• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Булоғимиз боши қаердан тилим…» – Иброҳим ПАЙДО

«Булоғимиз боши қаердан тилим…» – Иброҳим ПАЙДО

ТИЛИМ

 

Ўн минг йил аввалми ё ундан нари,

Дунё ишинг бунча чигал, тескари,

Туркийча аталган дарёлар бари,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

О, улуғ “Авесто” бир назар ташла,

Ёлвориб сўрайман бирор сўз бошла,

Уни ёзгансанку сабр-бардош-ла,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

Энасой туркийдир, Дунай туркийдир,

Ё Раб, Ўрҳун эди туркий бирма-бир,

Ўйларга кўмилиб этгайман сабр,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

О, Маҳмуд Қашғарий сенга сўзим бор,

“Луғоти турк” дея  ёздинг бетакрор,

Менга айтмайсанми, бўлсанг хабардор,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

Зукко бобом менинг Юсуф Хос Ҳожиб,

Умрингни ўтказдинг туркий битик деб,

Дунёни қамрайди бу муқаддас ип,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

Онасин йўқотган бўталоқдай хор,

Мен булоқ бошини излайман ночор,

Бунинг охирига етмоғим ҳам бор,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

Бобом, бобожоним Аҳмад Югнакий,

Минг ёнса ёнгин-у, майли, куйсанг куй,

Тангри деган сўз ҳув тонг елидир-ку,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

“Тунюқуқ” битиги ўйга толдирар,

Минг-минг йил наридан ақлим олдилар,

Туркий нега бундай ёйиқ қолдилар,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

“Авесто” битиги зарҳал ёзувлар,

Балхда Искандарни ёққанлиги бор,

Оловларда ёндинг бўлиблар бемор,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

Олис Сибирдаги Ёқубмисан сен,

Ёки Булғормисан, бир ўтмисан сен,

Венгер элимисан, бургутмисан сен,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

Кўҳна Астробот, бу Астрахан,

Ҳазрати Навоий сургун этилган,

Бу сўзлар қалбимни тилгани тилган,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

О, қояли тоғлар, муқаддас қирим,

Нега гапирмасдан жим турасан, жим,

Улуғ бир шоира Ахмат Анна ким,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

Ўлжас шаштингни бер, садағанг кетай,

Сен бошлаган йўлни мен кечиб ўтай,

Йўқса, Чингиз Айтмат сен айт, мен нетай,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган элим.

 

Бироз ҳомуш тортдим ўксиниб, хориб,

Куйиб, ёниб ўтди Абдулла Ориф,

Энди сўрарим бор хаққа ёлвориб,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

Сел бўлди юрагим, ахир, сел бўлди,

Бу қандай бетартиб, айри эл бўлди,

Ўзини билмаган қандай тил бўлди,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

Эллар кенгаяди тўғри, бу ростдир,

Тиллар бир-бирига ёндош барибир,

Кечилиб кетилган, эй туркий тақдир,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

Бугун бир нарсага ҳайрон қарайман,

Қадимий девордай беҳол нурайман,

Эй туркий қароғим, сендан сўрайман,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

 

Муборак онлар бу, муборак кунлар,

Тилимиз ҳақида буюк учқунлар,

“Алп Эр Тўнга”лармиз, қадимий ҳурлар,

Булоғимиз боши қаердан тилим,

Бизни кимлар бундай айирган тилим.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan