• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
“ҲАР ИБОДАТ ЧОҒИДА СЕНГА, МЕН ОМОНЛИК СЎРАЙМАН АХИР…” – Анна АХМАТОВА

“ҲАР ИБОДАТ ЧОҒИДА СЕНГА, МЕН ОМОНЛИК СЎРАЙМАН АХИР…” – Анна АХМАТОВА

Реквием

Муқаддима ўрнида

Репрессиянинг даҳшатли йилларини мен Ленинградда, ўн етти ой мобайнида қамоқхона олдида навбат кутиш билан ўтказдим. Қайсидир куни мени бир аёл «таниб қолди». Ортимда турган, лаблари кўкариб кетган ва умрида менинг исмимни эшитмаган бу аёл ўша вақтда барчамизга сингиб кетган ҳиссизликдан бир дам уйғонди ва қулоғимга аста шивирлади (у ерда ҳамма паст овозда сўзлашарди):

 — Сиз буни тасвирлай оласизми?

Жавоб бердим:

 — Ҳа.

Ўшанда унинг юзида табассумга ўхшаш нимадир порладики, гўёки бу юз ҳеч қачон уники бўлмагандек эди.

1-апрель, 1957-йил

Муқаддима

Бу қайғу олдида тоғлар боши хам,

Буюк дарё оқмас, ўзанлари тинч.

Лек бу эшикларнинг қулфлари маҳкам,

Ортида шафқатсиз зиндонлар, алам

Ва чексиз, азобли соғинч.

Ким учундир қуёш ботар беозор,

Ким учундир шамол эсади сокин.

Биз бунинг баридан бехабар, ночор,

Тинглаймиз калитлар шовқинин безор

Ҳамда аскарларнинг оғир қадамин.

Тонгги ибодат-чун юзландик гўё,

Ёввойидек кездик пойтахт йўлларин.

Учрашдик — бежонмиз, етишмас ҳаво,

Қуёш пастлаб борар — туманли Нева,

Умид эса куйлар олисдан хазин.

Ҳукм ўқилар… Фарёд ёғилар кўздан,

Кўксидан ҳаётни юлмишлар беҳис.

Гўё бу оламдан узилмиш бирдан,

Гўё бир зарб билан бўлмиш юзтубан,

Аммо кетиб борар… Тебраниб… Ёлғиз…

Қайлардасиз, менинг эрксиз дўстларим,

Золим икки йилнинг мазлумлари, оҳ!?

Сибир бўронидан излайсиз тилсим,

Тўлин ойга боқиб ўй сурасиз жим…

Саломим йўллайман сизга, алвидо!

1940, март

Кириш

У мамнун бўлганда осудаликдан,

Лабида табассум совиб қолган вақт,

Кераксиз виқор-ла  турма қошида

Бемаврид чайқалиб турганда пойтахт,

Ва чексиз қайғудан ақлдан озиб,

Маҳкумлар ўтганда қатлгоҳ томон,

Паровознинг қисқа, дадил овози

Айрилиқ қўшиғин куйлаган замон,

Ўлим юлдузлари  бўлдилар пайдо

Ва оғир тўлғонди бегуноҳ Ватан —

Қонли этиклар ва маҳкумлар тўла

Қора машиналар остида бешан…

* * *

Сувни тўккан гўдак мисоли

Сен юзимга қаролмадинг тик.

Куч ва эркни бердинг қайтариб,

Узук сенда қолди – эсдалик.

Менинг рангпар ёноқларимни

Силаб ўтди художўй қайғу.

Хавотирли, бўронли февраль –

Хотиримга муҳрланди у.

* * *

Менинг аччиқ ўлимим ҳақда

Шум хабарлар унга етган он,

У ўртанмас ва тортмас хушёр,

Лек чорасиз жилмаяр бежон.

Сўнг эслайди алвон уфқнинг

Невага ўқ отган вақтларин…

Ва шарқона қалбли ёрини

Асрайман деб қилган аҳдларин.

* * *

Сен хоинсан: яшил боғларга

Ўз юртингни алмашдинг, сотдинг.

Қарағайни – кўл ёнлаб ўсган –

Куйларни ҳам кўксингдан отдинг.

Айт, ақлингни йўқотдинг наҳот,

Эй юраксиз, золим жайдари,

Баланд уйлар ҳамда малласоч –

Гўзалларга боқдинг сарсари.

Хоҳ даҳрий бўл, хоҳ бўл кибрли,

Иста – ростгўй қалбингни ўлдир.

Ул шоҳона пойтахтда қол ва

Озодлик-ла кўксингни тўлдир.

Айт, не учун келарсан яна,

Остонамда турарсан нолон?

Денгизда ҳам чўкмассан – мана,

Жанглардан ҳам чиқарсан омон.

Эътиқоддан кечганлар учун

Бу балолар хавфли эмасдир.

Ҳар ибодат чоғида сенга

Мен омонлик сўрайман ахир.

* * *

Бирдан чўкди хонага сукун

Ва тўкилди сўнгги қизғалдоқ.

Тунни кутдим хорғин ва беун,

Вужудимни элади титроқ.

Дарвозалар ёпилган маҳкам,

Кеча қора, шамоллар ҳам жим.

Қани шодлик, қайдадир елканг,

Қайлардасан, меҳрибон ёрим?

Кўп кунларни яшадим маҳтал,

Топилмади ҳикматли узук.

Бир бенаво асири билан

Кўксимда жон берди бир қўшиқ.

Шоҳинур Усмонова таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan