• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
“ИЧИМДА ҚАЙҒУРИБ ЙИҒЛАМА, ҒУРБАТ!” – Нажиб Фозил КИСАКУРАК

“ИЧИМДА ҚАЙҒУРИБ ЙИҒЛАМА, ҒУРБАТ!” – Нажиб Фозил КИСАКУРАК

Атоқли турк мутафаккири ва шоири Нажиб Фозил Қисакурак (Ahmet Necip Fazıl Kısakürek) 1905 йил 26 майда Истанбулда туғилган. 17 ёшида ўша даврдаги «Истанбул дорилфунуни Адабиёт мадрасаси, Фалсафа бўлими»га ўқишга кирган. Миллий Таълим Вазирлиги йўлланмаси билан бир йил Парижда ҳам ўқиган. Қайтгач, банкларда ходим, назоратчи, университет ва институтларда ўқитувчи бўлиб ишлаган.  Тафаккур ва санъат йўналишидаги «Буюк Шарқ» (1943-1945) тўпламини нашр қилдира бошлагандан сўнг расмий доираларда ишламаган. 1934 йилнинг бир оқшоми унинг ҳаётида бурилиш ясаган: Шайх Абдулҳаким Арвосий билан қилган суҳбатидан кейин унинг этагини маҳкам тутган. Кейинги ҳаётининг кўп қисми сиёсий айбловлар билан ўтган.
Нажиб Фозил Қисакурак шеърларида чуқур тафаккурга чорлов, ўлим ва ёлғизлик мавзулари ўзига хос услуб ва бадиий жиҳатдан мукаммал бир тарзда тараннум этилади. Уларда халқона оҳанг билан биргаликда франсуз шеъриятининг таъсири кўринади.Шеър китоблари: «Ўргимчак тўри» (1925), «Пиллапоялар» (1928), «Мен ва нариги томон» (1932), «Сўнгсизлик карвони» (1955), «Шеърларим» (1969), «Азоб» (1945).  Шоир «Юнус Эмро», «Иброҳим Адҳам», «Сабртоши» каби драмалар муаллифи ҳамдир.  Унинг ижоди ўз даври ва кейинги насл шоирларига жиддий таъсир кўрсатди, дейиш мумкин.
Нажиб Фозил Қисакурак 1983 йилнинг 25 майида вафот этган.

БУ ЁМҒИР

Бу ёмғир, бу ёмғир бу қилдан инжа,

Нафасдан юмшоқроқ ёғган бу ёмғир.

Бу ёмғир, бу ёмғир бир кун тингунча

Ойналар юзимни танимас бўлар.

Бу ёмғир қонимни бўғган бир арқон,

Танимда оғриқсиз ётган бир пичоқ.

Бу ёмғир ерда тош ва менда кемик,

Бардошимча шаға-шаға ёғажак.

Бу ёмғир телбалик ваҳмидан устун,

Зулмат қувилмайди тушунчалардан.

Жинларнинг ақлимда қилган тугуни

Сувлардан, саслардан ва кечалардан…

ҒУРБАТ

Тоғда кезинаркан ёқма қандилни,

Рангсиз кўзларимни доғлама, ғурбат!

Нелар демас оқар сувларнинг тили,

Сассизлик ичида чоғлама, ғурбат.

Титроқ бармоғингда тутиб игнани,

Пешонамда тикма қийиндиларни.

Деворларда эмиб шағам нурини

Бир бўғилган рангни боғлама, ғурбат.

Гулни ўстирганга ажиб ҳавас-ла,

Рангли дардларимни кўзимда асра.

Ёлғиз онам каби ул илиқ сас-ла,

Ичимда қайғуриб йиғлама, ғурбат.

* * *

Доим оёқ саслари, доим оёқ саслари,

Кезинади кўчада кун ботганидан бери.

Бу овозлар тегинар энг оғриқли еримга,

Бир эски чипқон каби ишлайди ич-ичимга.

Ҳозир қора хабардек, эй, менга яқинлашган,

Сўнгра саодат бўлиб ёнимдан узоқлашган.

Саслар, оёқ саслари тўхтамайди тайиндир!

Менга келган муждани, ғолибо айнитдилар,

Бўйла одим отарлар айрилганлар эшидан,

Бўйла юрар – кетганлар – бир тобутнинг пешидан.

Кимсасиз кечаларим бу синиқ сас-ла тўлди,

Энди урган юрагим ҳам бир оёқ саси бўлди.

Бир кун сўниқ кўксимга йиқилган вақтда бошим,

Мендан айрилар каби бўлар бир жон йўлдошим.

Кетганча узоқлашган бу сасни туя-туя,

Секин-аста ётаман уйғонилмас уйқуга.

ОНАЖОНИМ

Оқ сочли бошингни тираб қўлингга

Қора хаёлларга дол, онажоним!

Ул титроқ қалбингни бахтнинг елига

Бир ҳарир пат каби сол онажоним!

Ўйлама кечар деб бу қоронғулар,

Кечанинг ортида яна кеча бор;

Болалар ҳайқирар, оналар йиғлар,

Ёшли кўзларинг-ла қол, онажоним.

Кўзларингда акси бир чуқур ҳечнинг,

Қанотинг ёйилмиш қоқилмоқ учун;

Бу қиш йўлчилик бор, дер эса ичинг,

Мени ҳам баробар ол, онажоним.

КУТИЛГАН

На хаста кутар сабоҳни,

На тоза ўликни мозор,

На-да шайтон бир гуноҳни

Сени мен кутганим қадар.

Бўлди, истамам келмагинг,

Йўқлигингда топдим сени.

Қўй, ваҳмим-ла кўланкангни,

Келма, нима фойда энди?

КУТГАН

Сен қочган бир ҳуркак жайронсан тоғда,

Мен изингдан тушган бир жониворман.

Истасанг дунёни чақир имдодга,

Сен борсан дунёда ва бир мен борман!

Сени қўрқитажак кечдигинг йўллар,

Ортингдан келади оёқ овозим.

Вужудингни қучиб ноаниқ қўллар,

Энсангни ёқади оташ нафасим.

Кимсасиз ўлкангда қиш кечалари,

Мени эсла титраб кетганда ичинг!

Aйтгин, удир бузган панжараларни,

Aйтгин, шамол эмас – удир ҳайқирган.

Кўксимдан ҳавога қорганим заҳар,

Сўлдиражак бир гул каби умрингни.

Ҳолбуки, қочсанг ҳам шаҳарма-шаҳар,

Менга қоладирсан яна тўнг кунлар.

Ўлсам… ёпилади йўллар орқага,

Мен мозор-ла сирдош бўлиб кутаман.

Хаёлга келмаган ишорат дея,

Тупроғингда бир тош бўлиб кутаман…

САРСАРИ

Ер юзида битта менман сарсари,

Ер юзида битта мен дарбадарман.

Дунёда барчанинг бор тайин ери,

Мен-чи, бутун дунё меники дерман.

Неча йил елдирдим бетин бошимни,

Изладим бир умр дўст-қардошимни.

Ўлсам қўйгувчи йўқ қабртошимни,

Ҳолимга ўзим ҳам ҳайрат этарман.

Кўнглим на дардлидир, на-да бахтиёр,

На ўзига ёр-у, на ўзгага ёр.

Бир рўёни излаб диёрма-диёр

Кўланкам ортидан қувиб кетарман…

ДОЛҒАЛАР

Қучмиш сув парилари каби долғалар бизни –

Узун сочлари кумуш, шаффоф танлари фосфор.

Юмшоқ бошлари билан силкитиб кемамизни,

Йўлчи, кетган соҳилинг қайда дея ҳайқирар.

Йўқ бир соҳил ва ёки на бир ёғдудан асар,

Сувлардан-да чуқурроқ йўлнинг тубанликлари.

Долғалар, юраверинг – қидирамиз баробар

Бошимизни ёражак тикка қияликларни!

ШИДДАТЛИ ДЕНГИЗ

Қайси ҳиснинг бармоғи тегинди-ки, танингга,

Йиқилдими лахча ўт яширинган ичингга?

Қайси рўё қўлга олди сени уйқуларингда,

Туйқус жаҳаннам қайнади ул мовий сувларингда?

Қопланди бошдан оёқ танинг оппоқ тер ила,

Тутун каби ёйилган беғубор кўпикларга.

Қайси дард қолди сўйла бағрингда жунжикмаган,

Қайси ўлим навоси бу тилларингдан тушмаган?

Қайси қаҳрдан юзинг қоришди-ки ер билан,

Сенга пастми боқдилар ё нимадир сўйладилар?

Ҳеч нимани ешитма, энди ҳар не тинглама!

Чорла бутун гуноҳкор руҳларни жаҳаннамга!

Қаршингга соҳил, қоя, инсон – ким-ки чиқса ур!

Ур бошига оламда – кўр, сағир, не борса ур!

Сол ҳар тарафдан, тоғдан, кўктан, деразадан сол!

Ниҳоят қолиб-қолиб дунёда бир киши қол!

КЎЧДИ, КЎЧДИ…

Кўчди, кўчди мавсумлар,

Супурулди тақвимлар.

Кетганлардан қолгани

Деворларда расмлар,

Қабрларда исмлар…

Кўчди, кўчди мавсумлар…

Қани эски иқлимлар,

Қора нондан тилимлар?

Ҳей шошқин замона, ҳей!

Бетасалли илмлар,

Aдолациз тақсимлар…

Қани эски иқлимлар?

ҲАР НАФАСДАН

Кўзим илғаган рангдан, қулоқ осганим сасдан,

Кечир сендан хабарсиз олганим ҳар нафасдан…

ХАБАР

Ўлганлардан хабар келди, тирик ўқир, англамас;

сўрсанг ҳамма мусулмон: на шукур бор, на намоз…

Турк тилидан Шариф Одилбек таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan