• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«МЕНИ ШУНДАЙ ҒАРИБ ҲОЛИНГДА, ҚАНДАЙ ТУТИБ ҚОЛАСАН ДУНЁ?» – Ҳумоюн ҚУВОНДИҚОВ

«МЕНИ ШУНДАЙ ҒАРИБ ҲОЛИНГДА, ҚАНДАЙ ТУТИБ ҚОЛАСАН ДУНЁ?» – Ҳумоюн ҚУВОНДИҚОВ

ВИЖДОН


Эшик деразанга темир қулф ос,
Хоҳла суваб ташла уларни бутун.
Барибир бостириб келади, бехос.
Ярим тун.

Тум-тарақай қочар ширин хаёллар —
Оғушингда хиром айлаётган бахт.
Муштдайин бошинга осмонлар қулар,
Тўхтаб қолар вақт.

Ҳайҳотдек хонада ёлғиз қоласан
(Кўзингда босриққан тушларнинг изи).
Шу кўйи сен оғир ўйга толасан,
У сўроқ бошлайди, жимликни бузиб.

Қўлида кечмишинг битилган дафтар,
Хожат йўқ гувоҳ-у далил- исботга.
Нигоҳинг олдидан бирма бир ўтар,
Қилган хатоларинг тушади ёдга.

Кўзларга тик қараб сўзланган ёлғон,
Қинғир мақсадларга етаклаган йўл.
Кимдир тупсиз жарга қулаётган он,
Имкон бўла туриб узалмаган қўл.

Энди нажот истаб қайга чопасан?
Суянганинг мўртдир, сиғинганинг пуч.
Aхир пайдо бўлди қаршингда бирдан,
Оламда ягона алданмаган куч.

Сенга буюрилмади, на оташ, на дор,
Ўзинг ҳам уларни қилмадинг талаб.
Aммоки, бўйнингда мингта арқон бор,
Ва бутун борлиғинг ёнар ловуллаб.

Ўлиб қутулмассан, ундан барибир,
Сенга тайинлайди у олий жазо.
Охир эшитилар болғанинг зарби,
Ўқилган ҳукум шу — абадий азоб!

24.05.2020


Қушлар учмоқ учун яралган албат,
Балиқлар сузади, ватани – денгиз.
Тошбақа судралиб юради фақат,
Тулпорлар югурмоқ илмида тенгсиз.

Бир жонзот иссиқни суяр зиёда,
Бириси совуққа яхши мослашган,
Aжабо, бир халқни кўрдим дунёда,
Эгилиб яшашга ихтисослашган.

16.04.2020


Бобом саксон ёшни қоралаб қолган.
Биз унинг ёнига борганимиз чоғ.
Бошига минг, туман савдолар солган,
Болалиги ҳақда сўзлайди узоқ.

«Отамиз уришда кетган бедарак,
Онамни эсласам, юрагим оғрир.
Бир бурда нон учун эдик биз ҳалак,
Исталин замони эди кўп оғир…

Боладек ўтмади болалик, бироқ
Минг шукур фарзандлар бўлди кам-кўстсиз,
Уларга ҳавасим келади кўпроқ,
Отанг омон-омон замонда ўсди».

Бирор ишда сустлик қилсам ногаҳон,
Уқувсиз ўғлини тергайди отам.
«Бизларда йўқ эди, бу қадар имкон,
Қанийди, ўрнингда бўлсайдим, болам!».

Сўнг мен ҳам укамга бераман танбеҳ,
Шўхлиги меъёрдан ошгани замон.
«Эҳ-ҳ, бўлиб қолсайдим мен ҳозир сендек,
Нималар қилмасдим, ука-укажон!».

18.04.2020


Бир кун томчиларни тутдим сўроққа:
— Нимасиз?
— Мавжланган кўлмиз, — деб айтди.
Сочилган бўлсада қумлар ҳар ёққа,
«Барчамиз асли бир чўлмиз», деб айтди.

Теракдан, гужумдан, толдан, қайиндан
Сўрадим — «дарахтмиз», дедилар шу он.
Қарға, лайлак, булбул, чумчуқ лочиндан,
Сўрасам — «биз қушмиз», деди бегумон.

Шаҳар кўчасида ҳар ёнга қараб,
Кетиб борар эди бўлиб турфаранг.
Турк, япон, ҳабаш, курд, индонез араб,
Рус, лўли, мўғул, ҳинд, армани, фаранг.

Улардан «кимсиз?» деб сўраганим кез,
Жавраганча кетди, ортга қайтмади.
Мен мўгул, мен фаранг, менман индонез…
Ҳеч бири одаммиз дея айтмади.

28.03.2019


Бир қўлингда қайрилган қозиқ,
Бирисида кун олган арқон.
Қалтираган кафтингни ёзиб,
Чорлашинга ишонмам. Ёлғон!

Нима келар айтчи қўлингдан?
Ўйин тушиб берармисан ё?
Мени шундай ғариб ҳолингда,
Қандай тутиб қоласан дунё?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan