• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Dramaturgiya minbari
«ҚОДИРИЙ КУЛДИРГАНДА» – Шавкат ДЎСТМУҲАММАД

«ҚОДИРИЙ КУЛДИРГАНДА» – Шавкат ДЎСТМУҲАММАД

Абдулла Қодирий ҳажвий асарлари мотивида қўғирчоқ театри учун сатирик комедия

ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР:

Ориқ масхарабоз

Семиз масхарабоз

Маллабой ­

Савдогар

Калвак маҳзум – салмоқланиб, секин-секин гапиради

Тошпўлат тажанг – тез гапиради­

Аёл

Эшак

Кучук

МУҚАДДИМА

Саҳнага икки масхарабоз қувалашиб чиқади. Бири семиз ва пакана, иккинчиси ингичка ва узун.

Семиз. Тўхта-е, сўтак!Эшилмасдан тўхтасанг-чи!

Ориқ. Лапангламасдан етиб ол, қўлингдан келса! (Саҳна ўртасига чиққанда шляпаси юзини тўсиб, йўлни тополмасдан туртиниб йиқилиб тушади) Вой-ей!

Семиз. (Қорнини ушлаб кулади) Эй, Ориқ… Ориқ… сени аҳволинг Ғирвонлик Маллабойни эсимга тушириб юборди. (Бориб туришига ёрдамлашади)

Ориқ. Э, ёп оғзингни! Қанақа Маллабой?

Семиз. Бўйинг узуну ақлинг калта-да сени. Қодирий бобонинг китобида ўқимаганмисан?

Ориқ. Қодирий бобо китобида?

Семиз. (Ўз пешонасига шапатлаб) Вой хумпар, сен ҳали Қодирий бобониям билмайсанми? Болалар, бу каллаварамга Қодирий бобо кимлигини айтиб берамизми?

Ориқ. (Қўлини иягига қўйиб олади) Айтиб беринглар.

Абдулла Қодирийнинг сурати кўрсатилади.

Семиз. Абдулла Қодирий бобомиз бундан роппа-роса бир юз йигирма беш йил олдин Тошкентда туғилган. (Болаларга) Сизларнинг ёшингизда жуда кўп китоб ўқиган. (Ориққа) Сенинг ёшингда эса шеърлар, ҳикоялар ёза бошлаган. (Болаларга) Қодирий бобонинг қайси китобларини биласиз? Ҳа, баракалла, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” деган машҳур асарларни ёзган. Жуда кўп ҳажвий ҳикоялари ҳам бор. Айниқса, “Ғирвонлик Маллавой” деган ҳажвий асари…

Ориқ. Семиз, қара, анави эшакми?

Семиз. Гапни гапга қўшмадинг-да! Кўрмаяпсанми, Маллабойнинг эшаги-ку.

Ориқ. Кел, болаларга ўша “Ғирвонлик Маллавой” томошасини қўйиб берамиз.

Семиз. Тентак калланг ишлаб кетди, Ориқ. Болажонлар, томоша қўйсак, маза қилиб томошани томоша қиласизларми?

Ориқ. Мен Маллабойни ўйнайман.

Семиз. Маллабойни мен ўйнайман, сен эшагим бўласан.

Ориқ. Нега?

Семиз. Китоб ўқимаганлар эшак ролини ўйнайди-да.

Ориқ. Кел, яхшиси, танга ташлаймиз. Мана бу – танга. Чикка тушса мен ютдим, пукка тушса – сен.

Танга ташлашади. Семиз ютади.

Семиз. Барибир мен ютдим. Бориб Маллабойни олиб келай. (Кетади)

Ориқ эшак бўлиб ҳанграб олиб, сўнг қўғирчоқ эшакни ҳаракатлантира бошлайди.

БИРИНЧИ КЎРИНИШ

Шопмўйловли савдогар лапанглаган Маллабойни қўярда-қўймай қўлтиқлаб келади.

Маллабой. Ҳо-ой мўйлабингга бит тушкур! Қаёққа судрайсан мени?

Савдогар. Кимсан, Маллабой деган номингиз бор, бозорда тўпори халқни оралаб юриш шаънингизга тўғри келмас?

Маллабой. (Мақтовдан янада керилиб олиб) Тўғри айтасан-у-у, шу ялангоёқлар бозорига кирмасам, тандирни қайдан сотиб оламан, эчкитумшуқ? Шаҳарда тандир қиммат деб шу ерларга келиб ўтирибман ахир.

Савдогар. Шунинг учун сизни четга олиб чиқдим-да, Маллабой! Марҳамат, мана сизга ­– тандирнинг зўри!

Маллабой. Бор экансан-ку, шопмўйлов! Баракалла-е! Хўш, буни қандай олиб кетаман?

Савдогар. Улови борнинг қайғуси борлигини энди кўришим, Маллабой. Эшагингизга ортиб кетасиз-да.

Маллабой. Ҳа унда орт-чи.

Савдогар эшакни етаклаб келиб, инқиллаб-синқиллаб тандирни ортади.

Савдогар. Мана сизга жилов. Бемалол чопқиллаб кетаверасизлар.

Маллабой. Эшагим бўп туриб пиёда юрсам, Маллабой номимга куя тушмайдими, калтафаҳм?

Савдогар. Унда, марҳамат, сиз ҳам тандирнинг оғзидан кириб олинг!

Маллабой. Қандай бўларкин? Йўлни кўрмайман-ку унда?

Савдогар. Э-э, йўлни кўриш шартмас, эшакни шаҳарга қаратиб буриб қўямиз, ўзи олиб кетаверади.

Маллабой. Қани, кўрайлик-чи.

Маллабой амаллаб эшакка чиқиб, тандир оғзига калласини тиқади. Савдогар орқасидан итаради, сакраб тепади, бир нарсалар билан уради, лекин барибир бойнинг икки оёғи рагатка бўлиб тураверади.

Ниҳоят абгор бўлган бой калласини чиқаради.

Маллабой. Вой ўлдим-ей!.. Вой ўлдим!.. Менга қара, шопмўйлов, мана бундоқ қилсам-чи?

Бой тандир оғзига оёғи билан киради. Энди савдогар унинг калласига дастак билан тушириб тандир ичига тиқмоқчи бўлади. Бойнинг калласи чайқалиб, тандирдан чиқади.

Маллабой. Вой шўрим қурсин-а! Арзон тандир олмай мен ўлай!

Шу пайт тандир эшакдан сирғалиб тушиб кетади. Савдогар амаллаб яна жойига чиқариб қўяди.

Маллабой. (Калласига нимадир хаёл келиб) Тўхта-тўхта! Тандирни тушир-чи. (Савдогар тандирни туширгач эшакка миниб олиб) Ана энди орт тандирингни!

Савдогар. (Инқиллаб тандирни ортаркан) Ақлингизга балли, Маллабой, бу калла билан оми халқ орасида пишириб қўйибдимикан-а сизга! (Эшакни тескари буриб, эшакка) Мана шу кўчадан тў-ў-ғри кетсанг, шаҳар йўлига чиқасан, хўпми?

Эшак ҳанграб қўяди.

Маллабой. (Тандир ичидан) Шопмўйлов, пулини кейинги гал бераман, ҳисобимга ёзиб қўй, майлими!

Савдогар. Э-э! Бойларнинг ҳаммаси шу! “Кейинги гал бераман”, “Туяни думи ерга текканда бераман”… Сен нимага безрайиб турибсан, қўтир?! (Эшакнинг кетига чунонам тепадики, жонивор беихтиёр чопқиллаб кетади)

ИККИНЧИ КЎРИНИШ

Эшак бир томорқадаги сабзага ишқи кетиб, ўртасига кириб пайҳон қила бошлайди ва кучукка кўзи тушиб тўхтаб қолади. Маллабой шунча ниқтасаям юрмайди. Тандир ортилган эшакни умрида биринчи марта кўраётган кучук уни айланиб томоша қилади.

Калвак билан Тошпўлат бу ҳолатни кўриб муҳокама қила кетишади.

Калвак. Нима деб ўйлайсан, Тошпўлат тажанг, тандир ортилган эшакни қайси йўл билан томорқадан олиб чиқсак яхши бўларкан?

Аёл. (Уёқдан-буёққа ваҳима солиб чопиб) Вой-дод! Эшак томорқани пайҳон қилди-ку! Тезроқ чиқариш керак уни, вой-дод!

Тошпўлат. Бу жуда ҳам жиддий масала. Буни мажлис қилиб муҳокама этиш лозим, дўстим Калвак маҳзум.

Аёл. Сизлар муҳокама қилгунча полизимиз дабдала бўлади, барака топгурлар!

Калвак. (хотиржам) Тошпўлат тажанг, менимча, биз ҳозир шошма-шошарлик билан бирор чора кўрсак, томорқа баттар пайҳон бўлиши мумкин. Нима дедингиз?

Тошпўлат. Калвак маҳзум, ақлингизга балли! Сизни бу фикрларингиз учун тақдирлаш керак! Агар мукофот бериш менинг қўлимда бўлганда…

Аёл. Қачон гапларингиз тугайди? Бодринглар яксон бўлди ахир!

Калвак. Сиз жуда олийжанобсиз, Тошпўлат тажанг! Бу пурмаъно гапларингизни ўйлаб кўриш ва мағзини чақиш лозим.

Аёл. Э-э! Сизлар  гаплашиб бўлгунча…

Тошпўлат. Сиз ҳам қолишмайсиз, Калвак маҳзум! Иккаламиз бир-биримиздан ўтган олийжанобмиз!

Тоқати тоқ бўлган Аёл югуриб бориб эшакнинг думидан тортади. Эшак ханграйди.

Аёл. Вой аблаҳ-ей, бировнинг томорқасини пайҳон қилишни ким ўргатди сен эш-шакка?

Маллабой. (Тандир ичидан) Кимни эш-шак деяпсан, пандавақи?

Аёл. Ҳали гапиришниям биламан дегин? Ҳозир кўрсатиб қўяман сенга!

Аёл эшакнинг думидан маҳкамроқ тортади. Бечора эшак роса оёқ типирчилатади, лекин бир қадам ҳам олдинга силжимайди. Аёл эшакнинг думини қўйиб юборганда жонивор беихтиёр “учиб” кетади. Шундагина ақлини йиғиб олган кучук унинг ортидан акиллаб қолади. Эшак саҳна айланиб қочади. Кучук унинг ортидан қувалайди. Эшак орқа оёғини тепиш учун силтагачгина кучук даф бўлади. Қолганлар ҳам кетишади.

Маллабой. Ҳали сенларми мени қувадиган?! Кўрсатиб қўяман ҳаммангга! Маллабойнинг шампунига калла ювмабсанлар! Шошмай турларинг…

МАСХАРАБОЗЛАР САҲНАСИ

Ориқ. Эшак бўлиш жонимга тегди, қийналиб кетдим.

Семиз. Ҳарҳолда, фирибгар бўлишдан яхшироқ-ку.

Ориқ. Қанақа фирибгар?

Семиз. Маллабойнинг гапларини эшитмадингми? Сен унинг қинғир ишларини билмайсан-да. Болалигида у қанақа бўлганини биласанми?

Ориқ. Биламан, эшак миниб тандир кийиб юрган.

Семиз. Э, нималар деяпсан? Биласанми ким бўлган? Дангаса, ишёқмас, бекорчи…

Ориқ. Болажонлар, орангизда унақалар йўғ-а?

Семиз. Э, томоша кўришга келган болаларнинг унақаси бўлмайди.

Ориқ. Хўш, шундай қилиб, Маллабой нима қипти?

Семиз. Шундай қилиб, тандир кийиб олган Маллабой Ғирвон қишлоғининг содда одамларига яна такрор дуч келибди… Менга қара, айтиб берайми ё кўрсатиб берайми?

Ориқ. Болажонлар, сизлар нима дейсиз? Айтиб берсинми ё кўрсатиб берсинми?..

УЧИНЧИ КЎРИНИШ

Маллабой эшагини ниқтаб, хавф ортда қолганига ишонч ҳосил қилиб чуқур уҳ тортади. Хотиржам йўлида давом этаркан, бир пайт қаттиқ зилзила бошланиб, атрофни қасир-қусур шовқин тутиб, чанг тўзон қоплайди. Ҳамма жой вайрон бўлади.

Маллабой харобага айланган кулбалар оралаб тандир ичида ҳеч нарсадан бехабар кетарди.

Маллабой. Эшагим, намунча чайқалдинг-а? Тўғри юрсанг-чи.

Рўпарасидан ҳалиги Аёл чиқади.

Аёл. Ҳой, яна сенмисан, гапирадиган эшак?

Маллабой. Мен эшак эмасман! Тандир ичида одам бор, галварс! Маллабойман мен, Маллабой!

Аёл. …бой дедингизми? Дадаси, бой амаки деганингиз келди! Энди биз ҳам янги уйда яшаймиз, дадаси!

Тошпўлат. (Югуриб чиқиб) Бой ака, сизмисиз, яхши келдингизми? Сизни келади дейишгандан бери интизор кутамиз. Нураб ётган уйимиз зилзилада вайрон бўлди. Бизга ёрдам беринг, илтимос! Сиз айтгандек топган-тутганимизни йиғиб қўйдик!

Маллабой. Ҳа, шундан гапни бошламайсанми? (Эълон қилиб) Эй Ғирвон аҳли, кимда-ким уй қуриб беришимни хоҳласа, тандир ичига йиғиб қўйган пулини ташласин ва ҳашаматли янги хонадоним бор деб ҳисоблайверсин!

Тошпўлат. Мана менинг пулим! Олинг, ҳаммаси сизга. Биламан, етмайди, камини кейинги келганингизда берамиз. (Тандир ичига пулни ташлайди)

Аёл. Амаки, юзингизни бир кўрсак дегандик. Ким билсин, балки сиз бошқа бой амакидирсиз.

Маллабой. Мен худди ўша бой амакингман.

Аёл. Унда ўтган галгидек эшагингиз бир ўйнаб берсин-чи.

Шўх мусиқа янграйди. Эшак ҳар тарафга аланглайди. Хўжайин нуқтайвергач, ноилож галма-гал оёқ кўтариб ўйнай бошлайди ва тўрт оёғи тўрт томонга ёйилиб, ялпайиб қолади. Тошпўлат уни турғазишга кўмаклашади.

Маллабой. Мен… мен… мени хафа қиляпсан, синглим!

Тошпўлат. Хотин, бўлди, оғзингни ёп! Эркакларнинг ишига аралашма! Калвак маҳзум! Қаерда қолдингиз? Бой аканинг гапини эшитмадингизми?

Калвак. (вазминлик билан чиқиб) Эшитдим, Тошпўлат тажанг, эшитдим. Лекин нега бу одамга ишоняпсиз?

Тошпўлат. Тандир кийган бойни умрингизда ҳеч кўрганмисиз? Кўрмагансиз. Шунинг учун ишондим-да.

Калвак. Яна бир шубҳам бор, ўтган сафар бойнинг эшаги оқ эди, бу сафар қора.

Маллабой. Э, нималар деясан, бойларнинг эшаги кўп. Бир кун оқини миниб чиқади, бир кун қорасини. Менга ишонмасанглар, фарқи йўқ, кетавераман. Янги уйни тушларингда кўрасанлар. Қайтиб келмайман бу ерларга!

Тошпўлат. Ундай қилманг, бой ака! Калвак маҳзум, нимадир десангиз-чи.

Калвак. Ишондик, бой ака, ишондик. Мана менинг йиғиб юрганим. Олинг! (Тандир ичига пул ташлайди)

Тошпўлат. Бой ака, ўзим эшагингизни етаклайман, биргаликда Ғирвонликларнинг пулларини йиғиб чиқамиз.

Маллабой. Вой бунча ёқимли сўзлар: “…пулларини йиғиб чиқамиз!” Вуй-й! “…пулларини йиғиб чиқамиз!” Қани, кетдик бўлмаса!

Калвак, тандир ичида Маллабой, Тошпўлат ва Аёл бирин-кетин юришади, тандир ичига пуллар келиб тушаверади. Маллабойнинг боши бир-бир кўриниб, атрофга аланглаб олаверади. Шу йўсинда саҳнани тарк этишади.

ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ

Тандир сотган савдогар ҳориб-чарчаб бозордан қайтяпти. Унинг қаршисида тандир ортилган эшак пайдо бўлади.

Савдогар. Маллабой? Сизмисиз?

Маллабой. Ҳа, менман. Сен ҳам янги уй қурдирмоқчимисан, пўстак?

Савдогар. Нималар деяпсиз, Маллабой, мен савдогарман. Кийиб олган тандирингизни сизга мен сотганман.

Маллабой. Сенмисан, мўйловингга куя тушгур? Айт-чи, шаҳарга тўғри кетяпманми?

Савдогар. Э, Маллабой, ҳалиям Ғирвондан чиқиб кетолмабсиз-ку. Шаҳар бу тарафда. (Эшакни ортига буриб қўяди) Балки, тандирнинг пулини бермаётганингиз учун йўлни тополмаётгандирсиз?

Маллабой. Нималар деяпсан, мажмағил? Менда пул нима қилсин? Ҳамма пул савдогарда бўлади-да. Ўзи қорним оч, ундан кўра, пулинг бўлса бер, йўлдан егулик олволай. Вой қорним! Вой қорним-ей! Ўлиб қоламан!

Савдогар. И-е, и-е, Маллабой, сизга нима бўлди? Ўлманг, ахир ҳали тандирнинг пулини беришингиз керак! Мана пул, мана! (Тандир оғзидан пул ташлаган заҳоти Маллабойнинг овози ўчади.)

Маллабой. Умрингдан барака топ, савдогар! Чў, жонивор! (эшакни ниқтайди, эшак ханграйди, шу йўсин кўздан ғойиб бўлишади.)

Савдогар тўрвасини орқалаб йўлида давом этади. Унинг рўпарасидан Тошпўлат тажанг билан Калвак Маҳзум пайдо бўлади.

Калвак. Яна кеч қолдинг, савдогар!

Тошпўлат. Зилзиладан бирорта ҳам уй омон қолмади.

Калвак. Тошпўлат тажанг, энди бизга бой ака янги уй қуриб беришини бунга айтмаймиз-а?

Тошпўлат. Айтмаймиз, Калвак маҳзум, айтмаймиз. Бой ака келганиниям, бутун Ғирвон аҳли унга пул йиғиб берганиниям, битта бунинг ўзи сўппайиб янги уйдан қуруқ қолганиниям айтмаймиз-а?

Калвак. Айтмаймиз, айтсак, эшак устида тандир кийиб келган Бой ака хафа бўлади. Айтмаймиз.

Савдогар. А-а! (сакраб тушади) Гапингни қайтар!

Калвак. Эшак устида тандир кийиб келган Бой ака…

Савдогар. А-а!! (яна сакраб тушади) Қайтар-қайтар…

Калвак. (Бақириб) Эшак устида тандир кийиб келган Бой ака!..

Савдогар. А-а!!! (баландроқ сакраб тушиб) Энди сен қайтар, Тошпўлат тажанг!

Тошпўлат. Шу… Ғирвон аҳли пул йиғиб бергани…

Савдогар. До-од! Маллабой ҳаммангни чув тушириб кетибди-ку, лақмалар!

Тошпўлат. Ростанми? Энди нима қилдик?

Калвак. Бу масалани жиддий ўйлаб кўриб, мажлисда ўртага ташлаш керак!

Савдогар. Э-э, энди, барибир қурилмайдиган янги уйни сўппайи-иб кутиш керак!

Ҳамма. А-а-а!

БЕШИНЧИ КЎРИНИШ

Маллабой харобалар оралаб кетяпти. Йўлида гўшт дўкони растасида навбатда турганлар – Савдогар, Тошпўлат ва Калвак пайдо бўлади.

Тошпўлат. Отингдан ўргулай, гўшт! Нега бунча ўзингни биздан азиз тутдинг-а?! Ё сенинг қадрингга етмадикмикан?

Калвак. Э, етти ой кутдик шу азиз гўштни. Уйга етар-етмас мантига босамиз-да!

Тошпўлат. Мантига тоқат бор эканми? Мен бўлсам, қовурма гўштдан бир тўйиб олардим! Шу билан бу лаззатга яна тилим тегадими, йўқми.

Калвак. Оғзимнинг сўлаги оқди! Вуй-вуй-вуй-й! Менга қара, Тошпўлат тажанг, бир сих бўлсаям кабоб қилиб, узиб-узиб тишласам ҳам бу дунёда армоним қолмасди.

Савдогар. Энди мени тилагимни эшитинг! Менга ҳаммаси бўлса ҳам ноз қиладиган ўрним йў-ў-қ.

Ҳаммалари кулишади. Куламан деб қайрилганда тандир кийган Маллабойга барчанинг кўзи тушади.

Тошпўлат. Менга қара, Калвак маҳзум, анави фирибгар бой кўзимга кўринадиган бўп қолди.

Калвак. Ҳа, буни мажлисда муҳокама қилиш керак, кўзимизга бир хил нарса кўриняпти, дўстим.

Савдогар. Кўзингизга кўрингани йўқ, бу ўша бойнинг худди ўзгинаси!

Тошпўлат. Йўғ-е? Ҳали сенми бизни чув туширадиган?!

Учовлашиб эшакнинг думидан, қулоғидан торта бошлашади. Бурчакда ётган кучук ҳам акиллай кетади. Тандир роса чайқалади. Эшак ҳанграйди. Маллабой додлайди.

Калвак. Гапир, бой, нега бизни алдадинг?!

Маллабой. Нега алдарканман, жулдурвақилар?! Пулларингни шағал олишга бердим! Қолганини ўзим ёнимдан қуриб беряпман-ку, номардлар! Раҳматларинг шу бўлдими, галварслар! Шағални қаерга тўкишни кўришга келдим, пайтавакаллалар!

Тошпўлат. Рост айтяпсизми, бой ака?

Маллабой. Ишонмасанг нега пул бердинг, ноинсоф!

Калвак. Ишондик, бой ака, ишондик!

Маллабой. Ундан кўра айтинглар-чи, мен қаерга келиб қолдим?

Тошпўлат. Ғирвон қишлоғининг гўшт дўконига! Етти ой деганда дўконимизда гўшт тарқатиляпти.

Маллабой. Кучугингга раҳм қилмабсан-да, анқов.

Калвак. Нега ундай дейсиз, бой ака?

Маллабой. Эй лақма қўтир! Бу ерда сенга итингнинг ҳам тиши ўтмайдиган қоқ суяк беришади-ку. Ундан кўра пулингни менга бер, мен сен учун ёғлиққина, думбаликкина қилиб лаҳм гўшт жўнаттираман. Ё мана шу иссиқда ўзинг ҳам қоврилиб жиззиққа айланиб кутиб, кутганинг икки дона кал суяк бўлишини хоҳлайсанми?

Тошпўлат. Йўқ-йўқ! Асло-асло!

Савдогар. Менимча, бой яна алдаяпти.

Тошпўлат. Нималар деяпсан, Савдогар? Айтди-ку уйларинг қуриляпти деб. Шунча кутиб ёмон гўшт олиб кетиш ниятим ҳам йўқ. Мана, бой ака, пулларим. (Тандир ичига пул ташлайди)

Савдогар. Ғирвон аҳли, бу одам алдаяпти!

Калвак. Бой ака, парво қилманг, мана менинг ҳам пулларим. (Тандир ичига пул ташлайди) Менга думбалироқ жойидан… иложи бўлса…

Маллабой. Баракалла. Энди эшагимни шаҳар томонга буриб қўйсангиз.

Тошпўлат. (Эшакни орқасига буриб қўйиб) Шаҳар шу томонда, бой ака.

Савдогар. Шағални қаерга тўкишни кўриб олмадингиз-ку, бой?

Маллабой. Шағални… ҳалиги… шу ерга… шу ерга тўкамиз. Хайр! (Эшагини нуқтаб, кўздан ғойиб бўлади)

Калвак. Ҳа, шу ерга тўкади… Сен аралашма.

Тошпўлат. Соат тўққизда келгандик. Тушлик ҳам қилолмадик. Учдан ошяпти-я соат.

Калвак. Ҳа, гўшт емаган одам ўлибдими деб аллақачон кетворардиму, бой акага пул бериб қўйдик-да.

Савдогар. Гўшт! Гўшт келди!

Тошпўлат. Ҳа овозингдан айланай! Оғзимнинг сўлаги оқди-я! Им-м! Оҳ-оҳ! Гў-ўшт!

Калвак. Сенга етишишимга салгина қолди, мени кут, гўштли сомса!

Тошпўлат. Жиз-кабоб! Им-м! Оҳ-оҳ!

Савдогар. Ҳа, роса маза қилиб мантию кабоб ейдиган бўлдиларингиз-да! Ҳеч қандай бой ака пул бермабди. “Майли, сизлар ҳам хафа бўлманглар, манави учовингга”, деб шуни берди қассоб! (Баҳайбат суякни кўрсатади.)

Тошпўлат ва Калвак. Нима?!

Савдогар. Ма, қоплон, бир ғажиб кўр-чи!

Савдогар суякни кучукка отади. Суяк кучукнинг бошига тегиб, кучук ийиллаб-ийиллаб қочиб кетади.

МАСХАРАБОЗЛАР САҲНАСИ

Ориқ қорнини ушлаб ўзини тўхтатолмай қиқирлаб кулганча саҳнага чиқади.

Семиз. (Ҳайрон бўлиб) Нега бунча кулдинг?

Ориқ. Боплади! Маллабой ҳаммани боплади!

Семиз. Нега айтмадинг “Сенларни алдаяпти” деб?

Ориқ. Эшакман-да ахир. И-о! Тил забоним йўқ бўлса. Э, одам ҳам шунақа содда бўладими?

Семиз. Бу ҳали ҳолва. Наманганга келадиган паровоз Ғирвон қишлоғидан ўтишини эшитишганда поездни ҳайвон деб ўйлаб ўн арава беда билан эллик пуд арпа олиб чиқиб кутиб олишган экан. Тасаввур қилиб кўринг-а… (ролга киришиб) Ҳой, паровозжон, яхши келяпсанми? Йўлда чарчаб қолмадингми?

Ориқ. (Поезд ролини ўйнаб) Пуш-ш!

Семиз. (Қаттиқ чўчиб кетиб) Ана, “ҳа”, деди!.. (Ютиниб) Поезджон, мана шу бедаларни, арпаларни сенга деб олиб келдик, еб олгин, қорнинг ҳам очиб кетгандир. Энди бизни емайсан-а, поезджон?

Ориқ. (яна пишқиради) Пуш-ш! Чукул-чукул!

Семиз. “Хўп” деди, ўзим эшитдим! “Хўп” деди! Қани, чаққон-чаққон бўлинглар, беданиям, арпаниям беринглар, бўла қолинглар!

Ориқ. (Беда ва арпани “еб” бўлиб) Чукул-чукул! Қорним тўймади, чукул-чукул! Чукул-чукул!

Ориқ поездча юриш қилиб саҳнани айланиб семизни қувиб, ниҳоят етиб олиб қитиқлай кетади.

Семиз. Бўлди-бўлди! Ичагим узилади ҳозир!

Ориқ. Менга қара, Семиз, Маллабойнинг тақдири нима бўлади энди?

Семиз. Кўрасанми? Болажонлар, кўрамизми? Унда, давом этамиз!

ОЛТИНЧИ КЎРИНИШ

Вайроналар орасида Калвак, Тошпўлат, Аёл ва Савдогар кетмон кўтариб пайдо бўлишади.

Савдогар. Менимча, бойни кутишдан умуман фойда йўқ. Яхшиси, уй қуришни ўзимиз бошлашимиз керак!

Аёл. Тўғри, ўзимиз бошлашимиз керак!

Калвак. Менимча, буни аввал мажлисга қўйиб…

Тошпўлат. Э, Калвак дўстим, шу пайтгача бирорта мажлисингиздан фойда чиқмади-ку. Хўп дея қолинг, ўзимиз бошлайверайлик.

Калвак. Бошласак бошлабмиз-да.

Ҳаммалари бир овозда қўшиқ куйлаб ишга киришиб кетади.

Ҳамма.      Ҳашар-ҳашар, ҳашар-ҳашар,

Халқимизга ярашар.

Ҳашар қилсак, аҳли башар

Ҳавас билан қарашар.

Ҳашар-ҳашар, ҳашар-ҳашар,

Уни савоб аташар.

Инсофи йўқ бойваччага

Ишонганлар адашар.

Ҳашар-ҳашар, ҳашар-ҳашар,

Эл яхшилик деб яшар.

Аммо нега баъзи каслар

Яхшиларни алдашар?

Ҳашар-ҳашар, ҳашар-ҳашар,

Чин инсон бўл, эй башар!

Элдан дуо олганларга

Тақдири бахт улашар!

Улар пешонадаги терларини арта-арта ишга шўнғиган маҳал эшак устида тандир кийган Маллабой пайдо бўлади.

Маллабой. Кечирасизлар, шовқин-сурон эшитиляпти. Шаҳарга яқинлашиб қолдимми, одамлар?

Калвак. Қанақа шаҳар, бу ер Ғирвон қишлоғи-ку!

Маллабой. Нима?!

Савдогар. Бой?! Қўлга тушдингми, ярамас?! Ҳозир мендан кўрасан, фирибгар!

Ҳаммалари бойга тармашиб кетади. Бой бор овозда қичқириб, ҳамма тақа-тақ қотиб қолади.

Маллабой. Вой-до-од!!! Бу қишлоқдан чиқиб кетиб бўладими ўзи?! Бир ойдан бери қишлоқнинг у четидан бу четига тандир кийиб лўкиллайман. Қийналиб кетдим-ку! Бу азоблар қачон тугаркан?!

Ҳамма. Одамларни алдашни бас қилганингда тугайди!

Маллабой. Ҳа, алдагандим, ваъдаларимнинг ҳаммаси ёлғон эди! Гапимга ҳам ишонтирдим, пулларингни ҳам шилдим! Энди эса афсусдаман. Тавба қилдим, бошқа алдамайман, тавба қилдим! Биродарларим, илтимос, мени шу тандирдан қутқаринглар, уйимга эсон-омон етиб олай!

Кўпайлашиб тандир кийган бойни эшакдан тушириб олиб, зўрға тандирдан бошини чиқаришади. Қолган танаси сиғмай, тиқилиб қолади. Аввал савдогар, ортидан Калвак, ортидан Тошпўлат, ортидан Аёл, ортидан кучук, кучукнинг думидан эшак тишлаганча бойни роса тортқилашади. Бой додлаб бақиради.

Ниҳоят тандир қоқ иккига бўлиниб, қорни қаппайиб кетган бой ундан қутулиб, қолганлар ўз зарбидан ўзлари йиқилишади.

Маллабой. Вой-до-од! Бу нима кўргулик?! Қишлоқларинг ўзларингга сийлов! Тандиринг ҳам, гўштинг ҳам, янги уйинг ҳам, ҳаммаси ўзларингга сийлов! Кетаман! Бу ерларга қайтиб келмас бўлиб кетаман! Шаҳар шу ёқдами?

Ҳамма. (Бой кўрсатган тарафдан тескари томонни кўрсатиб) Йўқ, бу томонда!

Бой индамасдан ўрнидан туриб, қорнини зўрға кўтариб юриб, эшакка миниб, улар кўрсатган томонга йўрғаламоқчи бўлади. Эшак худди юраётгандек туйилади-ю, орқа оёғи бекорга типирчилаб ётган бўлади. Чунки думидан савдогар тортиб турган эди. Бой шартта савдогарга ўгирилиб, эшакка тескари ўтириб олади.

Савдогар. Ҳа, бой, пуллар нима бўлади?

Маллабой. Вой-до-од! Арзон тандир оламан деб бу ерга келиб ўнта тандирнинг пулини кетказдим-а! Мана сенга тандирни пули! Мана сенга уйнинг пули! Манавиниси гўштники! Буниси овқатники! (Бойнинг қорни кичрайиб қолади) Энди орамиз очиқ! Даф бўлларинг ҳамманг… (Ҳовуридан тушиб) Вой-ей! Анча енгил тортдим. Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди…

Савдогар. Ҳозир янаям енгил тортасан!

Савдогар эшакнинг кетига шунақа тепадики, жонивор ўқдай отилиб кетади. Бой эшакка тескари ўтирганча ҳар силкинганда овози узилиб-узилиб, кўздан ғойиб бўлади. Ортидан кучук акиллаб қолади.

Тошпўлат. Уйни ўзимиз қурадиган бўлсак, бу пулларни нима қиламиз?

Калвак. Менимча, буни мажлисда ҳал қилиш керак.

Семиз. Пулларингизни нима қилишни билмаяпсизми?

Ориқ. Бизда бир таклиф бор.

Семиз. Мана шунга ўхшаган бир-биридан қизиқ томошаларни қанчадан-қанча болакайлар кўрмасдан катта бўлишяпти. Келинглар, яхшиси, бу пулга чекка вилоятларда худди шунақа қўғирчоқ театрлари қурамиз.

Ориқ. Болажонлар, тенгдошларингиз ҳам шунақа томошаларни кўришини хоҳлайсизларми?

Тошпўлат. Ундай бўлса, биз розимиз!

Ҳамма. Қани, кетдик!

ТАМОМ

Асарни буердан томоша қилишингиз мумкин: «Қодирий кулдирганда»

25.05.2019 й.

Шавкат ДЎСТМУҲАММАД

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan