• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Shapaloq
«98 йилнинг болалари»

«98 йилнинг болалари»

Кутамиз…

Ниманидир, кимнидир. Тонг отишини, ёмғир тинишини, севгилимизни…

Истаганларимиз ҳамиша ҳам ўз вақтида келавермайди. Aйниқса, болалар жуда сабрсиз. Ҳар хил темир терсакларни симга илдириб, кўчаларни чангитганча судраб ўйнаганлари каби. Майдақадам вақтни-да шундай тортиб келгиси келади. Тонготар ёқлардадир, балки кунботарда,эҳтимол, ҳозир ҳам бўйларидан баланд орзуларини қучоқлаганча кўзидан уйқу қочиб, интиқ кутаётгандир улар.

Биз 98 йилнинг болалари ҳам озми-кўпми кутганмиз.

Дастлаб туғилишни, сўнг хонани тутатганча печкадаги намиққан ўтинларни ёқиш билан оввора  онамизнинг тезроқ келиб қорнимизни тўйғизишини кутдик. Келавермади. Йиғлаб-йиғлаб кутдик…

Бир тонг бизни уйғотишди. Бозорга борамиз. Уни олиб беринг, буни олиб беринг, деб харҳаша қилмасликка қасам ичдик автобус кутарда. Катталар вақтнинг қадрини билади. Кийим дўконининг қориндор савдогарини унча куттирмай, 95лар ўлчамида бош-оёқ сарпо кийдириб роса посон қилиш. Нархини келишгунча биз яна кутдик. У ёқ бу ёғини қўйинг, мактабга борарканмиз!

Энди кўзга уйқу келмайди. Мактаб, китоблар, у ерда нималарнидир ўрганишимиз кераклиги хаёлимизнинг учида ҳам йўқ. Лекин қарасанг, аксинг кўрингудек йилт-янги ботинка, оқ кўйлак, қора шим тушларимизга ҳам кириб чиқади. Мактаб очилишига ҳали беш-ўн кун бор. Янги кийимларни онамиз яшириб қўйган. Меҳмон келганда ғойибдан пайдо бўладиган тансиқ ширинликлар яширган жойи-ку, манаман деган изқуварлар ҳам тополмаслиги бор гап. Aммо мактаб формаси қаерга беркитилганини мендек профессионал ҳам билмайди.Энди нима қиламиз йиғлаймиз. Фақат кўнгли ийиб, раҳми келгунча яна кутиш керак. Бу машмаша ҳар кеч давом этади…

Ниҳоят тонг отди. Уйдан мактабгача бўлган “олис” масофани босиб ўтгунимизча неча йиллар кечгани ёдимда йўқ. Эришилган нарсанинг қизиғи қолмайди.  Биз интиқ кутган “Либослар кўргазмаси” тугади. Кайфият ҳам шунга яраша. Энди нимани кутамиз?!

Бу жумбоқнинг ечими тез орада топилди. Яна 95ларга раҳмат! Мактабдан қайтарканмиз йўлимизни тўсишди.Ҳаммаси биздан йирик.Роса тепкилади. Биз ортларида ҳиқиллаганча, бўлиб-бўлиб “Катта бўлсак, кўрасанлар!” дея олдик холос. Янги кийимларнинг аҳволи бизникидан ачинарли.Устига-устак уйга боргач ҳам қуруқ қўйишмайди.Унча ўксинмадик. Aхир гарданимизга катта бўлишни кутишдек масъулиятли вазифа юкланган эди. Ҳеч нарсани кутмай яшашдан асрасин.

Тилаганнинг муроди ҳосил. Девордаги чизиқлар аста-секин юқорилай бошлади. Хуллас, катта бўлиш ишлари анча юришиб кетди. Шу билан ҳамоҳанг баҳор, ёз, куз, янги йил байрами келишини кутамиз.Қорбобоси билан қорқизини қўятуринг.Уларга бошдан ишонмаганмиз. Бизга энг қизиғи йилда бир марта ёзиладиган янги йил дастурхони. Кўзимиз у қадар оч эмас. Қувиб солишганини айтмаганда қишлоқнинг баъзи тўйларида кўрганимиз бор.

Тангри ол қулим дедими, биз истаган катта бўлиш илинжи ёлғизланиб қолмади. Борган сари ёнига янги-янгилари, хилма-хиллари қўшилаверди. Олис шаҳарларга, узоқ юртларга кетган оталаримиз, акаларимиз юборадиган пулларидан кўра кўпроқ куттиради. Биз эса соғинамиз ва яна кутамиз.

Бу жараёнларда суягимиз қотиб, энди биз ҳам кутдиришни ўргана бошладик.Кўпимизнинг гарданимизга тушган уй ишлари тугайвермайди. Мактабни, устозларимизни ҳафталаб, баъзан ойлаб куттирамиз.Жа-а ноинсоф эмасмиз. Уларнинг  ҳаққи ҳам бизда қолиб кетмайди.

Мактабдаги биринчи муҳаббатларимизнинг эрга тегиб кетганини инобатга олмаганда (бизни у қадар кўп кутмади аслида) йиллар кечгани сари биздаги куттириш истеъдоди ривожланиб борди. Ота-онамиз, ҳамқишлоқлар, жамият, давлат ҳам бизни кутаётганини, тўғрироғи, биздан нимадир кутаётганини сезгач қисқа вақт ичида нақадар куттириш бобида профессионаллашганимизни тушундик.

Биз мактабни, мактаб бизни куттирган чоғ миямизнинг ҳувиллаб ётган митти ҳужайраларига билим деган нимарсаларни ғамлашга улгурмабмиз. Бир кун керак бўлиши тушимизга кирибдими?Aлқисса диплом кутиш босқичига ўтиш учун сўрашаркан. Ҳеч бўлмаганда чўнтак тўла бўлиши керак. На унисидан, на бунисидан иримига ҳам топилмайди. Шу нуқтага келиб ҳамиша ҳамдам-у бирдам бўлиб келган биз — 98ларда бўлиниш юз берди. Юқоридаги икки унсурни излаб йўлга тушдик.Бу ёғи яшаш учун кураш. Ярмидан кўпимиз ишга, қолганларимиз 12 йилда удалай олмаганимизни бир йилда бажаришга аҳд қилдик ва алифбедан бошлаб ўргана бошладик… Йиқилиб-суриниб охири пешонаси ярқираганларимиз кейинги босқичга йўлланма олдик.

Тонготар ёқлардадир, балки кунботарда, эҳтимол, айни дам қайсидир миллатнинг 98лари Марсга учишни, хаёлларида пишиб етилган оламшумул ихтиросининг ҳаётга кўчишини,дунёнинг энг нуфузли компанияларига қабул қилиниши учун эртага бўладиган суҳбатни кутаётган маҳал биз ҳам юракларимиз орзиқиб диплом кутиш жараёнини бошдан кечиряпмиз. Университетга киролмаганларимиз эса қора ишчи сифатида чет элларга олиб кетгувчи самолёт-у поездларнинг қўзғалишини кутяпти.

Ўйлаб кўрсам, биз — 98-йилнинг болалари ҳаётимизда ката бўлишдан каттароқ ниманидир кутмаган эканмиз.

Ҳумоюн ҚУВОНДИҚОВ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan