• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«Ёмғирдан бошпана» – Харуки Мураками

«Ёмғирдан бошпана» – Харуки Мураками

(ҳикоя)

     Бу фикрни мен битта романдан ўқидим: «Муносиб эркак аёллар билан ётиш учун пул тўламайди.» Яхши гап…

Албатта «яхши гап» деганим менинг бу сўзлар билан келишишимни англатмайди. Мен шунчаки воқейликка шундай қараш мавжудлигини истифода этишга тайёрман. Ҳар ҳолда, дунёда, эҳтимол, бундай ишончга эга бўлган эркаклар бор.

Шахсан ўзим ҳам аёллар билан жинсий алоқа қилишга ҳеч қачон пул тўламаганман. Ҳа, илгари ростдан ҳам пул тўламаганман, аммо бу анъанани давом эттириш ройишида эмасман. Бу қарор қатъият қоидаларига эмас, кўпроқ шахсий имтиёзларга боғлиқ инчунун. Шундай экан, мен аёлга жинсий алоқа учун пул тўлайдиган эркак муносиб бўлишдан чекинади деб қатъият билан айта олмайман. Бу шунчаки тасодифий гап.

Бу ерда яна бир нарса бор. Биз ҳаммамиз у ёки бу тарзда аёлларни сотиб оламиз. Дарвоқе, кўп йиллар олдин, олис ёшлигимда, бу борада бундай ўйламасдим. Ростини айтганда, мен жинсий алоқа бепул деб ўйлардим. Бир ёқимтой бошқасини учратиб қолади(балки буни бошқа номи ҳам бордир) ва катта эҳтимол билан жинсий алоқа табиий бир алфозда аланга каби пайдо бўлади. Ёшлигимда ҳар ҳолда воқеалар шу тахлит ривожланарди. Умуман ўша пайтлар жинсий алоқа учун тўламоқчи бўлган тақдиримда ҳам, менда пул бўлмаган. Нафақат менда, унда ҳам бўлмаган пул. Эсимда бир гал мен бир кечаю кундузга ғалати бир қиз билан қолгандим, эртаси куни эрталаб биз суюқ кофе ичдик, эскирган булка нонни бирга баҳам кўрдик ва бу жуда яхши бўлди.

Аммо кексара бошлаганимиз сари ҳаётга инсон бошқача қарай бошларкан. Энди бизнинг мавжудлик шаклимиз бирон бир нарса яратмайди, аммо бўлинмас бутунлик бўлиб қолаверамиз. Биз қиладиган амаллар: ишга бориш, севимли китобларни ўқиш, сайловларга овоз бериш, тунги ўйинларни тамоша қилиш, аёллар билан ётиш – барча-барчаси алоҳида ҳаракатлар занжири эмас, балки шунчаки бир ҳаракат силсиласидир.    Шундан келиб чиқилса, жинсий ҳаётнинг иқтисодий томони иқтисодий ҳаётнинг жинсий томонига айланиши мумкин.

Ҳар ҳолда мен ҳозир шундай ўйлайман. Бу шуни англатадики, мен ўқиган роман қаҳрамонига эргашиб, муносиб одам пул тўлаб аёллар билан ётмайди, деб қатъиян таъкидлай оламан. Бу менинг танловим. Мен илгари айтган эдимки, ҳар куни ҳар хил нарсаларни сотиб олиш, сотиш ва алмаштириш, охир-оқибат сотиш ва сотиб олиш оқибатларини тушунишни тўхтатишга олиб келади.

Сўз билан тушунтириш қийин, аммо мен шундай ўйлайман. Ёмғирли кунда мен билан барда суҳбатлашган қиз бир неча йил олдин пул учун бегоналар билан ётганини айтиб берганида мен жуда ҳайрон қолдим.

Биз Омотэ сандо ва Сибуя оралиғидаги замонавий бар-ресторанда ўтирдик. У ерда барнинг мрамор устунли тоқи остида француз салати ва учинчи навли Канада вискиси буюртма қилиб Дорис Дэйнинг карнайдан таралаётган «Бу сеҳрдир» куйини тинглаб ўтирардик. Бундай жойларда одатда дизайнерлар ва рассомлар йиғилиб шаҳвоний инқилоб ҳақида суҳбатлашишни яхши кўрадилар. Бундай масканлар ҳар бир даврда мавжуд бўлган – улар юз йил илгари ҳам бор эди, юз йилдан кейин ҳам бўлар эҳтимол.

Мен йўлдан ўтиб кетаётган эдим, тўсатдан ёмғир қуйди – табиийки мен шу ерда қўним топиб туриш фикрида ичкарига кирдим. Сибуядаги иш бўйича учрашувдан сўнг, мен уйга етиб олгач «Peid Piper» пластинкасини тинглайман деган қарорда йўлга чиққандим, лекин ёмғирда қолдим. Оқшом энди қуйилаётганди ва барда деярли одамлар йўқ эди. Бу ернинг бир қулайлиги кўчага қараган ойнаси орқали ташқарида нима бўлаётганлигини билиш мумкин эди ва шу боис мен шу ерда бир бокал пиво буюртириб ёмғирни тинишини кутишга қарор қилдим. Портфелимда янги сотиб олган китобларим бор эди, батаҳқиқ зерикишдан қўрқмасам ҳам бўларди.

Буюртма китобини очганимда – биргина импорт пивонинг йигирма хил наъви борлигига кўзим тушди. Бироз иккиланиб биттасини тасодифан танладим-да пиво учун писта буюртма қилдим.

Ёз якун топаётганлиги шаҳар ҳавосида яққол сезилиб турарди. Қизлар ўтган вақт оралиғида офтобда роса қорайишган ва буни эҳтимол ўзлари ҳам яхши билишарди. Шаррос ёмғир шаҳарнинг куйиккан чанқоғини босди, асфальтнинг чанг гардини қора рангга бўяди.

Мен Сол Беллоунинг янги китобини ўқиётган эдим, шу маҳал ичкарига шовқинли бир гуруҳ кириб келганча ҳўл соябонларини атрофга силкита бошлади. Сол Беллоунинг аксарият романлари ёмғирдан сақланиб осуда жойда вақт ўтказадиган одамга жуда фойдали, аммо бу тахлит халақит берадиган тоифалар туфайли китобни ёпдим. Мен писта чаққанча кириб келганлар жамоасини кузата бошладим. Улар етти киши эди – тўрт эркак ва уч аёл. Қора рамкадаги доирасимон кўзойнаклар таққан, бели кенг шим ва юмшоқ пахтали «гавайича» уст-бошлар кийган, сочлари замонавий услубда таралган бу тўдадагиларнинг тахминий ёши 21 ёшдан 29 ёшгача эди чамамда.

Улар марказий залдаги овалсимон катта столга ўтиришди. Афтидан улар бу ерда яхшигина таниқли эдилар – зеро уларни кўриши билан официант дарҳол бир шиша виски билан челакда муз олиб олиб келди ва шундан кейингина уларга буюртма китобчасини тарқатди. Мен уларни кимлигини билмасамда, бу ерда нега келишганларини ўзимча тахмин қилдим. Шубҳасиз улар янги лойиҳадан олдин учрашиш учун йиғилишган ёки эски бирор муҳокамани давом эттириш мақсадида келишган. Дастлаб улар маст бўлишади, охир-оқибат бу ҳол бутун даврага татийди, сўнг бир-бирларига қўл бериб тарқалишади. Эҳтимол қизлардан бири ҳам аниқ маст бўлади, эркаклардан бири уни таксига кузатиб қўйишга боради, агар уни омади келса, унинг кароватига шўнғиш бахтига муваффақ бўлади. Бир асрдан ошиқ танилган мумтоз сюжет бу.

Мен уларга қарашдан чарчаб деразага тикилдим. Ёмғир ёғишда давом этарди. Осмоннинг бадқовоқ нигоҳига қараганимда, у худди қопқоқ билан ёпилгандек қоронғу тусга кирган ва бу мен ўйлаганимдн кўра узоқроқ ёғадиганга ўхшарди. Кўчанинг ҳар икки тарақида ҳам йиғилган сув тезкор оқимда оқиб ётарди. Кўчанинг нариги тарафидаги эски емакхонада идишларда қайнатилган ловия, қуритилган турп ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш этиларди. Катта оқ мушук ёмғирдан қочиб юк машинаси остидан ўзига бошпана топди.

Кўчани бироз тамоша қилгач, яна нигоҳимни залга қаратарканча, китобни олиб қўйиб писта чақарканман, қизлардан бири столимга келиб мени исмимни айтди. У ўша мен кузатаётган даврадаги қизлардан бири эди.

– Мен адашмадим, тўғрими? – деб сўради у.

Мен унинг юзига диққат қилдим. Кўринишидан таниш, лекин у ким? Эслолмаганимни очиқчаси тан олдим. Қиз стулни тортиб қарама-қарши тарафимда ўтирди.

– Aслини олганда, мен сиз билан илгари суҳбатлашганман, жаноб Мураками, – деди у.

Мен уни эсладим! Ўша пайтда мен биринчи китобимни чиқаргандим, тахминан беш йиллар олдин. Ўшанда қаршимдаги бу хоним йирик нашриётга тегишли аёллар журналида муҳаррир бўлиб ишларди ва у адабий рукн учун мен билан интервью уюштирганди. Бу айнан ўша қиз! Ўша интервью менинг ёзувчи сифатидаги биринчи интервьюм эди. У пайтлар унинг узун сочлари бор ва у жуда чиройли кийинарди. Унинг мендан тўрт ёш кичиклиги ҳам эсимда.

– Мен сизни танидим, фақат сиз энди янгича услубдасиз, – жавоб қилдим унга.

– Эътиборни тортаман, тўғрими? – у кулиб юборди.

Унинг сўнги русумга мувофиқ қисқартирилган сочлари, қумранг куйлаги, худди вилосепид қопқоғидан ясалгандек таъассурот уйғотувчи қулоғидаги икки темир халқа уни ўзгача кўрсатарди. Юзи жуда чиройли, бамисоли ҳайкал каби, дарвоқе, бу унга мос ва хоссатан унга жуда ярашган услуб эди.

Мен официантни чақирдим ва музи билан қўшалоқ виски буюртирдим. У мендан қайси навни афзал кўришимни сўради. Мен кўнгил очиш учун «Chivas Regal» жуда яхшилигини айтдим, шунақа виски бор эди. Ундан нима ичишни хоҳлашини сўрадим.

– Сиз нима хоҳласангиз шуни, – деб жавоб берди у.

Мен музи билан иккита «Chivas» олиб келишларини сўрадим.

– Уларнинг ёнида бўлмаслигингиз ноқулайлик туғдирмайдими? – дея сўрадим марказий стол томонга қараб қўярканман.

– Ҳеч ҳам, – иккиланмасдан жавоб берди у, – бу оддий ишбилармонлик йиғиишимиз, қолаверса, биз аллақачон иш масалаларида гаплашиб бўлдик.

Официант виски олиб келди, биз бир қултумдан ичишга ҳам улгурдик. Менга таниш «Chivas»нинг хушбўй ҳиди келди.

– Жаноб Мураками бизнинг журнал ёпилганидан хабарингиз борми? – деб сўради у.

Мен бу ҳақда бирор бир гап эшитмагандим. Журнал яхши обрўга эгалигига қарамай, сотуви яхши бўлмаган экан, натижада ношир ундан воз кечган.

– Мени маъмурий бўлимга ўтказмоқчи эдилар, – жаҳл билан сўзлади у. – Ақлсизлар! Мен узоқ вақт улар билан тортишдим, барибир улар менинг бирор-бир шартимни қабул қилмадилар. Мен ҳаммасидан чарчадим ва охир бу ишни ташладим.

– Бу яхши журнал эди, – дедим мен.

У икки йил олдин баҳорда, уч йил бирга юрган йигити билан ажралишгач ишдан кетган. Барча тафсилотларига тўхталиб ўтмоқчимасман, лекин бу икки воқеа бир-бири билан чамбарчас боғлиқ эди. Сирасини айтганда, улар ўша журналда муҳаррир сифатида бирга ишлардилар. Эркак ундан ўн ёш катта, хотини ва икки фарзанди бор эди. У ажрашмоқчи эмас ва унга буни бошидаёқ аниқ айтганди. У Танасида яшаган ва қиз ижарага олган Сэндагай яқинидаги клуб меҳмонхонасида шошилинч иш вақтлари баҳонасида ҳафтада икки-уч марта тунаб турарди. Улар ҳеч қачон бекорга таваккал қилмаганлар. Эркак бу каби масалаларда жуда тажрибали ва эҳтиёткор эди, у ўзига нима қулайлигини биларди. Уларнинг муносабатлари уч йил яширинча давом этди. Таҳририятдагилар ҳатто уларни бирга яашини билишмаган.

– Ҳа, – жавоб бераман мен гарчи бу оддий воқеа бўлса ҳам.

Журнални ёпиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг, кадрлар алмашинуви тўғрисида ходимларга эълон қилинди, уни аёллар ҳафталигида бош муҳаррир ўринбосари сифатида тайинламоқчи эди. Қиз норозилик билдирди, уни муҳаррирлик лавозимига қўйишни талаб қилди, чунки у бу ерда муҳаррир сифатида иш бошлаганди, уни энди муҳаррирлик лавозими йўқ деб қатъиян рад этишди. Улар унга бир-икки йил кутинг, кейин кўрамиз, балки таҳририятга оламиз дейишди. У бунга ишонмади. Кўз олдида шу пайтгача таҳририятдан четлатилган ходимлар ҳеч қачон унга қайтиб келмаганликлари, қайтган ходимлар ҳам реклама ва маъмурий бўлимда қайтганлиги ҳақида бир неча мисоллар ўтди. Аввалига бошлиқлар бир йил кутиб туришингизни сўрашади, кейин икки, уч, тўрт ва ахийри ҳеч ким сизни етакчи муҳаррир сифатида қабул қилмасликларини тушуниб етасиз. Ҳа, бу унинг ҳам йўли эмас экан.

У севгилисидан уни бошқа бўлимга ўтказишга ёрдам беришини сўради. Йигити уриниб кўринишини ва агар ёрдам беролмаса, ундан хафа бўлмаслигини олдиндан огоҳлантирди. Унинг айтишича, у ҳали етарли ваколатга эга эмас ва қиз учун ортиқча қатъият кўрсатиши ҳар хил шубҳага сабаб бўлиши мумкин. Яхшиси ҳозирча маъмурий бўлимга бир-икки йил бардош бериш керак, шу вақт ичида у янада кўпроқ ишончга эга бўлади ва уни ўз бўлимига олиб қолишга ҳаракат қилади.

– Ҳа, айнан шундай йўл тутган маъқул, бу энг яхши вариант, – деди йигити унга.

Ёлғон, деб ўйлади у. Бор гап шуки, у қўрқади. Қиз ҳалинчакдан сакраб тушаркан, шу ҳолда ўлимидан ҳам хурсанд бўлишини ўйлади, лекин ҳозир бармоқларини ҳам кўтарадиган ҳолатда эмасди.

Эркакнинг сўзини тингларкан, стол остида қўллари қаттиқ титраганини ҳис қилди. У нафақат ўзини-ўзи, балки атрофидагилар ҳам уни оёқ ости қилаяпти деб ўйлади. Қиз унга кофе дамламоқчи эди, лекин бу ахмоқ бунга арзимайди йўқ.

– Балки сиз ҳақдирсиз, – деди шунга қарамай унга жилмайиб қўяркан. Эртасига у истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёзди.

– Сиз менинг ҳикоямдан чарчамадингизми? – деди у менга назар ташларкан.

Сўнг вискига тамшанди, бармоқлари билан писта донини очаркан, ичимликдан бир қултум ичди. Унинг овози менга ўзига таскин излаётгандек туюлди.

– Чарчаганим йўқ, – деб жавоб бердим мен унга синчиклаб қарарканман.

У писта пўчоғини кулдонга ташлади.

– Мен ўзим ҳам билмайман, нега бу ҳақда бирдан гап бошладим, – деди у. – Номаълум сабабларга кўра, сизни кўргач жаноб Мураками, мен қандайдир ностальгиядан ҳаёжонландим.

– Ностальгия дейсизсизми? – мен ҳайрон бўлиб сўрадим.

Биз бир-биримизни бор-йўғи икки марта кўргандик, шунда ҳам ҳеч қачон шахсий мавзуларда гаплашмаганмиз.

– Мен буни қандай изоҳлашни билмайман, лекин сизни кўргач, худди эски танишимни кўргандекман, гарчи ҳозир бошқа-бошқа дунёда яшасак-да, бир вақтлар жуда яқин бўлгандекмиз… Аслида жуда яқиндан мулоқот қилмаган бўлсак-да, менга шундай туюлмоқда. Мени тушуняпсизми?

– Тушунаётганга ўхшайман, – деб жавоб бердим мен.

Унинг учун мен шунчаки рамзий белги эди, бу бир ритуал эди – инчунун мен одатдаги дунёга тегишли бўлмаган одам бўлсам керак. Ғалати ўйловлар миямда ғужғон ўйнарди.

Мен асли қайси дунёга мансуб эканлигимни чамалардим.

Бу у билан боғлиқ бўлмаган қийин савол. Унга бу ҳақда гапириб ўтирмадим. Шунчаки, сизни тушунаётгандекман деб жавоб қилдим холос.

У яна писта олиб бош бармоғи билан уни қобиғини очди.

– Сиз тушунишингиз керак, мен ҳаммага очиқ айтмайман, – деди у. – Бу ҳақда кимгадир биринчи маротаба айтмоқдаман.

Мен бош ирғадим.

Дераза ташқарисида ёзги ёмғир ҳамон қуярди. У писта пўчоғини қўлида бураб айлантиркан, уни кулдонга ташлаб, сўзини давом эттирди.

Айтишича ишдан бўшатилганидан сўнг, у дарҳол таниқли муҳаррирларга, фотосуратчиларга ва мустақил ёзувчиларга қўнғироқ қилиб, нашриётдан кетганини ва эндиликда иш қидираётганини билдирган. Уларнинг баъзилари ёрдам беришга ваъда қилди, ҳатто биттаси эртагаёқ ишга келишга таклиф қилди. Булар асосан жамоат ва шаҳар нашрлари, мода кийимлари катологларини чиқарадиган аҳамиятсиз вакант ўринлар эди, гарчи ҳозирги шароитда бу ишлар ҳам унга нашриётдаги маъмурий бўлимдаги ишлардан кўра яхши вариант бўлиб туюлди. Унга иккита ўрин ваъда қилган ваканцияни қабул қилса, аввалги даромадини сақлаб қолиши мумкинлигини ўйлаб онгли суръатда тинчланди. У бу ҳақда ўйларкан, янги иш бошлашнинг бир ойга қолдиришни ва ҳеч нарса қилмасдан, китоб ўқиш, фильм тамоша қилиш ва қисқа саёҳатлар билан вақт ўтказишга қарор қилди. Ишдан бўшатилиши муносабати билан берилган якуний тўлов пули унга бир мунча вақт уй хўжалигини унутишга ёрдам берди. У журналда иш юритган вақтида танишиб қолган стилистнинг олдига борди ва қисқа соч турмаклари бўйича сартарошлик қила бошлади. Стилист тавсиясига кўра, у айтган дўконларга бориб соч турмаклаш учун керак бўладиган кийим-кечак, пойабзал, сумка ва бошқа аксессуарларни сотиб олди.

Ишдан бўшатилганидан сўнг, икки кун ўтиб собиқ ҳамкасби – севгилиси унга қўнғироқ қилди. У ўзини таништирганда у индамай гўшакни қўйиб қўйди. Ўн беш сониядан сўнг, яна қўнғироқ жиринглади. У телефонни кўтарганда, бу яна у эканлигини билди. Бу сафар телефонни ўчирмади, шунчаки уни сумкасига ташлаб уни ёпиб қўйди. Телефон бошқа жирингламади.

Таътил вақтини ўлчовли ҳисоблагани учун саёҳатга чиқмади. У ўзи унча саёҳатни ёқтирмасди ҳам, қолаверса эндиликда севгилиси билан алоқани узганидан сўнг, йигирма саккиз ёшли аёлнинг сафарга чиқиши унга бироз эриш туюлди. Уйда қоларкан, уч кун ичида бешта фильм тамоша қилди, концертга борди, Роппонгидаги барда жазз тинглади. Узоқ вақт давомида ўқилмасдан қабатида ётган баъзи китобларни ўқиди. Пастинкаларни тинглади. Спорт дўконлридан кроссовкалар ва тайтлар сотиб олди ва ҳар куни яшайдиган ҳудуди атрофида ўн беш дақиқа югурди.

Биринчи ҳафта яхши ўтди. У севимли машғулотлар билан шуғулланаркан, асабий ишдан узоқлигидан чинакамига завқланди. У баъзида хушнуд кайфиятда бўлганда, кечки овқат пиширарди ҳамда бир стакан пиво ёки шароб билан ёлғизликда ўтирарди.

Ўн кунлик шундай дам олишдан сўнг, ичида нимадир ўзгарганлигини сезди. Энди тамоша қилишга битта ҳам фильм қолмаганди, пластинкаларни бошқа тинглай олмади, дилгир мусиқа уни қайтанга безовта қилди, китобларни ўқишдан эса боши оғриди. Пиширган овқатлари бемазадек туюлди. Охир-оқибат даҳшатли авзога эга бўлган ёшлик ортидан югуришни тўхтатди. Унинг асаблари ғалати даражада таранглашди, у тунда уйғониб кетадиган бўлди, бундай чоғларда зулматдан унга кимдир қараб турганини ҳис қиларди. Ўшандай соатларда у осмон ёришгунча узоқ вақт чойшаб остида титрарди. Иштаҳасини шу куйи йўқотди, кун бўйи ғазабланиб юрадиган бўлди. Аммо ҳеч нарса қилишни хоҳламасди.

У дўстларига қўнғироқ қилишга уринди. Кўпчилиги у билан суҳбатлашди, ҳатто маслаҳатлар берди, аммо уларнинг барчаси иш билан банд эди ва у билан доимо алоқа қила олмадилар.

«Икки кундан сўнг, бир муҳим иш тугайди, олдингга борамиз, бирор жойга ўтирамиз» дейишди уларнинг баъзилари, аммо ўша кунлар ўтиши билан дарҳол яна бошқа иш чиқиб қолганини айтишарди.

Унинг ўзи сўнги олти йил давомида шундай яшаганди ва буни қандай содир бўлишини жуда яхши тушунарди, шунинг учун у уларга бошқа қўнғироқ қилмасликка ва уларни бекорга безовта қилмасликка ҳаракат қилди.

Оқшомлари уй жуда хира тортиб қолганда, у янги кийимларини кийиб, Роппонги ёки Аоямадаги шинам барга борар, то бар ёпилгунча ўша ерда ёлғиз коктейл ичиб ўтирарди. Баъзида унга омад кулиб боққанда, у барда эски танишларини учратиб қолар ва улар билан суҳбатлашиб вақтни ўлдирарди. Муваффаққиятсиз оқшомларда эса(аксарият ҳолларда шундай бўлган) у ерда ҳеч кимни учратмасди. Бас, унга омад кулиб боқмаган экан, у бу тахлит яшашдан этагини кўтарди, кутилмаганда поездда учраган номаълум одамнинг жинсий тажавузкорлигига қаршилик билдирмади. Шунда у ўзини ўн бир миллион шаҳарда жуда ёлғиз ҳис қилди. Шундан сўнг унга учраган биринчи жинсий шерик ўрта ёшли шифокор билан танишиб қолди. У жозибали, чиройли костюмда эди. Кейинчалик у уни эллик бир ёшда эканлигини билди. У кечқурун Роппонгидаги жазз клубида ўтирганда унга йўлиқди:

– Сизнинг ҳамкасбингиз кечикаётганга ўхшайди? Тасаввур қилаяпсизми, менда ҳам шу ҳол. Улардан бири пайдо бўлгунча суҳбатлашиб ўтирсак, нима дейсиз? – бундай пайтда бундан бўлак бемаъниликни ўйлаб топиш мушкул. Бу эски ҳийла-найрангни бир тури, аммо унинг овози шу қадар ёқимли эдики, бир лаҳзалик иккиланиб тургач у бунга қарши эмаслигини билдирди.

Улар пианино триосини тинглаганча суюлтирилган шакар сиропини эслатувчи «Jack Deniel’s»дан ичиб ўтиришди(бу бардан унинг шишаси доимо топиларди), суҳбатлашган пайтлари(Роппонги ҳақидаги турли воқеотлар ёдига тушди). Албатта унинг кутилган ҳамроҳи қорасини ҳам кўрсатмади. Соат кафтгири ўн бирдан ошганда, у бирон тинчроқ жойга боришни таклиф қилди. У Коэндзига қайтиб кетолмаслигини айтди. Агар хоҳласа, уни машинада уйига олиб бориб қўйишга ваъда берди. У уйга боришини, унга ҳамроҳ шартмаслигини билдирди. Шериги яқин ўртада квартира борлигини у ерда бирга тунаб қолишга ҳоли қандайлигини сўради. Агар истамаса бунга қаршилиги йўқлигини айтди. У ҳеч нарса демади. Ҳамроҳи ҳам индамади.

– Мен жуда қимматман, – у буни қандай айтганини дафъатан тушунмади. Сўзлар энг табиий тарзда лабларидан учиб чиқди. Гарчи сўзлар чумчуқ эмас инчунун.

У лабларини тишлаб суҳбатдошига тикилди. У жилмайди ва яна виски қуйди.

– Яхши, – деди у. -Нархини айтинг?..

– Етмиш минг иена, – деди у бир онда.

Айнан нима учун етмиш минг? Бу жуда асоссиз рақам эди. Аммо у бу муддат етмиш минг бўлишига ишонди. Бундан ташқари, у бундай сўмма ҳар қандай одамни дарҳол рад қилишга олиб келади деб умид қилди.

– Ва француз ресторанида кечки овқат, – деди у вискини ютиб ўрнидан қўзғаларкан. – Қани кетдик.

– Сиз уни шифокор деб айтганмидингиз? – дейман мен.

– Ҳа, – дейди у.

– Ветеренария шифокори, – жавоб қилади у. – Сетагайда ветеренария шифокорлигини айтган менга.

– Ветеринар эканда, – дейман мен.

Сўнг ўйлайман, ветеринария шифокорлари наҳот аёлларни сотиб олса-я? Гарчи улар аллақачон аёлларни сотиб олаётган бўлса-да, бунга ишонолмайсан. Алқисса, ўша ветеринар унга француз ресторанидан кечки овқат олиб берди, кейин уни Камиятё чорраҳаси яқинидаги бир хонали квартирага олиб борди. У унга жуда яхши муносабатда бўлди. Унга қўполлик қилмади, бузуқилик талаб этмади. Улар осойишта ишқий муносабатларга киришишди, сўнг бир соатча танаффус қилиб, яна севги муносабатларида давом этишди. Аввалига бу ғалати вазият уни саросимага солди, аммо тез орада шеригининг сезгир эркалашлари таъсирида беҳуда фикрларни қувиб солди ва ўзини бутунлай жинсий ҳаётга бахш этди. Шундан сўнг у чўмилиб олди ва кўзларини юмиб бироз ётди. Шу лаҳзаларда англадики, кейинги кунларда унинг ичида ўрнашиб танда қўйган ғазаб из қолдирмасдан бутунлай ғойиб бўлганди.

– Ҳаммаси яхши, – ўйлади у. – Нега бундай бўлди?..

Эрталаб уйғонганида соат ўнни кўрсатарди – эркак аллақачон ишига кетган эди. Стол устида етмиш минг купюра ва квартиранинг калити солинган конверт ётарди. Унда кетаётганда калитни почта қутисига ташлаш ҳақида битик ёзилганди. Яна унда музлаткичда олма пироги, сут ва мевалар борлиги айтилганди.

Мактуб якунида: «Агар қарши бўлмасангиз, мен яна сиз билан учрашишни истардим, ўзингиз истаган кунда менга қўнғироқ қилинг. Мен ҳар доим бирдан бешгача гаплаша оламан,» деб ёзилганди. Хатнинг яқин атрофида чорва моллари клиникасининг ташриф қоғози ётарди. Унда 22-11 билан тугайдиган телефон рақами ёзилган, унинг тепасида эса «meow-meow-woof-woof» деб ёзиб қўйилганди. У хат ва ташриф қоғозини тўрт бўлакка бўлиб ошхона газида ёқди. Пулни эса сумкасига солиб қўйди. Совутгичдаги овқатларга ҳам тегмади. Такси ушлади ва уйга келди.

– Ўша воқеадан кейин мен яна бир неча маротаба пул учун эркаклар билан ётдим, – деди у, мен уни жимгина эшитиб ўтирдим.

Тирсакларимни стол устида қўйганча бармоқларимни юмилган лабларимга теккиздим. Ниҳоят официантни чақириб яна икки шиша виски буюрдим. Буюртма олиб келинди.

– Йўқ, керак эмас, хавотирланманг, ҳаммаси жойида, – жавоб қилди у.

Биз муз солинган вискидан сипқордик.

– Сиздан бир нарса сўрасам майлими? Бироз беандиша очиқроқ гап? – сўрадим ундан.

– Албатта мумкин, – у кўзларини катта очиб менга қаради. – Ахир мен сизга борлиғимни очдим, жаноб Мураками, чунки мен аввал бошданоқ очиқчасига суҳбатлашмоқчи эдим.

Мен сўнги писталарни чақарканман сўрадим:

– Қолганлардан ҳам етмиш минг олдингизми?

– Йўқ, – деб жавоб берди у, – ҳар гал ўзим кутмаган ҳолда турлича миқдор белгиладим. Энг катта сўмма саксон минг, энг ками эса қирқ минг эди. Мен суҳбатдошимга қарардим ва интуитив равишда сўммани белгилардим. Қизиғи мени ҳеч қачон рад этишмаган.

– Ажойиб, – дедим мен.

У кулиб юборди.

Таътил вақтида у жами бешта эркак билан ётибди. Уларнинг барчаси яхши кийинган, қирқ-эллик атрофидаги жаноблар эди. У уларни танишларини учратмаганда топарди ва иккинчи гал бу гўшага қайтиб кўриниш бермасди. Одатда улар меҳмонхоналарда ошиқ-маъшуқ бўлишган, – эркаклар хона учун алоҳида пул тўлашган. Фақат у бир марта номатлуб одамга учраб ғалати тарзда кийинишга мажбур бўлди, қолган шериклар мутлақо муносиб одамлар эди, шунга қарамай уларнинг бари тўланиши керак бўлган пулни тўла-тўкис тўладилар.

Ниҳоят таътил вақти тугади. У энди яна фавқултабиий вазиятдан фавқулоддаги ҳаёт ичра шўнғиб кетди. Энди унга нафақат жамоат ва шаҳар журналларининг, билъакс, катта нашриётларнинг обрўси ва катологларининг ҳеч қандай аҳамияти йўқлигини, у ўзи хоҳлаганча ишлаши ва яшаши мумкинлигини ҳис қилди. Эҳтимол у энди ўзини аввалгидан бахтли ҳис қиларди. У энди ортиқ эркаклар билан ётишни хоҳламасди, шу боис, ўзидан икки ёш катта фотограф билан учрашди. У ишини яхши кўради, гарчи ҳозирда турмуш қуриш ҳақида ўйламайди, лекин яқин икки-уч йил ичида бу ҳақида ўйлаб кўриши мумкин.

– Агар бу содир бўлса, мен сизни жаноб Мураками тўйга чақираман, – деди у.

Мен блокнотимга ўзимнинг манзилимни ёзиб бердим ва варақни йиртиб унга узатдим. У миннатдорчилик билдирди.

– Дарвоқе, – сўрадим мен, – ўша эркаклар билан жинсий алоқада бўлганлигингиз учун олган пулингизни нима қилдингиз?

У кўзларини юмди, вискидан бир қултум ютди ва кутилмаганда сўради:

– Ўша пулларни нима қилган деб ўйлайсиз?

– Мен уни банкка уч йиллик муддатга омонатга қўйдим.

Мен кулдим, у ҳам жилмайди.

– Эҳтимол, омонат муддати тугаганда мен аллақачон турмуш қурган бўламан ва бу пул менга халақит бермайди. Тўғрими?!

Марказий столда ўтирган шериклари уни баланд овозда чақиришади. Орқага ўгирилиб, у қўлини силкитади.

– Мен боришим керак, – дейди у. – Кечирасиз, сизга шунча гапирдим.

– Бу ўринлими-йўқми билмайман, лекин сизнинг ҳикоянгиз менга жуда қизиқ туюлди, – жавоб бераман мен.

У ўрнидан турди ва жилмайди. Унинг жуда чиройли табассуми бор эди.

– Эшитинг, – дедим мен, – агар сиз билан пул тўлаб ётмоқчи бўлсам, нима деган бўлардингиз? Тасаввур қилинг, мабодо?

– Қанча миқдорни белгилаган бўлардингиз?

У хўрсинда ва уч сония ўйлади. Сўнг табассум билан деди:

– Йигирма минг.

Мен шим чўнтагимдаги ҳамёнимда йигирма саккиз минг борлигини чамаладим. Бу меҳмонхона, бу ердаги ҳисоб-китобни тўлаш, шунингдек қайтиб кетадиган поезд чиптасига етарли пул эди.

Дарҳақиқат, у миқдор белгилашда адашмаганди.

– Оқшомингиз хайрли ўтсин, – дедим мен.

Ташқарига чиққанимда ёмғир тўхтаганди. Ёз ёмғири узоқ давом этмайди. Осмонда ғайриоддий юлдуз чарақлаб турарди. Олдида юк машинаси турган дўкон ёпилганига анча бўлган, у ерда ёмғирдан паноҳ топган мушук аллақачон ғойиб бўлганди. Мен намхуш кўча бўйлаб Омотэсандо тарафга юрдим, очлигимни ҳис қилиб балиқ дўконига кирдим ва илонбалиққа буюртма бердим.

Мен бир илонбалиқни еганча, у билан йигирма минг бериб ётишимни тасаввур қилдим. Мен у билан жунуб қилишим жуда яхши бўлади деб ўйладим, лекин бунинг учун пул тўлаш барибир ғалати бўларди.

Мен ўтмишни эсладим, унда жинсий алоқа худди ўрмондаги ёнғин каби бепул эди. Ҳа, у чиндан ҳам бепул эди, худди ўрмондаги ёнғин сингари…

Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan