• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Ва энди ҳар кеча, ҳар тун қошида, суратин чизаман қанотсиз эркнинг…» – Зулхумор ОРИФЖОНОВА

«Ва энди ҳар кеча, ҳар тун қошида, суратин чизаман қанотсиз эркнинг…» – Зулхумор ОРИФЖОНОВА

* * *

I

Қайда эдим,

билмайсанми?

Кўзгуларга қараб туриб,

неча аср ўтганини англолмадим.

Жимлигини елкасида кўтарганча,

неча йўллар ўтганини тан олмади,

бу кузгача…

Қай кунларни яшаб ўтдик,

қай тунларда тушларимиз уйғоқ қолди,

Ё бизгача

бу тупроқда кимдир эркни туйганмиди —

йиллар толди…

Ёритмаса энди қуёш

қароларга бўялган бу борлиғингни,

Кўксингни оч, ҳеч йўқ ўтмиш изларидан,

сезиб турса, о, кимлардир борлигингни,

борлигимни!

 

II

Елкам узра улкан тоғлар ўсаверди —

Суянганим улар бўлди қачон десанг.

“Тўрт қарич ер,

тўртта девор —

кўзингга сурт, булар бари

сенинг учун Ватан”,  десанг,

Ўз дунёмни денгизларга улоқтирдим…

 

III

…Қайда эдим,

билмайсанми?

Мен билганим пешонамга

остонангни босиб ўтмоқ чизилмаган.

Ахир мен ҳам аёл эдим,

бош қўймоққа маскан излаб,

совуқ еган оёқларим изиллаган.

Тушимда ҳам

тунларимни

оққа ўраб яшаб ўтдим.

Аммо бу кун бир ҳовуч сув тутолмадинг

ўчирмоққа вужудимни ёққан ўтни…

 

қайда эдинг?..

 

* * *

Мен исмин унутган фасл бу,

ўчган хотирадай оққа кўмилган,

на белги,

на севги,

на ҳарорат бор,

Борар йўлларимиз

тўрттала ёқдан кўмилган.

 

Яқинроқ кел осмон,

тошлар босиб қолган қанотларимнинг,

минг йиллик чигили ёзилсин қайта.

Қайтадан ёзилсин менинг тарихим,

энди кўзёшларсиз

қўшиқлар айтай…

 

…шу тоғлар орасида,

бир овоз янграйди,

эшитяпсанми?

(бўғзимдан сирғалиб чиқади савол),

Aнглайман, йўл узооқ…

сенга етармикин,

тоғларни яралаб туғилган наво.

 

Сочларим яширгум,

кўзларим яширгум,

борлиқ оқлигига ботмасин десам

қаршимизда неча қаро

йиллар бор?

Сенгача кимсанинг кўзи тушмаган,

Сенгача кимсанинг изи тушмаган

йўллар бор

бу тоғлар орасида…

Мен гуллар экаман тошлар устига,

о, тошлар ўсади тошлар устидан,

Туманлар тўсади қадамларимни,

югурсам,

тоғларга урилар пешонам.

Баъзан кўзларингга тушади кўзим

булоқлар бўйида,

(ишонмам…)

 

Шунда бир умиддан тирилгум қайта,

О, бир йўл берилса,

дарё яралса…

барини қолдириб, сўнгсиз ўзанларда,

қошингга боролсам

 

биз исмин унутган фаслда…

 

* * *

Эсимда,

бу фаслнинг кўп эди туҳфаси,

Қўлларимга хатто осмонни тутди,

Аммо уфқларнинг қошида туриб,

ненидир унутдим…

 

Эсимда

боғларнинг шивирларидан

ўзимни

йиқилган япроқлар бағрига отдим

Шу тоб умримдаги ҳеч ким сезмаган,

ненидир йўқотдим…

 

Соябонсиз эдим,

бизни билмасга

ноаёнмиз дедим,

кўнглим кўнмади.

О, фаслим, сен кетгач боғларда қайта,

яшиллик унмади.

 

Мовий туманларда қолдим адашиб,

Фақат билганим шу,

тушларим кемтик.

Ва энди ҳар кеча, ҳар тун қошида,

суратин чизаман қанотсиз эркнинг…

 

ненидир унутдим.

 

* * *

Мен йўлнинг бошида,

кафтимда

бўғизланган гулнинг япроқлари жонсиз.

Дунё ҳам бу кеча афтидан,

уфқларга қадар томонсиз.

 

Тўхтаган хаттоки қўлимда соат,

на юлдузга қараб, на ойга ёлвориб,

билолмам нечани кўрсатмоқда вақт.

 

Боғларда эгила бошлайди шохлар,

Мен эса

тортилган дорлардан, узундан узун,

йиғаман танасиз ўзимни ўзим.

 

Ўнгимни тушимда сойларга айтиб

Қайтсам… дарёга айланиб —

ўзанларга солмоқ кимнинг истаги?

О, йўлим томонсиз, бори имкон деб,

Минг йилки ўзимга қанот изладим.

 

Изладим,

топмоқлик илинжи билан,

оҳанглар оқизиб кетган йўлларни.

Таскиним, ўшанда руҳимни ҳеч йўқ,

тутиб қололмасди сенинг қўлларинг…

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan