• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«Ортимдан қувади бир қисм тупроқ…» – Ромиз РАВШАН

«Ортимдан қувади бир қисм тупроқ…» – Ромиз РАВШАН

* * *

Сенсан менинг сўлим-соғим,

Сенсан яқиним-узоғим,

Сендан бошқа ким бор ахир

майдонда, Оллоҳ?

 

Хонсан, ўрнинг баланд неча,

Қулингдирмиз кундуз-кеча,

Дунё отлиғ бу кўп кўҳна,

зиндонда, Оллоҳ.

 

На жимиб, на сўзлагайман,

На ҳол-аҳвол сўрагайсан,

Бир руҳ каби яшагайсан

ҳар жонда, Оллоҳ.

 

Сенсан барчанинг сўнг онти,

Сенсиз не бўлса, ёлғондир,

Фаришта сенинг қулингдир,

шайтон-да, Оллоҳ.

 

Кўз ёпмоқни ўзинг бажар,

Ким кўз юмса, ҳақни қучар,

Ҳар оғиздан бир сўз учар

сўнг онда, «Оллоҳ!..»

 

* * *

Сенга тош отар ҳар ўрнидан турган,

Сени севганларинг тошқолоқ айлар.

Бир қўлида тош бор, бирида Қуръон,

Тош отган биларми не гуноҳ айлар?

 

Артарсан кўзингдан оққан ёшларни,

Ўпиб, азизларсан сўнгра тошларни,

Айтарсан: «Бор бўлинг, жон қардошларим,

Мени янги тошга ким қўноқ айлар?»

 

Ҳар тош ўзи каби чўғ бўлиб ёнар,

Жонга тамға мисол босилиб ёнар,

Қонталаш яралар қон бўлиб ёнар,

Сени бошдан-оёқ ўтчироқ айлар.

 

Ёлғиз тилсиминг бор —

Севги тилсими,

Ким узар Тангрига боғли бу ипни,

Тангри тангри бўлса, ўз элчисини

Минг бир тош остида яна соғ айлар.

 

Сенку чидагайсан дардин олиб тан,

Тош чарчамас, тошлар сенсиз вой айлар.

Қўрқма, Тангри сенга ўша тошлардан,

Бир уй қуражакдир ва сарой айлар…

 

* * *

Сенинг соянг тушар бунда ҳар ерга,

Бу уйга-эшикка,

кўрпа-тўшакка,

Болам мишил-мишил ётган тўшакка

сенинг соянг тушар кечаю кундуз.

Соянг тушар

аёлимнинг юзига,

Яширар юзининг гуноҳларини…

 

Дарахт соясига,

тош соясига,

Улов соясига, қуш соясига

илашар, ёпишар, қоришар соянг.

Барча сояларни йиғиб жонига,

бошқатдан жонимга қўшилар соянг.

 

Бир қара, озгина сени унутиб

бошимни ҳасратга қораманми мен?

Бир қара, соянгнинг учидан тутиб

юрсам, айтгин, сенга бораманми мен?

 

Балки энг бардошли соядир, соянг,

толмайди, ўзгага қайрилмайди у.

Тангридан инъомдир, эҳтимол, соянг,

ўлгунча ёнимдан айрилмайди у.

Оқшомлар соянгни устимга тортиб

уйқуга кетсайдим бу дунёда кош.

Сонгга юзимни, кўзимни суртиб

йиғлай олсам эди бу дунёда кош.

 

Ҳеч йиғлай олмайман…

ёғар ёмғир, қор,

Соянг қолар ёмғир, қор, боқ остида.

Соянг янчиб ўтар

оғир мошинлар,

Соянг топталади оёқ остида.

 

Соянг суянганча тошга, тупроққа

тикланмоқ истайди, турмоқ истайди.

Тўхтаб менинг ила олғама-олға

кўзларим ичига боқмоқ истайди.

 

Тез-тез бу шаҳарда алданар кўзим,

сен бўлиб кўринар кўзимга қизлар.

Балки парча-парча юлқулаб, кесиб,

соянгдан тўн тикар ўзига қизлар.

 

Соянгга қанчалик қўллар узанар,

у бошдан бу бошга қисилар соянг.

Ойлар ўтаверар, йиллар узанар,

кунма-кун тораяр, қисқарар соянг.

Соянг қисқарганда

узоқлашасан,

Эҳтимол, қайдадир титроқлашасан…

 

Шу боис сен мендан, мен сендан узоқ,

ўлгунча яшаймиз тоқ-тоқ

дунёда.

Шу бир қарич соянг қолган бўлса гар

мен ғариб эмасман, демак, дунёда.

 

Кун келиб қайдадир унсиз ўтган пайт

сўнгсўзим соянгга ёзсалар сенинг.

Қошки, вақт битганда, ажал етган пайт

қабримни соянгда қазсалар сенинг…

 

* * *

Сенинг боланг эдим ўтган кунгача,

Бир бебош, бир дали ўғил эдим, она.

Кундуздан кечадан, уйдан, кўчадан

Душман таънасидан, дўст тилагидан,

Неча қиз кўзлари, қиз юрагидан,

Қувилдим, ҳайдалдим, айрилдим, она.

Бошқатдан қайтдиму ўз аввалимга,

Бир аёл қорнида жон қурдим, она,  —

Қорнида боламни ўстирган аёл.

 

Қоришиқ кўзларим тинди тўсатдан,

Бирдан юрагимнинг қаъри кўринди.

Дунёнинг йўллари синди тўсатдан,

Қисматим ўзимдан нари кўринди.

Умримни қоп каби солдим қўлимдан

Кўп сеники важлар ғамга тенг бўлди,

Барча йўлларимни олдинг қўлимдан,

Барча йўлларимнинг сўнгги сен бўлдинг, —

Қорнида боламни ўстирган аёл.

 

Қорнида боламни ўстирган аёл,

Бошимни тиззангга қўйиб йиғлайман.

Ўткинчи умримнинг гуноҳларини,

Кўзимнинг ёшила ювиб йиғлайман.

Юрагим минг ердан минг бир дард чекиб,

Дардиму ғамимни бўға олсайдинг.

Дарбадар кунларим узра хат чекиб,

Кошки мени қайта туға олсайдинг,

Қорнида боламни ўстирган аёл.

 

Балки, ўзга одам бўлардим у пайт,

Бу дардни ўзимдан қува билардим.

Балки севинардим, кулардим у пайт,

Эҳтимол сени ҳам сева билардим.

 

Бир йўл бор,

Чўзилар ўлгуггача у,

Билиб қўй, ўша йўл сабримдир менинг.

Қорнида боламни ўстирган аёл,

Қорнинг қабримдир менинг…

 

Бир қисм тупроқ

 

Ортимдан қувади бир қисм тупроқ,

Бўйим ўлчовида улғаяди у.

Айрилиб қишлоқдан ой нури ила

Қурбақа сас тўла оқшомларидан,

Серфайз уйларидан, одамларидан

Ортимдан қувади бир қисм тупроқ.

 

Поездда, уловда

Хотиржам бўлолмас Бинафша бувим,

Шаҳарга келмоққа,

мени кўрмоққа,

Кўнгли ғубор тўла Бинафша бувим

Бир қисм тупроқнинг изига тушар

Югурар, югурар, етмолмас бироқ.

 

Ўша қисм тупроқ кезар шаҳарда,

Мени ахтармоқдан

безар шаҳарда.

Ёрқин рекламалар тешар кўзини,

Йиғламоқ истар-у

йиғлай олмайди,

Ахийри ўзини сақлай олмайди,

Равон кўчаларнинг

Кумуш асфалтига отар ўзини,

Бетонлар остига отар ўзини…

 

Ортимдан қувади бир қисм тупроқ, —

Кошки топса эди бу кундан мени.

Бу шаҳар оралаб

Айро қўймасмиди ўзидан мени.

 

Тунлари бир қисм тупроғим узра

Бир дарахт экардим,

бир уй қурардим,

Келин келтирардим қишлоғимиздан…

 

Алвидо

 

Сени севдим севилмасдан, —

Лабларимда ўпилмаган.

Ҳали сенга айтилмаган

Сўзларим қолди,

Алвидо.

 

Куч йўқ умид изламоққа,

Янги ишқни кўзламоққа,

Сифатимни гизламоққа,

Тизларим қолди,

Алвидо.

 

Учмадим қушлар ичида,

Ёту танишлар ичида,

Ғамгин ёғишлар ичида,

Кўзларим қолди,

Алвидо.

 

Кентавр

 

Сиз мени олисдан севдингиз, хоним,

ўхшатдингиз

от устида чопиб келган йигитга.

Мен кентаврман, хоним, —

на одамман, на отман.

Одамлар ичида — от,

Отлар ичида — одам.

 

Инсон елкаси узра

от калласин кўтарганлар

зерикмас,

Бироқ, мушкулдир бироз

от елкасида

инсон калласини кўтармоқ, хоним.

 

Айт, нимаман?

Ярим инсон — ярим от қоришгани.

Отлар ва инсонларнинг

орасида бу пайтгача

На бирон от севган мени,

На бир қиз кўнгил берган.

 

Сиз ҳам ахир олисдан

мени севдингиз, хоним,

Ишқимиз аввал бошдан

тошга урилган, тошга.

Иккимиз —

бир ётоқда ёта олмагайдирмиз

Иккимиз —

бир чаманда ўтлолмаймиз ҳеч дамда.

 

Биламан, кимса топмас

дардимиз иложини,

Аммо сўнги умиддек

ёниб кутаман сизни,

чиқинг, олиб кетаман,

жиловланг шу сочимни.

 

…Хоним, билсангиз отлар,

қандай заҳматкашлигин,

Кеча-кундуз

тотли-тотли майсадан

гапирмоқдир бор иши.

 

Бир қамчи топинг, хоним,

отлар ва инсонларнинг

дунёсидан

олиб кетай ўзимни…

 

1969

 

Озар тилидан

Раҳмат Бобожон

ўгирмаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan