• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nasr minbari
«ЙЎРИҚСИЗ ТУШЛАР» – Шуҳрат МАТКАРИМ

«ЙЎРИҚСИЗ ТУШЛАР» – Шуҳрат МАТКАРИМ

(ҳикоя)

Қўққисдан уйғониб кетдим.

Тунда ҳориб – чарчаб келганим сабаб ечинишга ҳам ҳафсалам бўлмай ухлаб қолгандим. Уй иссиқ, кийим қалин бўлганлигидан уйғонганимда уст – бошим жиққа ҳўл, юрагим дук-дук урар, нохуш ҳислардан кўнглим безовта эди. Аъзойи баданим зир титрарди. Бир амаллаб ўрнимдан турдим. Сўнг ўзимга келолмай анча ўтирдим. Тунги салқин шабада борлиғимни ялаб “ғир–ғир” эсарди. Бироз ўтиб борлиғимни исканжага олаётган мавҳум қўрқувнинг сабаби ҳозиргина кўрганим – туш эканлигини англадим. Пича енгиллик туйгандай бўлдим. Бироқ тушимда кўрганларим – баҳайбат ва бекелишик, сўлақмондай қозиқ тишлари ёввойи тўнғизларникига ўхшаб лабларини йириб чиққан, ўта рангдор – қора, қўнғир, қизил жунлари ниҳоятда дағал  мушуклар ҳамон юрагимга ваҳима солаётганди. Тушдаги воқеалар ғайри оддий тарзда кўз ўнгимда қайта гавдалана бошлади: ухлаш учун ҳозирланаётсам ўша мушуклар пайдо бўлармиш хонамда ва безрайганларича ялонғочланаётган танамни томоша қилармишлар. Мен бир вақтнинг ўзида ҳам ечинишга, ҳам баданимни мушукларнинг кўзидан паналашга уринармишман.

Шу мулойим жонзотни аввалдан жиним суймаслигидан, қолаверса, уларнинг сурбетлигидан ғазабим қўзирмиш. Яна ҳайрон бўлармишман: “Қайдан келиб қолди бу безбетлар?!”

Шунда аллақайдан учишни  ёқтирадиган Дўстим пайдо бўлармиш: “Уйингдаги иккови етмаганидай буларни қай гўрдан топдинг? Қара, бу аблаҳларнинг юзсизлигини! Худди отасининг уйидагидай узала тушиб ётибдилар”.  Мен мушукларга қарармишман-у, уларни бир – биридан ажратолмасмишман. Ранглар чаплашиб кетганмиш. Бундан ваҳимага тушармишман: жинни бўлиб қолдимми ё кўзимга бир нима бўлдими? “Дод!” деб бақирармишман ва мушуклардан қўрқаётганимни англармишман. Кўзим яна равшанлаша бошлармиш. Мушуклар эса ҳамон масхараомуз тиржайганларича думларини маккарона ликиллатиб ётганмишлар. Учоқ Дўстимни мадад билиб, қўлимга аллақайдан тушиб қолган каскалдакни олиб мушукларга ташланибман. “Менга бийсанма, менга бийсанма!” дермиш дўстим қиқир – қиқир кулиб. Бундан довдираб, меровсираб қолармишман. Мушуклар эса ҳамон ўша –ўша сурбетларча нигоҳларини менга тикиб, “мийй-мурр”, деб қўярмиш. Ҳуд – беҳуд бўлиб қўлимдаги таёқ билан мушукларнинг ожизроғини танлаб калласига туширармишман. Зарб таъсиридан қўлимдаги қаттиқ хода бўлаги минг йил ер тагида ётган чирик чўпдай кул – ушоқ бўлиб тўкилиб кетармиш … Аммо бошига таёқ теккан мушукнинг бир мўйи ҳам қилт этмасмиш. Менга қараб ғазабнок илжаярмиш, холос.

…Сермаланиб шангилни топдим, қониб – қониб сув ичдим. “Тавба-аа, бу тушнинг таъбири не бўлди экан?” ўйладим хўрсиниб. Уйқум қочиб кетганди. Юрагим хижил. Ёқимсиз ўйлардан бироз бўлса-да чалғиш учун учишни ёқтирадиган Дўстим ҳақида ўйлай бошладим.

–  Менга қара, – деди у бир куни. – Ҳеч учганмисан?

– Албатта! Тошкентга …

–  Йўқ, тушунмадинг. Самолётдамас. Ўзинг. Қушга ўхшаб.

Эгнимни қисдим. Унинг нима деётганини тушунмадим. У эса эгилинқираб, овозига сирли тус берди:

– Мен ҳар куни учаман.

Дўстим одамнинг ҳаваси келар даражада хаёлпараст киши эди. Доим улкан орзулар, тенгсиз армонлар қуршовида  яшарди. Ҳаётнинг кундалик икир – чикирлари тўпиғига ҳам келмасди. Унинг қитиқ-патига ҳам тегмайдиган майда – чуйдалар эса мен учун ечими йўқ муаммо бўлиб туюлар ва газланган сув ичидаги ҳаво пуфакчалари каби арзимас  бу муаммолар бирика – бирика мен учун ҳадсиз тўфонга айланарди. Ҳар куни тирноқ учидай бўлса ҳам бир ташвиш менинг оёғимга навбатдаги тош бўлиб осилар ва ўша тошлар ҳарсангга айланиб ташвишлар уммонининг энг чуқур тубига тортиб кетар эди. Унинг эса парвойи палак. Гўё бу дунёнинг унга, унинг бу дунёга ҳечам алоқаси йўқдай эди. Шунинг учун мен бу хаёлпараст Дўстимга чексиз ҳавас билан қарар эдим. Аммо шу ҳавас баробарида ундан кўра ҳаётга кўпроқ мослашганман, деб ўйлардим ва буни ундан устун томоним деб қабул қилардим..

Ўшанда ҳам унинг болаларча, менга  бемаъни бўлиб туюлган саволига не деб жавоб беришимни билмадим. Унга ним кулгу билан тикилдим, холос.

– Нечун тиржаясан? – давом этди у. – Бунинг ҳеч куладиган жойи йўқ.

– Қўй… жўра, – унинг баланд елкасига қўлимни қўйдим илтифот билан. Шапиллатиб уриб ҳам қўйдим.-  Боланинг гапини қўй…

Бу гапимдан унинг жаҳли чиқмади – мени аяди. Қайтанга нега бундай савол берганини ҳижжилаб тушунтира бошлади:

– Менга қара, умуман тушингда учдинг нима, ўнгингда учдинг нима? Албатта. Албатта, фарқи йўқ. Хў-п, дейлик, мана сен ўнгингда учдинг. Қайтиб тушасанми ахир ерга? Тушасан. Парвоздан не қолди? Туйғу. Хотира. Тўғрими? Ана. Тушда учганда ҳам ҳудди шундай. Уйғонганингда парвоз туйғуси кўксингда қалқиб турган бўлади. Фарқи қани? Ўнгингда учсанг ҳам ердасан, тушингда учсанг ҳам. Ҳе-ҳе! Эй, жўра-эй. Энг асосийси учиш, парвоз туйғусини ҳис қилиш. Учиш тушдами, ўнгдами, бунинг фарқи йўқ. Биласанми, парвоздан кейин ўзингни қушдай енгил ҳис қиласан. Бир тасаввур қил, – у қаддини ростлаб бошини орқага отди. Хаёлга чўмди. Лабини чаппиллатиб, кўрсаткич бармоғини шипга нуқиди. – Биринчи учганимда ёш бола эдим. Бола! Учиб кетаяпман-у, қўрқармишман. Боламан-да. Йиқилиб тушаманми, тол-полга илашиб-нетиб кетаманми, деб. Бора-бора учишга анча кўникдим. Кейин атрофни томоша қила бошладим. Саҳро устидан учаётганмишман, учи-қири йўқ саҳро. Ҳайрон бўлармишман, ахир бизнинг юрт боғи бўстон эди-ку, бу чўл қайдан келиб қолди деб. Шунда ҳар ер – ҳар ерда гуллаб ётган оролларга кўзим тушармиш. Лекин улар ўзимизнинг ерларга ўхшамасмиш. Сира сира. Дарахтлари бошқа, ўтлари бошқа, ҳатто ҳавоси ҳам бошқа эмиш. Ўша оролларга қўнгим келармиш. У ерда кийиклар чопқиллаб юрар, товуслар хиром этар, қушлар турли оҳангларда нағма қилармиш. У ерда қанотлари бир метр , ярим метр келадиган капалаклар бир – бирлари билан ўйнашиб юрибмишлар  қуёшда товланиб. Менинг эса уларни тутиб-тутиб силагим келармиш. Қизиқиш ғолиб келиб охири қўнармишман. Ўша оролларнинг бирига. Ўт-ўлан нақ белга урармиш. Атроф ғаройиботларга лиқ тўла, йиртқич-у ўтхўр ҳайвонлар, қушларнинг саноғига етиб бўлмасмиш. Ҳаммасининг рангги ё оппоқ, ё мовий, ё яшил эмиш. Бу ерда йиртқич арслонлар билан ҳуркак оҳулар, кўзлари ўткир, каж тирноқлари узун бургутлар билан қуёну, юмронқозиқлар, очкўз, раҳмсиз тимсоҳлар билан мен отини билмайдиган ғаройиб-ғаройиб ҳайвонлар бирга-бирга ўйнашиб, қувлашиб юрганмиш. Тенги йўқ бу фароғатдан бошим айланиб бироз турганимдан кейин мен ҳам уларга қўшилиб чопқиллай бошлармишман. Лекин жониворлар мендан қочармиш. Шундай бўлса ҳам қора терга ботиб уларнинг изидан югургилармишман. Нафасим  томоғимга тош бўлиб тиқилса ҳам ҳеч тўхтамасмишман. Аммо чарчаш йўқ, ажиб бир ҳузур – ҳаловат туяр эмишман танамда.

– Ҳозир ҳам учиб турасанми шундай? – унинг самимияти кўнглимни юмшатди. Ҳикоянинг, эртак бўлса ҳам, давомини эшитгим келди. 

– Учаман, лекин… -дўстим қўл силтади. – Оқшом биринчи марта кўп қаватли уйларнинг устидан учдим. Ҳаво расво. Чанг, дуд, тутун! Падарига минг лаънат! Илк дафъа учишдан кўнглим нохуш бўлиб уйғондим…

Ўшанда Дўстимни тинглаётиб кўнглимнинг аллақайси буржида менда ҳам учиш истаги уйғонганди. Ҳавас қилгандим унга. Мен ҳам ақалли бир марта бўлса ҳам парвоз туйғусини ҳис қилишини истаб қолган эдим. Ва шундан кейин ҳар оқшом ётиш олдидан ўзимга парвоз тилайдиган  бўлдим. Мақсадим бир учиб кўриш эди. Саҳроми, ўрмонми, шаҳар устиданми менинг учун фарқи йўқ эди. “Қайтанга шаҳар маъқул”, ўйлардим мен. “Кўп қаватли уйларга кўнглим кетиб қишлоқдан келганман ўзи бу ерларга”.

Кеча ҳам одатдагидек учиш орзусида уйқуга кетган эдим. “Мана сенга парвоз!” кесатдим ўзимга ўзим. “Учишнинг ўрнига қандайдир мушуклар. Тағин оддий эмас, сурбет, бадфеъл ва ёқимсиз мушуклар!”

Уйқум қочиб кетди. Ўзимга келиб олгандим. Кеча қишлоқдан олган мактубимни эсладим. “Асли ётишдан олдин ўқимаслик керак эди уни!” Номада қари бобом ва момом ўбага бир келиб кетишимни ўтинишган эди. Ўзимга қолса-ку қишлоқ томонга қарагим ҳам йўқ. Лекин иложсизман. Қарилардан хабар хабар олиш бурчимиз. Ҳали тун ярми бўлгани учун яна уйқу элита бошлади…

Эртаси куни йўлга шайландим. “Чол-кампирни кўраман-да қайтаман. Каримни ҳам Гулчеҳрани ҳам кўрмайман. Агар бобом одатдагидай тағин ўшаларга рўпара қилмоқчи бўлса, энди уйга ҳам келмайман”, дейман.

Кўчага чиқишим билан автобус бекатидаги тиланчи чолнинг ёқимсиз овози кайфиятимни бир пул қилди:

– Ўғле-ем, қизи-ем, худонинг йўлига! Ўғле-ем, қизи-ем…

Унинг соч-соқолига кўпдан бери тиғ тегмаган, юзи кир-чир, кўзи ерда, ўтирган жойида бир текис тебранади.

– …худонинг йўлига-а!

Тиланчига чақа берганим эсимда йўқ. Чунки уларга танга улашадиган даражада бой эмасман ҳали…

Қишлоқ ҳақида ўйлайман. Бу ерда одамлар якранг: қора-қўнғир. Гўё тангри шу қишлоқ аҳли учун бўлак лой қорган. Меҳнату заҳмат улашаётганда қўли очилиб, роҳату шодликка қараганда андаккина  зиҳийлик қилган. Қишлоқдаги қизил юзли кишининг саноғи Раис билан бошланиб Партком бувада тамом бўлади. Бошқа семирган киши йўқ. Раиснинг қовоғи доимо  солиқ,  Партком бува эса майин кулиб юради. Одамлар колхознинг ичида раисга дуч келмасликка ҳаракат қилишади. “Балодан ҳазар”, деганларидай… Партком буванинг эса сўзлари бол, нигоҳлари мулойим. Жон нисор қилгинг келади унга. Умрида хеч кимга қаттиқ гапирмаган, ҳеч кимга қовоғини ҳам уймаган. Аммо бирор кишига тирноқчалик нафи ҳам тегмаган. Шундай бўлса-да одамлар уни етарли даражада ҳурмат қилмаслигидан нолиб юради. Икки бош бир ерга келдими, оғзи тинмайди. Кўп гапиради, бироқ ҳеч нарса айтмайди. Суҳбатида узоқроқ қолиб кетсангиз шуурингизни туман қоплаб, ўзингизни ёмон, уни яхшироқ кўриб қолаётганингизни сеза бошлайсиз.

Шундай қилиб бу сафар қишлоққа қадам босишим Партком буванинг уйи олдида тумонат одам тўпланиб турганига тўғри келди. Улар бардош қуриб, бош осиб ўтирганларидан билдим-ки, кимдир қазо қилган. “Партком бувамикан?” Бу ўйимдан ўзим ҳам сесканиб, фикримни йиғиб олиб атрофга олазарак алангладим. Худди биров бу фикримни уқиб қолгандай ўзимни ўша нотанишнинг олдида оқлашга тиришдим. “Партком бува ўлмайди, ўлиши ҳам мумкин эмас! Партком бува соғлом ва хушкайфият киши, хеч қачон ўлмайди!” такрорладим яна пичирлаб.

Ўтирганларга яқин бориб қаторларига чўкдим.

– Ким ўлибди?

– Чечам… – пиқиллаб йиғлаб юборди гапимга жавоб берган киши ва нарироқда турган қора бахмал ёйилган столга ишора қилди.

– Жойлари жаннатда бўлсин, -дедим столга қараб ва қора лента билан кеса қилинган сувратга тикилиб шакл-шамойилни  илғай олмадим.

–  Ғайридинмиди?

– Тсс…секин!

Киши жавоб беришга улгурмади. Уйда қий-чув кўтарилди. Марҳумани олиб чиқаётган эдилар.

– Увв!

– Опажоним-овв!

– Энам-эй!

– Ёстиқдошим-эйй!!! – Партком буванинг овозини эшитиб ҳамма беихтиёр ўрнидан туриб кетди. – Мени ташлаб кетаётирсан-эй!

Жанозага келганлар ҳам саросимада атрофга аланглай бошладилар. Партком буванинг ўзи кўринмас, фақат овози эшитилар эди.

– Мени ташлаб кетаётирсан-эй, энди мен ким билан қоламан?

 Партком буванинг ўкиригими ва ё ҳамон кечаги тушнинг таъсирида бўлганим учун бу чинқириқдан этим сесканиб, таним баихтиёр бир қалқди. Яна  юрагимни ваҳм босди. Тушимми бу ё ўнгимми? Ўнгим бўлса нега Партком буванинг ўзи кўринмайди, фақат овози эшитилади? Тушим бўлса мана бу издиҳомнинг борлиги ҳақ-ку! Тушимми бу ё ўнгимми?  

– Армонли кетган синглим-ов!

– Куйиб кетган опам-овв!!

Оёққа қалққан оломон денгиздай  чайқаларди. Кимгадир суяндим. Тобут у ёқ-бу ёққа тебраниб, ҳавода муаллақ сузиб келаётгандай эди. Жинми, парими бу кўринаётганлар, деб кафтим билан юз-кўзимни қаттиқ – қаттиқ ишқадим. Қулоғим остида ёқимсиз нафасни туйдим:

–  Нечун кўзингизни яширасиз?! Ё қарагингиз келмаяптими тобутга, а?!!

Ўгирилиб шивирлаётган оппоқ заҳил юзли, кўса соқол барваста муллабаччани  кўрдим. Унинг тишлари сўйлоқ, кўпдан ювилмагани учун оғзидан сассиқ ис келарди.

–  А?! Йўқ, йўқ-ай, йўқ-ай… – бошимни сарак-сарак қилдим тезгина. –Кўнглим ёмон бузилиб кетди.

– Қаранг лекин, қаранг, сафарга тадорингизни кўриб юринг…- унинг овози таҳдидли эди.

Юзимни терс бурдим: “Бачча! Хумса!” 

Кўзимни яна ишқадим. Мушуклар тобутни баланд кўтариб олишган ва атрофни ларзага солиб чинқирардилар:

– … уввв!

– … оввв!

– … эйй!

Лапанглаб келаётган тобут устига ёзилган бахмал сирғалиб тушган, мушукларнинг бири эса ҳадеб жон-жаҳди билан қўлини чўзиб бахмални тортиб олишга тиришарди.

– … ийй!

– … до-оод!

                   –  Бас қилинглар-ов! –хитоб қилди йиғлаётганларга қараб тўдадаги бир киши. – Марҳумани қисинтирманглар! Йиғи – сиғи кўп бўлса, “сувга кетдим”, – дермиш майит.

Шу гапдан кейин шуурим тиниқлашди ва тобутни стол устига қўйиб узоқлашаётган одамларни кўрдим. Атрофдаги қари-қартанг эса ўзларига ярашмаган бир саросимада бу ердан йироқлашмоқ ҳаракатида эди. Куннинг иссиқлигига қарамай қора костюм – шим кийиб, бўйинбоғ таққан киши одамларни ёриб тобут ёнига келди.

– Ўртоқлар! –дея гап бошлади у бўйинбоғини тўғирлаб. – Бугун ажойиб инсон, коммунизм учун толмас курашчи … опа орамиздан кетаяптилар!

– Мийй-ёвв!

– увв!

… Шу муносабатга бағишланган митингимизни очиқ деб эълон қилишга рухсат бергайсизлар! Марҳуманинг ҳаёт йўли осон, оддий. У туғилди шу қишлоқда. Фаолиятни бошлади далада. Ватанга “оқ олтин” етиштириб бериш билан.

– Мур-мур, мийй!

Бошимни сарак-сарак қилиб гапираётган одамга тикиламан.

– … шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Опанинг меҳнатсеварлиги тезда ёшуллиларнинг назарига тушди…

Марҳум устида нутқ ирод қилишлари ҳақида кўп эшитган бўлсам ҳам кўрмаган эдим. Кўргач бу одат менга ўтиришмаганини сездим.

Жаноза тарқагач йўлимдан кетдим. Уйга етиб бобом билан момомга   кўрганларимни сўйлаб бердим. Бобом оғир бош чайқади, индамай узоқ ўтирди .

– Кўрмайлик ҳам, куймайлик ҳам, деб жанозага бормаган эдик. Энди эшитдик … бу ҳам кўрганнинг бири…

 Кеч кириб момом менга боғ тўридаги гулкулчанинг қоқ ўртасига жой қилиб берди. “Шаҳарда юриб қишлоқнинг ҳавосини соғингандирсан, ана, оқшомлари дарёнинг шамоли келади”, дедилар. Кўрпага ўрандим. Момом эса қўлида тошчироқ билан оғилхона томон ўтиб кетди. Зум ўтиб қайтди. Алланарсалардан норози бўлиб пичирлаб келарди у.

– Омонликми, момо? – сўрадим кўрпадан бошимни чиқариб.

 – Омонлик, -деди момом истар-истамас ва ўн қадамларча юргач таддудланиб тўхтади. – Куркага товуқнинг юмуртасини бостириб қўйибман… Уфф, шундай қилиб ҳам гуноҳга ботамиз-а, ўзинг кечиргайсан, Худойим!

Момомнинг овозидаги мунг мени ҳайрон қолдирди.

– Ўзиникидан қўйсангиз бўлмайдими?

– Курканинг жўжаси ожизроқ келади, –  момом қўл силтади, чироқ липиллади. – Нафс, шайтоннинг иши-да бу ҳам, болам. Бўлмаса, худойим баракани қайсисига берганини ким билади?! – Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ! – момом  истиғфор айта-айта қоронғуликка сингиб кетди.

Зум ўтмай кўзим илинибди. Тағин туш кўрибман. Эмишки, момомнинг куркаси жўжа чиқарибди. Кўп эмас, икки-учгина. Ҳайрон бўлармишман. Ахир момом, курка товуққа қараганда кўп жўжа чиқаради, деганди-ку деб. Жўжалар қутичадамиш. Азбаройи уларни яхши кўрганимдан кўзимни узмай қутичага тикилиб ўтирсам, момом қайрилган этагида алланарса кўтариб қошимга келармиш. Курка яна чиқарибди, дермиш-да этагидан жўжа олиб менга узатармиш. Мен ҳам қўлимни чўзармишман-у, қўрқиб кетармишман. Чунки унинг қўлида тўрт оёқли, чундук ўрнида чўчқаникига ўхшаган тумшуқли, кичкинагина қулоқчали бир жонзот эмиш. У биғир-биғир этиб бирдан чўчқаникига ўхшаган овоз билан чийиллаб юборармиш. Момомнинг кўзлари чақчайиб, оғзи қийшайиб кетармиш ва ўша мавжудотни жўжалар орасига ташлаб юборармиш бехосдан. Жонзот эса зум ўтмай катталашиб аниқ чўчқа болага айланармиш ва қутичада “ҳур-ҳур”лаб югура бошлармиш. Аввалига жўжалар қўрқиб кетганларидан бир муюлишга тиқилармиш. Момомнинг юраги ёрилиб, бор овози билан чинқириб юборармиш. Чунки унинг этаги ҳам тўс-тўполон бўлиб кетганмиш. Момом этагини қўйиб юборса, чўчқанинг жинсдонларидан яна беш-олтитаси “тўп-тўп” этиб қутичага тушармиш. Сўнг ҳаммаси бир бўлиб қутичани ағдар-тўнтар қилармишлар. Улар жўжаларнинг патларини тўзғитиб, ўзларини туёқларининг остида эзиб ташлаганмишлар. Қўрқиб момомга қарасам у йўқмиш. Даҳшатдан додлаб юборармишман…

Қора терга ботиб уйғонганимда момом оғилхона томондан келаётган экан. Каллайи саҳарлаб унинг вақти хўш, қайрилган этагида алланарса бор эди.

– Не бўлди болам, босинқирадингми? – унинг овози ҳамишагидай майин ва ёқимли эди. – Тур тезроқ жўжаларни кўрсатаман!

Тилим калимага келмай шошилиб бошимни чайқадим. Тишим совқотган кишиникидай таккиллай бошлади.

Азонги чой устида бобом менга юзланди.

– Карим жўранг билан, Гулчеҳрани кўр-а бугун бориб, жонингга савобдир, болам.

– Яхши, – пўнғилладим мен бобом билан тортишиб ўтиришни эп кўрмай. Томоғимдаги луқма юрмай қолди.

Карим синфдошим. Афғонистонда хизмат қилган у. Ўша ёқда “душман”лар қўлига тушган ва оёқ-қўлидан жудо қилинган. Ўзининг айтишича, диндан қайтгани учун “душман”лар уни шу куйга солганмиш.

– Тавба-а, -дейди бобом. – Бандаси оёқ-қўли билан одам экан. Каримбойга қара, кўзли-қулоқли бир тўнка. Севган расулингнинг умматларига бундай кунни кўрсатмагайсан, Худойим. – Бобом бироз жим қолди. 

–Бўлди, бўлди Салимага жавр бўлди. Ёлғизгина боласи эди бечоранинг… Боланинг оғиз етадиган жойининг бутун ери йўқ яра                                       -чақа. Оғиз солиб ташлаганмиш ўзи, бу кунимдан ўлганим яхши деб.  Ўзи-ии… шукур қилмоқ керак. Худойимнинг хоҳлагани шу экан, бандасининг қўлидан не келарди. Агар бир иш қилса, шу Салима қилди. Минг ёққа ташлади ўзини. Аммо фойдасиз. Ана энди ўзи ҳам ақлдан озиб баннисада ётибди.

Бобомнинг гапларидан кейин ўзимни койидим ва Каримни кўриб кетишга аҳд қилдим.

Уларникига кириб борганимда товуқхонада кимдир ивирсиб юрган экан. “Салима опа касалхонадан чиқибди?” деб ўйлаб қичқирдим:

– Хола-уу!

Товуқхонадаги аёл илкис бош кўтариб мен томон шошилди.

– Кел, кел айланай! Каримбой ичкарида, киравер!

Мен қўшни аёлни танидим. У недандир саросимада, довдираётган эди.

– Қачон  келдинг-а болам, қачон? Таниш – билишлар соғ-омонми? Ҳмм… –Аёлнинг олма-кесак тераётган кўзлари бирдан ерга қадалди.

Липпасига илдирилган куйлагини кўрди-ю дув қизарди ва уни тортиб юборди. Этакдан икки тухум ерга “пақ-пақ” тушиб ёрилди-да тупроқ билан бир бўлди.

– Войй, ишим қурсин! – аёл қарс-қарс чапак чалиб тухумлар устида бир айланди. –Ёдимдан чиқибди, ёдимдан! Товуқларга дон солай деб кирган эдим, булғашиб етган экан булар дарс ичида…

Шу пайт елкамга кимдир туртди. Ўгирилсам шу аёлнинг савдойи ўғли.

– Ш-шалом, -деди у. Овози бўғзининг туб-тубидан чиққанлиги учун ниҳоятда ғайритабий эшитиларди .

– Салом, ничиксан?

– Якши, – деди у ва қўққисдан кўзи ерда ётган тухумларга тушди. Кутилмаганда қўлини хавода сермаб ойисининг устига интилди:

– Апа яман, апа яман! Ярди юмурта яна, ярди! У-уҳҳ!

Аёл қўрқиб кетди, тисириламан деб қоқилди, ифлос ерга кети билан ўтириб қолди.

– Яна бор товуқхонада, кўп, кў-уп! Ҳозир олиб бераман, – бидирлай кетди аёл ва ўрнидан турар экан бегона кишининг олдида валдираб қўйганидан пушаймон еди, ўнғайсизликдан қутилмоқ учун жилмаймоқчи бўлди, лаблари ихтиёрсиз осилиб кетди, йиғлаб юборди: – Ўлгайсан, жувонмарг кетгайсан! – Аёл мушти билан боласининг манглайига секингина туртди. –Кабоблар бўлгайсан сен юмурта емай. Шарманда этдинг мени!

Бу ердаги ғала-ғовур эшитилдими, ичкаридан Каримнинг титроқ, ялинчоқ овози эшитилди:

– Ҳо-овв, ким бор, келаверинглар, кирингла-ар!

Аёл шоша-пиша кўз ёшларини артди, ўғлига ишора қилди.

– Қоч, ана Карим аканг келади ҳозир, уради сени!

Ўғил бош чайқади, кулди:

– Чўлоқ у, чўлоқ! Бимайди юриб, бимайди. Ҳе-ҳе! Уриб бимайди, чўммиқ!

– Уя-ятсизз! Айтма у гапни, айтма! – аёл ўғлини турта-турта ҳовлидан чиқара бошлади. – Сиз бораверинг, мен ҳозир чой дамлаб киритаман…

Улар кетгач бўсағада бир зум турдим-да, изимга қайтдим. Кута-кута токқати тоқ бўлган Каримнинг йиғи аралаш овози мени қувиб етди:

– Ким у кирмаган, ки-им! Киринг ахир, жирканасизларми энди менда-аан?!!

Бошим хум бўлиб узоқ тентирадим кўчада. Қулоғимда Каримнинг сўзлари акс-садо берарди: “Жирканасизларми энди мендан? Ноинсофла-ар!” “Не бўлса, бўлди!” дедим ўзимга – ўзим. “Гулчеҳраникига ҳам кираман!”

Гулчеҳра менинг қаллиғим. Тўғри, мен ҳеч қачон унга уйланолмайман. Бироқ бу деганим мен ундан воз кеча оламан, дегани эмас. Бобом ўлса ҳам йўл қўймайди бунга.

Гулчеҳра билан икковимиз бир кунда туғилган эканмиз. Туғруқхонада оналаримиз бир хонада бўлган экан. Туғилган чақалоқларнинг бири ўғил ва бири қиз эканлигини билишгач, оналар қуда бўламиз, дейишибди. Ҳатто менга Гулчеҳранинг, у вақтда ҳали оти номаълум бўлган қизалоқнинг, қулоғини тишлатишган ва  ё шунга ўхшаш бир иш қилишган экан. Лекин кунлар, ойлар ўтиб мен ота-онамни танибман, ўсиб – улғайибман, чопқиллаб кетибман. Қаллиғим эса бир нуқтага тикилганича ётаверганмиш. Бундан унинг ота-оналари ташвишга тушиб табибларга кўрсатишганларида қиз дарди бедаво эканлигини  айтибмишлар. Ота қаттиқ қайғуриб, она уввос тортибди. Аммо илож қанча! Мана орадан йигирма йилдан кўпроқ вақт ўтиб, мен шаҳарда юрибман, қаллиғим эса ҳамон тўшакда. Бўйи кишини нохуш ҳолга солиб қўядиган даражада чўзилиб, икки қулочдан ҳам ошган. Бироқ бўйни қилтириқдай. Боши эса жуда катта, тахминан етти килолик қозондай. Бобом қишлоққа ҳар келганимда шу каллиғимни кўрмасдан қайтсам, мендан рози эмаслигини таъкидлайди. Ўзоқ вақт келмай кетсам чақиртириб олади. Шундай…

Мени ҳар сафаргидай қизининг дардида қартайиб , кўзлари киртайиб қолган ойиси – Робия опа кутиб олди.

– Қачон келдинг?

– Оқшом, – дедим мен ва хўрсиндим.

Робия опа дастурхон ёзди. Сўнг  нотаниш ерга келиб қолган тортинчоқ меҳмондай кўрпачанинг бир четигагина ийманиб ўтирди. Ненидир айтолмай қийналди. Мен бобомнинг гапларини эсладим:

– Ҳаммасидан ҳам Гулчеҳранинг азоби ошиб тушаётир. Қизларнинг ҳам отасига лаънат! Яқинда бири турмушга чиққан экан, ўша бир-икки чиқони билан бориб Гулчеҳрага ҳар хил гапларни айтибмиш. Шундан бери Гулчеҳра ҳам… Робияга йиғлайверармиш… Ё қудратингдан!

– Бобонгнинг ҳам садағаси кетай, -Робия опа дастурхоннинг қирғоғини ўйнай бошлади. – Яна сени бу ерга юборибди. Сенга не азоб бу ахир?..

– Ш-шу… ўзим келдим, -минғирладим мен.

Робия опа кўз ёшларини артаётган рўмоли билан оғзини бостириб бош силкиди.

– Ўтир яхши… ўзинг келган бўлсанг. Мен чой-пой олиб келай.

Сесканиб кетдим. Чунки бу уйдаги ҳар бир нарса Гулчеҳранинг баданининг бир бўлагидай. Негаки қўлим тегса вужудимда қалтироқ туради. Чой ичиш ёки бир тўғрам нон ейишдан эса, худо асрасин. Назаримда, бу таомлар Гулчеҳранинг узун ва ориқ, жон нишонаси йўқ кўкимтир совуқ қўллари билан тайёрлангандай. Шу сабаб Робия опа чой-чой дегунча Гулчеҳрани бирров кўраман-да, жўнаб қоламан.

Бу сафар ҳам ҳовлиқиб қиз ётган хонанинг эшигини тез-тез чертдим.

– Кираверинг, – Гулчеҳранинг овози шундай нозик ва нозли, шунчалик ишвага қорилган эди-ки, ўзини кўрмай овозини эшитса уни тенгсиз соҳиби жамол деб ўйлаш ҳеч гап эмас эди.   Шунинг учун аввал овозини эшитиб, сўнг ўзини кўриш кишини камида минг йилга қаритиб юборарди.

Кирдим. У бобосидан қолган катта катда устига оқ мато тортиб ётар ва кўзи доим деразада бўлганлиги сабаб ёстиғининг кўча томони эзилиб кетган эди.

– Кел, кел куёв бола! –деди Гулчеҳра кутилмаган қувноқ овозда. Каттакон бошнинг бир кўзи қисилди. Унинг қошлари терилиб, кўзига сурма тортилган эди. Уятдан ўзимни қўярга жой тополмай қолдим.

– Невчун оқшом келмадинг? – сўроқлади у ишва аралаш.

Энгимни қисиб алланарсалар деб ғўлдирадим.

 – Келмай кетганингга ҳам анча бўлди-ёв. Ё шаҳардан қиз-пиз топиб олдингми, бевафо…

– Йў-ўқ, а-аа, йўқ. Э-эээ…

У кутилмаганда йиғлаб юборди.

Йиғлаётганда овози шундай гулдирак эди-ки, том бошимга ўтириб қоладигандек туюлди менга. Не қиларимни билмай оғзимни катта-катта очдим, нафас етишмай ҳансираётганимни биламан…

Шу куни яна туш кўрибман. Тағин ўша мушуклар! Фарқи мен Гулчеҳранинг  тўшагида ётибмишман. Мушуклар эса бош учимдан аста пусиб келармишлар-да калламни кемира бошлармишлар. Бошим бир бошдан емирала бошлагинини туярмишман-у бироқ ҳеч қандай оғриқ сезмасмишман. Фақат тиш ва тирноқларнинг бош чаноғимга тегиб қитирлашлари асабимга тегармиш. Тағин қитиғим ҳам келармиш. Асаб ва қитиқ қўшилиб кўнглимда чучмал бир ёқимсиз туйғу уйғотармиш. Оёқларим ниҳоятда узун ва нимжонлигидан туриб қочолмасмишман ҳам. Уларни ҳайдай десам ичакдай узун бесуяк қўлларим қимир этмасмиш. Кучим фақат бўғзимга етармиш, бақира бошлармишман. Овозим жуда ёқимли, ҳатто мусиқиймиш. Дод-войимга қандайдир чўчқа –жўжалар пайдо бўлармиш ва бир ҳамла билан мушукларни тумтарақай этармиш. Уларга миннатдорчилик изҳор қилай деб турсам тўнғизлар қўққисдан қорнимга оғиз солиб ичак-чавағимни тит-пит қилиб, талашиб-тортишиб ея бошлармишлар. Қўрқиб кетганимдан додлашга-да ақлим етмай ётсам бошим яна қитирлай бошлармиш. Эътибор берсам мушуклар хеч қаёққа кетмаган, ҳамон бошимни кемириб ётганмишлар. Вужудим чидаб бўлмас оғриққа тўлармиш ва бирдан бақириб юборармишман. Бироқ на чўчқа ва на мушуклар чўчирмиш бундан. Мен эса додлайверармишман, додлайверармишман ниҳоятда мусиқий овоз билан…

II

Бунинг бари туш эканлигини мен ҳали билмасдим, албатта. Шунинг учун қувончим ҳам, қайғум ҳам меъёрида, кўнглимдан кечаётган туйғуларни гоҳ бўрттириб, гоҳ яшириб худбинларча масхарабозлик қилмоқда эдим.

… Эмишки ҳамкасблар ҳаммамиз Хўжайин ҳузурида, йиғиндамишмиз. У қандайдир муҳим масала бўйича нутқ ирод қилар, бизда эса кутилмаган бир исёнкорлик руҳи бор эмиш. Лекин бу туйғу мажлисдагиларнинг чин юрагидан қайнаб чиққан шижоати эмас, балки тузоққа тушган иложсиз шерни тепкилашга шайланган тулки, шоқол ва юраксиз қуёнларнинг жирканч исёни эмиш. Кечагина қадам ўрни зиёратгоҳ, этаги Каъбамиз бўлган хўжайинни назар-писанд қилмаётган кўрнамаклар орасида мен ҳам бормишман. Хўжайин асабийлашармиш ва негадир бутун ғазабини ёлғиз менга сочармиш. Мен эса уни сариқ чақага ҳам олмаслигимни кўрсатай деб ёнимдаги мўмингина ҳамкасбимни туртиб-турткилаб тиржайганимча ҳар хил муқомлар қилармишман. Хўжайин ўқраярмиш. Бу ҳам кор қилмагач босиқ, аммо қаҳрли товушда тартибга чақирармиш. Мен ҳамон бефарқ, лаб-лунжимни йиғиштирмай, атай тентакдан олиб тентакка солашмишман ўзимни…

Охирги пайтларда жуда чарчаганим сабабдир, тушларим алоқ-чалоқ эди…

…Яйдоқ чўл эмиш. Ҳаво намчил, ҳозиргина ёғиш ёғиб ўтган, шабада ғир-ғир эсиб, руҳим енгил, кўксимни тўлдириб-тўлдириб нафас олармишман. Кетаётганим кенг ва равон тош йўл эмиш. Осмон булутли, тангадай тешикдан тушаётган  нур кифтимни куйдирармиш. Кафтимни кўзимга пана қилиб осмонга қарасам бошим узра соябон пайдо бўлармиш. Ўзим ҳам енгилгина чайқала бошлармишман. Бунинг не синоат эканлигига ҳайрон бўлиб атрофимга алангласам, англармишманки, оппоқ от қўшилган аравада енгилгина сузиб кетаётганмишман. Отнинг туёғи-ю, араванинг ғилдираклари ерга бир тегиб, бир тегмасмиш. Саман бошини бир томонга қийшайтирганича равон йўрғалар, жиғасига қадалган қимматбаҳо дурлар куннинг бир тутам нурида “ялт-юлт” этиб кўзни олармиш. Бундан завқим келиб жиловни кенг силтаб, “Чуҳ-эй, жонивор!” десам от  кишнаб юборармиш ва биқинларидан қанот чиқариб хаволанармиш. Мен эса  қиқирлай бошлармишман ёш болага ўхшаб. Жиловни сал бўшатсам от тағин пастлаб текис йўрғалаб кетаверармиш ерга тегар – тегмас. Завқимнинг чеки йўқмиш. Кутилмаганда этаклари ер супурган ҳаворанг ҳарир куйлакда бир малак пайдо бўлар эмиш қошимда. Арава ҳам бир зумда файтонга дўнармиш. Синчиклаб қарасам малак менинг орзумдаги аёл эмиш. Юрагим бўғзимга тиқилиб, беихтиёр малакнинг белидан қучиб ёнимга ўтиришга ундармишман. У эса ерга боққанича майин жилмаяр эмиш. Нурли табассумидан кўнглим кўтарилиб, ўзимча гердаярмишман. Аллақандай кулгули воқеалар, ўзимнинг ҳадсиз ботирлигимни исботловчи қандайдир ҳикоятларни бидирлай бошлармишман. Бу ҳолдан малак мумдай эрирмиш. Лекин шу вақт ердан чиқдими, осмондан тушдими, файтонда икки баджаҳл дев пайдо бўлармиш. Улар безбетлик билан бизни туртиб-турткилаб ўриндиққа ўрнашиб олармишлар-да малакнинг қитиқли жойларини силаб – сийпалай бошлармишлар. Қўрқиб кетганимдан  тилим танглайимга ёпишармиш. Ичим ҳувиллаб қалтирай бошлармишман. Девлар бунинг сайин мени бурчакка тиқиб, ёнимдаги малакка беҳаё қилиқлар қила бошлармишлар. У безовталаниб илинж билан термулармиш менга. Менинг эса тилим лол, қўлим шол эмиш. Қўрқармишман девлардан, ожизларча, латталарча қўрқармишман. Шунинг учун малакнинг ҳолини сезмаганга олиб, атрофга аланглармишман. Гўё янги сузаётган булутларни томоша қилармишман. Махлуқларнинг ҳаракатлари эса тобора беҳаёлашиб, малакни хўрлар ва у ўтирган жойида синграниб йиғлай бошлармиш. Менинг ич-ичимда қайнаётган қалтироқда эса иложсизлик, нафрат, кейин бу икки туйғуни ҳам босиб кетадиган даражадаги каттакон қўрқув бор эмиш. Қалтироқ, қўрқув, қалтироқ… шу тариқа анча йўл босибмиз. Девларнинг қилиқлари ҳамон беҳаё, мен бедаво эса йўлга бақрайиб от жиловини тек тутишга уринармишман. Ҳиссий тарангликка дош беролмаган вужудим силқиб оғрий бошлармиш. Бироқ қандайдир куч аёлга қарашга ундар эмиш. Қия қараб малак билан нигоҳларимиз тўқнашгач, унинг бу тушкун аҳволига менинг қўрқоқлигим сабаб эканлигини англармишман. Бу ҳақиқат бўлса ҳам нафсониятим лат еб, малакдан хафа бўлармишман. Бироқ қўрқув сабаб буни ҳам ошкор этолмай мум тишлармишман… ниҳоят уқубатли ва адоғсиз туюлган йўл охирида бир уй кўринармиш. Недандир, кимдандир мадад истаб жиловни торта бошласам от… ҳанграб юборармиш. Ўйноқлаб турган саман от ориқ ва қўтир бир эшакка дўнганмиш. Ўкинч, алам яна қандайдир ёқимсиз туйғулар юрагимни ғижимлармиш. Йиғлагудек бўлиб бир малакка, бир эшакка қараб мўлтирармишман. Девлар файтондан ўзларини “таппа-таппа”  ерга ташлаб кеккайганларича уй томон кета бошлармишлар. Малак сўз демай файтондан тушар экан, бу синоатнинг сабабини билгандай хазингина жилмайиб қўярмиш ва ажиб итоаткорлик билан эргашармиш девларга. Ёлғиз қолаётган, кўнгилга яқин дилдор кетаётган бўлса-да сўз демоққа на журъат ва на юрак бормиш менда. Девлар эса яхши ва мақтов сўзлар айтиб малак вақтини хушламоқ ғамида эмишлар. Бошим “шув-шув” айланиб ақлим карахтмиш. Ниҳоят биринчи кетаётган барзангги уйнинг кираверишидаги тахта тўсиқни суриб, келаётганларга йўл бўшатармиш. Малак билан иккинчи дев уйга киришгач у тўсиқни қайтадан жойига қўндириб бир айланиб каттакон кўппакка дўнармиш. “Ё пир-ай!” деб ёқамга туфлармишман мен. Кўппак эса лапанглаб у ёқ-бу ёққа юриб, қиличдай кескир тишларини кўрсатармиш. “Қутирганми?!” ўйлармишман ваҳима билан. “Оғзидан кўпик сочиб ётибди!” Сўнг йўлакка ётиб олган кўппакка қараб малак изидан бориш мажбуриятидан халос қилган баҳонадан хурсанд бўлармишман. “Бориб ўша девнинг дабдаласини чиқармоқчи эдим-ов! Девнинг аҳволи чатоқ эди-ёв, сен пайдо бўлмасанг!” ўйлармишман итга қарай – қарай файтонга ўрнашиброқ ўтириб олиб. “Ҳали ҳам девнинг бахти бор экан…” хаёлимда шу ўйлар-у, икки кўзим уйда эмиш. Балки малак, зиён-заҳматсиз чиқиб қолар, деган илинжда. Кутиш ниҳоятда чўзилиб кетибмиш. Эсноқ устига эсноқ босармиш мени. Охири зерикиб файтондан тушаётсам аравага қўшилган эшак қуйруғидан бошлаб отга дўна бошлармиш. “Тавба, тавба!” Оғзим ланг очилиб ҳаракатдан тўхтасам, эшакнинг отга айланиши ҳам тўхтармиш. Баттар ҳайрон бўлиб яна файтондан туша бошлармишман. Мен ерга тушсам эшак отга дўниб, файтонга чиқсам от эшакка эврилармиш. Шу пайт кимнингдир кулгани қулоққа чалинармиш. Ўгирласам кўппак тиржайиб ётганмиш. Пўписа қилсам, сапчиб ўрнидан туриб тишларини қайрармиш. Сесканиб терс бурилсам, энди эшак ҳам йўқ, фақат файтон турганмиш. Шунда аввалгидан ҳам қаттиқроқ қаҳқаҳа эшитилармиш. Итга қарасам, у тағин тишларини қайрармиш. Аммо энди унинг устига юра бошлармишман. Лекин сира-сира йўлим унмасмиш. “Узоқ, жуда узоқ экан. Ёнига етмоқ маҳол унинг, маҳо-ол, уфф! Файтонга қайтиш керак, файтонга!” Шу ўй билан орқага ўгирилсам, лаънати итга қараб бир одим ҳам отмаганмишман. Фақат файтон қошида туриб депсинаётган эканман. Тепкиланган жойим куйиб, кул бўлиб тутаётган эмиш. “Войй-буу! Зўрлигимни қара!” ўйлармишман мен. “Оёғим теккан жой кул бўлаётир. У ерга бормаганим ҳам яхши бўлибди. Борсам, уйга қўшилиб малагим ҳам ёниб кетар экан!..” Шу гапларни бидирлаб такрорлаб файтонга тирмаша бошлармишман. Бир итга қараб яна файтонга интилсам у ғойиб бўлиб қолган эмиш. Бўшашиб турсам орқадан қадам товушлари эшитилармиш. Англармишман-ки ўша малак келаётир. Қарашга уялармишман. Малак яқинлашган сайин эса вужудимдаги, руҳимдаги таранглик кучаярмиш. Охири чидай олмай шарт ўгирилиб бақира бошлармишман: “Ит бор эди, ит! Ланъати кўппак ! Бўлмаса…” кўзим бирдан бояги кўппак ўрнида ўтирган каттакон товушқонга тушиб тилимни тишлармишман. Сўнг талмовсираб, довдираб товушқонга бармоқ билан пўписа қилармишман:

– Ҳе пес, махов! Невчун алдадинг мени?!

Товушқон тиржайиб оғзидаги кўппакникидай ўткир тишларини кўрсатармиш. Мен малакка бурилиб эгнимни қисармишман.

– Худо урсин агар, ҳеч нарсага тушунмадим! Ит эди-ку у, кўппак! Мен файтонни сақлаб ўтирдим, аммо у ҳам йўқолиб қолди…

Малак эса майингина, бир-бир босиб келаверармиш. Гапларимга ҳайрон ҳам бўлмасмиш, қайғурмасмиш ҳам. Одим олиши аввалгидай осойишта ва бир маромдамиш. Бироқ ҳафсаласи пир эмиш. Бу ёққа қайтаётгани ҳам қандайдир мажбурият юзасидангинамиш. Мен ҳамон бояги гапимни такрорлармишман:

– Файтон… йўқолиб қолди…

– Бо-ор, -дермиш малак осайишта.

Кулармишман:

– Йў-ўққ…

У эса ҳарир кўйлагининг узун енгларини ҳилпиратиб чап қўлини оҳиста, шошмасдан, бир маром, бир текис, виқор билан кўкка кўтарармиш.

– Ана файтон, ана-аа, – у шундай дейиши билан момоқалдироқ гумбурлаб само қаъридан отнинг чиройли боши, кейин гавдаси, сўнг нур сочиб ялтираётган файтон пайдо бўлармиш. От шу қадар чиройли ва кўркам эмишки, йўқолган отим унинг ёнида бир қирчанғи эмиш. “Мана”, тиржаярмишман мамнунлик билан. “Аввалги отдан ҳам зўри келди!” Бироқ фикримни тугатиб улгурмай малак файтонга чиқармиш ва от бир силтаниб ҳаволана бошлармиш. Қолиб кетишимдан қўрқиб бақира бошлармишман:

– Бу не гап? Бу не га-аап?!!

Зум ўтмай файтоннинг қораси ҳам кўринмай қолармиш.

– Ёрдам берингла-ааррр!

…Ўз овозимдан ўзим чўчиб уйғониб кетганимда жағим-жағимга тегмай қалтираётган экан. Томоғим қуруқшаб, лабларим тарс ёрилиб кетибди. Бироқ ўзимга келгач тўшакка қайта чўзилдим. Ютиндим. Қақраган бўғзимда оғриқ туйдим. Товуш пайларимнинг оғриётганидан англадимки, қаттиқ бақирибман. Ёмон қўрқибман. Юрагим хижил, қоронғи хонада пайпасланиб тўнимни топдим-да нохуш хислардан халос бўлмоқ ниятида ташқарига, боғ томонга чиқдим.

Тонг оқариб келаётган, ёмғирдан кейинги намчил, турфа хидларга тўйинган тароватли ҳаводан симириб – симириб нафас олдим. Босиқ эсаётган шабада яланг кўксимни ялаб, реза-реза тер қалққан пешонамдан ўпди. Сокин ва оромбахш куз оқшоми меҳрибон онадай майин қўллари билан топталган туйғуларим бошларини силай бошлади. Супада осмонга тикилиб ётар эканман яна тушга қайтди хаёлим. Ич-ичимдан бир хўрсиниқ келди. “Қўрқоқлик этдим-ов. Малак, девлар, ит, товушқон… Таъбири не бўлди экан бу тушнинг? Балки оддийгина алаҳсирашдир? Ҳориган, тажанг ва ҳамма нарсадан умидини узган бир одамнинг алаҳсираши…” Кўнглимдан кечаётган мавҳум туйғулар мени эза бошлади. “Бунинг сабаби тушдаги қўрқоқлигим эмас, йўқ, қирққа чиқиб ҳам ҳеч нарсага эришмаганим, шу пайтгача неча бедовга қўлим теккан бўлса, уларнинг бари қирчанғига айланавергани…” ўйлардим мен.

Осмонга тикилдим. Тақир кўкнинг бир бурчагида тўлин ой нур сочар, бошқа томонида эса синчи одамгина илғай олар даражада кучсизгина, хирагина милтиллаётган ғариб бир юлдуз бор эди. “Сўнаётганимикан?” ўйладим юлдузга қараб. “Қизи-иқ, уларнинг туғилиши қандай бўлар экан?” Ойга қарадим. У сағир боласини ўзидан узоқлатиб, ўйнаш овлаётган соғлом ва дуркун бевага ўхшар эди. “Оймомо юлдузларнинг онаси… Шундай ҳам бемеҳр она бўладими? Ғариб юлдуз, бечора юлдуз…” Ағдарилиб бағримни ерга бердим. Узоқ ётдим. Охири тан олдим! Мен ўнгимда ҳам қўрқоқ эдим! Азобларимнинг боиси шу!.. Тан олдим-у бироз енгил тортгандай бўлдим. Кейин барибир…

Қанча ётганимни билмайман, қулоғимга элас-элас тириллаган товуш чалина бошлаганида беихтиёр осмонга қарадим. Йўқ, осмонда на от, на малак ва на девлар бор эди. Қулоқ тутдим. Товуш ердан, кўча томондан келаётганди. “Трактор, занжирли трактор!” Мийиғимда кулдим. “Малак қайда, сен қайда, дев қайда!” Асфальтнинг қасир-қусири кучайиб қаддимни ростладим. Бошим сўлқиллаб оғриётгани сабаб бу товуш сонсиз бигизлар каби миямга аёвсиз санчила бошлади. “Ярим тунда, тағин шаҳарда, занжирли трактор қайдан пайдо бўлди? Тавба! Тағин ҳамма ёқ асфальт бўлса!..” Ўрнимдан туриб асабийлашганимча у ёқ-бу ёққа юра бошладим. “Одамларда уят қолмаган ўзи. Кишиларнинг тинчини бузаман, деб ҳам ўйламайдилар. Тракторчилар… падарига лаънатлар!” боядан бери ич этимни еб ётган нафрат энди нишон топган эди. Кўчага чиқдим. Трактор бутун кўчани қалтиратганича тош йўлни қасир-қусир бузиб келарди. Қўлимни кўтардим. Машина ўз оғирлигидан норозидай ғийқиллаб, ғарчиллаб кучанди-да, бир силтаниб тўхтади. Қопу очилиб баланд бўйли, қоматдор, оштахтадай жундор кўкраги очиқ тракторчининг уйқусизликдан қизарган кўзлари  кўринди:

– Саламалайкум! Уйқунгизни буздимми? Узр… – йигит пастга тушди.

Йигитнинг овозидаги нолиш, ҳасрат ва дардкашлик кучли гирдоб хасни ютиб кетганидай ғазабимнинг ярмини ютди. Бироз бўшашсам ҳам бўш келгим келмади.

– Ақлингиз етар экан-ку…

– Ака, энди… ёшуллининг топшириғини бажараман, деб уйга ҳам бормадим бир ҳафтадан бери. Шунга кеч бўлса ҳам уйга борай деб йўлга чиққаним. Узр…

– Менга қара!

– Ана қарадим ака…

– Одамлар ухлаб ётибди, деб ўйламадингми?

– Тонг отди, энди уйқу бўладими? – йигит хазин жилмайди узрхоҳлик билан.

– Бировлар тонгда ухлайди, бировлар тунда!

– Узр ака, узр…

– Узрингни пишириб е! Уйқумни буздинг!

– Бир сиз қолиб туриб эдингиз ўзи! – Бирдан йигитнинг авзои бузилди. Нигоҳи менга ўқдай қадалди. Бояги надомат–у дардкашликдан асар ҳам йўқ, осойишта, ички бир нафрат билан сўради:

– Не дежаксан?

– Уйқумни невчун буздинг?! Асфальтни ҳам буздинг!

Йигит мани яхшироқ кўрмоқчидай энгашди:

– Асфальт? Энангнинг … асфальтими у?

– Энамга ёпишма! – мен тракторчининг ёқасига қўл узатганимни сезмай қолдим.

Йигитнинг омбурдай қўллари билагимни чарсиллатиб сиқди, сўнг занжирга илашмасин дедими, куч билан мени четга итқитди. Йиқилаётиб юрагимга таниш ваҳм ўрлади-ю бақирмоққа улгурмадим. Ерга гурсиллаб тушдим. Кўзимдан ўт чақнади, оғзимдан олов отилиб чиққандай бўлди…

…Кимдир миямга алланарса тиқиб ковлаштира бошлади.

– Уҳҳ!

Оғриқ ҳушимга келтирди. Беихтиёр бошимнинг лат еган ерини силадим. Бармоқларим аллақандай шилимшиқ нарсага тегди. Қон. Инградим. Тонг аллақачон ёриша бошлаган , ҳамон салқин шабада эсарди. Инқиллаб ўрнимдан турдим. Тракторнинг қораси ҳам йўқ, фақат қайдадир тириллаётган  товуш қулоғимга чалинаётгандай эди. Минг йиллик қасалдай зўрға ичкари юрдим. Одимлаганим сайин бошим лўрсиллаб, оғриқ кучаяр, санчиқ зўраяр эди. Бироқ шу оғриққа эш ғурур туйғуси бўй кўрсатмоқда эди. “Қочиб кетди аблаҳ!” ўйладим инқиллаб қадам ташлар эканман. “Агар қочиб кетмаганида…” не бўлишини ўзим ҳам билмасдим. Боққа кириб супага чўзилдим. “Қочиб кетди!” ўйладим энди ғурур билан. Сўнг кўчада ярим яланғоч югургилаб юрганим ўзимга ҳам нашъа қилиб жилмайдим. Ойни, ўша ёлғиз юлдузни кўргим келди. Қарадим. Энди кўкда булут йўқ, ой атрофида саноқсиз юлдузлар пайдо бўлган эди. Уларнинг орасидан бояги юлдузни ахтардим. Топдим. Назаримда у ҳамон ёлғиз эди. Ичим увишди унга. Қараганим сайин кўнглимга ғамгин, лекин ёруғ туйғулар жилдирай бошлади. Ой, юлдузлар, қавми ичра ёлғиз ва мискин яна бир юлдуз… Шу тобда ўша юлдуз ҳақида, унинг аждодлари, туғилиши ва улғайиши ва шу кунги ҳаёти ҳақида бирор нарса билгим келди. Бироқ фалакиёт илмидан, умуман илмдан узоқ эканлигим панд берди. Ўйладим. У ҳақида бирор ривоятми, афсонами, эртакми эслагим келди. Кўп уриндим. Бўлмади. Миям ҳувиллаб ётар, унда на бир ривоят ва на бир афсона бор эди…  

1987 йил.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan