• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nasr minbari
«НАСТАРИН ИФОРИ» – Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

«НАСТАРИН ИФОРИ» – Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА – 1989 йил Фарғона вилояти, Олтиариқ туманида туғилган. 2011 йил Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Қисқа ҳикоялари Россия, АҚШ, Ҳиндистон, Туркия турли нашрларида бир неча бор эълон қилинган. Ёзувчилар уюшмасининг 2016 йилги «Истеъдод мактаби» VIII ёш ижодкорлар семинари наср йўналиши иштирокчиси. Ижод фонди томонидан 2017 йилда «Ёнингдаги бахт» ҳикоялар тўплами 10 минг нусхада чоп этилган. Шунингдек, «Жодугар ёхуд минг йиллик ҳаёт» ва «Зулм ва муҳаббат» номли муаллифлик қиссалари, «Дунёдаги энг бахтли одам», «Тўй совғаси», «Ҳаётнинг беш тортиғи» номли таржималар тўплами нашр этилган.

Эрта тонг насими олиб келган ифор Насибани уйғотди. Қиз ёстиқдан бошини бироз кўтарди-да, оромбахм ифорни тўйиб ҳидлади. Ниманинг ҳиди бу… Насиба бир лаҳза кўзларини юмди, сўнг лаблари кулимсиради: настарин. Ҳа, ўша юракларга ажиб ҳисларни олиб киргувчи, муаттар исли настарин бу. Ҳар баҳор бошида қўшни кампирнинг боғидаги настаринлар гуркираб, бўйи уларнинг уйигача етиб келади. Насиба ҳар йилги одатидек, ўрнидан туриб, гулзор томон чопгиси, кампирдан рухсат сўраб сара гулдаста тузгиси ва хонасидаги гулдонга солиб қўйгиси келди… Лекин чорасиз. Мана, саккиз ойки, тўшакка михланган.

Насиба гавдасини тутиб базўр ўтирди. Негадир оёқларини қимирлатиб кўришга уринди. Бўлмади. Юзини дераза тарафга буриб, яна ҳаётбахш ифорни излади. Шабода ифорни бошқа ёқларга олиб кетган, чоғи. Қани эди кимдир унинг севимли гулларини олиб келса… Қиз тўйиб-тўйиб ҳидласа.

Баъзан шунақа бўлади. Кўнглингдан ўтиб турган истак ажиб бир ҳолатда амалга ошади. Бугун дам олиш куни бўлгани учун уни синфдошлари йўқлаб келишди. Баҳор уларга таъсир қилибди: ҳаммасининг юзида аллақандай шодлик, либослари ранг-баранг, лабларида табассум. Насиба тўшакка ётиб қолганидан бери кўп марта кўргани келишди. Аммо бу сафаргиси қизни чинданам қувонтирди. Сабаби синфдоши Равшаннинг қўлларида бир даста оч сиёҳ рангдаги настарин гуллари худди бир нимадан уялгандек эгилиб турарди…

Хонани яна ўша муаттар бўй тутиб кетди. Йигитча унга гулдастани тутқазар экан, ҳар доимгидек тезроқ тузалиб уларнинг сафига қўшилишга ундади. Насиба ҳам ҳар сафаргидек хўп, деб бошини эгди. Синфдошлар чуғур-чуғури анча вақт давом этди. Бу орада Насибанинг онаси уларга чой ва ширинлик киргизди.

Йигит-қизлар Насиба билан хайрлашиб хонадан чиқа бошлашди. Доимгидек энг охирида Равшаннинг ўзи қолди.

– Мактабни тугатишимизгача ҳали икки ой бор, – деди у қизга. – Битирув кечада иштирок этишга сўз бер, Насиба. Кейин бирга коллежга ҳужжат топширамиз. Доим шундай дердик-ку!

– Насиб этган бўлса… – маъюс кулди қиз. У сўнгги вақтларда онасининг кўзларидаги умидсизлик, шифокорларнинг сўзсиз ташрифлари, отасининг уйқусиз тунлари туфайли анча чўкиб қолганди. Аввалги ишончи, ғайрати, мақсадлари йўқ… – Сен мени кутмай коллежга киравер.

Равшан бу гапдан ранжиди.
– Йўқ. Ундай дема. Жиллақурса, отамнинг ёнида ҳунар ўрганаман. Келаси йил бирга топширамиз. Мен сенсиз ўқимайман.

Насиба кўзадаги гулларга боқди. Настарин шодалари энкайиб майин япроқларини дастурхонга тўкишга улгурибди. Қиз ўзини шу гулга қиёслади. Бирдан гуллаб атрофни муаттар бўйига буркайди-да, сўнг сўлади. Қисқа умр кўришидан уялгандан бўлса керак, эгилиб олади. Атиргул-у чиннигулларга ўхшаб гулбозорларда йил бўйи ўзини кўз-кўзлаб турмайди. Уни топиш ҳам қийин. Овлоқ ва кимсасиз ўт-ўланлар бағрида кўриб қоласиз…

– Нималарни ўйлаяпсан?
– Ўзим… Энди орзуларинг учун бошқа дўст топ, Равшан. Мен орзу қилишга ярамай қолдим.

Равшан бу гапдан астойдил хафа бўлди.

– Яна шундай десанг бошқа келмайман! Энди чинданам кўргани келмайман. Ўзинг излаб бор мени… Қўшиқда айтди-ку… “Севсанг ўзинг бир кун топиб келарсан, Мени излаб Насибам, мени излаб…”

Насиба уялиб бошини бурди. Сўнг “борақол”, деди пичирлаб.

Синфдошлари кетгач, Насиба ёстиқни қучоқлаб ўйга чўмди. Настарин ифори уни оёққа туриб юриб кетишга ундаса-да, лекин қани ўша мўъжиза? Қиз уф тортиб яна қаддини тиклади. Каравоти дераза ёнида эди, пардани суриб, секин жойидан силжиб деразадан ташқарига боқди. Қизиқ, баҳор келганига анча бўлди-ю, ҳеч қизиқиб ташқарига боқмапти. Ўрик гулларини тўкиб барг ёзибди. Гулзорга укалари райҳонлар ўтқазишибди. Қизнинг кўзлари ерда ризқини тераётган чумолиларга тушди. Митти жуссасига оғирлик қилсаям ҳаёт ташвишида емиш ғамлашяпти. Ҳатто шу ҳашаротлар ҳам баҳор келганини билиб, инларидан чиқишибди. Насиба қачон уясидан чиқаркин?

– Оёққа туришим керак… – ўзига ўзи пичирлади қиз дадил оҳангда. – Қачонгача бунақа ётмоқчисан? Яқинларингни қийнаб қўйдинг-ку? Ўзинг истамасанг, шифокорлар ҳам не қила олсин? Бирор марта яшаш учун курашдингми? Ё сен учун бошқалар курашишини кутиб ётибсанми? Равшан-чи? У доим сени кўргани келади, ҳатто ўқишдан қолиб кетяпсан, деб неча марта дарсликларни олиб келиб берди. Ўқиб кўрдингми уларни? Сенга яна нима керак? Барча сендан кутяпти… Юришингни кутишяпти. Тузаласан! Албатта, оёққа турасан, Насиба. Настариндек бўй таратасан, аммо сўлмайсан!

У баҳор каби уйғонди. Қалбида гуллар униб чиқди, ҳаётбахш насим елди, орзулари барг ёзди. Настарин бутоғини олиб қулоқларига қистириб олди. Ташқарида эса қушча сайради… Насиба қайси коллежда ўқиш борасида ўй сура бошлади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan