• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Adabiyotshunoslik
«ЎЗБЕКНИНГ «БОБОДЕҲҚОН ШОИРИ» МИРТЕМИР ТАВАЛЛУДИГА 110 ЙИЛ ТЎЛДИ!»

«ЎЗБЕКНИНГ «БОБОДЕҲҚОН ШОИРИ» МИРТЕМИР ТАВАЛЛУДИГА 110 ЙИЛ ТЎЛДИ!»

МИРТЕМИР ШЕЪРИЯТИГА ЧИЗГИЛАР

Миртемир ҳақида “ўзбекнинг эрка шоири”, “бободеҳқон шоири”, дейишади. Бу таъриф шоир шеъриятининг шакли билан ҳам боғлиқ. Албатта, ўзига хос дангаллик, соддалик, жайдарилик шоир шеъриятининг мазмун-моҳиятида ҳам яққол акс этади. Шунга қарамай, оҳанглардаги ўйноқилик, халқона руҳ Миртемир шеъриятига ўзига хос жозиба бахш этиб туради. Худди манави содда, самимий ва хуш сатрларда яшаётган жозиба каби:

Мен сени инжитмайман,

Ва лекин тинчитмайман.

Аслида, шоир шеъриятининг жозибаси унинг ҳам ташқи, ҳам ички мундарижасига бирдек тегишли. Агар бундай бўлмаганда эди, шеърнинг биргина шакли – оҳангининг ўйноқилигию халқоналиги билан узоққа бориб бўлмасди. Бунинг сабабларини қуйида кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Авваламбор, Миртемирнинг энг яхши шеърлари автобиографик характерга эга. Тўғри, замон мафкураси кучли эди. У нафақат шоирни, балки барча ижодкорларни, шунингдек, зиёлию ишчи-деҳқон синфини – ҳамма-ҳаммани ўз измида тутиб турарди.

Салоҳияти, истеъдоди жиҳатидан катта адабиёт яратишга қодир шоирларнинг 30-йиллардан кейинги шеърларини ўрганар эканмиз, аччиқ бир ҳақиқатнинг гувоҳи бўламиз. Ҳамид Олимжон ва айниқса, Ойбеку Усмон Носирни энди ғунча бўлганида томирига тиғ урилган гулларга ўхшатиш мумкин. Йўқ, мен Ҳамид Олимжону Усмон Носирнинг фожиали қисматларини назарда тутмаяпман. Мен уларнинг онгларига, қалбларига томчи-томчи қуйилган заҳар – мафкура натижасида ижодкор субъективизмининг бой берилганини айтяпман. Ойбекнинг назмини кузатамиз: 20-30 – йилларда ўз юрагига нисбатан самимий бўлган улкан истеъдодли шоир 40-йиллардан бошлаб бегоналашган. Кўнгилдан эмас, ақлдан, мафкуралашган онгдан чиқариб ёза бошлаган. Усмон Носир ижодини ҳам йилма-йил ўрганиб чиқсак, шундай ҳолга дуч келамиз. Аслида, бу ҳол сал аввалроқ, Чўлпон, Қодирий, Фитратлар ижодида уч берганди. Улар энди барқ уриб очилганда томирига тиғ урилган гул янглиғ секин-секин сўла бошлагандилар. Йўқса, саналган исмларнинг ҳар бири жуда азим ижодий потенциалга эга, адабиётнинг “атомдан кучли” (А. Қаҳҳор таъбири) эканлигини ўта нозик ҳис қилган, англаган санъаткорлар эдилар. Бу “гул”ларнинг томирини қирқиш кайфиятини вужудга келтирган иқлим – социалистик ғоя бўлса, уни амалга оширишда кўмаклашган воситалардан бири — танқидчилик эди. Биз бугунги кун имкониятидан туриб, ўша давр адабиётшунослигини баҳолаш, айниқса, танқид қилиш қаҳрамонлик эмаслигини яхши биламиз. Бироқ иш жараёни, тадқиқотнинг сажияси айрим далилларни келтиришни тақозо қилади.

Адабиётшунос олим Ҳомил Ёқубов «Лирикада изланиш» мақоласида ёзади: «Ойбек лирик асарга инсон руҳи, ўз «мен»ининг ифодаси сифатида ёндашади, лекин кўпинча «туйғулар» доираси бирдан-бир реаллик бўлиб, уни қуршаган теварак атрофдаги ҳодисалар мазмунини, объектив ҳақикатни қамраб олмайди…”[1]

Мақола Ойбекнинг 20-йиллар шеърияти таҳлилига бағишланган. Бироқ айнан мана шундай руҳ танқидчиликда етакчилик қилди. Ижодкорни ўз ҳолига қўймади, унинг инсон бўлиб ўйлашга, фикрлашга, ўз кўнгил оламига бўйлашга, уни тадқиқ этишга имкон бермади – то 60-йиллар авлоди адабиёт майдонига кириб келгунга қадар. Бу авлоднинг кириб келиши ҳам Сталиннинг ўлимидан кейин империя сиёсий ҳаётида юз берган “илиқлик даври” (“оттепель”) – музларнинг эриши билан боғлиқ эди, албатта.

Лекин, шунга қарамай, Миртемир тенгдош ижодкорларга қараганда ўз қисматидан оқиб чиққан фожиани шеърга кўпроқ сола билди. Кимсан – Ғафур Ғулому Ойбекдек шоирларни ўз измида тутиб турган “соц.реализм” зарбаларига чап беришни нисбатан кўпроқ уддалади Миртемир. Такрор айтман: нисбатан! Чунки миртемирлар авлоди замон ва у илгари сурган социалистик мафкура билан ҳисоблашишга мажбур эди. 20 – йиллар авлодининг қисман уддалаган шеърлари, хоҳ у Ойбеку Ғафур Ғуломда бўлсин, хоҳ Шайхзодаю Ҳамид Олимжонда, бундан қатъий назар, улар бугун ҳам ўқилмоқда. Чунончи, Миртемирнинг бир қанча шеърлари ва “Сурат” достони фикримизнинг ёрқин далилидир. Айнан ана шу шеърларнинг аксари ва достони шоир таржима ҳолининг шеърдаги изҳорларидир.

Академик Н. Каримов ўзининг “ХХ аср адабиёти манзаралари” номли китобида Миртемир ижодига атиги бир бетгина бағишлайди. Шу бир бетда муҳим бир шеърни ҳамда унга қўшимча равишда, янада муҳимроқ бир маълумотни тақдим этади. Маълумотки, Миртемирнинг таржимаи ҳолига тегишли, бас, шоир шеърларининг бир қисми ва “Сурат” достони ана шу “тегишли”га алоқадор. Яъни олим Миртемирнинг “Ҳалиманинг дафтарига” деб номлаган тўрт бандгина шеърини келтириб, остига изоҳ қолдиради. Бизнинг эътиборимизни ана шу изоҳ ўзига тортди. Шеър-чи? Унда шоир “шеърларининг илҳомчиси” бўлган “лирик қаҳрамон”га кўнгил изҳорлари акс этган. Изоҳда эса қуйидагиларни ўқишимиз мумкин: “Ҳалима Раҳимова – таниқли раққоса, шоирнинг биринчи хотини. Миртемир 30 – йилларда номаълум сабабларга кўра қамоққа олиниб, дастлаб қўйликдаги лагерда ётган, сўнгра этап билан Москва-Волга канали қурилишига юборилган. Шу вақтда Ҳалима Раҳимова шоир эрига бевафолик қилиб, бошқа бир кишига турмушга чиққан”.

Шоир ҳаёти ва ижодини пухта ўрганган, шоир билан йигирма йиллар мобайнида елкама-елка туриб ҳамкорлик қилган адабиётшунос олим яна ёзади: “Мен Миртемирнинг кейинги тақдиридан бехабар эдим, – деган эди Ҳалима опа камина билан суҳбатида. – Менга: “Эринг отилиб кетди” деб айтишди. Шундан кейин бошқа турмуш қуришга рози бўлдим. Миртемир қайтиб келгач, мен билан қайта турмуш қурмоқчи бўлди. Лекин бунинг иложи йўқ эди. Шундан кейин у: “Мени сенинг эринг қаматган”, деб менга таъна қилди”. Миртемирнинг “Сурат” лирик қиссасида шоирнинг Ҳалима Раҳимова билан боғлиқ ҳаёти саҳифаси тасвир этилган”.[2]

Шоирнинг нафақат “Сурат” достони, балки айрим лирик шеърларининг мазмун-моҳиятида ҳам тақдирнинг ана шу каби кўргиликлари акс этган каби туюлади менга. Чунончи, Миртемирнинг “Бетоблигимда” деган шеъри бор. Шеър бадиий асар сифатида ғоят гўзал. Бунинг сабаби – шеър ўқувчига, авваламбор, юқорида айтилганидек, шоирнинг “қисмат тоғи” бағридан оқиб тушган дард шалоласидек таъсир қилади. Қолаверса, шеърнинг жозибаси шоирнинг ўзига хос бадиий санъатлардан усталик билан фойдалана олганида бўй кўрсатади. Бу ерда анафора санъати назарда тутилмоқда.

“Анафора (юн.anophora – олдинга, юқорига чиқиш) – сўз ёки сўзлар гуруҳининг мисра ёки банд бошида такрорланиши, сўз такрорининг хусусий кўриниши. Анафора маълум фикр, ҳис туйғу, ҳолат ва ҳ.ни таъкидлаб кўсатишга хизмат қилади, табиий равишда шеърнинг хушоҳанглигини ҳам оширади”[3]. Айтиш жоизки, анафорадан Миртемир авлоддошларининг деярли ҳаммаси жуда унумли фойдаланишган. Ғафур Ғуломнинг “Турксиб йўлларида” шеърида “Бу йўллар кўп қадим йўллардир” такрорланувчи мисраси, Ойбекнинг “Ўзбекистон” шеъридаги “Бир ўлкаки…”, Ҳамид Олимжоннинг “Ҳолбуки тун…” шеъридаги “Шағирлайди” анафоралари сўзимиз исботидир. Айниқса, Ойбек шеъридаги анафора ўзининг бадиий кучи билан ёдларга муҳрланиб қолади:

Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди,

Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор.

Бир ўлкаки, сал кўрмаса, қуёш соғинар…

Бир ўлкаки, ғайратидан асаби чақнар.

Бахт тошини чақиб, бунда куч гувуллайди[4].

Бунда «Бир ўлкаки…» анафорасининг маъноси шуки, шоир ажойиб ватанининг мадҳи учун керакли ифодани қидирмокда. Бирига мурожаат этади: «Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди» дейди, лекин кўнгли тўлмайди. Чунки бу ўлкада нафақат “олтин” гуллайди, шу билан бирга, унинг қишларида баҳор ҳам шивирлайди: «Бир ўлкаки, қишларида баҳор шивирлар» ва ҳоказо…).

Миртемирнинг “Бетобликда” шеърида бутун бошли мисра анафора, яъни такрорланувчи мисра сифатида келмоқда. Мисра-анафора шоирнинг кўнгил дардига тушиб борувчи пиллапоя вазифасини ўтаган:

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,

Қоврилмай то ғашлик алангасида.

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,

Нафасимни ростлай кўланкасида.

Ҳар гал лирик мен “Мажнунтол тагига ўтқазинг мени” дея нола чекаётганда ўқувчи унинг дарди теранликларига олиб борувчи зина бўйлаб яна бир поя тушади:

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,

Қушлар овозига қулоқ солайин.

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,

Хаёл оғушида ором олайин.

Мажнунтол – Шарқ халқлари, айниқса, Марказий Осиё халқлари учун алоҳида аҳамиятга эга дарахт. У, кўпинча, қайғу, ҳасрат, мискинлик билан ассоцияция уйғотади. Яна мажнунтол ўзбек халқининг оромгоҳларида – дам олиш масканларида экиладиган дарахт. Миртемирнинг кайфияти ҳам шу дарахтга хос бўлган ана шу хусусиятларга чулғанган. Унда чўнг бир дард, ҳасрат бор. Шоир узоқ йиллар дарду ҳасратларини ўз юрагида кўтариб юриб руҳан толиққан. Ахир, ташқарида “соц.реализм” шахдам қадамлар ташлаб ғоз юрган бўлса, ким ҳам унинг бундай “тантанаси”ни ўзининг “йиғлоқи куйлари” билан бузишга журъат этарди… Бузганларни, ана, Чўлпону Ойбекларни савалашгандек савалаб ташлашади. Қолмишига, Миртемирнинг ўзи ҳам қамоқни бир кўриб чиққан бўлса… Шу важдан ҳам Миртемир “жим” юрган. Лекин шундай бир вақт келадики, ортиқ жим юролмай қолади. Энди у тилини тийишни, ўзини чеклашни истамайди ва баралла дейди:

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,

Шу кунгача ўзни мен чеклаб бўлдим.

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,

Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим.

Ана, шоир ўзини изҳор қилди. Изҳор “ўзликни чеклаш” ва “йиғлаб бўлиш” деган калит ибораларда яширин. Бу изҳор нафақат Миртемирнинг, айни дамда, бутун 20 – йиллар ижодкорларининг ҳам ўзига хос ҳайқириғи эди. Шеърдаги “Мажнунтол тагига ўтқазинг мени” деган такрорланувчи мисра, яъни анафора шеър дунёсига бўйлаш имконини берувчи “дарича”. Ўқувчи унга ҳар бўйлаганида шоир кўнглидаги дард қирраларини ўз юрагида ҳам ҳис қила бошлайди. Боз устига, мажнунтол дарахти бу ерда рамзга айланмоқда ва унинг сирлилик даражаси янада ортмоқда. Энди у эгик боши, сўлим кўриниши, маъюс, ғамгин қиёфаси билан шоир айтолмаганларни айтиши керак бўлади. Шоир бу вазифани дарахтга юклади. Айтиш жоизки, шеър ёзилган вақтда чўнг шахсий ҳасратни фақат шу йўсингина изҳор қилиш мумкин эди ва шоир Миртемир ана шу имкониятдан максимал даражада унумли фойдаланган.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Каримов Н. ХХ аср адабиёти манзаралари. Тошкент: “Ўзбекистон”, 2008.

2. Каримов Н. Тўрғай. Тошкент: Мериюс, 2012.

3. Интернет материаллари. Миртемир. Шеърлар.

4. Ойбек. МАТ. Биринчи ва иккинчи жилдлар.Тошкент: Фан, 1975.

5. Қуронов Д. ва бошқ. Адабиётшунослик луғати. Тошкент: Академнашр, 2010.

 [1]Ёқубов Ҳ. Ғоявийлик ва маҳорат. – Тошкент: Фан, 1963. 10-12-бетлар.

[2] Каримов Н. ХХ аср адабиёти манзаралари. – Тошкент: Ўзбекистон, 2008. Б. 404.

[3] Қуронов ва б. Адабиётшунослик луғати. – Тошкент: Академнашр, 2010. Б.30

[4] Ойбек. Мукаммал асарлар тўплами. Ўн тўққиз томлик. 1-том. Тошкент: Фан, 1975. 309-бет.

Улуғбек ҲАМДАМ,

филология фанлари доктори,

2020 йил, ноябрь.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan