• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Olisdagi bekat
«Ўлишидан аввал бутун душманларини афв қилди…»

«Ўлишидан аввал бутун душманларини афв қилди…»

(Улуғ рус шоири Пушкиннинг қизи Мария Гартунг

ҳаёти ва ўлими ҳақида)

 

“Онасининг нодир гўзаллигию отасининг улкан истеъдоди унда бирлашганди, бундай ҳислатлар бир аёл учун фақатгина хаёл ёҳуд орзу бўлиши мумкин холос”, — дея ёзади Мария Гартунгнинг замондошлари.

Лев Толстой “Анна Каренина” романининг қаҳрамони Аннанинг ташқи кўринишини яратар экан Гартунгнинг ўзига хос юз тасвиридан фойдаланган. Мария Александровна ва Толстой Тулада, бир меҳмондорчилик вақтида танишиб қолишади. Маълумотларга кўра Пушкиннинг қизи ёзувчининг  эътиборини илк қарашдаёқ ўзига тортиб олган. “Бу аёл ким бўлди экан?”, деган саволига жавоб берилганида эса Лев Николаевич баланд овозда: “Ҳа, тушунарли. Унинг сочлари нега бунчалик ўзига хос экани энди маълум бўлди”, дея ҳайратига якун ясайди.

“У Анна Каренина образида нафақат ҳарактери ва ҳаёти, балки бутун кўриниши билан тасвирланган. Ҳатто ёзувчининг ўзи ҳам буни эътироф қилган”, — дейди Толстойнинг қайнисингли Татяна Кузминская.

Келинг, Аннанинг асардаги тасвирини бир эсга солайлик: “Бошида, унинг қора сочлари устида мовий бинафшалардан ясалган гулчамбар бўлиб, соч турмаги унчалик эътибор тортмасди, аммо елкаларидан ошиб тушган икки ўрим сочи ўзига хос гўзал бўлиб, уни кўрган одам бу чиройдан ҳангу манг бўларди. Бўйнида эса ўзига ярашган бўйинбоғи бор эди…”

Мария Александровна Александр Сергеевичнинг катта қизи бўлиб, 1832 йилнинг 19 майида Петербургда таваллуд топган. Қизининг чўқинтирилмасидан бир неча кун олдин Пушкин англовсиз жаҳл билан ўз рафиқаси Вера Вяземскаяга хат ёзади: “Эндиликда ўзим ишонишимга ҳам қарамай чорасиз вазиятдаман…”

У шоирнинг “отаси ҳақида элас-элас бўлса ҳам хотиралари бўлган” ягона авлоди бўлиб, Пушкин ҳалок бўлганида Мария 5 ёшида, ўғил укалари ва синглиси Наташа эса жуда кичкина эдилар. Мария ўз уйида савод чиқарган ва таҳсил олган. У 9 ёшидаёқ олмонча ва французчани яхши тушунган ҳамда бемалол гапира олган. Кейинчалик эса нуфузли Екатирински институтида таълим олди, у ва укаларининг билим олиши учун отасининг педагог дўстлари ҳамиша жиддий шуғулланишган. Онаси Машанинг болаликдаги шаддод бўлишидан ҳавотир олишига қарамай, бу “чиркин ўрдак боласи” улғайгани сари оққушга айлана бошлади.

1852 йилнинг декабрида, институтни тугатган онларида Мария Пушкин қизи хушсуврат ва жуда оқила хоним бўлиб етишганди. Унга қанчадан-қанча зодагонлар ошиқ бўлишига қарамай, Мария Александровна жуда кеч — 28 ёшида турмуш қуради. Унинг умр йўлдоши генерал-маёр Леонид Гартунг — Москвада Императорнинг от фермаларини бошқарарди.

Уларнинг никоҳи 17 йилдан кейин фожеали тарзда якун топган. 1877 йилда бош генерал маслаҳатчиси, уни шу вазифага кўтарган амалдор Занфтелебе Гартунгни махсус вексел ва қимматли қоғозлар ўғирлигида айблайди.

Шундай қилиб Леонид Николаевич разил амалдорлар қурбонига айланди. Судя қарор қилгунича бу шармандагарчиликдан қочиш учун генерал ўзини хибсхона биносида отиб ўлдиради. Гартунгнинг чўнтагидан “Яратганга онт ичаманки ҳеч нарса ўғирлаганим йўқ ва душманларимни кечирдим”, деган ёзувли қоғоз-хат топилади. Суд томонидан Гартунг айбдор деган хулосага келинади, аммо бу қарор энди умуман маъносиз эди.

Эрининг вафоти Мария Александровна учун катта зарба бўлди. У қўшниларига мактубида шундай ёзади: “Мен бу вазиятнинг бошидаёқ эримнинг беайб эканига амин эдим. Биз 17 йил давомида бирга яшадик, мен уни яхши билардим, у ҳамиша гўзал хулқли ва ҳақиқатгўй бўлишга урунарди. Ўлишидан аввал бутун душманларини афв қилди, бироқ мен уларни кечирганим йўқ, кечирмайман ҳам”.

Мария умрининг сўнгги дақиқларига қадар умр йўлдошига содиқ қолди. Оиласининг авлоди йўқлиги сабаб Мария қариндошлари билан яшашга мажбур бўлди. У болалар тарбияси билан шуғулланар ва отасини хотирлаб ўтказилган ҳар бир йиғилишда фаол иштирок этарди. 1880 йилда Москвада Пушкин ҳайкалининг очилишда ҳам укалари ва синглиси билан қатнашган.

Очлик ҳукм сурган инқилоб йилларида Мария Москвага кўчиб ўтди. У бу ерда фақат полдан иборат, ҳатто хона жиҳозлари ҳам йўқ бир уйда ижарада туради. Кейинчалик эса Янги Арбатин уруши даврида харитадан ўчирилган Собаче кўчасидаги бир уйда кун кечиради.

Афсонавий “қора барон” дея номланган Пётр Врангелин ва санъатшунос Николай Врангелин онаси баронесса Мария Дмитриевна Врангел чорасиз вазиятда бўлишига қарамай, янги ҳокимят раҳбарлиги остида бўлган давлатда яшаётганларнинг орасида даҳшатли вазиятга тушганларга кўмак қилишга урунарди. Шунинг учун ҳам Наталя Николаевнанинг иккинчи никоҳидан туғилган қизи Александра Петровна Арапова (қизлик фамилияси Ланская) Мария Александровнага ёрдам қилиш ва яшаш жойи топиш керак қабилидаги мактуби Мария Дмитриевнага йўллаганди. Оз бўлсада Мария Дмитриевна ёрдам беришга муваффақ бўлди. 1918 йилнинг охирида Халқ маориф комиссарлигининг раҳбари Анатоли Лунчарский “шоир Пушкиннинг Россия адабиёти олдидаги хизматларига кўра” қизи Мария Александровна учун мукофот берилиши ҳақида қарор қабул қилади.

Халқ маориф комиссарлигида “А.С.Пушкиннинг қизи Мария Александровна Гартунгнинг моддий таъминоти ҳақида” масаласи муҳокамага қўйилади ва ижобий натижага эришилади. Яъни: 1.Мария Гартунгга 2400 рубл миқдорида бир марталик ёрдам пули ажратилсин; 2.Унга нима ёрдам зарур бўлса Халқ маориф комиссарлигига мурожаат қилсин.

1919 йилнинг 24 январида ўтказилган Халқ маориф комиссарлигининг йиғилишида Мария Гартунгга “адабий нашр бўлимининг ҳисобидан ҳар ойда 1000 рубл миқдоридаги субсидя тайинланиши” қарори ҳам қабул қилинади.

Баъзи маъулмотлар Мария Александровна бу пул мукофотини бир неча мартга олгани, қолган манбалар эса унинг бу пулнинг қорасини ҳам кўрмагани ҳақида хабар беради. Мария Гуртанг 1919 йилнинг 7 март санасида очликда оламдан ўтган деган маълумотлар ҳам сақланиб қолган.

Ёлғиз қолган Мария Александровна умрининг охиригача ўзи ҳам элас-элас хотирлайдиган, аммо у учун афсонага айланган Пушкиннинг Тверской Булваридаги ҳайкалини зиёрат қилишга келиб турган.

 

Рус тилидан

Раҳмат БОБОЖОН

таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan