• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Чексиз муҳаббат-ла қучиб ўлдирсанг, Кетмоғингга изн бермаган кузни…» – Сардор САЛИМОВ

«Чексиз муҳаббат-ла қучиб ўлдирсанг, Кетмоғингга изн бермаган кузни…» – Сардор САЛИМОВ

МАНЗАРА

Азонга айланиб кезинар Раҳмон.
Қариб борар офтоб бошлаган сафар.
Ҳорғин вужудига қўниб намозшом,
Хокистар рангига бурканар шаҳар.

Ғилдираклар эзар бағрин беаёв —
Ҳарорати тушмай асфалт алаҳлар.
Енгилгина титраб қўярлар гоҳо
Шамолни тушида кўрган дарахтлар.

Қачондир ишқ макон қурган ўриндиқ,
Устида мудраган дайдидек мискин.
Кӯкни пайпаслаган нигоҳи сўниқ
Шоир тамакидан излайди таскин.

Раҳмон кезиб юрар азонга дӯниб.
Лек ҳамон мустаҳкам шайтон қўриғи:
Қадамлар остида (балки, қишга деб)
Чумоли судрайди жонсиз шеригин.

 

* * *

Йӯлга чиқсанг —
Сўнгги ноаён йўлга,
Ортингдан югурса тийрамоҳ-сатанг.
Ҳар бир одимингни гуноҳга йўйган
Бенаво руҳингни чекиб тугатсанг.

Бўшлиққа боққандек термулсанг кўкка,
Боққан сари дилда ҳасратинг ортса.
Мезон сўқмоғидан судралиб ӯтган,
Қувғинди хазонлар илкингдан тортса.

Дарахтлардан қарғиш ёғилар-ёниқ,
Рўпарангда совуқ зулумот ҳозир.
Оловли кибрига ўраб дунёни
Мағрур кезиб юрар ғолиб Азозил.

Йӯлга чиқсанг —
Сўнгги ноаён йўлга,
Шўрланган армонлар тўлдирса кўзни.
Чексиз муҳаббат-ла қучиб ўлдирсанг
Кетмоғингга изн бермаган кузни.

 

СОНЕТ

Қуёш ҳазар қилган сангруҳ самода
Жуфт нигоҳ кезинар-илинждан маҳрум.
Бугун ўтиб борар-эртадек мавҳум,
Абас бир ўтмишга бӯлиб ҳамоҳанг.

Намозгар-тийрамоҳ тушидек маҳзун:
Фалаж қўлин артар ҳарир саболар.
Зирқирайди хаёл оғир садодан,
Бошимга ёмғирлар сочадир мавсум.

Эрксизлик чайқалар тоза кўзларда,
Вақт эса ҳўплайди мискин рўзларни.
Кулгуларни сўриб улғаяр баҳор.

Қўшиқлар туюлар мунгли бўзлардай,
Таскин ҳам топилмас тафтли сўзлардан.
Умр бой берилар шу таҳлид наҳот?

 

* * *
Ёмғир:
Дилхун само мунгли шеър ӯқир.
Оғир
Одимлайди соябон-сӯқир.
Чоғир
Қуйилади кўнгил жомига.
Сағир
Туйғуларнинг тортар домига
Замин —
Титроқлардан дарз кетган бағир.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan