• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Maqola
«НОБЕЛЬ ЛУИЗАГА НАСИБ ЭТДИ»

«НОБЕЛЬ ЛУИЗАГА НАСИБ ЭТДИ»

Ҳар йили куз ойларида нуфузли Нобел мукофотига сазавор бўлганларни тақдирлаш мавсуми бошланади. Жорий йилда бу  мукофот адабиёт йўналишида америкалик шоира Луиза Глюкка насиб этди. Глюкнинг исми ҳозиргача адабиёт бўйича букмекерлар эътиборини тортган, номзоди даъвогарлар рўйхатининг сўнггида бўлса-да, тақдир унга кулиб боқди.

2016 йили бу мукофот АҚШ фуқароси ҳофиз шоир Боб Диланга берилган эди. Эндиликда бу шарафга яна бир таниқли шоира мушарраф бўлди. Луиза Глюк эллик йиллик ижодий фаолияти давомида ўнлаб адабий мукофотларга сазавор бўлган. Бироқ уларнинг энг чўққиси, албатта – Нобел мукофоти ҳисобланади. Нобел қўмитаси ҳайъати мукофотни “Ўзига хос равон шеърий оҳанги билан борлиқдаги мутаносиб гўзалликни мужассамлаштиргани учун” деб белгилади.

Луиза Элизабет Глюк 1943 йили Нью-Йорк шаҳрида таваллуд топган. Унинг ота-боболари венгер яҳудийлари бўлиб, АҚШга кўчиб келишган. Бобоси сабзавот тижорати билан шуғулланиб, шаҳар марказида катта дўконига эга бўлган. Шоиранинг отаси ҳам шу соҳани давом эттирган. Баъзи манбаларда уларнинг фамилияси Глик деб ҳам юритилади.

 Ота оилага бош бўлиб, болалари тўкис яшаши учун ўзининг ёзувчи бўлиш орзусидан воз кечади. Бироқ отанинг армонлари катта қизи истакларида ўз аксини топди.

Бўлғуси Нобель мукофоти соҳибаси ота-онаси таъсирида адабиётга меҳр қўйди. Улар фарзандига юнон афсоналари ва антик мумтоз маданиятини сингдиришга муваффақ бўлишди. Айниқса, Глюкнинг онаси, гарчи уй бекаси бўлса-да, АҚШнинг машҳур Уэллсли аёллар коллежини битирувчиси бўлиб, қизи учун ажойиб суҳбатдош ҳамда унинг барча саволларига аниқ жавоб бера оладиган адабиёт билимдони ҳисобланган.

Бундай оилавий муҳит Луизани эрта ёшдан шеър ёзишга илҳомлантиради. Бироқ тўла таълим олишга соғлиги халақит берар, Глюк ўсмирлик ёшида асаб касаллигига чалинади. Бу хасталик қизга тенгдошлари қатори таълим олишга қўймас, аксарият вақти муолажа олишга кетарди. Шунинг учун ҳам қиз бутун кучини ва ботиний оламини Сара Лоуренс Коллежидаги шеърият машғулотларига сарфлашни афзал билди. Айни чоғда, Колумбия университетидаги шеърият семинарларига боришни канда қилмади. Бу ҳаракатлари ва тиришқоқлиги туфайли Луиза шеъриятсеварларнинг нуфузли Лигасига аъзо бўлиб, мухлисларга танила бошлайди. Шундан кейин ҳам соғлиги ва руҳияти билан боғлиқ муаммолар бўлиб турар, ижодий бўҳронлар чоғи касаллиги хуруж қилиб турарди. Бироқ шифокор ёрдами билан руҳий мувозанатини Глюк ўз ички “мени”га нисбатан қўллаб, ўзига хос шеърий услубига эга бўла бошлайди. Ёзган шеърларини тўплаб, рамзий маънода “Тўнғич” деб номлайди. Бу китоб 1968 йилда нашр қилинади. Луизанинг мазкур илк китоби тезда оғизга тушади, танқидчиларнинг ижобий фикр-мулоҳазалари билан даврий нашрларда эътироф қилинади.  Аммо касаллиги яна хуруж қила бошлайди.

Луиза тўла маълумотга эга эмаслигига қарамасдан, Годдарт Коллежида шеъриятдан дарс беради. Бир неча таълим муассасаларида инглиз тили ва адабиёти муаллими бўлиб ишлаб, ниҳоят, ҳозиргача фаолият олиб бораётган  Йель университетининг профессори даражасигача бўлган мураккаб ижодий йўлни босиб ўтади. Ҳаётида юзма-юз берган  бахтсизликлар ижодига кучли таъсир этса ҳам танлаган йўлидан қайтмади. 1980 йилда уйи батомом ёниб кул бўлиши “Ахиллес тантанаси” (1985) шеърий китобининг дунёга келишига сабаб бўлади. Бу китоб мухлислар ва шеърият ихлосмандларининг олқишларига сабаб бўлган пайт отаси оламдан ўтади. Бу мусибат таъсирида “Арарат” (1990) китоби ёзилади. 2001 йил 11 сентябрь фожеалари “Октябрь” (2004)  поэмасида ўз аксини топади.

1992 йилда нашр этилган “Ёввойи гулсапсар” тўплами шоира ижодининг гултожи ҳисобланади.  Бу китобдаги шеърларда гулзордаги гуллар ўзига хос илоҳий олам орқали боғбон билан табиат гўзаллиги ҳақида суҳбат қуради. Бинафшабарг гулсапсарнинг турфа рангларда товланиши ранглар орқали боғбон эътиборини тортади. Гулнинг шивирлашлари таралаётган нур каби наботот оламини бир мўъжиза эканини истеъфода этади.

Унинг шеърлари шахсий автобиографик руҳда ёзилган номалардек туюлса-да, бошқа томондан, антик юнон афсоналари ва Европа ривоятларидан илҳомланиб битилганини сезиш қийин эмас. Америкалик адабиётшунослар шоирани ботиний кучли оҳанг, соф ва чуқур мажозга эврилган сатрлари орқали шеърдан шеърга ўсиб бораётганини эътироф этишади. Албатта, бир қарашда, бу туйғулар ички боқимсиз ҳолатларни эсга солади, ёхуд қандайдир арзимас умумий сўзлардай туюлади.

Шоиранинг беҳад нафис шеърлари мавжуд. Унинг сатрлари муҳаббатини нома шаклида ёрига изҳор қилаётган содда туйғулардек туюлади:

 “Субҳидам. Ёмғир ҳам тинди.

Эдим қуш каби озод,

Аммо  хаёлимда беҳуда юмуш,

Уйқусизман ойпараст каби.

Сен эса доим ўзга шаҳарда

Гўё йўқсан ботинимда.

Мана, ечиб қўйдим гуноҳ узугин.

Бари тугади. Қара, қаршингдаман!”

Шоиранинг “Сарпо” шеърида инсоннинг ботиний оламида кечаётган туйғулар моддийлаштирилгандай, қалб ҳам, хаёл шаклига кирган тафаккур ҳам суратга олингандай:


“Қақшаб қолди қалбим.
Гуёки оловга тушган-у, ёниб- ёнмаган,

Йўқ бўлиб ҳам кетмаган, кўмирга айланган-у,

Аммо ҳамон мавжуд. Заифнок.

Гап ёлғизликдамас, ишончсизликда.
Доим шундай тажовуздан сўнг.

Тандан айро этилган руҳ
солинган кўз-кўзлаб жоду.
Титрайдир Яратган қошида –
ёлғизликдан суғурилган руҳ,
ваъда қилинган ҳузур –
яна ишонурмисан

кимларнингдир ишқига?

Бужмайди ва тор бўлди бу қалбим

Жисм унга кенг келди, қилди катталик.

Умид мен учун қайтганди яна

Бироқ у кўнглимга бегона бўлди.


“Ёввойи гулсапсар” китоби учун Луиза Глюк АҚШда таъсис этилган  Пулитцер мукофотига сазавор бўлади. Бу рағбат шоирани Американинг таниқли шоирларидан бири эканини бутунлай исботлаб қўйди.

Луиза Глюк ҳаммаси бўлиб 12 шеърий китоб ва бир неча жилд шеърият ҳақида эсселар чоп қилдирган. Нобель ва Пулитцер мукофотидан ташқари шоира шеърий Боллинген мукофоти, бундан ташқари ҳамда АҚШдаги кўплаб мукофотларни қўлга киритган. АҚШ президенти қўлидан ҳам мукофот олганини айтиш жоиз.

Даврон РАЖАБ тайёрлади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan