• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nasr minbari
«ЕСЕНИННИ СЕВГАН ҚИЗ» – Жуманазар ЙЎЛДОШ

«ЕСЕНИННИ СЕВГАН ҚИЗ» – Жуманазар ЙЎЛДОШ

(Ҳикоя)

  Тиниқ оқшом.

  Майда-майда қор парчалари  инжа ҳисларга чулғаниб, оҳиста ерга қўнар, тун қўйнида дайди шамоллар беманзил кезишарди.

  Юпқа қор босган йўлдан ғичирлатиб қадам босиб, шўхчан кулиб, қўлларини бир-бирига илдирганча икки ёш кетиб боришарди.

  – Майин қор парчалари… – деди қиз бирдан тўхтаб. Кафтларини ҳавога чўзиб, эркаланиб ёғаётган қор зарраларини қўлига қўндирди-да, хушбичим бурнига теккизиб ҳидлади.

  – Қилиғингни қара, қорниям ҳиди бўладими? – деди йигит беозор жилмайиб.

  –  Бўлганда қандоқ, менга қор ҳиди жудаям ёқади… қор ҳиди… ҳатто гул ҳидидан ҳам кўпроқ ёқади.

  Осмонга тикилишди.

  – Ажойиб тун… –  деди қиз сурурланиб.

  – Ҳа, ажойиб. Кечқурун қор ёғса тун ниҳоятда гўзал ўтади.

  Қиз қувончдан шеър айтиб юборди:

               –  Қор қуюнин тингларман беҳис,

                Бахт керакмас бундан зиёда.

               Бундай ажиб турфа ишларсиз,

               Яшамасман ёруғ оламда.

  – Есенин… – деди йигит таъби хира тортиб.

 –  Худди манашу лаҳзалар учун атаб ёзилгандай а?

 –  Ҳа…

 – Шундай самимий, эҳтиросли шеърларни одам боласи ёзиши мумкинми?

 – Бор эканку…

– Шундай самимий, эҳтиросли шеърлар эгасини бир кўрсайдим, дунёдан армонсиз ўтардим. Биласанми, уни жуда кўркам дейишади. Шеър ўқиганида бутун юракларни жунбушга келтираркан… Ҳатто бир одам шеър ўқилаётган залда хушдан кетибди. Мен ҳам бир бор Есениндан шеър тингласам… ўлишга ҳам розийдим…

  Йигит бошини қуйи эгиб, чуқур хаёлга толди.

  –  Нега жимсан?

  –  Ўзим…

  –  Нима, мендан ранжидингми?

  Йигит бошини чайқади. Ҳамроҳи унинг қўлидан ушлаб, елкасига бошини қўйди:

  –  Мендан ранжима, ахир Есенинни яхши кўрганим билан сени ташлаб кетмайман-ку. Уни фақат шоирлигига шайдоман, ўзига эмас. Ўзинг айт, шоирларни ким ёмон кўради, дейсан?

   Йигит ҳамроҳининг жун рўмолидан манглайига тушиб турган сочларини силади, совуқдан қизаринқираган ёноғидан ўпиб қўйди.

  –  Ташлаб кетмаслигингни яхши биламан, лекин юрак қурғур… майли, қўй. Парво қилма, бу ҳам бир телбалик-да.

  –  Сен жуда бадгумон бўлиб қолибсан, менга ишонмайсанми?

  –  Ишончим-ку бор, қара, покиза қор парчалари юзингга қўнаётир.

  У кафти билан хушрўй юзига, тун каби сочларига, қорамтир жун рўмолига инган қор қатраларини қоқиб, артиб қўйди.  

  –  Сенинг ҳам қалбинг барча шоирларники каби бокира. Гулим, биласанми… –  у бошини хиёл эгди, шамол оқимида шавқланаётган қор зарралари унинг ҳам киприклари, қошлари, сочларига қўнарди. – Агар… Есенинни танлаганингда ҳам мен сираям… сираям ранжимасдим. Ранжимасдим, ишон. Чунки сен унинг шеърларини ёддан биласан, демак қалбини ҳам ҳаммадан яхшироқ билсанг керак.

  – Ахир сенга айтдимку…

  – Илтимос, гапимни бўлма, – деди йигит унинг лабларига бармоғини теккизиб. – Агар ҳозир, шу тобда Есенин сендан ўтиниб қўлингни сўраганида сен иккиланмасдан рози бўлардинг. Инкор қилма, буни яхши биламан. Мен таъна қилаётганим йўқ, ранжиётганим ҳам йўқ. Ранжиёлмайман ҳам… Менга сенинг бахтинг, шодон кулгуларинг керак…  билсанг, яшашимга шу нарса куч беради. Балки бу дунёга бахтингни кўриш учунгина келгандирман. Гулим, модомики сен Есенин билан бирга бўлолмас экансан… модомики, мени танлаб ғариб кўнглимни шод этган экансан… сени бахтли қиламан! Сўз бераман. Жонимни тикиб бўлса ҳам сени бахтли қиламан!

  Шундай деди-ю, қизнинг қизаринқираган ёноғидан бўса олди. Қиз унинг бўйнидан қучди. Энтиккан юраклар ҳароратдан илиди. Улар бир-бирининг бағрига сингиганича қор босган йўлдан аста юра бошлашди.

  – Совуқ емадингми? – деди йигит ҳамроҳини қайғуриб.

  – Йўқ.

  –  Бугун анча совуқ бўлибди. Лекин гўзал қор ёғяпти, шунга муздек ҳаво ҳам унчалик сезилмаяпти.

  – Кўнглимдагини айтдинг, – деди қиз ширин кулиб.

  –  Қиш фасли жону дилим. Биласанми, бир умр шу қор парчасига айланишни орзу қилганман. Қани энди бир парча қорга айлансам… Осмони фалакдан аста ерга қўнсам… кейин биласанми… йўқ, айтмайман.

  –  Нега? Айтақол.

  –  Айтсам куласан-да.

  –  Йўқ, йўқ. Ҳечам кулмайман. Чин сўзим, айтақол.

  –  Кейин оёқларинг остида қолсам…

  Қиз ўзини тутолмай кулиб юборди. Йигит ҳам уни жеркимай, хуш кайфиятига шерик бўлди.

  –  Унда… унда мен қор босган йўлдан юрмасдим.

  Йигит ҳамроҳининг пучик бурнидан беозор нуқиб, эркалаб қўйди. Сурурланиб жилмайишди.

  –  Қара-я, – деди қиз атрофга ўйчан тикилиб. – Ҳамма ёқ оппоқ… оппоқ… – у бир зум кўзини юмиб туриб эсланди:

                             –  Далалар оқ кийган, оқарган ой ҳам,

                             Кафанга ўралиб ётибди ўлкам…

  –  Қўйсангчи шу дилни сиёҳ қиладиган сатрларни.

  –  Майли… – у бир оз муддат жим қолди, кейин йигитга жиддий тикилди: – Сен ҳам шеър ёзишга уринмаганмисан ҳеч?

  –  Бу қўлимдан келмаса керак, эплолмайман.

  –  Нега экан?

         Шеър ёзиш унчалик қийин иш эмас.

 –  Шоир бўлиш – кенгликни куйлаш…

   Менда кенгликни куйлаш қобиляти йўқ. Буни худо юқтиради. Менинг қусурим бу, менинг айбим…

  –  Ўзингни ундай камситма, сен… биласанми, истасанг энг яхши шоир бўлоласан. Сени қалбинг манашу паға-паға ёғаётган қордай покиза. Яхши шоир бўлиш учун шунинг ўзи кифоя-ку. Агар сен шоир бўлсайдинг… умрим фақат сенинг шеърларингни тинглаш билан ўтарди… қанийди…

  Йигит бошини қуйи эгиб, жим қолди. Унинг бу сукунати ҳам гўё алланималарни сўзлаётгандай эди.

  –  Биласанми, – мунгли овозда сўз бошлади йигит. – Бизни қишлоқда бир одам яшарди. Уни тили-забони йўқ эди, қўпол айтилса соқов эди. Ҳамма қатори оддий ҳаёт кечирарди. Лекин элда соқов деган бадбин лақаб орттирган эди. Унинг юраги доим шу сўзни эшитганида оғриб турарди… буни кўзига қараб аниқ сезардим. Доим шу сўзни эшитганида ғуссали нигоҳларини олиб қочарди ва одатдагидан кўра хушчақчақ бўлиб қоларди. Шўрлик қайғусини кулгу билан енгарди…

  –  Нега бундай ачиниш билан айтяпсан?

  –  У ўлган.

  –  Ё худо! Қандоқ қилиб?..

  –  Камситаверишларига юраги дош беролмаган. Ўзини дарёга чўктирган.

  –  Бояқиш…

  –  У шундоқ бўлишини ўзи истабмиди? Худо уни шундоқ яратган бўлса гуноҳи нима? Шундай ювош одам ўлди-кетди… У ҳам ҳамма қатори яшаётган эдику…

  –  Лекин турли гап-сўзни деб ўз жонига қасд қилиш?..

  – Хўрлайверса тош ҳам дод дейди. Ахир у одам эди. Одам бўлгандаки…

  –  Ҳа… – қиз бошини хам қилди.

  –  Унинг оғриқлари менга таниш. Қишлоғимизда ҳаммадан ҳам кўпроқ мен ачинардим унга. Ҳамон ёдимда: кафтлари билан яширган кўзларида ёш йилтиллаб турарди. Уни кўриб юрагим оғрирди… жуда ҳам оғрирди. Сен у оғриқни билмайсан…

  Қиз хаёлга толди. Унинг бу хаёлчан қиёфаси ушбу ойдин, қорли тунга жуда ярашиб турарди.

   –  Мени… – деди у йигитнинг кўзларига журъатсизгина тикилиб. –  Мени кечир…

  Ҳамроҳи унинг жун рўмолини тўғирларкан:

  –  Кечирдим, кечирмай қаёққа борардим. Ахир ўзимнинг энг чиройли гулимсан, – деди ва ўзининг меҳр тўла бағрига босди.

  Оқшом қучоғига ҳамон майин қор ёғарди. Улар қорли йўлдан аста юриб боришаркан муҳташам бино олдида тўпланаётган, ғала-ғовур қилиб, бир-бирига йўл бермай туртиниб, суринаётган тумонат одам қаршисидан чиқишди.

  Йигит ва қиз бир-бирига анграйиб тикилиб қолишди. Одамларга урила-сурила қизғинлик билан чипта тарқатаётган одам ёнига келишди.

  –  Кечирасиз, бу ерда нимадир бўляптими? – деб сўради йигит.

  –  Ҳа, ўртоқ. Бу ерда кимсан Есенин шеър ўқийди. Бутун оламон шунга тўпланишган.

  Қизнинг кўзлари порлаб, беихтиёр ирғиб қўйди. Қўлларини бир-бирига қовуштириб, жилмайганича “қандай бахт!” дегандай ҳамроҳига тикилиб қолди.

  Йигит маҳзун табассум билан қизнинг қовушган қўлларидан тутиб ўпди ва чиптачига қаради:

  – Бизга ҳам иккита чипта беринг…

  –  Узр, ўртоқ. Бизда бошқа йўқ, сонияга кечикдингиз, охиргисини ҳозир пулладим.

Қизнинг чеҳрасидаги қувонч сўлиб, бирдан рангин бўлиб қолди. Милт-милт ёш тома бошлаган кўзларини артди;

 –  Майли, керакмас…

–  Худо ҳаққи, нега бундай дейсан, – деди йигит унинг намланган киприкларини артиб: – Бирон йўли бўлиши керак… Мен ҳозир!

  У шошилиб қаёққадир чопиб кетди. Бир неча дақиқа ўтгач, бир даста қувонч билан етиб келди:

  –  Иложини топдим, юр!

  Бинонинг орқасига ўтишди. Уларни бир одам хунук тиржайиб кутиб олди ва бир тавақали эшикни кўрсатди. Эшикдан кириб, зал томон юришди. Зал эшиги ланг очиқ турар, минглаб ўриндиғи бўлса ҳам бари банд, яна бир талай одам тик туриб шеър тинглашарди.

  Ўктам, жарангдор ва ниҳоятда ёқимли овоз бутун зал бўйлаб таралар, оламонни ўзига қаратиб қўйган эди.

  Икки ёш шоирни кўриш ниятида одамларга туртила-туртила томошага қулай жой топишди.

  Залнинг кенг саҳнасида эгнига хушбичим, кулранг кастум-шим кийган, сариқ, жингалаксоч, мовий кўзларида ўт чақнаб турган Есенин жўшиб, эҳтиросга тўлиб, ўзидан ўзи илҳом олиб шеър ўқирди. Қўлларини қалбида тўлиб тошган туйғуларига мос тарзда тебратар, қўё руҳи ердан узилиб, ўзга оламга тушиб қолгандай кўринарди.

  Қиз… шоирга тамомила мафтун бўлиб, кафтини иягига тираганча масрур бўлиб, ошиғидан дил изҳори тинглаётган маҳбубадай жимгина ҳислар денгизига тобора шўнғиб борарди.

  Йигит… маъюсгина, юракни ўртовчи мунг билан дам эҳтирос бўлиб ёнаётган қизга, дам ўтбардор шеърлар ўқиётган шоирга тикилар, бошини хам қилиб оғир ўйларга берилганча жим ўтирарди.

                             –  Бир жуфт оққуш – жонон қўллари,

                            Шўнғир олтин сочларим аро.

                             Бу дунёда одамлар бари

                             Ишқни куйлар такрор ва такрор.

  Томошабинларнинг юраги селдай оқиб, сув қуйгандек жим-жит бўлиб тинглардилар. Шоирнинг кўзлари ҳасратдан ёнар, гавдаси маҳзун шеъридай чайқаларди.

  Шоир шеър тугаши билан ҳар ёқдан отилган олқишлар, турли эътироф сўзлари ёмғири остида қолиб кетди. У ҳурмат ва муҳаббат изҳор этиб, томошабинларга таъзим қилиб қўйди.

  –  Ўртоқлар, –  дея сўз бошлади у, ҳамма тинчиб қолди. –  Қайси шеъримни тинглашни истайсизлар?

  Ҳамма ғала-ғовур кўтариб, ҳар ёқдан бақира кетишди:

  –  “Аёлга мактуб”!

 –  Хуросон ҳақидагисини!

 –  “Синглимга хат”!

 –  “Девона кўнгил”!

 –  “Гўдакликдан маълум ҳар одам”

 –  Шаҳина ҳақидагисини айтиб беринг! –  дея ҳаммадан қаттиқроқ чинқирди жун рўмолли қиз…

  Залдагиларнинг ҳаммаси бирданига унга қарашди-ю, бирин-кетин фикрини маъқуллай кетишди. Бу қиз йиғилган мухлисларнинг дилидаги гапини айтган эди гўё.

   Есенин қизга кулиб қўйди ва “майли” деди. Томоқ қириб, шеър руҳига мос туриб оларкан:

  –  Бу менинг ҳам энг ёқтирган шеърим, –  деди-да анашу севимли шеърини ёдаки ўқий бошлади:

Шаҳинам, о менинг Шаҳинам,

Билсанг шимол ватандир менга.

Далалардан сўйлайми сенга,

Ой нур сепган бошоқлардан ҳам,

Шаҳинам, о менинг Шаҳинам…

   Зал жим-жит. Қиз ҳам жим. У бутун вужуди қулоққа айланиб, меҳрли, оҳанграбо куйдай нафис таралаётган сўзлардан маст бўлар, юраги селдай оқарди. У умрлик орзусига эришганидан, ўз хоҳишини қондирган шоирдан жуда мамнун ва жуда бахтиёр эди.

  Йигит… бир қизга, бир ҳаммани ўзига қаратиб, булбулдай хониш қилаётган шоирга қараб қолди. Кўксини бир муддат чангаллаб турди, юзи бужмайди, негадир безовта бўла бошлади… Берилиб шеър тинглаётган ҳамроҳига қараб:

  –  Мен ташқарида бўламан, – деди ва индамай-нетмай чиқиб кетди…

  …Ой нур сепган бошоқлардан ҳам

  Олтин сочим сўйласин, дилдор.

  Кул, ўйна-ю даламни зинҳор

  эслатмагин менга, жонгинам,

  Ой нур сепган бошоқлардан ҳам.

  Шаҳинам, о менинг Шаҳинам,

  Шимол ёқда бир нозанин бор:

  Сенга ўхшар, ғоятда дилдор

  Балки сенга ўхшар ул санам…

  Шаҳинам, о менинг Шаҳинам.

  Тинмай қарсак ёғилди. Ҳар ёқдан ҳайқириқ, хитоблар ёғилди.

  “Қандай ажойиб…” – дея шивирлади қиз.

  …Шеърхонлик кечаси ниҳояланди. Томошабинлар бир дунё таасурот билан тарқай бошлашди. Яна бир тўда одам эса самимий шоирдан дастхат олишга ошиқдилар. Одамлар шоирга самимий тилаклар билдиришар, уни сўроққа тутишар, эҳтиросини жиловлай олмаган мухлислар эса қучоқлаб, ўпиб қўйишарди. Шоир уларнинг ҳаммасига самимий табасуми ва илиқ муносабати билан жавоб қайтарарди.

  Жун рўмолли қиз… қанча уринса ҳам шоирнинг ёнига ўта олмади, зич издиҳом девордай бўлиб, ниҳояланмаган орзу ва умидларига тўсқинлик қиларди. Ниҳоят ушбу кеча тотидан сармаст бўлган оломон ва уларнинг ўртасида олтин тангадай ялтираб турган Есенин ташқарига чиқишди.

  Охирда оғир қадамлар билан жун рўмол ўраган қиз чиқди. У ҳам бу сеҳрли оқшомдан сурур олган, ҳам шоир билан юзма-юз туриб суҳбатини эшита олмаганидан дили хуфтон эди.

  У оғир қадамлар билан қайрағоч остида сигарета тутатаётган йигит олдига борди. Йигит сигаретасини четга итқитиб, унга пешвоз чиқди:

  –  Яхши ўтдими? – деди у синиқ товушда.

  –  Яхши! – деди қиз қайғусини яшириб.

  –   Ундай бўлса… яхши.

  Тун бағрини эзиб-езиб қор ёғарди.

  –  Кетдикми? – деди йигит.

  –  Бир оз турайлик? – деди қиз умиди сўнмай.

  –   Майли…

  Қизнинг кўзи бинонинг нарёғида усти ёпиқ енгил машинага минаётган Есенинга тушди. Бир гуруҳ одам унга қуллуқ қилиб, миннатдорчилик билдирар, хайрлашиб, қўл силтардилар…

  –  Ҳозир… –  деди қиз ва ҳамроҳини қолдириб, машина кетидан чопди…

  Йигит нурсиз чеҳрасига кўланка солган тун зулмати каби оғир изтироби билан ёлғиз қолиб кетди.

  Қиз бўлса ўрнидан қўзғалган машина кетидан чопа бошларкан:

  – Тўхта! –  дея бақирди ортидан.

  Машина тўхтамай, аксига илдамлар, қорли тун қўйнини ёриб борарди.

  –  Есенин! Тўхта, шошма! –  чинқирди қиз. –   Тўхта, Есенин! Мен сени бир умр кутганман! Бир умр интиқиб кутгандим! 

  Машина шитоб билан елиб борар, қиз ҳам изидан қолмай югурар, югургани сайин қайтага масофа узоқлашиб борар, танғиқ жун рўмоли бошидан сидирилиб тушган эди…

  Югура-югура ахийри унинг ортидан ета олмаслигини англади ва умидсиз қадамлари билан тўхтади. Бўғилаётган нафасини ростлаб бир зум олислаб бораётган машина кетидан тикилиб қолди. Кўзларида милт-милт ёш тома бошлади. Машина умиди каби кўзга кўринмай қолди… Сўнг эсига нимадир келгандай хавотирда ортига ўгрилди.

  Оҳиста ёғаётган қор парчалари аро олис қайрағоч остида бир шарпа кўрингандай бўлди…

2020-йил

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan