• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Кечир, ҳалиям учратмаганим учун ўша кимдирни…» — Салимжон қизи

«Кечир, ҳалиям учратмаганим учун ўша кимдирни…» — Салимжон қизи

* * *

Қуюқлашмаган тун

қуюқлашмаган муносабат

қуюқлашган ҳисларим устига

ҳали муддати бор беморга ёпилган кафан сингари

ёпилиб келар

кафанлаб қўяр барин.

булутлар ниқтай бошлар бир-бирини

азага тайёрланиш кераклигин  айтиб.

юлдуз…

юлдузлар эса қуръа ташлашади

ким қулаб бериши кераклигин аниқламоққа

жон чиқар пайти

чақмоқ жаноза ўқишни бўйнига олар

чўзиб ўтирмаслигин таъкидлаб.

ой…

ойнинг ранги оқармас ҳатто

атрофимни қуршар дарахтлар сафи

етиб келганига хурсанд

сўнгги дийдорга.

сен…

сен эса ёмғир ёғишин истайсан

қуюқ саломлашиб бўлгач аллаким билан.

* * *

биласанми

аввалари йўқ эди қишнинг совуғи

ҳайтовур совуқ қотмасдим

шамоли ёқар эди кузакнинг

баҳорнинг яшили

ёзнинг иссиғи

сенинг об-ҳаво ҳақида гапиришинг…

биласанми аввалари қорни севардим

олиб тушётгандай тўйиларди истагим ижобатини ўйноқлаганча

ҳеч хаёлимга келмасди ўша пайт

қачонлардир уни масхарабозга менгзашим

биласанми аввалари қўрқмасдим катта бўлишдан

ё ёш боладек қилиқ қилишдан

бугун жасорат талаб қилмоқда ҳатто

кўзгуга қараш

одамга ўхшаб яшаш

ва суҳбатлашиш бошқа биров билан

об-ҳаво ҳақида…

* * *

судралиб бораман ўқишга — ишга

дарс бошланади — иш бошланади

айтилажак умумий гаплар ўзим тугул ҳатто қулоғимга ёқмаётганин

англаб қолади туйқус

ёнимда сўзсиз ўтирган умумий дўстим

тасалли беради — умумий,

таскин бермоқ учун гап бошлайди умумийлигимиз ҳақида;

мен эса деразадан тикилганча кузатаман жим

фақат менинг хаёлимни судраётган умумий хотирни

ижрғаниб қўйгим келар умумий бўлмаган ҳисни ўйлаб

* * *

мен яшашим керак эди

сен бермаган гулларни

осмонга

атрофга сочганимча

кимлар биландир бахтли

хиёбон кезиб.

сочимга илинган гул баргларин

оҳиста олиб

қўлимга туттириши керак эди

ўша кимдир

табассум билан.

кула олишим зарур эди мен эсам

худди сенинг ёнингда

кулганим каби

ва қойил қолмоғим шарт эди

кулаётганимга

сенингсиз…

сендан олдинроқ.

кечир, ҳалиям учратмаганим учун ўша кимдирни

* * *

Тун. ўйчанлик аримас нигоҳларингдан

бир нуқта ўзига олган қаратиб

бори дунёинг

мен эмас,

шу нуқта бахтли айни дам.

менинг сен рангин билмас кўзимдан эса

мунг сизиб чиқолмас

ёшга қўшилиб

ҳасади келганча ўша нуқтага

чир-чир айланмоқда

кўзим ичида

ҳаётим бўйи.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan