• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«Туш самараси I Қотил» – Хуан Хосе АРРЕОЛА

«Туш самараси I Қотил» – Хуан Хосе АРРЕОЛА

Туш самараси

ҳикоя

Мен пучман, кимса эътиборини тортмасам керак деб қўрқаман. Мен ҳам уч бошли аждар, ҳам шарпа, ҳам ҳақирман. Қўрқув ва орзулар ичра умр кечираман; қўрқув ва орзу менга ҳаёт бахш этади ҳам уни тортиб олади. Аввал айтганимдек мен бир ҳақирман. Мен шарпалар ичра кезаман. Мен узундан-узоқ ҳам ақл бовар қилмас унутилиш ичраман. Дафъатан деярли ўнг келтирадиган хира ёруғликка чиқишга мени мажбур этишади, аммо мен ҳақимда лаҳза ўтмай унутишади негаки, яна ўзлари билан оввора қолишади. Ҳар сафар яна йўқлик соясида ҳаракатларим баттар ноаниқ қолади, ҳатто юз кўрсатмай борган сари йўқликка сингаман.

Тун – менинг ҳукмимда. Алоқ-чалоқ уйқу оғушида пора бўлган куёвтўра мени четлатиш учун беҳуда бош қўшади. Баъзан аёлларнинг қошира майлларини ҳаяжон ҳам сабот билан бажо келтираман; юраксиз, мисли болиш каби момиқ ва узала тушган аёл уйқусираганча монелик қилади. Мени мисли бадбуруш гўдак сифат туғилишимга зўрлаган, мана шу бир-бирини қўйгани жой тополмаган, ҳам бир-бирини  кўргани кўзи йўқ икки жонзот орасида доғ тушмаган умримни яшайман.

Мен ҳам жозибадор, ҳам бадбурушман. Мен эр ва хотин жуфтли дунёсини гоҳ жаҳаннамга айлантирсам, гоҳ муҳаббат ўтида ёқаман. Гоҳида улар ўртасидан жой олиб, маҳкам қучишлар остида мўъжизавор дармон топаман. Эркак менинг иштирокимни пайқаб қолиб, бўғишга ва итқитишга зўр беради, охир оқибат эса мағлубликда тинкаси қуриб, ғазаб отида аёлга орқа ўгириб олади. Мен эсам ҳаяжон остида унинг ёнида қоламан ва туш давоми аста-секин ажраб кетган мавжуд бўлмаган қўлларим ила қучоғимга оламан.

Бошдаёқ мен ҳали туғилмаганимни айтиш зарур эди. Мен – аста-секин ва азоб-уқубатда томир отиб ҳануз намчил ҳодисасидан айрила олмаган ҳосиламан. Улар ўзлари билмаган ҳолда муҳаббатлари эвазига ҳали дунёга келмаган менинг уруғимга шикаст етказадилар. Ўйларида менинг вужуд топишим учун узоқ ғайрат этишади, қўллари зўр бериб шаклу-шамоил беришга уринади, бироқ ҳар сафар қониқишсиз яна ва яна қайта шакллантиришадилар.

Аммо, улар менинг тугал шаклимни тасодифан топган бир замон туш кўриш имконияти чинаккам ҳис-ҳаяжонида ўзим ғойиб бўламан. Улар бир бирларини ташлаб кетишади, мен эса аёлни тарк этиб, эркакни таъқиб қиламан. Мен ўткир тиғли қиличини ўқталиб, унинг ётоғи эшигига кўз-қулоқ бўламан.

 

Қотил

ҳикоя

Ҳозирда, кунларнинг бирида отчопардан чиқишимда ёнимга яқинлашган ўша фаҳмсиз, тортинчоқ ўсмир – қотилим тўғрисида ўйлашдан бўлак қилар ишдан холиман. Ўшанда, менинг енгсиз узун либосимга қўл теккизишига баҳя олдиноқ, қўриқчилар уни тилка-пора қилишларига оз қолганди.

Мен биқинимдан унинг танаси қалтироқларини ҳис этгандим. Унда сочлари тик турган чопар каби қатъият жўш урарди. Қўли қай тариқа яширган ханжарига узалганини мен кўрдим, аммо йўналишим сағал ўзгартириб унинг ўйи амалга ошмаслигига кўмаклашдим. У ҳол-жони чиқиб, тик турганча устунга суяниб қолди.

Афтидан уни аввалроқ кўрганман; палидлар тўдаси ичра унинг беғубор чеҳрасини  унитиш мумкин эмас. Бир сафар ошхона пичоғини ўмарган ўсмир ортидан қувиб, сарой ошхонаси ошпази югуриклаб чиққани эсимда. Бу йигитча – тажрибасиз қотил  ва мен ошхонада гўшт майдалайдиган пичоқ тиғидан ўлишимга онт ичишга шайман.

Маст-аласт аскарлар тўдаси Ринометоснинг мурдасини кўчага итқитиб, мени император этиб эълон қилиш учун уйимга бостириб кирган куни қисматим ҳал бўлганини тушуниб етганман.  Мен тақдирга тан бериб, бўйн товламас жаллодга айланиш учун ҳашаматли турмуш, танбаллик ва бузуқликларимдан вос кечганман.

Энди менинг навбатим етди. Қўлтиғида менинг ўлимимни ортмоқлаган ўша ўсмир хира пашшадек чекинмасдан таъқиб қилади. Мен ортиқча эҳтиёткорликни йиғиштириб унга кўмак бермоғим лозим. Аллақандай узурпатор мени мустабид шармисор қатлига дучор этишини белгилашидан бурун бизнинг учрашувимизни тезлаштирмоқ лозим.

Шу оқшом императорлик чорбоғида якка сайр этаман. Ювинган ва атир-упа сепган бўламан. Янги узун либос кияман ва дарахт ортига беркинган қотил қаршисига чиқаман.

Мен ханжарнинг мисли чақмоқ янглиғ шитобла силтаниши ила чиркин қалбимни мунаввар этишига шоҳид бўламан.

 

Ўктам Одилов таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan