• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Кўксига ғам тоши ботиб ётади, Сояси тушгунча Парвардигорнинг…» – Шодмонқул САЛОМ

«Кўксига ғам тоши ботиб ётади, Сояси тушгунча Парвардигорнинг…» – Шодмонқул САЛОМ

СЕН ВА СИЗ

Аллоҳни “сен”лаб ё “сиз”лаб шеър ёзсам,
Ҳеч малол келмасин сенга, биродар.
Ҳар кимнинг кўзёшин тоти ўзгача,
Ҳар кимнинг қайғуси ўзига қадар.

Аллоҳнинг шундай бир денгизлари бор,
Писта пўчоғидир юз Нуҳ кемаси.
Оғзи тиқинланган бир эски хумда
Шу денгизда оқиб кетдик, чамаси.

Миллион йилдан буён шу хум ичинда,
Томорқа талашиб, давлат талашиб.
Юрибмиз тоғларга саёҳат қилиб,
Бешик ва қабр аро шошиб, адашиб.

Бобомиз оёғи тойган ул онда
Бу хум юмалаган жаннатларидан.
Самоларни сузиб тушган денгизга,
Яхшиям шум девлар илиб кетмаган.

Гўдак чоғларимда, озод тушларда
Кўрганман қуёшнинг орқа томонин.
Офтоб деганимиз – ўчоқдан учқун,
Ишонгин, сўзимнинг йўқдир ёлғони.

Шундоқ денгизнинг ҳам қирғоғи бордир,
Бир кун етишгаймиз соҳилга, жўра.
Тиқинини олиб, хумни очганда,
Менга ишонмасанг, Ўзидан сўра.

12. 05. 2021 йил

 

* * *
Ҳозир умидимдан бошқа нарсам йўқ,
Оримдан ўзгасин бериб бўлганман.
Сабр дарахтига умид ниҳолин
Ўз қўлларим билан пайванд қилганман.

Ҳозир кечалардан юлдузлар кетган,
Ҳозир кундузлар йўқ, фақат рақамлар.
Ҳозир мени асраб қолмоқлик учун,
Баҳс қилиб кўксимда чопар ҳакамлар.

Ҳозир на-да яшил, на қизил чироқ,
Фақат сариқ чироқ ёнган йўлимда.
Отанинг ўғилга муҳтожлигидай
Забун кунларимнинг шарҳи қўлимда.

Ҳозир ҳовлиларнинг симдорларига
Юрагим осилган, сўзим осилган.
Мунис нигоҳларга мағлуб, лекин ҳақ,
Менинг имонимнинг муҳри босилган.

Ҳозир шамолларга менинг арзим йўқ,
Сингану битмаган жўмард қанотим.
Кенгликларга учмоқ шиддатин асраб
Термосда турибди менинг ҳаётим.

Ҳозир изтиробнинг чоҳидадир Алп,
Қирқ газга етмайди оҳи Чиборнинг.
Кўксига ғам тоши ботиб ётади,
Сояси тушгунча Парвардигорнинг.

 

Ношуд таржимон ҳақида ривоят

Икки шоҳ учрашди, дўстона ҳамда,
Ислоҳ қилмоқ учун ўз замонини.
Улар икки тилда сўзлар шу дамда,
Чорлашди саройнинг таржимонини.

Маънодор боқишиб бир-бирларига,
Икки хил забонда жавобу сўроқ.
Ҳамкор бўлмоқ учун ўз тилларида
Шоҳлар музокара қилдилар узоқ.

Аммо таржимоннинг тили тутилди,
«Тинчлик» деган сўзни «танглик» деб айтди.
Шоҳларнинг негадир кайфи бузилди,
Қўлни қўлга бера бошлаган пайти.

Э воҳ, таржимоннинг айланди боши,
«Дўстлик» калимасин «қасдлик» деб айтди.
Шоҳларнинг тобора чимирилди қоши,
Икки халқ тақдири ҳал бўлар пайти.

Икки халқ тақдири ҳал бўлар пайти,
Ношуд таржимоннинг хатоси билан.
Шоҳларнинг ўзаро ихлоси қайтди,
Дўстлиги қасдликка айланди чиндан.

Шоҳларни шубҳалар домига тортди,
Қиличлар қонсираб йиртди қинини.
Улар жанггоҳ аро тамом унутди,
Саройнинг гуноҳкор таржимонини.

Қиссадан ҳисса шу, шоири замон,
Сен ҳам таржимонсан юрак, халқ — подшо.
Икки шоҳ қаҳридан қолсангда омон,
Бир кун сўз гуноҳи беради жазо.

2003 й.

 

* * *
Деразага бағрин босди шом,
Мени тунмас, кутмоқда хатар.
Олис шохда дилхун сайраган
Тентак қушим бундан бехабар.

Мени отиб, кейин отар тонг,
Эрта менсиз тўй қилар кундуз.
Тангрим! Менга бир малҳам юбор,
Лабларимни куйдирди юлдуз.

Нима қилган эдим, билмайман,
Кўнгил билан ўртада борим.
Ёлвораман, йўқ, нолимайман,
Фақат ҳижрон сўрди мадорим.

Ғажир каби айланар ҳаёт,
Кўланкаси – совуқ соябон.
Улар билан сенсиз қолишга
Қўрқаяпти мендаги Раҳмон.

Келганимдан бери фақат шу:
Изтироблар тенгдошим эди.
Ўзинг айтгил, сенга қўшилиб,
Бунча азоб қайлардан келди.

Деразага бағрин босар шом…

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan