.

Журналист Танелла Бони билан Амина Саид суҳбати.

 Француз тилидан Муҳиддин Нидо таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan