• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Соғинтириб борар табаррук дийдор…» – Шоира ШАМС

«Соғинтириб борар табаррук дийдор…» – Шоира ШАМС

* * *

Нега кўзларимга

                      қаролмас бу қуш?

Нега нигоҳларин

                         сўлдириб қўйган?

Нега оқшомлари

                         инграниб беҳуш,

Ноаён дард билан

                        куйгани куйган?

Бу қандай қисматки,

                          учмоқлик маҳол,

Чайир қанотига

                         артар ёш кўзин.

Ёруғ осмонлардан

                        юз буриб, алҳол,

Бир кун қафасида

                             ўлдирар ўзин.

Бир кун қафасида

                             ўлдирар ўзин.

* * *

Бир қуш уйқусидек

ҳаётим аро

Капалакдек қанот ёздинг Сен

Мусичадек титрандим 

тонг-ла

тўкилдим…

оловранг эдими кўзинг?

Билмадим…

Оловранг ҳислариммиди?!

Ёдинг ила аралаш ёғар

Таниш ёмғирлар…

Намчил ер ҳидидек қўнар

ифоринг

Балки сўнгги нафасларимга…

Мангу нафассизлик ҳаёти сари

Йўллар қўшилади 

 қадамларимга.

      Бир қуш уйқусидек ҳаётим аро

              Капалакдек қанот ёздинг сен…

* * *

Бир куни асраган гулинг сўлади,

Қўйнингдан учади оппоқ кабутар.

Бошингга бир хазин кузлар келади,

Кунларингга соғинч хатларин битар.

Билмайсан, сен бугун очилган музтар

Гулингни ғам қони суғорганини.

Сезмайсан, қўйнингда турган кабутар,

Ҳар тонг бир дард ила уйғонганини.

Қачондир қуёшнинг нурига етмай,

Тунни ниҳоялаб тугар ҳаммаси

Муаттар бўйлари димоғдан кетмай,

Девона бўласан ақлдан озиб.

Кафтингда дунёлар турса ҳам  энди,

 Сотиб ололмайсан янги баҳорни,

Ҳар фасл заъфарон, хазонлар такрор,

Йўлингга тўкади оловранг қорни.

Бир куни асраган гулинг сўлади,

Қўйнингдан учади оппоқ кабутар.

Бугун қайлардадир тоғлар қулади,

Бугун қайлардандир кўринди хатар…

* * *

Соғинтириб борар табаррук дийдор,

Соғинтириб борар латиф суҳбатлар.

Тушкун хаёлимнинг бўсағасидан

Сукунат ҳатлар.

Олам бўшаб қолар, ҳувиллар хонам,

Қудуққа тушгандек дунё ҳам жим-жит.

Тонг қадар кўзларим ухлаганнамо,

Тонг қадар Сен — борлиқ,

Мен — унут.

Жизғанак бўлади тоқат беқарор,

Орзулар потирлар қаноти куюк.

Исмингни ёдлаган телефон қўлда

Табаррук…

Аммо қўнғироқ йўқ на сен, на мендан,

Яралаб кетади дилга ботган ўқ.

Фақат йўқламоққа сенда эҳтиёж,

Менда юрак йўқ.

* * *

Жийдалар гуллади..

Жийдалар…

Яна эркалатар оғушида Май.

Силкинар..

Тўлғонар…

Ва яна кулар

Елларда арғамчи учган Лайлидай.

Мажнундайин сархуш

Далалар, боғлар…

Кўкданми излагай 

Бир ишқ жамолин.

Анбарин таратиб

Тинмай силкитар

Гўзал маҳбубининг яшил рўмолин.

Кел.

Дунё торайди май кунларида

Тўфонлари қўзди 

Дийдаларимнинг.

Пойингга тўшайин 

Тилла гиламдай

Юзимда гуллаган

Жийдаларимни.

Жийдалар гуллади.

Жийдалар…

Ғам кезар 

муаттар кунларим  аро.

Бу ҳижрон тафтида

сўниқ муждалар 

Лайлининг кўзидай

Қародир,

Қаро…

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan