• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Adabiyotshunoslik
«Қирқинчи афсона»

«Қирқинчи афсона»

“Хўш, бу ёғи ўттиз тўққизта-ку, қирқинчиси қани?!”, дерсиз. Қирқинчиси сизга ҳавола, муҳтарам китобхон.  Ҳоҳланг ўзингиз тўқинг, ҳоҳланг эшитган ё ўқиганларингиздан бирортасини қўшиб қўйинг. Ахир ҳаётда кишининг ҳеч бўлмаганда биргина ўз афсонаси бўлиши керак!”

Омон Матжоннинг янги китоби — “Ҳаққуш қичқириғи” ана шу жумлалар билан, ҳар бир китобхонга ўз қирқинчи афсонасини қўшиш ҳуқуқини бериш билан тугайди. Тугайди, дедигу, аслида асосий самараси ана шу журъатли хотимадан бошланади.Ўттиз тўққиз афсонага ўзининг қирқинчи афсонасини қўшиши мутлақо кутилаётган китобхонлар сони билан ҳисоблашадиган бўлсак, “қирқинчи” сони торлик қилиб қолади. Китобни минг ўқувчи ўқиса ўттиз тўққизу минг,ўн минг китобхон ўқиса ўттиз тўққизу ўн минг ва ҳоказо миқдордаги афсоналар пайдо бўлади. Албтатта, “пайдо бўлади” иборасини шартли қабул қиламиз. Афсоналар орасида ўз туғилиши учун олдинги икки акасини кутиб ётган учинчи ўғилдек ўз тўққиз биродарини кутаётгани ҳам, қирқинчи афсонаси бўлмай қолмаслиги учунгина ўйлаб топиладигани ҳам бўлиши мумкин. Баъзилар учун шу ўттиз тўққиз афсонанинг замонавий бир истеъдодли шоир қаламига мансублигини  кўришнинг ўзиёқ бир афсонадир.

Юқорида “замонавий бир истеъдодли шоир” дейилиши  бежиз эмас. Ўқувчиларга замонавий шеърлари билан ардоқли бўлган шоир нега афсоналарга қўл уриб қолди, деган фикр кўпчиликнинг кўнглидан ўтиши турган гап. Шоир буни олдиндан билгандек, сўзбоши ўрнида келган ҳимоя-афсонасида ёзади “Афсоналар халқимизнинг болалигидан бу кунигача учиб келган ва келажак сари учишга ҳозирланаётган сирли руҳлар!.. Афсоналар энг узоқ умр кўрадиган “фахрий ватандошларимиз!..” “фахрий ватандошлар”га мурожаат қилиш, биринчидан, савобли иш бўлса, иккинчидан “ХХасрга хос тезлигимиз, суръатимиз ошгани сабабли биздан орқада қолиб кетаётган эски дўстларимиз-эзгулик, самимият, табиийликни бирга олиб кетиш учун бир зумлик қайрилиш холос!”

Шоир ўзининг кейинги чиқишларидан бирида тарихий мавзуда ва хаёлотий асар яратиш ўртасида қандайдир ўхшашликлар борлигини айтиб, уларни яратишда мушкулликлар билан бирга ўз афзалликлар ҳам бор дейди. Хаёлотий асар яратишнинг афзаллиги шундаки, “муаллиф ўз қарашларини ҳеч тортинмай илгари суравериши мумкин”.Ушбу афзаллик китобдаги барча афсоналарда ўз аксини топа билган.

Ўзини оқлаш-ҳимоя нутқи эмас, ғалаба бўлиши керак. Ғалаба қай тарзда таъминланган, буни қуйида кўрамиз.

Китобдан ўрин олган ўттиз тўққиз мустақил асарни уч гуруҳга: афсона-ривоят, афсона-лавҳа ва тарихий ҳикояларга ажратиш мумкин.Афсона-ривоят буларнинг қарийиб ярмини ташкил этади.

“Алла” афсона-ривояти ўзининг фалсафий муқаддимаси ва хулоасасига эга. Алла гўдакларга айтилади, уни оналар айтади. У болани фақат ухлатиш учунгина айтиладими? Агар аллани катта ёшдаги одам эшитиб қолса нима бўлади? Аллада биз билмаган қандай кучу қандай мўъжиза бор? Муқаддимадаги ана шу каби саволларга жавоб тариқасида Гурланлик қиз розия ривояти келтирилади.

Онасининг болаларингга алла айтма деган васиятига кўра, алласиз икки суюкли боласидан айрилган Розия учинчи фарзандини ҳам ўлим тўшагида кўради. Эрининг зўри билан розия алла айтиб боласини ўлимдан олиб қолди-воажаб,ўғли энди алласиз ухлолмайдиган,Розиянинг ўзи ҳам алла айтмасдан ўтираолмайдиган бўлди.Алла унинг боласини ухлатиб болалигини уйғотган эди. У дугоналари, укалари, онасини эслаб қолди, эслаб қолдигина эмас, фавқулодда соғиниб кетди.Унинг Хоразмда қолиб кетган ўтмиши алла тусида тирилиб, уни даҳшатли ташналик билан ўзига чорлай бошлади.

Розия онасининг илтимосини энди ўзича тушунди. Алла шунчаки яқинларни эсга солар экан, деб ўйлади.

Ривоятдан чиқариладиган фалсафий хулосада “Алла-бизга оналаримизга ҳам катта она бўлган она тупроқдан келаётган садо!”, дейилади. Шунинг учун ҳам  катта ёшдаги кигилар алла эшитганда ёдларига унутилай деб турган хотиралар, ўчаёзган болалик лавҳалари сассиз тирилиб келади.

Китобдаги “Ғамхўрлик ёки икки чинор”, “Муаллақ тўрғай”, “Хум”, “Арслон ва қафас”, “Ҳотамтойнинг укаси” ривоят ва лавҳалар ибратомуз аҳамиятга эга бўлиши билан бирга рамзий маънога эгадирлар.

Булардан, айниқса “Муаллақ тўрғай”, ва “Ҳотамтойнинг укаси” ривоятлари ўз ишорасига кўра бир-бирига яқиндирлар. Биринчи ривоят “ёш даҳо” тўрғайваччанинг осмонда шаҳар қуришга уриниши ва бунга бутун бир тўрғайлар қавмини ишонтириб, уларни бўлмағур иш билан оввора қилганини ҳикоя қилади. Осмонда шаҳар қуришнинг натижаси нима бўлиши ҳаммага маълум. Ривоятдан шоир шундай хулоса чиқаради:

“Бугун ҳам гоҳ

Мен ҳам даҳо бўлай деб,

Кўп тўрғайлар муаллақдир —

Кўкдан чорлар “сув, лой!” деб.

Ҳотамтойнинг укаси ҳақидаги ривоятда ҳотамликнинг шуҳратига учиб сахийлик қилмоқчи бўлган ва донишманд чол биринчи синовдаёқ шармандасини чиқарган таъмагир шуҳратпараст воқеаси келтирилади.Ривоятнинг хулосаси ўзида.Донишманд чол Ҳотамнинг шуҳратпараст укасига ҳотамтойлик шуҳрат эмас, зўр ҳикмат эканлигини, уни табиат ато қилишини айтади.Ҳотамтой гўдаклигидаёқ онасининг бир кўксини эмиб, иккинчисини укасига қўяр экан. Донишманд дейди:

Сен-чи, онанг бир кўксини эмизгани дам,

Чангалингдан чиқазмасдинг унисини ҳам!

Муаллақ тўрғай билан ҳотамлик қилмоқчи бўлган хасиснинг умумий шармандалиги уларнинг қайси йўл билан бўлсин шуҳратга бурканиш учун уринишларидадир.”Ёш даҳо” тўрғай бу шуҳратга осмонда шаҳар қуришдек мислсиз аҳмоқона “янгилик” билан эришмоқчи бўлса, Ҳотамнинг укаси эса бу йўлда тақлид қилмоқчи бўлади.Ҳар иккала ривоятнинг рамзий маъноси ниҳоятда равшанки, ўқиб ўтириб замонамизнинг муаллақ тўрғайларию Ҳотамтой укалари кўз олдингизга келади.

“Ғамхўрлик ёки икки чинор” лавҳасида маънавий-ахлоқий масалалар кўтарилади. Лавҳада бировга ёрдам бердим деб, умр бўйи уни ўз соясидан чиқармайдиган, унинг доимий миннатдорчилигию раҳматларини эшитиб турмаса қулоғи қичийдиган шахсиятпараст ва худбин одамнинг катта башараси ҳамда бировдан ёрдам кўрдим деб бир умр унинг соясидан чиқолмай, умри тасаннолар айтиш билан ўтадиган мадҳиябоз-мулойим-қўрқоқларнинг фожиаси очилади.

“Комил Хоразмийнинг сулҳ тузишни сўрагани” ҳикояси шоир истеъдодининг янги бир муваффақияти, камолот босқичини кўрсатади. Ҳикоядаги мантиқ кучи, фалсафа қудрати ва шеър нафислиги фикримизга далил бўлади.Сулҳ ҳақидаги таклиф тарихий шароит тақозоси эканлигиёқ унинг мантиқ қувватини оширади. Шоир хонга ўз фикрини, сулҳ тузиш заруратини  баён қилар экан, дунёнинг кўпгина ишлари биз ўйлаб ҳам кўрмаган кўпгина нафис сулҳлар билан юриб турганлигига ишора қилади:

Сулҳ  эмасми-ер ва осмон мувосолиги,

Сулҳ эмасми-дарё бориб қуйса денгизга?!

Бир сулҳ борки-қуёш нури ер билан пайванд,

Шундан тупроқ уйғоқлиги, ҳаёт борлиги!

Бир сулҳ борки, унга исм Муҳаббат эрур,

Икки дилнинг бир-бировга шундан зорлиги!

Бир сулҳ борки қўл ва танбур оралиғида,

Бу бирликдан янграр ажиб сўзсиз достонлар!

Ҳикоядаги хулоса ўзининг бугунги кунини ҳам яшамоқда. У бевосита Ватанимизнинг тинчликсевар сиёсатига боғланади ва кўп сонли душманларимизга мангу эслатма бўлиб туради.      

Китобда Хивага тааллуқли учта ўрин бўлиб, шулардан бири “Хивақ афсонаси”дир. Халқда ҳазрати Нуҳ тўфондан кейин қадам қўйган биринчи қуруқлик ҳозирги Хиванинг ўрни эканлигини ҳикоя қилувчи бир ривоят бор. Ана шу ривоят афсонага хизмат қилган. Умуман, афсона ёмон эмасу, лекин кўпгина жойлари анча болаларбоп чиқиб қолган. Лекин шоирнинг мақсади болаларга афсона айтиб беришдан иборат эмасдир. Бу эса афсонанинг хулосасида кўринади. Юксакдан қараганда ҳозирги Хиванинг андозаси кемага ўхшаши, ҳатто ўша улуғ тўфонни ҳам нимадир эслатиши гапирилади. Шаҳар чеккасида мавжланиб ётган, “қумлар ҳам ўша қадим Буюк сувнинг излари”, дейилади.

Бу тўғри. Афсона бўйича Нуҳ ўз кемасида барча жонзотларни бир жуфт-бир жуфтдан сақлаб қолган эди. Ҳозирги Хива ҳам йиллар ва асрлар, замонлар тўфонларидан ўзининг улуғ деворлари, ҳайратнақш минораларию гулҳайрат гумбазларини сақлаб қолган замонлар улкан кемасидир! Унинг Нуҳи эса улуғ инқилобимиз, улуғ  инқилобимиз фарзанди-замонамиз кишисидир!

“Бир Хива — икки қаъла”, “калта минор фарёди” ривоят-лавҳалари шоирнинг замонамиз Нуҳ кемаси — Хива ҳақидаги фалсафий мушоҳадалари самарасидир.

Одат-Дешон қаъла, орзуси-Ичон!

Халқимнинг устивор руҳи-зўр даҳо,

Мангулик топгандир Ичон қаълада.

Уни бузмасин деб турфа-тур бало,

Қаъла тиклангандир Дишон-далада.

Ота-боболаримиздан қолган оддий ғиштдан тортиб улкан минораларгача, бир парча девордан бутун бир шаҳарларгача, уларнинг барчасига аждодларимиз мангулигининг бир шакли сифатида қараш лозимлиги шу бир ноёб ўхшатмада баён этилади.

“Давроншоҳнинг суврати” ривояти бир кўзи кўру бир оёғи калта шоҳнинг сувратини чизган уч рассом ҳақида ҳикоя қилади. Биринчи рассом шоҳнинг “сувратини топиб, руҳи”ни тополмагани” учун, иккинчи рассом эса “руҳини топиб сувратини” тополмагани учун ўтиб кетади. Биринчи рассом реалист, иккинчиси мадҳиябоз эди. Учинчи рассом шоҳнинг сувратини шундай бир вазиятда чизган эдики, унинг ногирон аъзолари зарурий ҳолатга хизмат қилиб жуда ярашиб тушарди. Шоҳ калта оёғини тош устига қўйиб, кўр кўзини қисганича осмондаги ғозларни мўлжалламоқда эди! Бу минг моҳир ва минг уддабурон бўлса, шунчалар қўрқоқ ва шунчалар ўз жонини қайғурган ҳам эди. Ўқувчи биринчи рассомнинг тарафини олади!

Шоир қирқта афсонани бир муқова, бир мақсад остида бирлаштиришдек улкан ишни амалга оширар экан, баъзида, ишнинг кўламиданми, шошилиброқ кетгандек бўлади. Бу айниқса баъзи фикрлар шеърий ижросининг хомлигида, байт ва бандларнинг ўзаро боғланмай  қолишида кўринади. Масалан, “акс-садо” кириш қисмида ёш оҳунинг қочиши тасвирланган жойи бор:

Югуради оҳу ёш тўкиб,

На рангларнинг фарқига бормай

Ва на хатар борин унутиб.

Бунда шоир ўзига ўзи қарши чиқяпти.Шундай тасссурот қолади: оҳу унчалик ҳам югураётган экан.Ваҳоланки, у “йўл ҳам ахтармай” югураяпти.Иккинчи мисранинг ҳаракатга нисбатан инкор мувозанати бузилиб, ҳаракатни амалга ошираяпти.Яъни, “оҳу” “рангларнинг фарқига бориб” югураяпти экан.

“Муаллақ тўрғай”да ҳам худди шунга ўхшаш хатога йўл қўйилади.

Бир жойида оқиллар хор,

Бирда жоҳил таҳсинда…

дейилади. Бунда мисраларнинг тескари нисбат мувозанати бузилади. Танганинг икки томонида бўлиши лозим икки тасвири ҳам бир юзига устма-уст тамғаланга ўхшаб қолган бу. Шоир икки жойни оқиллар ва жоҳилларга муносабатига кўра қарши қўймоқчи бўлади.Лекин улар қарши бўлолмай қолган. Ахир, қаердаки жоҳиллар таҳсинда бўлса, ўша ерда оқиллар хор бўлгани! Шундай экан байт шоирнинг мақсадига хизмат қилолмаган.

Булар албатта “Ҳаққуш қичқириғи”дек улкан, адабиётимизнинг кейинги йиллардаги ноёб ютуғи ҳисобланишига лойиқ бир китоб учун кечирилмас хатолар эмас.

Омон Матжоннинг ушбу китоби ҳам адабиётимизда кўпгина баҳслар ва мунозараларга сабаб бўлиши, қанча-қанча “қирқинчи” афсоналарнинг пайдо бўлишига туртки бўлиши табиийдир.  

Баҳодир СОДИҚОВ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan