• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Suhbat
«Ёзувчини дунё тан олиши мумкин, лекин туғишганлари тан олмайдилар» – Неъмат АРСЛОН

«Ёзувчини дунё тан олиши мумкин, лекин туғишганлари тан олмайдилар» – Неъмат АРСЛОН

Ўзбек адабиётининг ўзига хос ёзувчиси Неъмат Арслон билан адабиёт ва ҳаёт, жамият ва ёзувчи, ёзиш сирлари, ёзувчининг сўнгги йиллардаги фаолияти ҳақида суҳбат қилдик.

 

Неъмат Арслон — 1941 йил 7 июн куни Шаҳрисабз тумани Мираки қўрғончаси яқинидаги Такия қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетини тамомлаган.

1971-1980 йиллардан бошлаб «Адабиёт ва санъат» газетаси, «Ёшлик», «Шарқ юлдузи» журналларида ҳикоя, қисса ва романлари босила бошлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

«Аёл сувратига чизгилар», «Олдинда яна тун бор» каби бир қатор ҳикоя тўпламлари, «Адам водийси», «Мавҳумот» романлари чоп қилинган.

 

— Неъмат ака, сизнингча ёзувчининг ҳаёт ва адабиётдаги “миссия”си нимадан иборат?

— Оддийгина печакгулнинг ҳам ўз миссияси бор: Япроқларини ёрқин рангларга бўяйди, муаттар ҳидлар таратади ва бир томчигина асал тутади. Шу билан ҳаётнинг биринчи даражали қонуни — авлод қолдиришдек “улуғ асар”ни яратади. Энг мукаммал роман ўрик ва шунга ўхшаш дарахтлар қаламига мансуб. Бутун бошли дарахтни, унинг томирларини, танасини шоху япроқларини  тирноқдек келадиган данак ичига жойлайди масалан, ўрик дарахти. Унга ранг ва таъм бериш, ўзига хос ҳид билан таъминлашни унутмайди. Итнинг миссияси соҳибига садоқат билан хизмат қилиш, унинг ўзини, оила аъзоларини ва уйини қўриқлашдан иборат. Ҳаётнинг бардавомлиги ва боқийлиги учун тинчимайдиган бирорта жонзот йўқ дунёда.

Инсонга ва хусусан, ёзувчига келсак, авлод қолдириш албатта бош миссия. Аммо ижод аҳли зиммасида бошқа бир муҳим вазифа ҳам борки, адабиёт майдонига қадам қўйган ҳақиқий ёзувчи (мен бу ўринда ва бундан кейин ёзувчи деганда шоир, драматург ва умуман ижод аҳлини назарда тутаман) маънавият оламига дахлдор жараённи, яъни деҳқонча қилиб айтганда қалам тебратишни ҳаммасидан устун қўяди. Афсуски, бизда бундай ижодкор мавжуд эмас. Агар унинг миссиясини 100 фоиз деб олсак, ижодга ажратилган қисми ўн фоизни ҳам ташкил этмайди. Данғиллама уй, ҳашаматли дарвоза, кенг ҳовли, катта тўй, иномарка машиналар… ва ҳоказою ҳоказолар билан банд ёзувчининг фикру хаёли. Ўша ўн фоизи ҳам асосан, ном қолдириш, унвон олишдек беҳуда (аммо ўзбек ёзувчиси учун ҳаётий зарур) ишларга сарфланади. Қисқа қилиб айтганда, ўзини бутунлай адабиётга бағишлаган ҳеч ким йўқ.

Табиат аёлга шундай дейди: уддасидан чиқсанг гўзал бўл, хоҳласанг оқила бўл, аммо идрокли бўлишинг шарт. Француз драматурги Бомарше ўзининг бу постулатини ёзувчига нисбатан қўллаганда ҳақиқатга яна ҳам яқинроқ келган бўларди. Зеро, идрокли ва иродали бўлиш ижод аҳли учун ҳаётий зарурат. Нафақат руҳни ва вужуд қалъасини ғорат қиладиган оғир ақлий меҳнат, балки кундалик турмуш зарбалари, жамият ёки бошқа кучлар томонидан бўладиган босим ёзувчини энг аввало иродали бўлишга ундайди.

Модомики, ижодкор ана шу “ундов” таъсирида яшар экан, унинг адабиёт майдонига қўйган ҳар бир қадамида, яъниким миссиясида  ўз аксини топади бу жараён. Ёзувчи табиатан кўнгли нозик инсон. Гоҳида одамлар орасида яшаш унга оғирлик қилади. Бундай ҳолни  ҳазрат Навоийнинг “Парим бўлса учиб қочсам улусдин то қанотим бор”, деган мисрасида ҳам яққол кўрамиз. Ўз халқини қай даражада севмасин ва унинг маънавий камолоти йўлида қанчалар жон куйдирмасин, улуғ Пирнинг шоирона нозик қалби билиб-билмай қилинган ножўя ҳаракатлардан озор чеккан. Бугунги ижод аҳли ҳам бундай озорлардан “бебаҳра” қолаётгани йўқ. Хусусан, ҳали ном қозонмаган ва бирон бир унвонга эга бўлмаган ижодкор ҳар қадамда буни ҳис этади.

Яқинда Ёзувчилар уюшмасининг панжарали дарвозаси тагида бир муддат ўтириб қайтдим. Мени ичкарига киритишмади. Баҳона — карантин. Ваҳоланки, маълум даражада танилган, ном қозонган ва ёки унвонга эга бўлган ёзувчи-шоирлар ичкарига кириб-чиқиб туришарди. Мен эса саксон ёшли қария Кафканинг “Қалъа” романидаги воқеаларни кўз ўнгимга келтирганча кутиб ўтирардим. Агар мен ёзувчи эмас, оддий гадо сифатида борганимда ҳам ўзбекона қадриятларимизни назарда тутиб “келинг отахон, хизмат?”, дея қабул қилинишим керак эди. Менталитетимиз, ўзбекона қадриятларимиз дея аюҳаннос соламиз, амалда эса…

Бундай ҳолатга дуч келган ёш ижодкор “тўхта ҳали сенларга кимлигимни кўрсатаман” дейиши табиий ҳол аммо бизга ўхшаган ёшуллиларчи? Дадил овоз билан бундай деёлмаймиз, чунки куч ва ғайрат энди сўнган,  бош эгиб ортига қайтишдан ўзга илож йўқ. Шунга қарамай,  унинг миссияси ва ижодий мундарижасида янги туғёнлар бош кўтаради. Мавзулар ўзани аввалги йўналишидан бошқа томон оға бошлайди ва ана шу “оғиш бурчаги” таъсирида мазмун ва мундарижасидан ёки баддий савияси қандайлигидан қатъий назар қоғозга тўкилади унинг изтироблари. Демакки, ёзувчининг ҳаётга ва адабиётга бўлган миссиясини маълум даражада белгилайди бундай жараёнлар ва албатта янги мавзу беради.

— Ҳозирги давр адиби учун мавзу нималардан иборат? Айнан сиз учун-чи?

— Мавзу ижоднинг бош критерийси, яъни асосий унсури бўла олмайди.

“Муҳаббат ўзи эски нарса, ҳар бир юрак уни янғорта”, дейди татар ёзувчиси Ҳоди Тоқтош. Инсон неча минг йиллардирки, муҳаббатни куйлайди. Ижод аҳли қўллайдиган барча жанрларда ишқ-муҳаббат мавзуси ҳукмрон. Аммо ҳамма гап мавзуни қандай ёритишда. Ҳозирда дидактика, панд-насиҳат, оилавий можаролар, хусусан қайнона келиннинг даҳанаки жангига бағишланган асарлар, кинофильмлар сероб. Сетон-Томпсон, Жек Лондон, Жеральд Даррел каби ёзувчиларга муқояса қилиб ҳайвонлар тўғрисида якка ярим битилган қиссалару ҳикоялар ҳам кўзга ташланиб қолади баъзида. Бундай ҳолда асосан отлар ва итлар тўғрисида қалам тебратишади бизнинг ёзувчиларимиз. Аммо табиатни кузатмаслик, жониворлар ҳаётини яхши билмаслик, нафақат асарнинг бўш чиқишига, балки жиддий хатоларга ва кулгили ҳолатларга сабаб бўлади.

Носирларимиздан бирининг ёзишича, эмишки, бир ит қайнаб турган қозондан гўштни олиб қочибди. Бошқа бир ижодкорнинг қиссасида милтиғида ўқи бор моҳир мерган йигирма беш қадам нарида кўкрак кериб турган бўрини отишдан қўрқиб уч кун тепача устида ўтиради. Ниҳоят учинчи куни ити келиб бўри билан олишади ва овчини қутқаради.

Ватанпарварлик ва ватан мадҳига бағишланган ижод намуналари оддий халқ тили билан айтганда “ошқинлаб” кетган. Шеърий тўпламларнинг  дастлабки саҳифалари албатта Ватан мадҳи билан бошланиши одатий ҳолга айланиб қолган. Бу мавзуни чеклаш гуноҳ, албатта, Ватанни улуғлаш керак аммо қуруқ мадҳия, оддий сўзлар йиғиндиси, қичқириқлар ва аюҳаннос  билан ҳеч кимнинг юрагига Ватандек муқаддас даргоҳга нисбатан муҳаббат уйғотиб бўлмайди. Табиат мавзусига бағишланган насрий ва назмий битикларнинг аксарияти бачкана туйғулар, қофия учун келтирилган сўзлар йиғиндисидан иборат:

Шунғисак сувларга,

Қўнволиб “Т”ларга,

Чиқади қувларга,

Бешгул устида ой!

Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низомнинг қарийб 800 бетлик танланган асарлари ана шундай шеърларга бой. Ваҳоланки, халқимизни йиллар давомида қийнаб келаётган масалалар, яшаш тарзимиздаги жиддий нуқсонлаор тўлиб тошиб ётибди. Коррупция, порахўрлик, ўтган йигирма беш йил давомида маориф системасининг тубдан бузилиши, алдов ва саводсизликнинг ўчоғи бўлиб қолган коллежлар, мутлакқо талабга жавоб бермайдиган институтларга  ёппасига университет статуси берилиши…  мана сизга мавзу!

Яна юз йил ўтади, аммо бизнинг олимларимиз томонидан бирорта кашфиёт ёки ихтиро қилинмайди. Ҳозиргача ҳам қилинмаган.

Ёшлар ҳаёти энг долзарб мавзу. Минглаб ва ўн минглаб йигит-қизларимиз бекор. Улар учун телефонни “чуқи”лаш кун давомида қилинадиган асосий эрмак. Уларнинг ҳаётини ёритишга бағишланган фундаментал асарлар йўқ. Ёшларга раҳнамолик қилаётган ташкилотларнинг фаолияти мутлақо ҳаёт талабига жавоб бермаслиги Президентимиз томонидан очиб ташланди, қаттиқ  танқид қилинди, янги йўл йўриқлар кўрсатилди ва аввалги “жамғарма” тугатилиб Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тузилди. Ёшларни уюштириш, фанларни ўзлаштиришга меҳнатга, тадбиркорликка кенг йўл очиб берилди.

Қани бундай улуғвор ташаббусларни адабиётга олиб кирадиган ёзувчи!?

“Ўзингизчи?” деган савол туғилиши табиий. Албатта давлатимиз раҳбарининг бундай олижаноб ғамхўрлигини мен жавобсиз қолдирмадим. “Ўсмирлар” деган қисса ёзиб Ёшлар Иттифоқига олиб бордим. У ерда ўтирган ёшгина йигитчалар компьютерга киритишди. Аммо орадан уч йил ўтяпти-ки натижа йўқ. Ёш авлод учун шундай асар сув билан ҳаводек зарурлиги мени безовта қила бошлади ва “Ўсмирлар”ни яқинда бир хусусий нашриётга топширдим.

“Мавҳумот”деб номланган романимда эфтоназия мавзусини қаламга олдим. Ҳаёт ва мамот. Инсон умри ана шу икки чизиқ ўртасида ҳаракатланади. Медицина баҳоли қудрат даволайди, эфтоназия ўлдиради. Шу нуқтадан туриб қаралганда эфтоназияни нафақат бизда, балки жаҳон адабиётида ҳам  қалам урилмаган бутунлай янги мавзу. Бутун дунёни қамраб олиб инсоният бошига мисли кўрилмаган ташвишлар ёғдираётган коронавирус пандемияси ўнлаб романларга сиғмайдиган мавзу. Менинг “Зулм гуллари” деб номланган янги поэмам ана шу мавзу хусусида баҳс юритади. Асар тайёр аммо қани уни нашр этишга бош қўшадиган азамат?!

  • Ўзбек ва жаҳон адабиёти ҳақида тўхталсангиз.

— Юқорида айтилган фикрлар билан ўзбек адабиётига маълум даражада тегиб ўтдим. Айтилиши керак бўлган гапларнинг юздан бир улуши ҳам эмас бу. Биз адабиёт майдонига кириб келадиган ёшларнинг кўз ўнгини “Ўткан кунлар” деган парда билан тўсиб қўйганмиз. Ҳеч шубҳасиз Абдулла Қодирий насримиз уфқининг дарғаси. Камоли эҳтиром кўрсатиб тилга оламиз. Аммо жаҳон адабиётига назар ташласак, жуда катта туб ўзгаришлар, янги йўллар ва биз хаёлга келтирмаган бекатлар намоён бўлади.

Кафка, Кортасар, Борхес, Маркес, Канетти каби даҳолар бўй чўзиб кўринади бу бекатларда. Модомики шўундай экан, ёшларнинг қулоғига фақат “Ўткан кунлар”ни қуймайлик, уларни жаҳон адабиётига ошно қилайлик демоқчиман. “Китоб дунёси” газетаси бу борада таҳсинга сазовор ишларни амалга оширяпти. Мухлисларини замонавий ва классик япон адабиёти, корейс, вьетнам, рус, француз ва бошқа миллат адабиёти билан таништириб бормоқда. Турк ва озарбойжон адабиётида яратилаётган янги асарларни ўқияпмиз, дунё ёзувчиларнининг ноёб фикрлари билан танишиб боряпмиз. Шу газетада босилган  бир таржимада нобел мукофоти совриндори Бунин қаламига мансуб кичкинагина мақолани ўқиб қолдим ва маълум фурсат ўтиб менинг “Ёзувчи учун атир” деган новеллам “Жаҳон адабиёти”да босилди. Бунин ва унинг замондошлари ҳаётидан ҳикоя қилувчи бу асарнинг яратилишида жаҳон адабиёти янгиликларига интилувчи газетанинг бекиёс хизмати бор.

Агар японлар ҳам минг йил аввал яратилган “Генза моногатари”ни ўқиш ва шуни тарғиб қилиш билан шуғулланиб қолганда (Мурасаки Сикибу асари) Нобель мукофоти савриндори Кавабата Ясунари, Акутагава, Кобо Эбе каби улкан ёзувчилар дунёга келмасди. Табиатан ҳассос бу халқ вакиллари минг йил аввал яратилган мумтоз адабиёти билан замонавий европа адабиётини қўшиб, чоғиштириб, таҳлил қилиб янги бир адабиёт яратди. Ҳали кўп бўлмади, япон миллатига мансуб яна бир ёзувчи — “Қўйворма мени” деб номланган романи учун Нобел мукофотини олди. Англияда яшовчи бу ижодкор асарни европа, хусусан, инглиз адабиёти анъаналари асосида яратган бўлса-да, соф япон руҳи барқ уриб туради.

Хулоса шуки, биз учун адабиётда “сеники, меники” деган айримчалик, маҳаллийчилик, юзкўримчилик ва фақат ўзиникини мақтаб кўкларга кўтариш тенденсиясидан воз кечиш ҳаётий зарур масала.

— Ёшлар ижоди билан қай даражада танишсиз? Ёш носирларга тавсияларингиз.

— Адабиётимизда ҳукм сураётган носозликларга қарамай ижод майдонига дадил кириб келаётган ёшларимиз бор. Уларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, жаҳон адабиётини кўп мутолаа қилаётганидан хабардор бўласиз. Қашқадарёлик Байрам Али ана шундай ёшлар жумласидан. Насрда ижод қилади. Унинг ҳикоя ва қиссаларини ўқиганман. Маслаҳат берганман. Баҳолаганман.

Нодира исмли ижодкор қизимизнинг  машқлари билан ҳам танишман. Тўғри йўлда улар. Ҳикояларида ўзига хос оҳанг ва жозиба бор. Албатта назмий йўналишда қалам тебратаётган бир қатор ёшлар бор. Яқинда уларнинг китоблари катта нусхаларда босилди. Ёзувчилар уюшмасининг кейинги йилларда амалга ошириган хайрли иши бу. Шунисига ҳам шукр қиламиз. Мени ҳайратга солаётган яна бир ижодкор ҳақида икки оғиз сўзлайман. Нима сабабдандир ҳозир Москвада яшаётган Шерзод Комил Халил исмли бир ёзувчи бор. Агар янглишмасам унинг “Биз йўқолиб кетажакмиз” деган ҳикоясини ўқиб таъсирланган ва шу йигит тўғрисида баъзи жойлардан сўраб суриштиргандим. Шимол халқларининг муаммолари тўғрисида ёзилган бу асар чинданда жозибадор. Кейинчалик “Мен шеъриятдан кетганман”, деб номланган туркум шеърларини ўқиб беҳад завқ олдим.

Раҳмат Бобожон, Мирзоҳид Музаффар, Жонтемир Жондор каби ёшларимизга йўл берилса, таржима масаласида уюшмамиз қўллаб қувватласа, қалам ҳақи масалалари ижобий ҳал этилса, ўйлайманки, адабиётимиз қардош халқлар даврасида кам бўлмайди.

Юқорида номлари кўрсатилган ижодкорларимизнинг  айримлари моддий кўмакка муҳтож. Ёш ижодкорларга маслаҳатим бор. Насрнинг тоши оғир. Тарози палласига фақат миллий адабиётни, миллийлик посангисини қўйиб ўтириш билан кўзланган маррага эришиб бўлмайди.

Йигирма беш ёшида “Буденброклар” романи учун Нобел мукофотига сазорвор бўлган Томас Ман ортидан ҳам эргашиб кўриш керак. Дунё адабиёти тажрибаси шуни тақоза этади.

— Неъмат Арслон ёзувчи бўлгунига қадар қайси йўлларни босиб ўтди. У ўзи кўзлаган манзилга етдими?

— Мен босиб ўтган йўл ғоят оғир. Иқтисодий қийинчиликлар ҳақида гапирмоқчи эмасман. Токи 2018 йилнинг охирларигача уйсиз яшаганим, йигирма беш жойга кўчиб умр кечирганимни ҳам эслатмайман.

Танлаган йўлимнинг оғирлиги ортимдан келаётган ёшларга ўрнак бўлар деб адабиёт майдонида тўхтаган бекатларимдан хабар бермоқчиман. Мен насримиздаги “ди-ди” ва “эди-эди”ларни йўқотдим. Учинчи шахсда ёзилгакн беш юз бетлик романни ўқисангиз “эди-эди” билан тугарди ҳамма гап. Осон бўлмади бу қобиқни ёриб ташлаш. Мен гапни бутунлай бошқа оҳангда ва синтактик жиҳатдан бўлакча эврилишда қурдим.

Мана бундай: “Дераза рапида ойнинг нимранг шуъласи. Нимранг: на кўкимтир, на сарғиш ва на оқ. Тўлишган ой нурига хос рангни тополмади Ойниса. Сутдай ойдин шивирлади унинг лаблари. Дарҳақиқат, ҳовли сутдай ойдин. Шу таърифга мойиллик бор қизнинг шуурида”.

Иккита новеллелар тўпламим билан қўшиб ҳисоблаганда юзга яқин новелла эълон қилдим марказий нашрларда. Адабиётимизнинг  бориб қолган манзилини қарангки, на мен танлаган усул ва на адабиётимизда пайдо бўлган новелла жанри тўғрисида лом-мим деб оғиз очмади адабиётшунослигимиз. Гўёки новелла ҳикоядан кичик жанр деган тасаввур бор бизда.

Жаҳон адабиётида ҳажм жиҳатидан қиссадан катта новеллалар мавжудлигини кўрамиз. Демакки, гап ҳажмда эмас. Кейинги ўн йиллар давомида ёзган новеллаларим ва романларимда ўзим кашф қилган усулни қўлладим. Кўзлаган манзилимнинг дастлабки бекати ана шу.

— Биламизки, Ўзбек адабиёти улкан бир хазина. Дунё қай даражада билади деб ўйлайсиз ёки билмаса бунга сизнингча сабаб нима?

— Шоира Хосият Рустамованинг шеърларидан чет эллик муштарийлар ҳам баҳраманд бўляптилар. Яна шундай мавқеъда турган бир қатор шоираларимиз бор. Ҳалима Ахмедова ижоди тўғрисида ҳам шундай дейиш мумкин.

Қисқа қилиб айтганда шеъриятимиз жаҳон адабиёти минтақаларидан бўй кўрсатмоқда. Афсуски, насримиз оқсоқланганча йўл босяпти.

Очиғини айтганда, ўзбек прозаси бирон бир нуқтаси билан жаҳон адабиётига туташмаган. Бунинг сабаби кўп, шундан иккитаси жуда муҳим. Биринчидан, бизда малакали таржимонлар йўқ, иккинчидан эса таржима қилишга арзийдиган асарлар кам.

Кўпгина чет эл ёзувчиларининг таржимаи ҳолини ўқисангиз болаликдан камида уч-тўртта тилни билганлиги ва бир неча тилда эркин ёза олганлигининг гувоҳи бўласиз. Шунинг учун ҳам айрим классикларимизни ҳисобга олмаганда, кўпгина мамлакатлар бугунги ўзбек насридан бехабар ва бебаҳра қолишмоқда.

— Жамият ва ёзувчи ўртасида ҳозирда узилиш бордай, бунга фикрингиз.

— Жамият ва ёзувчи ўртасида нафақат узилиш, балки улкан жарлик бор. Ёзувчилар ўртасидаги бу канъон янада чуқурроқ. Ижодкорларнинг хатлари, ёзишмалари энди эскилик қолдиғига айланган. Учта тўртта бўлиб бирор жойда ўтириб бадиият тўғрисида мунозара юритаётган ижодкорни кўрмайсиз. Хат жанрини бугунги ёшлар тасаввур эта олмайдилар. Лев Толстой ўн мингта хат ёзган. Мингта хат бир томни ташкил этганда ҳам буюк ёзувчининг мактублари ўн томга тинглашади.

Улуғ ёзувчиларнинг асарлари севиб ўқилади. Уларнинг шахсий ҳаёти юзасидан қилинган тадқиқотлар эса бундан-да мароқли. Ёзувчининг таржимаи ҳолига силлиққина андова урамиз биз. Яхши эди, шогирдларига меҳрибон эди, оилапарвар эди… ва ҳоказо. Шу боисдан ҳам жамият ижод аҳлининг шахсий ҳаётига қизиқмайди. Бу соҳада ҳам узилиш бор.

Менинг фикримга шубҳа қилсангиз ҳеч бўлмаганда Ян Парандовскийнинг “Алхимия слова”(“Сўз сеҳри”) асарини бир варақлаб кўринг. Ёзувчиларнинг парда ортидаги ҳаёти, уларнинг инсон сифатидаги интилишлари, оилавий муносабатлар, аёллар, болалар, қавму қариндошлар даврасидаги ҳолатлари худди романдай мароқ билан ўқилади.

— Сўнгги чиққан китобларингиз ёки чопга тайёр китобларингиз, асарларингиз ҳақида гапирсангиз.

— Кейинги пайтларда “Қизилқум сонатаси”, “Икки қутб орасида”, “Оксиморон” деб номланган романларимни ёзиб тугалладим. Уларни ва “Ўсмирлар” қиссамни нашрга топширганман. Новеллалар ижод қилишда давом этяпман. Уларнинг сюжетлари тўғрисида гапириб ўтириш ушбу мақолага оғирлик қилади. Фақат шуни айтаманки, уларнинг ҳеч бири ўзбек адабиётидаги асарларга ўхшамайди. Модернизмнинг ўзига хос кўриниши улар.

Охирги марта нашр этилган романим “Шашмақом” ҳақида. Шаҳрисабзлик машҳур бастакор Абдираҳмонбекнинг ҳаёти ва ижоди қаламга олинган.  Муҳтарам Президентимизнинг назарларига тушган экан роман, шу туфайли икки хонали уйга эга бўлдим.

Яқинда ёш ижодкорлардан бири менга мактуб йўллаб кўпдан бери хаёлимни банд этиб келаётган ҳолатга ойдинлик киритди. Ушбу мақолани шу ёзувчининг постулати билан тугаллайман: “Ёзувчини дунё тан олиши мумкин лекин унинг туғишганлари тан олмайдилар”.

 

Раҳматжон Бобожонов суҳбатлашди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan