• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
“НОБЕЛЬ МАЪРУЗАСИ” – ЛУИЗА ГЛЮК

“НОБЕЛЬ МАЪРУЗАСИ” – ЛУИЗА ГЛЮК

Кичкина қизалоқлик пайтим, адашмасам, 5 ёки 6 ёшлигимда хаёлан бир танлов ўтказдим: дунёдаги энг ажойиб шеър қайси? Ўшанда энг сўнгги босқичда ғолибликка икки даъвогар бор эди. Бири Блейкнинг “Ҳабаш болакай” шеъри, бошқа бири эса Стивен Фостернинг “Оққуш кўли” асари.  Бувимларнинг Сидархестдаги (Лонг Айленднинг жанубий қирғоғидаги қишлоқ) уйининг қўшимча ётоқхонасида бўзчининг мокисидай у ёқдан бу ёққа қатнар эканман, Блейкнинг хотирамга чиппа ёпишган шеърини оғзаки эмас, миямда ўзимга маъқул келганидай такрорлаб; шунингдек, Фостернингтушкун, бироқ жозибали қўшиғини ботинан куйлаб тинмасдим. Қандай қилиб Блейк мутолаасига тутинганим номаълум. Эслашимча, ота-онамнинг уйида кўплаб романлар, тарих ва сиёсатга оид китоблар орасида жуда оз шеърий антотлогиялар топиларди. Аммо Блейк мутолаасини бувимнинг уйи билан чамбарчас боғлиқ деб биламан.Бувим китобсевар аёл бўлмаган. Лекин уйида Уильям Блейкнинг китоби – “Софлик қўшиқлари” ҳамда Шекспирнинг драмаларидан олинган қўшиқларнинг (кўплари ҳали ҳам ёдимда!) мўжаз тўплами бўларди. Эҳтимол, сўзларини англаганим учун эмас оҳанги, каденциялари[1], юраксиз ва уятчан болада ваҳима уйғотувчи жарангдор хитоблари қулоғимга ўрнашгани сабаблидир, менга айниқса “Цимбелин”дан олинган қўшиқлар кўпроқ ёқарди:

“Ҳамда унинг қабри бўлар кўп машҳур…”

Бу каби юксак эътироф учун ўтказиладиган танловлар, мусобақалар менга ўта табиий туюларди, илк бор ўқиганларим мифлар ҳам шундай саҳналарга тўла бўлган. Ҳаттоки жуда кичкина бўлсам-да, дунёдаги энг яхши шеър деган эътироф менга энг нуфузли мукофотлардан кўра нуфузлироқ бўлиб туюларди. Мен ва опамни Франция учун курашган Жанна д’Арк каби, радийни кашф этган Мария Кюри каби тарбиялашарди. Тўғри, вақт ўтибиерархик фикрлашнинг зиёни ва нуқсонларини англаб етдим, аммо гўдаклигимда мукофот бериш муҳимдай кўрингани рост. Биров тоғнинг энг юқори чўққисида бўлсаю олисдан ҳам кўзга ташланиб турса, тоғдаги ягона жалб этувчи шу бўлади. Ундан бироз қуйидаги кимса назардан четда қоладигандек гўё. Шеърда ҳам айни ҳолат кузатилади.

Ишончим комил эдики, Блейкнинг ўзи ҳам бундан қайсидир маънода хабардор бўлган, ўзининг кун келиб юзага чиқишидан кўнгли тўқ бўлган. Унинг аллақачонлар вафот этганини фаҳмлардим, бироқ токи қулоғим остида пичирлаётган овозини эшита оларканман, у тирик эди. Шундай дер эканман, ўзимни танлаб олингандай, обрўли кишидай сездим; шуни хис эта олдимки, сўзлашишга журъат топган шоирим Блейк эди; у, шунингдек, Шекспир ҳам менинг суҳбатдошимга айланиб улгурганди.

Танловимнинг ғолиби Блейк бўлди. Бироқ кейинчалик бу икки шеърнинг нақадар ўхшашлигини англаб етдим, орзу ҳамда ғуссадан бўй чўзган инсоний овоздан худди ҳозиргидай ҳайратда эдим. Ёшим улғайиброқ юзлашган шоирларимнинг асарларида энг асосий ролни – танлаб олинган тингловчи ролини дўндирдим. Уларнинг шеърлари ички туғёнларни, жўшқин эҳтиросларни, интим тушунчаларни куйларди. Улар оломоннинг бақироқ шоирлари эмасдилар. Ўз-ўзига сўзловчи шоирлар эмасдилар. Улар инжа туйғуларни тараннум этувчи, эҳтиросли ва синоатли шеърлар ёзишарди.

Шеърда нима айтилгани муҳим, уни шеърхон ва таҳлилчининг ўзи англаб олади деган фикр менга маъқул келди.

Блейк менга жажжи ҳабаш болакай бўлиб сўзларди. Болакай унинг яширин овози эди гўё. Уни кўриб бўлмас, ёки ландовур ва калондимоғ оқ танли болакайнинг нигоҳи билан қаралганда ҳам бехато кўра билиш иложсиз эди.Каминага аён эдики, болакайнинг сўзлари ёлғондан йироқ, омонатгина жуссаси ўзида улкан беғубор қалбни жо этган бўлиб, унинг туйғуларию бошдан кечирганлари ҳақидаги ҳикояси на маломатни, на надоматни ташкил этар, аксинча, фақатгина умиддан иборат эди. Вафотидан сўнг ваъда қилинган мукаммал дунёни, уни боригича қабул қиладиган оламни ният қиларди холос. Бу орзуни ҳаётий деб бўлмайди, билъакс, у реалликни инкор этиб, шеърга яна-да ғамчил ва чуқур сиёсий тус беради.

Аммо ижтимой мукофот умуман бошқа гап.

Бутун умрим давомида муҳаббат қўйиб ўқиган назмий асарларим юқорида тасвирлаганим каби ички туғёнларнинг ифодаси ҳисобланган шеърлар эди, яъни ўқувчи ёхуд тингловчи ўзини худдики эътироз ва ишончни қабул қилгучидек, кези келганда эса шоирнинг ички фитналарига ҳамтовоқдек сезиб бор диқатини аямайди. Ҳаттоки ўқувчи мурғак бола бўлса ҳам.

“Зотан мен ҳеч кимман, айт-чи, сен кимсан?

Наҳот сен ҳам менингдек ҳеч ким.

Иккимиз бу ерда – сезмасин биров…”

– дейди Диккинсон. Ёки:

“Юр, кетамиз сен ва мен икков

Бу оламга чўкканида шом…”

– деб ёзади Элиот. Хусусан шу ерда Элиот скоут йигитлар труппасини чақираётгани йўқ. У ўқувчидан нимадир сўраяпти. Муқояса қиладиган бўлсак, Шекспир бундай дейди:

“Ёз кунига менгзаб бўлурми сени…”

Бу мисрада шоир мени ёз кунига менгзаётгани йўқ, балки табиатнинг бетакрор мўжизасини ҳис эттирмоқда. Лекин шеър айнан менинг мавжудлигимга муҳтож ҳам эмас.

         Мени ҳайратлантирган санъат кишилари учун жамоат хитоби ёки қарори ўта хавфли. Бордию жамоат кўринганидек инкор этиш ва ҳайдаб солишлардан тийилиб, қарсакбозлик ва мадҳиябозликка авж берса, бу турдаги шоирлар билан нима рўй беради? Худди шу вазиятда таҳликага тушиб гангиб қоладиган шоирани мисол қилишим мумкин.

         Бу – Диккинсон. Тўғри, доимий шундай бўлмас, аммо тез-тез юқоридаги вазиятга асир тушиши мумкин у.

         Ўсмирлигимда Диккинсонни чексиз муҳаббат билан ўқиганман. Асосан кечки пайтлар уйқуга ётишдан олдин диванда мутолаа қилиб ўтирардим.

“Зотан мен ҳеч кимман, айт-чи, сен кимсан?

Наҳот сен ҳамменингдек ҳеч ким…”

Ҳали ҳануз Диккинсонни шундайлигича севаман:

         “Иккимиз бу ерда – сезмасин биров

         Токи ҳайдаб солмоғи мумкин…”

Диванимда ўтирганим бўлсам-да, Диккинсон айнан мени танлаган, айнан мени таниб олганди. Биз ғойибдан энг ажойиб дўстлар эдик, фақат иккимизгина биладиган ҳақиқиат шу эдики, биз бир-биримизни доим қўллаб-қувватлардик. Ҳаётда эса… ҳеч ким ҳам эмасдик.

         Бироқ биз каби ўз таврича жимгина яшаб юрган кишилар орасига қандайин раҳна солишар экан? Фақатгина дўстлигимиз якун топса раҳна тушиши мумкин.

         Мен ҳозир Диккинсон ижодининг ҳали бўй етмаган қизларга ими-жимида ўтказадиган салбий таъсири ҳақида гапирмоқчи эмасман.Мен айни дамда одатий ҳаёт тарзига шубҳа кўзи билан қарайдиган ёхуд уни коллективлик тўғриликни таг-туги билан вайрон этгувчи, бир тутамгина ҳаққиат ҳам софликнинг ўрнини эгалловчи, очиқ-ошкоралик маломат қилингувчи бир дунё деб қарайдиган темперамент ҳақида гапирмоқчиман. Мисол учун, тасаввур қилингки, юқорида айтганимиз каби фитна қўзғовчининг, яъни Диккинсоннинг овози трибуналники[2] билан алмаштирилса: “Биз ҳеч киммиз, кимсиз ўзингиз?”. Ўз-ўзидан мисра ваҳимали тус олиши аниқ.

Октябрьнинг саккизинчи санаси эрта  билан  ҳозир ўзим тасвирлаб бераётган ваҳима ҳиссини шахсан ўзим туйишим ўта ҳайратланарли бўлди. Ўшанда қуёш ёрқиндан ёрқин порлар, ҳарорат ҳам шунга монанд эди.

         Адибларнинг деярли бариси эҳтимолки кўп нарсага эришишни орзу қилишади. Баъзи шоирлар эса, макон жиҳатдан қаралганда, аудиториялар тўла тингловчиларга эга бўлишни тасаввур қилмайдилар.  Улар вақтлар ўтиб, жараёнлар ўтиб, балки келажакда мухлислари сероб бўлиши мумкин деб ҳисоблашади. Аммо баъзи ақлий ҳодисалар таъсирида, ўша ўқувчилар бирма-бир, секинлик билан тўплана бошлайди.

         Менга мазкур мукофотни топшириш орқали, Швеция Академияси интим овозни, жамоатчилик урҳоси баъзан кўкка кўтариши, баъзан ерга уриши мумкин бўлган, аммо ҳеч қачон ўрнини эгаллай олмайдиган ички туғёнларнинг акс-садосини юксак эътирофга сазовор кўрганига ишонаман.

Инглиз тилидан Шоҳрух Усмонов таржимаси


[1]Каденция – овоз чиқариб бирон нимани ўқиётгандаги кишининг овози кўтарилиш ва тушиши ҳолати

[2]Трибунал – Суд ҳайъати, фавқулодда ёки ихтисослашган суд.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan