• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Mitti yulduz
«Қанот беринг учиб кетаман» – Зиёда САПАРБАЕВА

«Қанот беринг учиб кетаман» – Зиёда САПАРБАЕВА

Зиёда Сапарбаева — 2005 йилнинг 11 июльида Хоразм вилоятида туғилган. Ҳозирда Хива шаҳрида жойлашган Огаҳий номидаги ижод мактабининг 10 синфида таҳсил олмоқда.

 

* * *

Орзуларим…

Яшайсиз қайда?

Қайда айтинг макон қургансиз?

Нега бундай ҳомуш оҳангда,

Дилгинамга олов тутгансиз.

Самоларни қучиб кетаман,

Қанот беринг учиб кетаман.

 

Сизсиз қора кўринар қуёш,

Қалбимдаги курашлар талош,

Осмонларга сиғмаган бебош,

Тупроқларга сиғарми кўз ёш?

Дунёни мен қучиб кезаман,

Қанот беринг учиб кетаман.

 

Капалакдек сайр этиб дунё,

Ўнгимми бу ё балки рўё?,

Гуллар эса боқмаслар қиё,

Энди мен ҳам қилмасдан ҳаё,

Бўлди, майли қолиб нетаман?

Қанот беринг учиб кетаман.

 

Орзуларнинг қаърига чўмиб,

Оромбахш бир ошён топмадим.

Бу дунёнинг тубига шўнғиб,

Бир хокисор инсон топмадим.

Манзилимга бир кун етаман,

Қанот беринг учиб кетаман.

 

Орзуларим яшайсиз қайда?

Қайда айтинг макон қургансиз…

 

Сир…

 

Бу дунё асрорга тўла бир уммон,

Улар бир жумбоқки, ечишинг гумон.

Мен бу жумбоқларни ечганим замон

Бахтларга бурканиб кетармикин-а?

 

Уммоннинг томчиси қўлга қўнаркан,

Дарҳол уни отманг чангалзорларга.

Aхир у бир сизга кўп ишонилган,

Уни берманг дейман дилозорларга.

 

Тағин у айтилди сир эмас энди,

Уни биладиган бир эмас энди.

Ўзига сиғмаган, ҳеч сиғмас энди,

Қалб айтиб таскин-ла қолармикин-а?

 

Мен айтсам сиримни бориб дарёга,

Қуриб қолмасмикин дея қўрқаман.

Aйтсам сирларимни юлдуз, самога,

Сўниб қолмасмикин дея қўрқаман.

 

Қуёшга гар айтсам бу дардларимни,

Куйиб қолмасмикин дея қўрқаман.

Гулларга айтсам-чи қайғуларимни,

Сўлиб қолмасмикин, яна қўрқаман.

 

Ерга айтмаслигим биламан, чунки

Дунёни сув босиб кетиши тайин.

Ёки инсонларни олиб бағрига,

Ўзга дунёларга етиши тайин.

 

Шукрона керак-да бир одамзодга,

Қўлни чўзавермай турфа номзодга.

Aйтилса асрорлар ё набототга,

Илдизлар билар деб яна қўрқаман.

 

Aйтсам яна дардим қора қаламга,

Қоғозга айтса-чи, дея қўрқаман.

Aйтсам асрорларим дўст-у ёримга,

Уларнинг яқини бўлса, қўрқаман.

 

Қўйинг, менга тегманг, сир бўлсин ниҳон,

Қўйинг, қайғуларим дилимда қолсин.

Қалбим калити ҳам бўлгайдир пинҳон,

Юрагим калити йўқолиб қолсин…

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan