• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«Элза Басколейтнинг ўлими» – Ҳайнрих БЁЛЛ

«Элза Басколейтнинг ўлими» – Ҳайнрих БЁЛЛ

(ҳикоя)

Аввалги яшаган уйимизнинг ертўласини Басколейт шарифли дўкондор банд қилганди; йўлакда доим унинг апелсин солинган қутилари турар ва ахлат ташувчига қолдирган ириган меваларнинг иси бурқсиб турарди, ўймакор ойнали эшик оша эса унинг чийилдоқ овози бизгача садо берарди: у шарқий-пруссия лаҳжасида замонанинг гўрига ғишт қаларди. Бироқ, Бейсколейт аслида очиқ кўнгил одам эди: унинг қарғишлари-ю, бизларни гўрдан олиб, гўрга солишлари бу – турган-битгани ҳазил эканини биз билардик, ишонч билан қатъий болалардагина мавжуд софдил қатъият билан сезардик ва у ертўладан кўчага олиб чиқувчи зиналардан кўтарилаётганда унинг чўнтаклари бизга мисоли копток каби итқитадиган олмалар, ё апелсинларга тўла бўларди.  

         Аммо бизни асосан балет раққосаси бўлишни орзу этган қизи Элза туфайли Басколейт кўпроқ қизиқишимизни тортганди. Балки ўша пайтдаёқ у балет раққосаси бўлгандир: ҳар нечук у ертўладаги ошхона қаватидаги сариқ деворли хонада машқ қиларди. Яшил трикода, рангпар, сарғиш сочли, чўпдеккина  қиз – гоҳ оёқ учларида қотиб турар, гоҳ мисли оққуш каби қанот ёзар, гоҳ чир айланар ва сакрар, гоҳ букилар эди. Қоронғу тушгач менинг хонам деразасидан уни кузатишим имконим бўларди: дераза ўрнининг сарғиштоб тўғри бурчидан мен унинг сабзаранг трико ёпишган чўпдек озғин танаси ва оқ-малла сочлари ёйилиб тушган, бўздай оқарган, зўриқишдаги чеҳрасини кўрардим: баъзида у қалпоқсиз шундоққина электр симларида осилиб турган электр лампасига тегиб кетганида кулранг асфалтга сарғиш ёруғлиқ доғ кўланкаси бир лаҳзага ёйилиб тушарди.

         Бутун ҳовли саҳнини бошига кўтариб: “Фоҳиша” деб бақиргувчи одамлар топиларди, аммо мен бу нимани англатишини тушунмасдим, бошқалар эса: “Бу нима исқиртлик” дея қичқирганда, гарчи исқиртлик нималигини тушунсамда – ҳар қалай менга шундай туюларди – бу калом Элзага қандайдир таллуқли эканига сира ишонгим келмасди. Ўша пайтдаёқ хонадон ошхонаси шифтида Басколейтнинг хумдек кал боши пайдо бўлардида дераза ланг очилар ва янги оқиб тушган ёруғлик нури билан зимстон ҳовлига мен биронтасини маънисини чақолмаган бир тўп сўкиниш сўзлари ёғиларди. Бироқ кўп ўтмай Элза деразасга парда тортишди – зўрға ёруғлик нурлари тешиб ўтган қалин яшил бахмал осишди, шунда ҳам ҳар кеч мен аввалгидай кўз узмасдан хира-шира йилтиллаган тўғрибурчакка тикилар, гарчи ҳеч вақони кўра олмасамда, сабзаранг трикодаги – бўздай оқарган, оқ-сарғиш тусли – Элза Басколейт гоҳ чайқалаётган қалпоқсиз чироқ остида қотиб туриши, гоҳ қанотларини ёзиб парвоз этишини тасаввур қилардим.

         Тез орада биз бошқа квартирага кўчиб ўтдик, менинг ёшим улғайди, “фоҳиша” нимани англатишини тушуниб етдим, исқиртлик нелигини яхши билсам керак деб ҳисоблайман, бошқа кўплаб балериналарга дуч келдим, аммо уларнинг ҳеч бирси, у ҳақда бошқа бирор гап эшитмаган бўлсамда қачонлардир мени ром қилган Элза Басколейт каби ёққан эмас. Сўнгра биз бошқа шаҳарга кўчиб кетдик, уруш бошланди, узоқ давом этган уруш ва мен бошқа Элза Басколейт ҳақда ўйлаган эмасман. Қадрдон шаҳримизга қайтган вақтда ҳам мен уни ёдга олмадим. Мен қўл уриб кўрмаган ксб-кор қолмади ҳисоб, бироқ мева-чева кўтара савдоси билан шуғулланувчи савдогарга ҳайдовчи бўлмагунча биронтасида муқим қололмадим: ростини айтганда юк машинасини ҳайдаш мен қойиллата оладиган ягона иш эди. Ҳар куни тонгдан йўл қоғозини қўлимга тутқазишар, машина юкхонасига олма, апелсин, нок қутилари, олхўри саватларини тахлашарди ва мен тарқатиш учун шаҳарга қатнардим.

         Бир куни, идора томонидан бананлар борлигини кўз-кўз қилган ёпиштирмалар билан қопланган менинг машинамга нимани қанча ортиш кераклиги тўғрисидаги юк ҳужжатларига кўз югуртириб омборхона ёнида тургандим, ҳисобчи чиқиб келдида, омборхона мудиридан сўради:

         — Биз Басколейтнинг буюртмасини бажара оламизми?

         — Ҳа у нима буюртма қилган?… Эртапишар узумми?

         — Шундай, — тасдиқларкан ҳисобчи, ҳатто қулоғи ортига қистирилган қаламини олиб, мудирга ҳайрат билан тикилди.

         — Билмадим нега вақти-вақти билан, – изоҳ берди мудир, – у эртапишар узумга буюртма беради, аммо сира биз уни буюртмасини бажармаймиз. Қани, чаққонроқ! – қичқирди у кулранг халатдаги юк ташувчиларга.

         Ҳисобчи ўз идорасига қайтди, мен эса… мен юк қоғозида кўрсатилганларни чиндан ҳам ортишаётганмикан дея кузатишни бас қилдим. Мен ёрқин нур таратган ертўланинг тўғрибурчакли деразасини кўз олдимга келтириб, сабзаранг трикода, бўздай оқарган, чўпдеккина  Элза Басколейтнинг қандай рақс тушишини тасаввур қиларканман ўша тонг менга белгилаб берилган йўналишдан четладим. Биз ўйнаган кўчамиздаги кўча чироқларидан ёлғиз биттасигина омон қолган у ҳам бўлса шиша қопламасиз турар, аксар уйлар харобага айланганди ва менинг юк машинам ўйдим-чуқурлардан сакраб борарди. Қачонлардир болалар қий-чувига тўлиб тошган кўчада биргина ёлғиз болани кўрдим: қорасоч рангпаргина болакай тош девор харобалари биқинида бошини хам қилганча ўтирар ва оқимтир чанг узра бармоқлари билан ниманидир суратини чизарди. Ёнгинасидан ўтганимда у ортимдан нигоҳ солди, аммо шу лаҳзадаёқ яна кўзларини ерга қадади. Мен Бесколейтлар яшайдиган уй қошида тўхтадим, ва машинадан тушдим. Унинг дўкони ойнавандлари чанг қопламига бурканганди, картонлардан тахланган пирамида қулаб тушган, яшилтоб пештахтаси ифлослангандан қорайиб кетганди. Мен уйнинг ўйилиб тушган  сувоқларидан ола-була бўлган деворларига нигоҳимни югиртирдим ва журъатсизгина эшикни очиб, зинадан дўкон томон тушдим: эшик олдидаги картон қутиларда ирий бошлаган илдизпоялар ўткир иси гуп этиб димоғимга урилди, сўнг Басколейтнинг елкаси узра кепкаси остидан чиқиб турган оқариб кетган соч тутамларига кўзим тушди ва унинг учун харидорнинг бутилига бочкадан сирка сувини қуйиш нечоғлик мушкуллик қилаётганини ҳис этдим. У суюқликни бутил оғзига йўналтира олмай оввораси чиқар, нордон суюқлик бармоқлари узра оқаркан шу ондаёқ полда кўлмак ҳосил қилиб, унинг бор оғирлигини солган қадам олишдан ғирчиллаган оғочдан ачимсиқ чирик ҳиди анқирди. Пештахта олдида ярқираган қизил палтодаги озғин аёл турар ва Басколейтнинг ғимирлашини лоқайдгина кузатиб турарди. Ниҳоят у бутилкани ҳар қалай тўлдириб, тиқинини тиқишни эплади ва ўша пайти эшикни очганим маҳал бир айтган сўзимни яна бир бор сокин такрорладим: “Хайрли тонг”, аммо менга ҳеч ким жавоб қилмади. Басколейт бутилни пештахтага қўйди – мен унинг рангпар, соқоли олинмаган юзини кўрдим – аёлга мурожаат этиб деди:

         — Менинг қизим ўлди, Элза…

         — Хабарим бор, — деди аёл ижирғаниб, – биламан беш йилдан ошди. Менга яна идиш-товоқларни тозалаш кукунидан беринг.

         — Менинг қизим ўлди, — такрорлади Басколейт. У яна янгиликдан хабардор этган каби аёлга кўз қирини ташлади, чор-ночор умидсизликда нигоҳ солди, аммо аёл деди:

         — Килоликдан бир кило.

         Басколейт пештахта остидаги қорамтир жомни тортиб, тунка ҳакондозча билан кукунни юмшатди ва кулранг қоғоз ўрамига сарғимтир кукунни қалтироқ қўллари билан сола бошлади.

       — Менинг қизим ўлди, — деди у.

         Аёл миқ этмади, мен эса атрофга назар ташладим ва чанг босган макарон халталари, бурама оғзидан йирик секин аста томчилар томиб турган уксус бочкаси, кукун солинган жом ва аллақачонлар бу дунёни тарк этган бир бўлак шоколадни тутиб кулиб турган сарғимтир болани тасвирлаган плакатдан бошқа ҳеч вақони кўрмадим.

          Аёл бутилкани савтига солиб, ўша жойга кукун солинган қоғоз ўрамини ҳам тиқиштирди ва пештахтага бир неча чақаларни ирғитиб эшик томон йўналди; менинг биқинибдан ўтиб бораркан, пешонасига бармоқлари билан нуқиб, менга кўзини қисди ва ишшайиб қўйди.    

          Мен ўша давр тўғрисида кўп нарсаларни, ҳали бир қарич вақтимда оёқларим учига таяниб пештахтга интилганим, энди эса кўзга ярқ этиб ташланадиган конфетлар солинган ойнванд қутилар устига осонгина назаримни сола олсамда, уларда фақат толқон қилинадиган қоқнонлар халталари чанг босиб ётганини хаёлимни тортди; дафъатан эса қандайдир бир лаҳзага мен яна кичкина бўлиб қолгандай туюлдим, пештахтанинг исқирт бурчига бурним билан тиқилаётганимни, кафтларим орасига конфетлар учун сиқиб олган икки пфенингни ҳис этдим, Элза Басколейт қандай рақс тушаётганини тасаввур қилдим, ҳовлидаги қўшнилар: “Фоҳиша!”, “Бу нима исқиртлик!”, дея қичқиришаётгани қулоқларим остида жаранглади ва бирдан Басколейтнинг овози мени ўзлигимга келтирди.

         — Менинг қизим ўлди, — деди у.

         У бу гапни беихтиёр, деярли ҳиссиз, пештахта олдида турганча кўчага нигоҳларини қадаб айтарди.

         — Шундай, — дедим мен.

         — У ўлди, деди у.

         — Шундай, — дедим мен.

         У менга орқасини ўгириб шўри чиқиб кетган халатии чўнтакларига қўлини тиққанча тик турарди.

         — У узумни – эртапишар узумни хуш кўрарди, аммо энди у тириклар орасида йўқ.

         У мендан: “Нима истардингиз?” ёки “Қандай хизматим сингиши мумкин?” дея сўрамади, у бурама оғзидан сирка томиб турган бочка ёнидаги пештахта қошида турар ва менга нигоҳини ҳам қаратмай: “Менинг қизим ўлди” ёки “У энди тириклар орасида йўқ” дея такрорларди холос.

         Мен ўзимни йўқотганча, барчанинг ёдидан кўтарилиб, вақт эса атрофимда шиддатла оқиб ўтаётгандек адоқсиз вақт давоми тик туриб қолгандай туюлдим. Мен дўконга харидор аёл бош суққандагина ўзимга келдим. Аёл паст бўйлик, думалоққина бўлиб, қорнини сумкаси билан беркитиб турарди ва Басколейт унга ўгирилиб деди:

         — Менинг қизим ўлди. Аёл ҳам жавоб қилди:

         — Ҳа, — ва бирдланига кўзёш тўкиб, ҳиққилаганча сўзлади: — Марҳамат қилиб, идиш-товоқ тозалаш учун кукундан берсангиз. Килолик бир кило.   

         Басколейт тағин пештахта ортига ўтиб, тунка ҳакондозчада кукунни майдалашга тушди. Аёл мен дўкондан чиқаётган патйда ҳам ҳамон кўзёш тўкарди. Аввал бошда пачоғи чиққан тўсиқда ўтирган рангпаргина қорасоч болакай менинг юк машинам оёқбосқичларига чиқиб олганча гоҳ кабина ичига диққат билан аназар солар, гоҳ ойнатозалагичларни айлантириб кўрарди.                       

         Болакай бирданига шундоққина ортида турганимни кўриб қолиб қўрқиб кетди. Лекин мен уни елкасидан қучиб олдим унинг қурқув инган рангпар чеҳрасига назар солдимда, машина ортида турган қутидан олма олиб унга узатдим. Болакай уни қўйиб юборганимда шу қадар ҳайратда менга тикилдики, мени ваҳима босди, шунда яна бир дона олма, яна бир дона, яна олма олиб унинг чўнтакларига, қўйинларини тўлдирдим, сўнгра машинага ўтириб жўнаб кетдим.

Ўктам Одилов таржимаси  

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan