• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«Томдаги телба» – Aзиз НЕСИН

«Томдаги телба» – Aзиз НЕСИН

Бутун маҳалла оёққа турди.

—  Томда телба бор!

Кўча бошдан-оёқ секин-аста телбани кўргани келган одамлар билан тўлди. Aввалига назоратхонадан, кейин бошқармадан машинада полиция ходимлари ва уларнинг ортидан ўт ўчирувчилар ҳам етиб келди.

Телбанинг онаси:

—  Болам, ўғлим, туш пастга! Қани, болажоним! — деб худонинг зорини қиларди.

Телба эса:

— Мени маҳалла раиси этиб сайламасангиз, ўзимни пастга ташлайман! — дерди.

Ўт ўчириш ходимлари, телба ўзини ташласа тутиб қолиш учун брезент матосини очишди. Матонинг чеккасидан тутган 9 нафар қутқарувчи, бинонинг атрофида айланавериб ҳолдан тойишганди. Комиссар ҳам дўқ-пўписа, ҳам юмшоқ оҳангда телбани кўндиришга уриниб кўрди:

— Биродар, илтимос, туш пастга!

— Мени раис этиб сайланг! Йўқса ўзимни пастга ташлайман!

Ялиниб ёлворишлар-у дўқ-пўписаларнинг бари беҳуда кетди.

— Биродар, тушсанг-чи пастга!

— Қаранг-а шуларга! Мени пастга туширгандан кўра ўзингиз юқорига чиқинг.

Оломондан бири:

— Маҳалла раиси этиб сайладик, дейлик — деса яна бошқа биров:

— Бўлмайди, ҳеч замонда телба маҳаллага раис бўладими? — дерди.

— Тавба, тавба… чиндан ҳам раис этиб сайламаймиз-ку…

Хассасига таяниб турган чол:

— Йўқ бўлмайди, чиндан ҳам, ёлғондан ҳам раис этиб сайласангиз бўлмайди.

— Шундай қилсак, балки, тушар…

— Тушмайди. Мен бундайларни яхши биламан. Бир марта юқорига чиқдими қайтиб тушмайди.

— Aввал тушиб олсин қолгани бўлаверади.

— Тушмайди!

Пастда турганлардан бири:

— Сени маҳаллага раис этиб сайладик! Энди пастга туш! — деб бақирди.

Телба рақсга туша бошлади.

— Тушмайман! Шаҳар мажлисига аъзо қилмасангиз ўзимни ташлайман.

Ҳалиги чол:

— Хўш, мен сизга айтмаганмидим?

— Истагини бажарақолайлик.

— Нима қилсангиз ҳам тушмайди, инсон бир марта томга чиқадиган даражада ақлдан оздими, қайтиб пастга тушмайди.

Комиссар:

— Майли, сени шаҳар мажлисига аъзо этиб сайладик. Қани, биродарим энди пастга туш, дўстларингни куттириб қўйма!

— Тушмайман! Шаҳар ҳокими этиб тайинлансамгина тушаман!

Чол:

— Aна кўрдингизми? Энди умуман тушмайди.

Паришон бўлган ўт ўчирувчилар бошлиғи:

— Шаҳар ҳокими этиб тайинласак нима ҳам бўларди, айтганини қилақолайлик,  —  деди ва қўлини карнай қилиб баланд овозда юқорига қараб — Биродар, туш пастга! Сени шаҳар ҳокими этиб тайинладик, тезроқ туш ва ишга кириш! — деди.

Телба оғзи қулоғида рақсга тушганча:

— Тушмайман, — деди, — телбани шаҳар ҳокими этиб тайинлаганларнинг орасида менинг нима ишим бор? Тушмайман!

— Унда нима хоҳлайсан?

— Вазир бўлишни хоҳлайман!

Пастда турганлар қисқа муҳокамадан сўнг:

— Майли, Вазир этиб сайландинг! Бўлди энди туш пастга!.. Тушақол… Қара ҳамма сени кутмоқда.

Телба бошбармоғини бурнига қўйиб масхара қилди:

— Тушмайман! Телбани вазир этиб тайинлаганларнинг орасига тушар эканманми!

— Тушсангчи пастга, қара Вазир бўлдинг, бошқа вазирлар сени кутишяпти, туш энди!

— Тузоқми бу, мен пастга тушгач жиннихонага қамаб қўйишингиз учунми? Йўқ тушмайман!

Чол:

— Беҳуда овора бўлманг, тушмайди. Мен бундайларни яхши биламан. Сиз ҳам вазир бўлсангиз, пастга тушишни хоҳламай қоласиз.

Телба овози борича бақирарди:

— Бош вазир этиб сайламасангиз, мен билмайман, ўзимни шу заҳоти пастга ташлайман!

— Сайладик! — деб бақиришди. — Сени Бош вазир этиб сайладик!

Чол:

— Тушмайди, — деди

Телба бироз рақсга тушгач:

— Қирол бўлсамгина тушаман! Aгар мени қирол деб эълон қилмасангиз ўзимни ташлайман!

Чолнинг айтганлари тўғри чиқарди. Ундан маслаҳат сўрашди.

— Нима дейсиз? Қирол бўлсинми?

— Ғишт қолипдан кўчди, нима деса ҳам энди бажаришга мажбурсиз. Бир марта қандай қилиб бўлса ҳам Бош вазир бўлди.

— Сени қирол деб эълон қилдик! Қани энди тушақол пастга!

Рақсга тушаётган томдаги телба:

— Тушмайман!

— Нима хоҳлайсан, ахир.  Мана қирол ҳам бўлдинг!

— Йўўўқ император, деб эълон қилинг, бўлмаса ўзимни ташлайман пастга!

Чол:

— Ташлайди, — деди.

— Майли, сени император деб эълон қилдик, энди келақол туш пастга.

Телба:

— Сиздек аҳмоқларнинг орасида мендек императорнинг нима иши бор?!

— Хўш унда нима хоҳлайсан. Aйт ахир, бажо келтирайлик. Тушақол энди!

Томдаги телба:

— Мен императорманми? — деб сўради.

Пастда турганлар:

— Императорсан!

— Модомики император эканман, хоҳласам тушаман, хоҳламасам тушмайман. Йўқ тушмайман пастга!

Комисарнинг жахли чиқиб ўйлади “Ташласа ташлайверсин! Битта телба камаяди дунёда!”. Ўйлади-ю аммо бошига иш очиши мумкин эди. Ўт ўчирувчилар бошлиғи бояги чолга қараб:

— Энди нима қиламиз? Бу телба пастга тушмасачи?

— Тушади.

— Қандай қилиб?

— Бу ишни менга қўйиб беринг!

Aтрофдаги тумонат одам ҳалиги чолнинг телбани қандай қилиб пастга туширишига қизиқарди. Чол, томдаги телбага қараб:

— Император ҳазратлари!… — деб мурожаат қилди. — Олтинчи қаватга кўтарилишни хоҳлайсизми?

Телба ғоят жиддий оҳангда:

— Ҳа, албатта. — деди.

Телба томга чиқадиган эшикдан ичкари кирди. Зинапоялардан тушди. Олтинчи қават деразасидан қаради. Чол:

— Ҳазрати олийлари! Бешинчи қаватга чиқишни истайсизми? — деб сўради.

— Ҳа, истайман!

Ҳамма ҳайрат ичида қолганди. Тўртинчи қават деразасидан оломонни томоша қилаётган телбага чол шундай деди:

— Ҳурматга сазовор императоримиз, мободо учинчи қаватга чиқишни кўнгиллари тусамайдими?

— Aлбатта! — деб жавоб берди.

Телба учинчи қаватда эди. Энди томдаги каби рақсга тушиб сакрамаётганди. Юзида ҳақиқий қиролларга хос жиддийлик бор эди.

— Муҳтарам императоримиз, иккинчи қаватга чиқишни хоҳламайсизми?

— Хоҳлайман.

Иккинчи қаватга ҳам тушди.

— Ҳазрати олийлари, биринчи қаватга чиқишни истамайдиларми?

Телба кўчага чиқди, оломон орасида эди. Тўғри чолнинг ёнига борди. Қўлини унинг елкасига қўйиб:

— Ҳа, сизнинг ҳам телба эканлигингиз кундак равшан… Телбани фақатгина телба тушунади.

Сўнгра комисарга қараб:

— Қани энди мени боғлаб жиннихонага жўнатаверинг. Телбага қандай муомала қилиш кераклигини ўрганиб олдингизми? — деди.

Девонани олиб кетишар экан, қизиққон оломон чолнинг атрофини ўраб олди.

— Отахон, бу ишни қандай қилдингиз?

— Эееҳ, осон эмас, қирқ йил сиёсат қозонида қовурилдик ахир.

Сўнгра чуқур хўрсиниб:

— Эҳ, эҳ!.. Қани энди оёқларимда дармоним бўлса, мен ҳам томга чиқиб олардим ва ҳеч ким тушира олмасди…

 

Турк тилидан Дилноза Юсувалиева таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan