• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
Она тилимиз ҳақида шеърлар

Она тилимиз ҳақида шеърлар

Алишер Навоий

 

ТУРКИЙ ТИЛ НАЗДИДА

 

* * *

Чунки топтим ул калом ичра камол,

Турк алфози била сурдум мақол…

Турк назмида чу мен тортиб қалам,

Айладим ул мамлакатни якқалам…

 

* * *

Мен туркча бошлабон ривоят,

Қилдим бу фасонани ҳикоят;

 

Ким шуҳрати жаҳонга тўлғай,

Турки била дағи баҳра олғай.

 

Чунки бу кун жаҳонда атрок

Кўптур хуш табъ, соф идрок…

 

Аваз Ўтар

 

ТИЛ

 

Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,

Тил воситаи  робитаи оламиёндур1.

 

Ғайри тилини саъй қилинг билгали ёшлар,

Ким илму ҳунарлар билаки андин аёндур.

 

Лозим сиза ҳар тилни билув она тилидек,

Билмакка они ғайрат этинг, фоида кондур.

 

Илму фан уйига юборинглар болангизни,

Онда ўқуғонлар бори яктойи замондур.

 

Зор ўлмасун онлар дағи тил билмай Аваздек,

Тил билмаганидан они бағри тўла қондур.

 

Миртемир

 

ОНА ТИЛИМ

 

Ёбонларнинг чексизлиги,

Ҳам самуми, ҳам ҳовури,

Онажонлар алласидан,

Қўз ёшидан, оқ сутидан;

Тўқайларнинг тенгсизлиги,

Жилғаларнинг шўх ғовури,

Йигитларнинг ялласидан,

Сулувларнинг сукутидан —

Йўғрилган тил —

Она тилим.

 

Дарёларнинг тошқин пайти

Арслон янглиғ ариллаши,

Довонларнинг кўк қиёси,

Қорли тоғлар жилосидан,

Чўпонларнинг қамиш байти,

Чилдирманинг дариллаши,

Гўрўғлининг алп сиймоси,

Алпомишнинг даъвосидан —

Туғилган тил —

Она тилим.

 

Тулпорларнинг асовлиги,

Тош чақиши, оловлиги,

Боболарнинг олтин сўзи,

Бўёқчининг ўланидан:

Тўқувчининг алғовлиги,

Чилангарнинг далғовлиги,

Бу тупроқнинг қўш ҳўкизи,

Қўшчиси ҳам қўланидан —

Яралган тил —

Она тилим.

 

Шу тупроқнинг жон аямас

Тарлонлари, бургутлари,

Келинларнинг дилдошлиги,

Ёр-ёрларнинг жарангидан;

Босқинларнинг бедодлиги,

Бувиларнинг ўгитлари,

Дўмбиранинг мунгдошлиги,

Дуторнинг ҳам тарангидан —

Таралган тил —

Она тилим.

 

Элбек

 

ТИЛ

 

Мунгли қушим, сайраб-сайраб кел, англат,

Кимлар эрур Турк тилини сотғучи?

Булбул каби сайраб турган бу тилни

Уялмайин бу ўлкадан отгучи?

Болдай тотли, жондан азиз туркчани

Тушунмайин, хўрлаб-хўрлаб ётғучи?

Мунгли қушим, уларни қўй, сен сайра!

Турк тилининг донғин чиқар кўкларга!

Қўй уларни, улар йўлдан озсинлар,

Эл ичида бўш бўғузлик сотсинлар!

 

Эркин Воҳидов

 

ОНА ТИЛИМ ЎЛМАЙДИ

 

Нотиқ деди:

«Тақдир шул,

Бу жаҳоний ирода.

Тиллар йўқолур буткул,

Бир тил қолур дунёда».

 

«Эй воиз, пастга тушгин,

Бу гап чиқди қаердан!»

Навоий билан Пушкин

Туриб келди қабрдан.

 

Ким дарғазаб,

Ким ҳайрон,

Чиқиб келдилар қатор:

Данте, Шиллер ва Байрон,

Фирдавсий, Бальзак, Тагор.

 

«Ваъзингни қўй, биродар,

Сен айтганинг бўлмайди».

Барча деди баробар:

«Она тилим ўлмайди».

 

— Ҳей, бу қандай ақида! —

Қўлида табаррук жом,

Гўзал форсий ҳақида

Рубоий айтди Хайём.

 

Эҳтиросли, оташдил

Беранже сўрди нолон:

— Наҳотки, фаранги тил

Йўқолгуси бир замон!

 

Неруда, Лорка турди

Сервантеснинг ёнига:

— Ким қасд этиб тиғ урди

Она тилим жонига!

 

Фузулий ёнди:

— Озар

Тили гулдек сўлмайди.

Барча деди баробар:

«Она тилимўлмайди».

 

Камалакдек ранго-ранг

Бўлсин деб санъат, тиллар,

Асрларча қилдик жанг,

Армон қилдик минг йиллар.

 

Беқадр бўлса, наҳот,

Тиллардаги тароват!

Йўқолди бу кун, ҳайҳот,

Қабрларда ҳаловат!

 

«Фауст» ёнди гуриллаб,

«Хамса» ўтга туташди.

Бир садо жаҳон бўйлаб

Таралди, тоғлар ошди.

 

Бу садо янграр ҳамон,

Сира адо бўлмайди.

Олам айтар:

Ҳеч қачон

Она тилим ўлмайди!

 

Абдулла Орипов

 

ОНА ТИЛИМ

 

Минг йилларким булбул каломи

Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.

Аммо шўрлик тўтининг ҳоли

Ўзгаларга тақлид ҳамиша.

 

Она тилим, сен борсан, шаксиз,

Булбул куйин шеърга соламан.

Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,

Мен ҳам тўти бўлиб қоламан!

 

Рауф Парфи

 

ЎЗБЕК ТИЛИ

 

Ҳайҳот, топтаганда араб ва мўғил,

Ҳаётингнинг занжирли йили,

Бошдан не кечирдинг, мардона ўғил,

Ўзбек тили, ўзбек тили.

 

Улуғ тарихингга қиламан хитоб,

Навоий шеърининг гули,

Кечмиш замонларнинг тирик гувоҳи,

Ўзбек тили, ўзбек тили.

 

Сени нақадарлик севаман, она,

Оҳ, юрагимнинг булбули

Бўлиб сайрагансан гўдак чоғимдан,

Ўзбек тили, ўзбек тили.

1958

 

ОНА ТИЛИМ

 

  1. Абут-Турк тарихдан балки бир ҳикмат

Бироқ сен борсан-ку Турон элинда.

Шоир, Сўз айтмакка сен шошма фақат,

Улуғ Алишернинг қутлуғ тилинда.

 

Ул олис қуёшдир куйиниб ёнар,

Олис хотиротлар ўчмас фалакда.

Ҳақдан, Ҳакиқатдан кўринг, ким тонар?

Дунёвий аламнинг тийғи юракда.

 

Ватан деб аталган бешик, онажон,

Мен учун ёпилган эшик, онажон,

Мен сокин солланиб илғаб борарман.

 

Ватан деб аталган тобут қўйнида,

Чувалган булутни қордек қорарман,

Руҳимнинг панжаси чақмоқ бўйнида.

 

  1. Ҳеч зот уза билмас узилган жонни,

Ҳақиқатни уза билмас ҳеч қачон.

Элим, она тилим, руҳимнинг қони,

Бир имдод сўрайман сендан, онажон.

 

Чаёнзор йўлидир борар йўлларим,

Таним ёнмактадир ишқсиз очунда,

Кўкларга тўқинар сўнгак қўлларим,

Оёқларим менинг тупроқ ичинда.

 

Барчанинг бошида бирдек беомон,

Манхус замонларнинг ўлик шамоли, —

Бузғун йигирманчи аср аъмоли…

 

Менинг она тилим, мунис, меҳрипбон,

Сен Туркий Дунёнинг ғолиб хаёли —

Сени ёзажакман, тирилган жаҳон.

 

  1. Улуғ Туркистоним, олтин далалар,

Офтоб сочқи сочар бош узра балқиб,

У сенинг тилингда айтар аллалар,

Қоним, она тилим, оҳ, она халқим.

 

Навоий байтига ўхшайди йўллар,

Бу тошлар Ҳамзанинг қотили, ҳайҳот!

Наҳотки умрбод ўртаса ўйлар,

Умрбод занжирбанд этса хотирот?!

 

Занжирбандман, она тилим Она Сўзингга,

Кундайин сўларман, ойдек тўларман,

Мил каби тортарман Сенн кўзимга.

 

Мен ғариб бандангман. Бир Сўз тиларман,

Бошимни қўярман Сенинг изингга,

Қудсия анфосин айтиб ўларман.

 

Ҳалима Худойбердиева

 

«ЭСКИ ЎЗБЕК ТИЛИ»ГА ЁЗУВ

 

Менинг тиғ тилган тилим,

Менинг кесилган тилим,

Баҳайбат тўғон тушиб,

Йўли тўсилган тилим.

 

Қушнинг унут патидай

Тўкилган унут жоним,

Китобларнинг қатида

Ранги-рўйи сомоним.

 

«Эски ўзбек тили»мас,

Дедилар эскирган тил,

Қўрқиб чиқармоққа сас,

Сандиқларга кирган тил.

 

Сенда бодом иси бор,

Сенда бобом иси бор,

Болам на рус, на ўзбек,

Аросат белгиси бор.

 

Беш юз йиллар аввалги

Хатни мен англайман, бас,

Мен бугун айтганимни

Болам баъзан тушунмас.

 

Кўкрагимда дод қотган,

Яқинлашар катта хавф,

Ўз тилини йўқотган

Халқ бўлмасми ердан даф.

 

Олдга, сафарбарликка

Қандай ярайди болам,

Ортидаги жарликка

Қандай карайди болам.

 

Уни ким қилиб қўйдим,

Ким бўлди оғам-иним,

Томир-томирим куйди,

Синди бўғин-бўғиним.

 

Гули унут халқ бўлдик,

Иўли унут халқ бўлдик,

Оммавий гунглик содир,

Тили унут халқ бўлдик.

 

Умримнинг шом, кечига

Шу ўй санчилиб туриб,

«Луғатит-турк» ичига

Ёшим томчилаб туриб,

Дедим: — Тиғ тилган тилим,

Менинг кесилган тилим.

 

Хуршид Даврон

 

ОНА ТИЛИМ

 

Келиб кетди неча дунёлар,

Кулди ҳаёт, йиғлади ўлим.

Сен деб қурбон бўлди боболар,

Улар кетди, сен қолдинг, тилим.

 

Беланчагинг узра Кошғарий

Куйлаб ўтди қадим навони

Ва навқирон япроқларингга

Дил қонини берди Навоий.

 

Самарқанддан Бобур кетаркан

Дилда бўғиб ҳасрат сасини,

Олиб кетди она юртидан,

Туркий тилим, биргина сени.

 

Машрабмас, сен осилдинг дорга,

Нодирамас, сенсан сўйилган

Ҳозиқнингмас, сенинг, эй тилим,

Бошинг айру, кўзинг ўйилган.

 

Аммо душман ўлдирган ботир

Тирилгандек яна қасосга,

Мангу борсан ва мангу қодир

Тўлдирмоққа ерни овозга.

 

Ватан учун бахш этиб жонни,

Кечиб олов, кириб дарёга,

Фарзандларинг тўккан ҳар қонни

Шимирдинг сен ўхшаб гиёҳга.

 

Она тилим, омон бўл мангу,

Сен борсан-ки мен ҳам ўлмайман,

Тилдан қолсам, сени Ойбекдай

Мен кўзларим билан сўйлайман.

 

Саъдулла ҲАКИМ

 

ОНА ТИЛИМ

 

Дўстга дўсту дугона тилим,

Бегонага бегона тилим,

Бешигимда ягона тилим

Она тилим.

 

“Луғатит турк”, “Қутадғу билик”,

Ўзбегимни ўстирган илик.

Одамийга одамгарчилик

Она тилим.

 

Қизларидек иффатли тилим,

Қардошига иззатли тилим,

Тилим, тилим ва илҳақ тилим

Она тилим.

 

Улус тилим, элат,халқ тилим,

Улуғ тилим, абад ҳақ тилим,

Навоийга зор, илҳақ тилим,

Она тилим.

 

Ота бўлиб отланган тилим,

Она бўлиб шодланган тилим,

Бола бўлиб ёдланган тилим,

Она тилим.

 

Бошимда бош бор экан, борсан,

Кўзимда ёш бор экан, борсан,

Токи қуёш бор экан, борсан,

Она тилим.

 

Шукур Қурбон

 

ОНА ТИЛИМ

Қасида

 

Юрагимнинг қошида

Сайраб турган булбулим,

Сенсиз очилмас гулим

Руҳият бўстонимда,

Она тилим, жон тилим.

 

Қадим аждод қонида

Сени таниди дунё,

Инсоният тонгида

Бердинг қалбдан акс-садо.

Суврат бўлиб чекилдинг

Ғорлар ичра бирма-бир:

«Она қўшув бола», севмоқ бу,

«Юрак қўшув ёй ўқи»—сабр.

 

Ашшурий, бобил, оккад

Тараққиёти бир ён,

Бир ён бўлди қуёшли –

Ўлка қучган шараф-шон.

Маънавият уфқида

Номинг мангу айланди.

Шумерлар миххатига

Оҳангларинг жойланди.

 

Тош, деганни ким-кимлар

Тепиб ўтмаган бефарқ,

Лекин сен боис уни

Бошга кўтарди башар.

Мисли онг денгизида

Заррин мавж бўлиб қалқдинг.

Буюк «Ўрхун-Энасой

Ёзувлари»да балқдинг.

 

Шакл—мисли либосдир,

Ўзгарар ўтиб замон.

Айниқса, босқинчи ёв

Бўлса бошда ҳукмрон.

Айниқса, у бор ерда

Сўзлашсанг ўз тилингда,

Билмай хуноб бўлса у

Не борлигин дилингда.

Зўрлаб-да ўз ёзуғин

Пешонангга ўяр у,

Ёт тилда чулдиратиб

Томошангни кўрар у.

Бироқ мазмун-моҳият

Ҳоким эрур шаклга.

Араб имлоси бўйин

Эгди туркий ақлга.

 

Навоийдай фарзандинг

Дунёга келди шу кез.

Сени деб сарғарди у,

Қон тупурди эрта-кеч.

Парвоз этиб назм аро,

Осмонларга урдинг бош,

Лекин тупроқни қўмсаб,

Пинҳона тўкардинг ёш.

Таъзимда бўй-бастингга

Етмиш олам бош эгди.

Гўзал «Бобурнома»да

Оёғинг ерга тегди.

Ер дардлари шу ондан

Сеники бўлди буткул,

Фалакдан бахт сўради

Машраб – исёнкор ўғил.

 

Яна шоир зарур бўлди

Сенинг сўз минбарингга,

Она-тилим, чиқди шоир

Турди, яраб корингга.

Муқимликни кўрдинг йиллаб,

Йиғлаб юрдинг фурқатда.

 

Кўплар сени унутди

Давомли бу кулфатда.

Тумтароқ хонликлардан

Турфа жаҳолат қолди.

Ким неча йиллар янглиш

Халқим оми саналди.

 

Ким айтар «бу ғалвирдан

Осон ўтди ватаним».

Мен айтарман, “не бахтки,

Омон ўтди ватаним».

Боис – ҳар сўзинг уни

Келажакка чорларди.

Шеърият осмонингда

Чўлпонларинг порларди.

 

Янгрардинг авж пардада

Яна-да ҳур, яна шан.

Лекин, одат, боқдилар

Сенга ҳам ҳасад билан:

Бир бурчакда тўпланиб

Тил билмас уч-тўрт ғалча,

Фарзандларинг бошига

Мусибат солди қанча.

Китоб кўтарган кимса

Таҳликали кўринди,

Нондай азиз битиклар

Ерга пинҳон кўмилди.

Асил шоирларингни

Халқ душмани дедилар,

Қарғадилар, сўкдилар,

Бир-бир бошин едилар.

 

Шоирни ўлдирарлар,

Ўлдириб бўлмас сўзни.

Сен тирик қолдинг яна,

Халқимнинг кўрар кўзи.

 

Не тонг, Мустақилликнинг

Шамоллари эсиб шан,

Олдинг давлат мақомин

Қанча тил аро расман.

Пешонангга тақдирнинг

Саодати ёзилган.

Бугун сенда Қуръони

Карим, ҳадис босилган.

 

Мен ҳам—улуғлигингга

Орқа қилган қаламкаш.

Сенда қандай куйладим,

Элга ҳавола яккаш.

Тасодиф кўп дунёда,

Шоир бўлсам-да бир кун—

Ҳикматинг мен учун бу,

Мурувватинг мен учун.

Бўлолмасам, айб менда,

Севолмабман сени, оҳ.

Ҳар икки ҳолатда ҳам

Сенга содиқман бироқ,

Она-тилим, жон тилим.

 

Зеро мен сеникиман,

Сен туйган завқникиман,

Сен куйган қайғуники,

Она-тилим, жон тилим.

 

Сен мангусан, бақосан,

Мен эсам – ўткинчи зот.

Сен ҳамиша баҳорсан,

Мен – лаҳзалик хотирот.

Она тилим, жон тилим.

 

Сенсиз мен сўладирман,

Девона бўладирман.

Туққанимга етти ёт

Бегона бўладирман,

Она-тилим, жон тилим –

Юрагимнинг қошида

Сайраб турган булбулим.

 

Муҳаммад Юсуф

 

ОНА ТИЛИМ

 

Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,

Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим.

Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,

Бир эсласам эзилади бағри-дилим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Онам «эркам» деб қучганда тунлар ярим,

Эрким йўқ деб зирқирарди бир жойларим,

Паровозни ҳансиратган буғдойларим,

Олтинларим, маъданларим, ипакларим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Кимлар учун биз эдик бир бадавийлар,

Ўзбекни қон қақшатганни узбек сийлар,

Ҳолимизни қон кузатди Яссавийлар,

Топганимиз ҳандалакдек тилим-тилим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Кимдир майда миллат бўлди, кимдир катта,

Катта миллат — Афандиси йўкдир ҳатто,

Биз пиёда, биз боққанлар юрди отда,

Зулм ўтса фақат сендан ўтди зулм,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Сен бўлмасанг нима бизга силлик шеърлар,

Бу дунёда тили йўкда дил йўқ дерлар,

Баҳоинг-ку бериб кетган Алишерлар,

Юрагимнинг тўридаги сўлмас гулим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар

Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.

Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар,

Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим,

Она тилим, эй муқаддас Она тилим.

 

Сирожиддин Саййид

 

КИМ ТИЛНИ БИЛУР ‒ ЭЛНИ БИЛУР

 

Аваз Ўтар ғазалига мухаммас

 

Гар ушбу Ватан бизга азал ота макондур,

Султонларидин шаъни анинг рўйи жаҳондур.

Ким тилни билур ‒ элни билур, шонига шондур,

Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,

Тил воситаи робитаи оламиёндур1.

 

То ёғмасалар бошингиза таънаю тошлар,

Тошдин ҳам қатиқ бўлгусидир илм ила бошлар,

Эй сиз, қоракўзу қорасочу қорақошлар,

Ғайри тилини саъй қилинг билгали ёшлар,

Ким илму ҳунарлар билаки андин аёндур.

 

Бўлмас кишига кўрку ҳусн сўзни гулидек,

Ҳар тилни билув ‒ дилни билув, дилни ‒ элидек,

Тилни йўли ҳам шоҳ жаҳонгирни йўлидек,

Лозим сиза ҳар тилни билув она тилидек,

Билмакка они ғайрат этинг, фоида кондур.

 

Ҳақ сизга берибмиш сувингиз ҳам далангизни,

Ўз боғингизу, қир-адирингиз, лолангизни,

Тенг айлаб жаҳон аҳлига куч-ҳафсалангизни,

Илму фан уйига юборинглар болангизни,

Онда ўқуғонлар бори яктойи замондур.

 

Умр ўтгусидур сув каби ё сувдаги хасдек,

Дилбандларингизнинг бари дарёйи ҳавасдек,

Илм олмасалар умр бўлур тийра қафасдек,

Зор ўлмасун онлар дағи тил билмай Аваздек,

Тил билмаганидан они бағри тўла қондур.

 

2007

 

  1. Оламиён (форс.) — олам аҳли

 

Шодмон Сулаймон

 

ОНА ТИЛИМ

 

Ҳумо қанотида сеҳрли мактуб –

Кекса Нуҳ йўллаган ўғли Ёфасга.

Бир зот эҳтиром-ла кафтида тутиб,

Сайёҳ сўзларингни “солди қафасга” –

Устоз Қошғарийдан мерос “Девон”им,

Она тилим, онажоним.

 

Сен –“Ирқ битиги”дан келган башорат,

Бобо Афросиёб сўйлаган калом.

Кўзга суртар экан ҳарфинг, ишоранг,

Йўллуғ Тегин кўксин чулғаган илҳом.

Тўнюқуқ, Култегин, Билга хоқоним –

Она тилим, онажоним.

 

Яссавий бағридан таралган ҳикмат,

Не бахт, садо берди ҳар бир япроқда.

Гўё мудраб ётган туркона журъат

Порлади Алишер ёққан чироқда.

“Беш достон” аршидан боққан Туроним –

Она тилим, онажоним.

 

Уйғонди Югнакий тортган фиғонлар

Тинглаб дунё чеккан фарёд сасини.

Уруш оловини ёққан нодонлар

Тингласин Хос Ҳожиб таронасини.

Башар дардларига бўлган дармоним –

Она тилим, онажоним…

 

Хира тортмагайми қадимий излар,

Йилда бир бор сўраб қўйсам кўнглингни.

Эриб бораётир кафтимда сўзлар –

Кечир ташбеҳларга нўноқ ўғлингни.

Онам алласидан бунёд қўрғоним –

Она тилим, онажоним!

 

Зебо Мирзо

 

ОНА ТИЛИГА ҚАСИДА

 

Ҳали башарият мурғак уйқуда

Билмаганда қалам, ҳарфу имлони.

У тоғлар кўксига гул қилиб чизди,

Гул дея англатди ёруғ дунёни.

 

Одамлар қулонлар ортидан қувиб

Жонлиғ келтирганда омоч-молага.

У булоқ сувини узатди қуйиб,

Гул баргини битиб лой пиёлага.

 

Балки ўша тасвир, балки ўша сир

Ҳаввонинг Атога бўлган дилидир?

Биламан, қайси сўз бўлмасин ўша,

У менинг юрагим – Ўзбек тилидир!

 

Боболар тили бу, эй Она тилим,

Сендан келар олис дала-дашт иси.

Учар арғумоқлар қанотида сен

Қолдирган изларда курашлар изи.

 

Сен демайсан: “Ўлдир, ёндир, қасос, қон!”

Сен дегайсан: “Бағрим, севаман, ишон!”

Миллион йиллик очиқ дастурхонингда

Буғдой сўзу буғдой юрагингдир нон!

 

Само узра сочиб лавҳ хаттоти

Ҳикматлар китобин этганда тамом.

Бир сўз-ла жам қилди аждодлар ёдин

“Қутадғу билик”ка Хос Ҳожиб бобом!

 

Кимдир бузиб ўтар, ким эса тузиб,

Бахт на Мақдун, Чингиз олган тахтдадир!

Қилич соясида жаннатдир, ва лек

“Куч бирликда, қудрат Адолатдадир!”

 

Ўйлаганми тарих минг йиллар нари

Кўрайин деб дунё ўзбекларини.

Соҳибқирон тутган туғ билан ғолиб

Тузганида “Темур тузукларини!”

 

Олис юлдузларга чўзиб қўлини

Замин излаганда йиллар қаъридан,

Ёрқин тафаккурнинг ёруғ йўлини

Топди Улуғбекнинг жадвалларидан!

 

Сен – осмон илмини битгувчи китоб,

Сенда гиёҳларнинг рангин тушлари.

Сенда очилади ахир бобма-боб

Миллиард юлдузларнинг нуртовушлари…

 

Сен – майсалар тили, булбул кўз ёши,

Сен – шеърнинг қаноти, руҳдир мукаммал.

Беш достон беш қитъа бўлиб порлади

Навоий ҳайратдан шеър айтган маҳал!

 

“Осон эмас бу майдон ичра турмоқ,

Низомий панжасиға панжа урмоқ!”

Шеър аҳли юз йиллаб тузган дунёни

Бир шер панжаси-ла олди у бироқ!..

 

Ҳазрат Навоийдан қолган қутлуғ сўз,

Илоҳий илҳомдан яралган тилим.

Бобурни йиғлатган, етти иқлимга

“Бобурнома” бўлиб таралган тилим.

 

Сени унутмадим истибдод чоғи

Ҳар лаҳза қонимда қиличдек ўсдинг!

Чирмаб келганида зулмат қучоғи

Қалбимни қучоқлаб нур бўлиб тўсдинг!

 

Қадим оҳанглардан мен сени топдим

Изладим тафаккур осмонларидан.

Бир буюк халқ бўлиб чиқиб келдинг сен,

“Гўрўғли”, “Алпомиш” достонларидан.

 

Ким сени танимас, тан олмайди ким,

Камтар камолингни мақташ шарт эмас!

Футбол майдонида энг одил ҳакам,

Шахмат қиролининг юришидай бас!

 

Олимп саҳнасида ўзбек кураши,

Бугун дунё билар “ёнбош”, “чала”ни.

Ҳалоллик йўлини ўргатдинг жангда

Ўргатдинг меҳрнинг сири – аллани!

 

Ҳатто дўпписнинг четида бир шеър,

Каштали кўйлагин ёқаси – ғазал.

Жаннат эшигини очгувчи бир сир –

О балки, ўзбекий каломдир азал!

 

 

Сен – тилим тагида турган аччиқ тош,

Сенсиз мен ҳеч кимман, йўқдирман, билдим!

Сен – тирик хазина, сен – тирик афсун,

Сени англадим-у, дунёга келдим!

 

Қисиниб-қимтиниб юрмайман четда,

Кибр ё манманлик эмас фалсафам.

Ўзбек каломида Иймон, Номус, Ор

Ва икки дунёнинг саодати жам!

 

Сен – мухаббат тили ҳамда эрк тили,

Сен борки, Ҳақ билан сирлашамиз биз!

Сен жасорат тили ва мардлик тили,

Сен борки, халқ бўлиб бирлашамиз биз!

 

2016

 

Энахон Сиддиқова

 

ОНА ТИЛИМ

 

Навоийдан табаррук зар, гавҳарим,

Қошғарийдан қолган дурдона тилим!

Ўзбекнинг ўзидай жафокаш, ҳақгўй,

Донишим, латифим, мардона тилим!

 

Улуғ она тилим, о, гўзал исмат,

“Ҳибатул ҳақойиқ” сўйласин бир-бир.

Навоийни берган соҳиби қудрат,

Азал котибидан сен илоҳий сир!

 

Қутлуғ она тилим, кечмишингни дол,

Тиллари кесилган боболар айтсин.

Ойбек айтсин, ҳақсизликдан гунгу шол,

Буюк ёлғонлардан адолар айтсин!

 

Кафансиз кўмилган шаҳидлар ёдин

Шу қонли чоҳ айтсин!

Чирмашиб ётган –

Қабрида ҳам ўйлаб, мунглиғ эл дардин,

Хатто сўнгаклари бирлашиб ётган!

 

Айтсин аламазон ёнган китоблар,

Қурбон қушдай учган сўзлар гулханда,

Кесган сари ўсдинг! Сураи софлар,

Озодликдай унди кулда, кундада.

 

Судсиз отилган Қодирий кўзига

Додлаб тушган қора тупроқлар айтсин!

Машраб осилган дор айтсин, юзига,

Қон томиб, инграган япроқлар айтсин!

 

Усмон Носир руҳи айтсин уриб чарх,

Зулмлар тийғидан Сибирда ув, сил.

Асрамоқни удда қилмадинг-ку чарх,

Қандоғам чидадинг жоним она тил?!

 

Узун йиғи келар қати қатингдан,

Узун йиғилардан қуриган кўзим.

Буғдойзорларингни топтаганларга

Буғдой нонлар тутган, о, буғдой сўзим!

 

Чўлпонга тутилган ўлим қадаҳи,

Хиёнат заҳридан ҳамон оқар қон.

Эй ярадор қушим, жоним чаҳ-чаҳи,

Сен Бобур – соғинчда адо бўлган жон!

 

Тириклик нишоним ўзинг, эрк туғим,

Мангу оқар дарём сенинг ўзингсан!

Ўзбек тили жаҳон аро қутлиғим,

Шараф тожим, унвоним, оқ юзимсан!

 

Ўзбек онасисиз ғарибдир очун,

Тафаккур бешиги тебранмасди соз.

Биргина Навоий туққани учун

Дунё таъзим қилса ўзбекка бу оз!

 

Тафаккур уфқида офтоб янглиғ балқ,

Ҳурлик бўлиб чиққан майдона тилим!

Чарх ур олам узра, кабутардай чарх,

Озод, ҳур ватандай афсона тилим!

 

Талант Бек

 

***

Тилим. Туркий тилим – оқаётган шаън.

Кенг дала. Пахса уй. Милтиллайди шам…

О, элим! Кўзгуда ўзин кўрмасдан,

Кўзимга кўзгулар тутди-ку ҳар дам.

 

Ҳисларим обида – харобазорда –

Гўнгқарға уяси. Тилла сувли тахт.

Тобакай юрагим қондир таҳ-батаҳ

Ойни савдо этган қорабозорда.

 

Сўнгакларим қақшар. Сўнгги ғалаён –

Муқанна қонида. Сарҳадсиз фалак…

Шоирлар сотилган. Бари чалажон

Булутлар пойида… Изғидим ҳалак…

 

Ўзимни қилдим фош. Ўздан жудоман.

Япроқлар саргашта. Шамол елкадош.

Сасим Худодандир. Жоним Худодан,

Нурли юлдузчалар отилмаган тош…

 

Ичим куйиб кетган Сўзнинг тафтида,

Оловлар тугаган. Титаяпман кул.

Ҳув, тоғлар ортида – Сурхон кафтида,

Қорайиб кетгандир, билмам, Деҳқонқул…

 

Эслолмадим. Ким бор ундан ташқари,

Э, воҳ! Тушунмайсан барибир, нетай…

Ҳиндикушда қолди Бобур лашкари,

Жонингни бериб тур. Мен жангга кетай!

 

Ватан деб босилса – қадамлар шахтли,

Йиғлама. Тупроқда қолади излар…

Она! Кўряпсанми?! Нақадар бахтли –

Кўзгуга термулиб яшаган қизлар!

 

Дилором Эргашева

 

*  *  *
Эй мулки жаҳон ичида бир дона тилим,
Эй, бол каби, новвот каби дурдона тилим.
Эй муҳташамим, дилбару шоҳона тилим.
Эй Она тилим, Она тилим, Она тилим.

Эй ғазнасидан айласа ҳарж, битмаганим,
Ҳар сўзни баҳо айласа ганж етмаганим.
Бул хаста ғариб кўнглими тарк этмаганим,
Шоҳ этди бу девонанини кошона тилим.

Қўлимда гўзал гул каби, байроқ кабисан,
То юрса қалам назмида сайроқ кабисан.
Бўлган сари мумтоз яна бойроқ кабисан,
Оламни этиб ўзига ҳайрона тилим.

Сен бирла чаман бўлди бу Дил мамлакати,
Гул атри билан тўлдики ҳар саҳфа қати.
Озода кўнгулларни ёруғ салтанати,
Эй тоза тилим, она тилим, она тилим.

 

Маъмура Зоҳидова

 

МЕН

 

Йўқ!

Умримда бўлмагай якун!

Поён йўқдир на руҳ, на танда.

Мени юз бор чопсалар бугун,

Минг бор кўклаб қўюрман танда.

Токи тилим бўлмас муқаррар,

Токи тилим яйрамас чунон,

Мен ўлмайман – Қиёмат қадар,

Умрим адо бўлмас ҳеч қачон.

Агар фараҳ инса фалакдан,

Агар тилим бўлса сарбаланд,

Мен кўз очиб янги тилакдан,

Дунёга бот келавераман.

Мен шу элга эркалик билан,

Сиғмай кетгум йўргакларимга

Сўзни тинглаб, ўзликни англаб,

Сингдириб то сўнгакларимга.

Мен қўл чўзиб чинқириб йиғлаб,

“Нанна” дея сўрайман ризқим,

Ер эмаклаб, чучук чулдираб,

Тупроқ тутиб келгум бир сиқим.

Мен китобга илк бор термилиб,

Бўғинлайман Ўз-бе-кис-тонни,

Ҳам ягона руҳида бўлгум

Унга доир ҳамма инсоннинг.

Мен қора қош ёрга чин-чиндан

Ҳақ ёрлиғи билан боғлаб ишқ.

Суймоқликнинг бол шевасидан

Ўз тилимда куйларман қўшиқ.

Мен ўғлимни полвон ўстириб,

Юртга қалқон бергум бир ҳайбат,

Унинг шони сенинг шаънинг деб,

Эл алпини этгайман албат.

Мен тилимни тилдирмам ҳеч вақт,

Ўғилманми, қизманми, не фарқ

Чунки шундай улуғ қудратман,

Мен!

Бир

Халқман!

Ўзбек деган

Халқ!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan