• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Suhbat
«БАЛКИ ЎЧГАН ЭДИМ ЁДИНГДАН…» – Дадахон ҲАСАНОВ билан суҳбат

«БАЛКИ ЎЧГАН ЭДИМ ЁДИНГДАН…» – Дадахон ҲАСАНОВ билан суҳбат

Ассалому алайкум! Дадахон ака, сиз ўзбек санъатида ўз ўрнини яратган, адабиётда сўзини айта олган забардаст вакилларидан бирисиз. Асл санъаткорнинг халқ билан муносабати қандай бўлиши керак деб ҳисоблайсиз?

– “Санъат халқникидир!” бу slot88 гапни ҳатто шўролар доҳийсиям айтган. Санъаткор халққа қўшилиб кетиши керак. У ҳофиз бўлсин, шоиру раққос бўлсин халқнинг ичига кириб бориши шарт. Қачонки шу халққа ўз жонини, истеъдодини берсагина, халқ ҳам уни ўзиники деб қабул қилади. Унинг орзуларини ўз орзуси, армонларини армони деб билиб, дардини бўлишишни билиши керак. Халқ орасида бўлса, мухлислар ҳеч қачон ҳофизини ёлғиз қолдирмайди. Хор қилдириб қўймайди. Санъаткорни халқ санъаткор қилади, уни халқ  боқади. Шуни доим эсингиздан чиқарманг, халқдан ажраган санъат – санъат эмас, халқдан узилган адабиёт – адабиёт эмас. Уч-тўртта қўшиқ қилиб, шу билансаҳна тўлдириб, ҳолва чайнаб юравергани билан унга халқ тан бериб кетавермайди.Яна қайтариб айтаман, санъат халқники бўлгандан кейин санъаткор халқдан олганини эгасига қайтариб беришни ҳам билиши керак. Билиб қўйинг, халқнинг кўзини шамғалат қилса бўлар, аммо уни алдаб бўлмайди. Айтаётган сўзига ҳушёр бўлиши керак, халқнинг ўз оҳанги бор шу – оҳангни топиб ўша оҳангда куйласа, унинг тилида гапирса, сўзи бошқа-ю амали бошқа бўлмаса, одамлар унга ишонади, яхши кўради.

Ўзингиз ҳам Шайдо ва Дадахон Ҳасан номлари билан шеърлар ёзгансиз, шеърий тўпламларингизчопэтилган. Айнан қўшиқларингизга сўз танлаётганда қанчалик талабчансиз, кимларнинг ижодига кўпроқ мурожаат қилгансиз?

– Мен сўз танлашга шошилмаганман. Агар кимнидир шеъри менга маъқул бўлиб қолса,эгаси рози бўладими, бўлмайдими фарқи йўқ,уни албатта, куйлаганман. Дастлаб Чўлпоннинг шеърларидан бошлаганман. Бир куни университетда адабиётшунос олим ва ёзувчилар билан ижодий учрашув бўлди. У пайтда мустақил эмасдик, шундай учрашувларда мен доим тор билан қўшиқ айтардим. Тадбир тугагандан кейин бир профессор ёнимга келиб: “Ҳофиз,айтган қўшиғингизнинг сўзини ким ёзганини биласизми” – деди, мен йўқ билмайман десам, секин қулоғимга пичирлаб, “Чўлпонни шеъри бу. Айтиб юраверинг-у, аммо муаллифини ошкор қилманг” деди. Мен, албатта,шеъркимники эканини билардим. У даврларда Чўлпон ҳали оқланмагани учун китобларини ҳеч қаердан топиб бўлмасди. Аммо менда кичкинагина муқоваси сим билан боғлаб қўйилган китоби бор эди. Ана ўша китобдан биринчи бўлиб Чўлпонни шеърларини куйлаганман. Кейинчалик, мумтоз шоирларимизнинг ва Эркин Воҳид, Абдулла Ориф, Рауф Парфилардан тортиб, то Муҳаммад Юсуфгача кўпларнинг шеърларини қўшиқ қилдим. Рауф Парфи билан битта одам эдик. Чўлпоннинг ўша китобини ҳам Рауф берганди. Рауфнинг “Лайло”, “Мен оламдан ўтганда,жоним”, “Бир тарафда халқ эса, бир тарафда амалдор”, “Ҳақиқат” каби ўнга яқин шеърларини қўшиқ қилганман. Менга атаб ёзган шеърлари ва мақолалари ҳам бор. Мен ҳам уч-тўртта қўшиқларимни унга атаганман.

Лирик қўшиқлардан ташқари шўролар замонида жаҳонгир боболаримиз, истиқлол учун босқинчиларга қарши курашиб, босмачи номини олган Дукчи Эшон, Шермуҳаммадбек, Мадаминбек каби қўрбошилар ҳақидаям куйлагансиз. Индамай қўйишмагандир?..

– 1961 йил дорилфунунда ўқишни бошлаган чоғларимданоқ факультет қошидаги “Ҳамзачилар” деб номланган маданий-маърифий уюшма ташкилотчиларидан бири бўлганман. Аммо уюшма замирида миллий озодлик учун кураш ғояси борлигини пайқаб қолган Совет КГБ идораси олти ойда уюшмани тарқатиб юборганди. Мен ўшанда КГБ идораси томонидан қаттиқ огоҳлантириш олиб, Совет ҳукумати назорати остида юрганман. 1973 йили Аҳмад Яссавий, Махтумқули, Сўфи Оллоёр, Ҳувайдо, Чўлпон шеърларини қўшиқ қилиб куйлаганим учун йил давомида Тошкент шаҳри аввалги Собир Раҳимов тумани прокуратурасига сўроққа қатнаганман. Ўшанда Шароф Рашидов шарофати билан қамалмай қолгандим. 1976 йилнинг қишида эса, қўшиқларимда она ватан, Туркистон, буюк бобомиз Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди номини қўшиб айтганим учун ўн беш кеча-кундузга собиқ Ленин райони ички ишлар бўлими қошидаги КПС қамоқ хонасига қамаб қўйишган. Ўшанда Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал ҳузурига чақириб, “Туппа-тузук йигит экансиз-ку, нега Амир Темур, Туркистон деб қўшиқ айтасиз? Амир Темур билан Туркистон қаёқдаю, сиз билан биз қаёқда? Ўзингизни ўша “Лайло”, “Кўзларинг”, “Тугмача”, “Лабларинг” каби ишқий қўшиқларингизни айтиб юравермайсизми? Амир Темур, Туркистон деб яна бирор жойда овозчиқарганингизни билиб қолсам, сизни ўзим узоқ муддатга қаматиб юбораман”, деб жарима тўлатиб,қўйворган. Кейин мен Туркистондаги миллий истиқлол ҳаракатларининг қаҳрамонлари,юртнинг асл фарзандлари Дукчи Эшон, Қурбонжон Додҳо, Пўлатхон, Жаҳонгир Шермуҳаммадбек, Мадаминбек, Эргашбеккаби қўмондонлар, уларнинг қўл остида бўлган бошқа қўрбошиларва ҳеч қайси қўмондонга бўйсунмай, 500 кишилик алоҳида жабҳа билан қизилларга, шунингдек, маҳаллий  сотқинлардан иборат тўртинчиларга қарши аёвсиз курашлар олиб борган олтиариқлик Ҳожибола қўрбоши Зокиржон ўғли ҳақида қўшиқлар яратдим. Ростдан ҳам бу буюк қаҳрамонларимизни Совет даврида бизга мудом босмачилар, жаллодлар, шунингдек халқ душманлари деб уқтириб келдилар. Афсус ва надоматлар бўлсинки, биз шу сохта уқтиришларга ишондик. Бир авлод миллий қаҳрамонларимизни танимай, улардан ҳатто нафратланиб ўтди. Ҳолбуки, булар биз учун курашиб, бизни босқинчилардан асрамоқчи бўлган юртимизнинг ҳақиқий эгалари, еримизга бостириб келган босқинчиларга қарши курашиб, жонларини қурбон қилганлар эди. Ўша даврларда қўрбоши боболаримиз ғолиб бўлиши мумкин эди, бироқ оталаримиз бирлашмади,уларга қўшилмади. Юртни улар билан ҳимоя қилишни билмади, қўлламади, қўллашдан қўрқишган. Мен 1976 йилдаги генералнинг гапларидан кейин ҳам, юқорида санаганмиллий қаҳрамонларимиз ва Амир Темур ҳақида “Темур бобо, жаҳонгирим, башорат айла”,“Темур бобо, жаҳонгирим, байроғингни бер” сингари бир талай қўшиқларни куйладим. Бу қўшиқларни айтишимга сабаб фақат мени сўроқ қилган генералга исён бўлибгина қолмай, ўтган асрнинг 70–80 йиллари оралиғида халқимиз аждодлари ким бўлганини англашини, ёш авлод уларни билишини истаганимдан эди.

Халқимиз сизни уйғониш даври курашчилари сафида ҳам кўрган.   Истиқлол учун кураш машаққатлари осон келмагани аниқ.

– Ёш авлодни ватанга муҳаббат, элсеварлик руҳида тарбияловчи, охир оқибат Совет тузуми ва унинг босқинчилик сиёсатига қарши курашиб, кейинчалик миллий озодлик ҳаракатига айланиб кетадиган халқ ҳаракатини яхши ниятда тузган эдим. Албатта, бу ишни амалга ошириш осонлик билан бўлмади. Дастлаб, фикримга қўшилмаганлар, мен амалга оширмоқчи бўлган ишни иложсиз деб билгувчилар кўп бўлди. Болтиқ бўйларида “Саюдус” халқ жабҳаси тузилгандан сўнг, икки йиллик тушунтиришларим натижасида бундай ҳаракат тузилиши мумкин эканлигини англай бошлашган. Ниҳоят, 1988 йил 11 ноябрь куни ўз хонадонимда, Рауф Парфи, Ғулом Қодир, Зоҳир Аҳмад, Тоҳир Каримов, Аҳмад Аъзам, Абдураҳим Пўлатов,  Қаҳрамон Ғуломов, Усмон Азим ҳамда Дилором Исақовалар аъзолигида ташаббус гуруҳи тузилди. Бу жабҳани ривожлантиришни водийдан бошлаганман. Ҳар бир шаҳарда вақтинчалик раислар тайинлаб, сафимизни кенгайтириш чоралари кўрилган. 1989 йил 28 май куни Ўзбекистон ёзарлар уюшмаси (ўшанда шундай номланган) биносида ҳаракатимизнинг таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой йиғинида жабҳамизни “Бирлик” халқ ҳаракати деб номлаб, Рауф Парфи ва Дилором Исақова таклифи билан профессор Абдураҳим Пўлатовни раис этиб сайлаганмиз. Шундан кейин, “Бирлик” халқ ҳаракати Совет ҳукуматига қарши ўзининг дадил қадамларини ташлади. 1989 йил 9 апрель куни Чуқурсойда ёнаётган аёлларни ҳимоя қилиб, зулмга қарши норозилик ва озодлик сўраб биринчи намойишимизни ўтказдик. Очиқ майдон намойишларида нотиқларимиз бирлашиш ҳақида нутқ сўзласа, шоирларимиз озодлик руҳи билан уйғунлашган шеърлар ўқишарди. Мен эса, “Қачон кўчаларга чиқасан, элим”, “Ё фалак бу юртнинг, айт, ботирлари ҳам борми”, “Зиндонда яшайман”, “Мен ҳам фарзанд бўлдимми?”, “Қўзғалинг, эй аҳли мўмин, ёвга қарши қўзғалинг”, “Кўзингни оч ўзбегим, уйғон энди, ён энди”, “Эна юртим”, “Уйғонгин, болам”, “Баҳор келар бизнинг боғларга”, “Михаил Горбачёв, сизга нидоларим бор”, “Мустақил бўлайлик, озод бўлайлик” каби бир талай қўшиқлар яратиб, уларни омма орасида куйлаб, одамлар шуурига мустақиллик тушунчасини сингдириш ҳаракатида бўлдим. “Бирлик”нинг ҳаракатлари ўз мевасини бериб, халқимиз аста-секинлик билан уйғона бошлади. 1989 йилнинг 7–8 июнь кунлари Қўқон шаҳрида бошланган халқ исёнига қарши Совет генерали Шаталин бошчилигидаги аскарлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, майдонга чиққан халойиқни ўққа тутганли тўғрисида куйлаган қўшиғим учун мени қамоққа олишмоқчи эди, бироқ “Асраса кимни Худо, анга балонинг иши йўқ,  роҳатин кимга насиб этса, жафонинг иши йўқ” деганидек мени маҳбуслар сафига қўшгани кучлари етмади. 1988–1989 йиллардаги ижтимоий-сиёсий қўшиқларим учун Фарғона вилоят прокуратурасида менга қарши жиноий иш очилган. Аммо, вилоят прокурори терговдан сўнг “сизнинг қўшиқларингизни эшитиб кўрдик, унда ҳеч қандай жиноят излари йўқлиги сабаб, сизга очилган жиноий иш ёпилади” деб озод қилганди. Тўғрисини айтсам, ўшанда Михаил Гарбачёвнинг қайта қуриш, ошкоралик ва демократия тўғрисидаги сиёсати мени қамоқдан сақлаб қолганди. 1989 йил 1 октябрь куни ҳозирги Мустақиллик майдонида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини талаб қилиб, иккинчи намойишни ўтказдик. Намойишда етти мингдан зиёд юртдошларимиз қатнашган. Ҳурлик учун жонбозлик кўрсатган ҳаракат номи Осиёнинг кўплаб мамлакатлари ичида ҳам шуҳрат топди.  Ташкил топган кунидан бошлаб, Совет ҳукумати тазийиқи, таъқиқи остида кун кўрган “Бирлик” халқ ҳаракати КГБ таъсирида бўлган ички хоинлар сабаб таназзулга учради. “Бирлик” ҳаракати узоқ йиллар мобайнида халқнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, ҳамюртларимизнинг манфаатлари учун курашиши мумкин эди. Афсуски, мустақиллик нима эканлигини англаб етмаган, ўз юртига ўзи эгалик қилиш шарафини тушунмайдиган манқуртлар, КГБ қулига айланган “хўп бўлади”лар ва миллат кушандаларининг касофати билан ўз орзуларини тўла-тўкис адо этолмай қолди. Ана шунақа гаплар…

Сизни Америкага қочиб кетган, ҳатто вафот этган деб гап чиқаришган экан-а?

– Нега қочишим керак? Кимдан? бундай гапларни ўзим ҳам жуда кўп эшитганман. Етиб келган. Одамлар бўй-бастига қараб фикрлайди-да. Кимдир Дадахон Ҳасан ҳозир қамоқда деса, кимлардир вафот этиб кетган ҳам деган гап тарқатди. Майли-да. Бир куни қарасам, тармоққа жойланган қўшиғим остига бир мухлис “жойлари жаннатда бўлсин, зўр қўшиқчи эди” деб шарҳ қолдирибди. Бунга на кулишингизни, на хафа бўлишингизни биласиз. Яна, сиз айтганингиздек, мени Америкага чиқиб кетган, ўша томонларда яшайди деб ўйлайдиганлар ҳам бор. Телевидиниеда кўринмаганим учун ҳамма ҳар хил фикрга боради. Аслида, бошқача бўлган. 1991 йилнинг октябрь ойида Америкада яшовчи ҳамюртларимиз даъватияси билан “Туркистон – Америка” жамиятига чақиришган. Бир ой мобайнида Нью-Йорк, Вашингтон, Нью-Жерси шаҳарларида бўлиб, концерт бергандим. Озодлик учун кураш, қаҳрамон қўрбошиларимиз  ҳақидаги қўшиқларим учунми, айни шу сафарда Жаҳонгир Шермуҳаммадбек қўрбошининг қизи менга Туркистон байроғини совға қилган. Бир ойлик сафарни ниҳоялаб, 1991 йил 29 декабрдаги президентлик сайловига қадар Ўзбекистонга етиб келганман. Америкага бўлган биринчи ижодий сафарим “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида илиқ фикрлар билан ёритилган. Кейинроқ 1993 йили Вашингтон шаҳрида бутун дунёдан йиғилган мухолифатчилар ва “Инсон ҳуқуқлари” ташкилоти иштирокида ўтказиладиган симпозимга таклиф этилдим. Бу конференцияда ижтимоий ва диний мазмунда маъруза ўқиганман. Қизим Сарвиноз Ҳасанова оиласи билан Америкада яшайди. Шу боис 2003–2004 ва 2016–2018 йиллари оилавий йиғин муносабатлари билан борганимни ҳисобга олмаса, ҳамма вақт ватанда бўлганман. Америкага фақатгина 1993 йилда конференция учун борган сафарим тўрт ойга чўзилган холос. Бошқа барча сафарларимда узоғи билан бир ярим ой бўлмаса, бир ойда қайтганман. Мен Шўро давридан мустақиллик учун курашиб, халқни даъват қилиб юрган одам – қандай қилиб Ўзбекистонни ташлаб кетардим, бундай қилиш хаёлимга ҳам келмаган. Шу халқ учун қўшиқ айтиб, бу элдан узоқлашармидим? Тўғри, айрим ўзини муҳолифман деб кўксига уриб юрган қўштирноқ ичидаги ватанпарварлар ҳаловати ва ширин жонини ўйлаб кетгандир. Аммо мен ҳар доим шу ерда бўлганман. Бу халқ бўлмаганида, эҳтимол узоқ яшамаган ҳам бўлардим. Яна Аллоҳ билгувчи.

Яна санъатга қайтайлик устоз.

– Э, баракалла! сўранг.

Ҳозирги ижрочиларни ҳам кузатиб борасизми? Айни давр қўшиқчилик санъатини қандай баҳолайсиз?

– Авваллари ҳозиргига нисбатан қўшиқчилар кам эди. Саҳнага чиқиб қўшиқ айтишни ўзи бўлмаган-да. Ҳозир қўшиқ айтадиган кўп, агар улар айтаётганини қўшиқ деб бўлса… Қўшиқчи кўпки, ундан бемазаси кўп. Худди бемаза қовунни уруғи кўп бўлгандак. Овоз йўқолиб боряпти. Аёллардан иккитасини айтоламан: Озода Нурсаидова билан доим қизил рўмол ўраб чиқадиган қиз. Йигитлардан манаман деганлари йўқ. Бунга сабаб нима, сабаб – олифтагарчилик. Институтни зўрма-зўраки битирса-да, тезроқ саҳнага чиқса, элга бир-икки ашуласи билан кўриниб олиб,шуни орқасидан бойиса. Олдинлари тўйга чиқишга қўрқишарди. Аввал ўзларини тайёрлаб, устозлар ёнида йиллаб бирга юриб, битта тўйни ўтказишига кўзи етсагина, шунда ҳам ўйлаброқ чиқишган. Тўрт-беш соатлаб тўйда тик оёқда туриб, тор билан жонли овозда қўшиқ айтилган. Куйлаётиб, тутилиб қолишдан, сўзларни адаштириб юборишдан қўрқишган. Ҳозир-чи, деярли ҳаммасинингаппарати бор. Битта касетани улаб қўяди-да,лаб қимирлатиб тураверади. Бу ҳаракатлари халқни алдашдан бошқа нарса эмас-ку, халқимизгўл эмас, ҳаммасини билиб туради. Шунинг учун қўшиқчини ҳам қўшиғини ҳам қадри ерга сочилган тариққа ўхшайди. Эсимда,1970 йили В.Лениннинг туғилган кунига 100 йил тўлиши муносабати билан Тошкент шаҳридаги “Свердлов” концерт залида “Ленинни шарафлаймиз” шиори остида адабий-мусиқий кеча уюштирилди. Концертга йиғилган томошабинлар дастурга имкон бермай, фақат “Дадахон Ҳасанов қўшиқ айтсин” деб ер тепиб қарсак чалиб туриб олишган. Ўша куни“доҳий” шарафланмай қолган.Шу залдаикки соат тинмай қўшиқ айтганман.Бунақа воқеалар менда кўп бўлган ва ҳар қандай элни тилини, дилини топган бошқа санъаткорда ҳам бўлиши мумкин. Халқ ўз санъаткорини танийди. Уни эшитишни хоҳлайди. Бугунчи, саҳнани у томонидан бу томонига югуриб, қарсак сўрашяпти. Қарсак тилаболинмайди. Арзисангиз, уни сиздан аяшмайди.

Битта шеър ёқиб қолса, уни қўшиқ кайфиятига тушириб,одамларга тақдим қилиш учун ойлаб ҳаракат қилинган. Тўғри фавқулодда тез туғиладиган қўшиқлар ҳам бўлади.Оҳанги ҳам, сўзи ҳам юрагингизни ўйнатиб юборса, қўшиқ бўлади-да. Мен кўп эътибор бераман, ҳозир жуда кўп қўшиқчилар сўзга қараб ўтиришгани йўқ. Дуч келганини айтаверади. Шоир билан ишлаш йўқ-да, шоирни излаш йўқ, сўзни англаш йўқ.Мен тағинам пул учун қофия ясаб“ёзиб ташлаётган” шиғирчиларни санамадим. Ҳозир қўшиқчи шоирлар ҳам кўпайиб кетган-да. Асл ҳофизлар асл шоирлар сўзини куйлайди.Менимча, бугун китоб варақлаб, ўз овозига ўзи шеър излаш ўрнига тайёрига югуришурф бўлгандай.Шиғирчи буюртмага мослаб нимадир ёзиб бераверади.Қўшиқяратиш ўйинмас, жонингни куйдирмасанг жонингга қайишмайди. Санъаткор бўламан дегани аввало ўзини англаши, куйни куйдан, сўзни сўздан фарқлашни ўрганиши керак.

Устоз, овоз аҳлига, сўз аҳлига,умуман, санъат аҳлига қандай маслаҳат берган ва сизни яхши кўргувчи мухлисларингизга қандай гаплар айтган бўлардингиз?

– Мен Темур бобонинг авлодлари ботир укаларимга, Тўмарис Момонинг қизларига, бугунги кунимиз, эртанги кунимизнинг давомчиларига айтар эдимки,сизлар ўтган буюкларнинг ортида, бўлғуси буюкларнинг олдида турибсизлар, асрлар мобайнида дунёни илми билан, сўзи билан ошно қилганларга ота бўлган, она бўлган халқнинг ичидасизлар. Алишер Навоий даврида халқнинг устига қандай бало келишидан қатъи назар элидан ажрамаган битта шоир, битта ҳофиз бўлса кифоя экан. Ўша элни шу шоири, шу ҳофизи чароғон кунларга етаклаб олиб чиққан эмиш. Ҳозир имкониятлар катта. Шароитлар яхши. Курашаман десангиз майдон, ёзаман, куйлайман десангиз ҳаловат бор. Шу йўлга кирдингизми, умрингиз охиригача халқ хизматида бўлинг. Йўлингизда енгил-елпи қадам босманг. Санъаткор эътибор бўлмасагина сўнади, халқининг эътибори бўлмаган санъат – санъат эмас! Элдан айро тушмай халқ тилида сўзлаб, халқнинг оҳангида унинг орзу-умидларини, қувончи ва армонларини, дардини куйласангиз,халқ ташлаб қўймайди. Сиз эса сўнмайсиз. Гуллайверасиз.

Мени яхши кўргувчи мухлисларимни улардан кўпроқ мен яхши кўраман. Халқимни яхши кўраман. Камтарона санъатимни эътироф қилиб, овозимни хушлаган бўлса, мендан бахтли одам йўқ. Шу кунгача мени қўллаб турган халқимнинг, мухлисларимнинг борига шукур. Иншааллоҳ ўйлаган муродларига етиб, бахтли умр кечиришсин.

07.11.2020

Масиҳуллоҳ Мадаминов суҳбатлашди

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan